Бундай усул билан тайёрланган товуқни истеъмол қилиш афзалликлари талайгина. У осон кесилади ва бўлакларга бўлинаётганда идишдан дастурхонга сирпаниб кетмайди. Меҳмонлар уни тозалаб ейишади ва столга қолдиқлар учун иштаҳани бўғадиган тарелка қўйишга тўғри келмайди. Яхлит гўшт бўлакланганига қараганда арзон туради. Суякларни олиб ташлаш жараёни у билан аввал шуғулланиб кўрмаган бўлсанг ҳам 15 дақиқадан ортиқ вақт олмайди.

- 1 -

Товуқнинг томир урушини сезишга ҳаракат қил ва у ухламаётгани, ҳақиқатан ҳам ўлгани ҳақида ишонч хосил қил. Кўкрак қисми билан тепага қаратиб, қанотларини иккинчи бўғимга қадар кесиб ол. Қанотда учта бўғим бор, шунинг учун қайси тарафдан иккинчисини санашинг аҳамиятсиз.

- 2 -

Бўйиндаги терини тортиб, вилка суякни кесиб ол. Агар иложи бўлмаса, тош ҳолатига қадар қотган товуқ гўшти муздан эришини кутиб тур.

- 3 -

Янада чуқурроқ жарроҳлик аралашувига ўт. Қушни ўгириб, бўйиндан думғазага қадар кесишни амалга ошир. Думғазани яхлит ҳолда қолдир.

- 4 -

Пичоқнинг қисқа ва кескин ҳаракатлари билан гўштни суяклардан ажрат. Гўшт заргар аниқлиги каби бўлакларга бўлиниши ҳақида қайғурма. Муҳими, товуқ терисини йиртиб юборма. Оёқ ва қанотлар у орқали суякка маҳкамланган бўғимларга етиб келганингда уларни иккига ажрат. Ҳамма томондан товуқни қуш каркасидан озод қилиб, уни эҳтиёткорлик билан чиқариб ол. Бўлди. Ортга йўл йўқ. Энди скелет гўштни ушлаб турадиган қилиб қайтариб қўйишнинг иложи йўқ.

- 5 -

Қанотга яқин жойлашган бумеранг шаклидаги суякни кес. Бироқ уни яна ортга қайтиб келади деган умидда ошхонанинг узоқ бурчагига ташлашга ҳаракат қилма. Ортга қайтиб келиши учун уларни кимгадир қарата отган бўлишинг керак.

- 6 -

Аслида шу билан тугатса ҳам бўлади. Суяклар фақат оёқ ва қанотда қолган гўшт қиймалаш учун тайёр. Бироқ умуман чарчамаган бўлсанг, ўқишда давом эт. Якуний босқичга оз қолди.

- 7 -

Қанотни ушлаб туриб, тиғни суяк яқинидаги тери остига шундай киритгин-ки, унинг учи бошқа тарафдан чиқсин. Эҳтиёткорона ҳаракатлар билан суякни ажратиб ол ва уни ташқарига қараб торт. Айнан шу усулни бошқа қанотга нисбатан ҳам қўллашни унутма. Агар ген орқали етиштирилган жўжа сотиб олган бўлсанг, учинчиси билан ҳам айнан шу усулдан фойдалан.

- 8 -

Товуқ болдирини оддий пичоқ билан ажратиб ол ва иккигача санаб узиб ол.

- 9 -

Оёқда қолган суякларни олиб ташла, бунда 7-бандда ўрганилган усулдан фойдалан. Албатта бу қисм бўйича тажрибага эгасан. Бироқ энди кўпроқ вақт талаб этилади, оёқлар ичида иккитадан суяк қолди. Уларни бирданига олиб ташлашга ҳаракат қилма. Дастлаб уларни ушлаб турган бўғимни кесиб ташла, кейин эса уларнинг ҳар бирини алоҳида олиб ташлайсан.

- 10 -

Қанот ва бўксадан хосил бўлган бўш “енг”ларни ички тарафга ўгириб, гўштнинг ичига қайириш лозим.

- 11 -

Вужудга келган гўштни севимли масаллиқларинг – ёнғоқ, олма, булғор қалампири, қўзиқоринли қиймага тўлдир. Ичи тўлган қуш ағдарилиб кетмаслиги учун четларини махсус ип билан тикиб чиқ ёки тишкавлагич билан маҳкамла. Агар меҳмонларни лол қолдирмоқчи бўлсанг, товуқ ичига яна бир товуқни суяги билан солиб қўй.