Эътиборингизга ўзимиз билмаган ҳолда кўпроқ харид қилишимиз учун айёр маркетологлар томонидан қўлланиладиган усулларни тақдим этамиз.

Ресторанлар менюларни ана шундай шакллантиради:

  • Оила образидан фойдаланиш.

    Оила ва болалик билан боғлиқ туйғулар ёрқин хотираларни уйғотади. «Ҳудди бувимникидек шўрва»га буюртма бериб, биз беихтиёр яна болаликка қайтишдан умид қиламиз.
  • Иштаҳа очар тасвирлаш

    озиқланиш рефлексларининг ишлаб кетишига сабаб бўлади. Айтингчи, «қарсилдоқ иссиқ нон» иборасини ўқигач, уни еб кўришни истамаслик мумкинми? Тағин у Провансдан бўлса-чи, албатта татиб кўриш шарт.
  • Жойлашув.

    Менюда биринчи навбатда назар тушадиган маълум жой мавжуд – бу юқоридаги қисм. Шу боис рестораторлар бу ерга энг қимматли таомлар ва энг иштаҳа очадиган суратларни жойлаштирадилар.
  • Илиқ ранглар. 

    Бундай ранглар уйғунлиги бошқаларига нисбатан иштаҳани кўпроқ очади.
  • Нарх товламачилиги

    Одамлар пулларидан оғриқли ажралади ва рестораторлар буни яхши билади. Шунинг учун улар кўпинча валютани кўрсатмайди.

Агар харидорлар қайсидир товарни асоссиз даражада қиммат ҳисоблаб, уни четлаб ўтса, маркетологлар айёрона усулдан фойдаланадилар. Улар ассортиментга янада юқори қийматли ўхшаш товарни қўшадилар. Қарабсизки, унинг ёнида биринчи маҳсулот энди у қадар қиммат кўринмайди. Ва, савдо яна юқорига қараб силжийди.

Яна бир ажойиб усул – бу маҳсулотни ҳудди ёруғлик каби ўраб турадиган афсонани ўйлаб топиш. Лекин, унинг қандайдир маъно касб этиши муҳим эмас. Кўпчилик 90-йилларнинг бошида Европа давлатларида телевизорлар орқали намойиш этилган MilkyWay батончасининг рекламасини эслай олади. Бу ширинлик ҳудди сутда сузиб кетаётгандек тасвирланган. Бундан нима маъно? Ҳеч қандай. Бироқ, бу MilkyWay ни ажратиб турувчи белги, ўзига хос аломатига айланган.

Супермаркетлардаги мерчандайзерлар бизнинг полиэтилен қопламани очиб, қадоқдан бир бутилка сувни олишга эринишимизни жуда яхши биладилар. Шунингдек, улар аксарият бутун қадоқни захира учун олиш мумкин деган ўйга боришини ҳам биладилар.

  • Қизил нарх белгиси доим арзонлаштирилган қийматни билдиради. Бироқ, ҳар доим ҳам бундай бўлмайди – қиймат аввалгидек қолавериши мумкин, қизил белги эса шунчаки ёрқин қоғоз.
  • Катта аравача.Керагидан ортиқ маҳсулотларни харид қилишимизга мўлжалланган маълум усул.
  • Чапдан ўнгга қараб йўналиш. Кўплаб супермаркетларда ташриф буюурвчиларнинг ҳаракатланиши соат йўналишига қарши усулда қурилган. Биз ҳар доим чап томонга буриламиз ва назаримиз кўпроқ ўнг томондаги деворнинг ўртасига тушади. Айнан шу ерга муддати ўтиб кетаётган ёки энг қимматли маҳсулотлар қўйилади.
  • Полдаги майда плиталар.Бундан полда аравача баланд овоз чиқаради ва биз шовқин солмаслик учун тезликни камайтирамиз. Натижада, супермаркетда кўпроқ вақт ўтказиб, маҳсулотларни яхшироқ кўриб чиқамиз. Ва, албатта, кўпроқ харид қиламиз.

Сиз ҳеч нима учун сақич рекламасида бир йўла иккитаси олиниши ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Бу одамлар сақич чайнашнинг тўғри усули айнан шундай экан деб фикрлашлари учун атайин ўйлаб топилган. Натижада, сақич 2 мартага кўпроқ сарфланади, ишлаб чиқарувчилар эса кўпроқ савдо қилади. Ҳудди шу ҳолат айрим дори воситалари ва витаминларда кузатилади.

Шампунь идишидаги гўёки бехосдан шампунни сочларга икки марта суриш мумкинлигини эслатиб турувчи ёзув ўз вақтида савдоларни анча оширган.

Яна бир ўхшаш мисол: 1957 йилда Henckels фирмаси картошка тозалагичлар партиясини ишлаб чиқарган. Улар шу қадар мустаҳкам эдики, уй бекалари уларни ҳаётларида фақат бир марта сотиб олган. Савдолар суръати паст бўлган.

Кимнингдир ҳаёлига доҳиёна фикр келган: ушбу мосламаларнинг тутқичларини картошка пўчоқлари рангига бўяш. Энди одамлар мосламаларни тасодифан картошка қолдиқлари билан бирга ташлаб юборадиган бўлдилар. Шу тариқа, савдо ҳажми бир неча баробарга ошган.

Эслаб кўринг, эҳтимол Сизда ҳам шу каби хусусиятларга эга асбоблар ёки канцелярия маҳсулотлари бордир?

Ишлаб чиқарувчилар доим маҳсулотларига «салмоқ» қўшишга интиладилар. Масалан, шампуннинг таркибида экзотик гуллар экстракти мавжудлигидан хабар берадилар, ваҳоланки бу қўшимча бутун цисцернада бир томчи бўлиши мумкин. Кейин, гулларнинг сочга фойдаси ҳам мунозарали масала.

Ҳудди шу рукндаги яна бир усул – мазкур шампунни Париждаги барча мутахассислар тавсия этишидир.