Сир эмаски, аксарият одамлар учун автомобиль ҳайдаш – бу А нуқтасидан Б нуқтасига етиб олишнинг оддий зарурати бўлса, айримлар учун – шунчаки хоббидир. Бироқ, Тошкент ёки умуман Ўзбекистондаги йўлларда А нуқтасидан Б нуқтасига етиб бориш баъзида жуда мураккаб ишга айланади! Сабаби - йўлларда тартибсиз, масъулиятсиз ва кўпинча, хавфли ҳайдаш усулларидан келиб чиқадиган кўплаб муаммоларга тўқнаш келиб, белгиланган манзилга етиб боргунимизча асабийлашиш натижасида барча тирноқларимизни чайнаб битиришимиз, сочларимизни юлиб ташлашимиз ёки бир литр тинчлантирувчи дори ичиб олишимиз тайин.

Хўш, “ўзимизнинг” – ўзбекона ҳайдовчилик одобининг хусусияти нимада? Ҳақиқат шундаки, у умуман мавжуд эмас! :)

Шундай қилиб, Lifehaq.uz маданиятли ҳайдовчи бўлиш учун нима қилиш кераклигига доир маслаҳатларнинг дастлабки мажмуини эътиборингизга ҳавола қилади :)

Аввало, бир қарашда кўз илғайдиган яққол муаммолар ҳамда ўзингиз ва атрофдагилар тузалишини нимадан бошлаш кераклиги ҳақида гапирсак.

 

НАВБАТГА РИОЯ ҚИЛИНГ

 

  1. ЎЗ ЙЎЛ ЧИЗИҒИНГИЗДАН ҲАЙДАНГ. Тўғриси, бу Ўзбекистонда бир неча ўн метр юргач биринчи кўзга ташланадиган ҳолатдир. Аксарият бир навбатдан бошқасига ўтиб олишини ва бу вазият ҳайдовчи ўз манзилига етиб олмагунича узлуксиз давом этишини тан олишимиз керак. Ҳайдовчилик одоби бўйича ҳар ким ўзининг йўл чизиғидан юриши керак, пировардида бу йўл майдонидан самарали фойдаланишга олиб келади. Бир томондан ҳаракатланаётган автомобиль битта навбатда, бошқаси эса – қўшни навбатдан юрса, у иккита автомобиль жойлашиши мумкин бўлган майдонни эгаллайди, яъни тезроқ юраётган машиналар ундан ўзиб кетишига тўсқинлик қилиб, уларни қайта жойлашишга мажбур қилади.
  1. ЙЎЛ ТОРАЙГАНДА ЎТИШ КЕТМА-КЕТЛИГИГА АМАЛ ҚИЛИНГ. Қатор давлатларда йўл торайганида ҳайдовчилар иккита навбатдан кетма-кет битта навбатга жойлашиши керак: биттаси ўнг навбатдан, бошқаси чапдан. Айрим давлатларда бу ёзилмаган қоида. Йўлнинг тор қисмига бир-бирини туртишнинг кераги йўқ.

 

СИГНАЛ ЧАЛМАНГ

Ўзбекистонда одамлар ўта бетоқатлиги туфайли оддий нарсаларга ҳам сигнал чала бошлайди. Баъзида бу одамнинг чиндан ҳам қаергадир шошаётгани ва ҳар бир сонияни санаб турганига ишонгинг келмайди. Маслаҳат:

  1. Олдинда турган машина ҳайдовчисини баланд ва узоқ сигнал товуши билан шоширманг. Агар у светофорнинг рухсат этилган рангида жойидан қўзғалмаган бўлса, унга фаралар билан “киприк қоқинг” – бу ҳурматлироқ ва маданиятлироқ бўлади.

 

СОКИНРОҚ БЎЛИНГ 

Аслида бошқа мегаполисларга солиштирганда бизнинг йўлларда автомобиль транспорти у қадар кўп эмас, аммо сиреналар чиқараётган товушлар атрофдагилар истамаган ҳолида асабийлашишига сабаб бўлади. Бу нотўғри! Нима учун шундай?

  1. Баъзида айрим “зўр”лар “Санбуферлари”ни (аслида “Сабвуфер” дейилса тўғри бўлади) баланд қилиш орқали ўзининг маданиятсизлигини кўрсатади. Ўртоқлар, бу нотўғри! Агар машинани ҳовлида қолдирсангиз баланд мусиқа тингламанг. Автомобилингиз яқинида тозалик ва жимликни сақланг. Ишонинг, маҳаллий аҳоли ёки ўткинчиларга, ўз боласини ухлатаётганларга ойнасининг остида айнан сизнинг мусиқангизни эшитиш ёқимли ҳолат эмас :)
  1. Шунингдек, сигнал мосламаси ўз-ўзидан ишлаб кетишининг олдини олиш учун уни созлаб қўйиш керак.

 

МАШИНАНИ ТЎҒРИ ЖОЙЛАШТИРИНГ

Машинани жойлаштириш – яна бир маҳаллий бош оғриғидир :) Биринчидан, ҳамма ҳам буни тўғри бажара олмайди, иккинчидан – ҳамма ҳам буни бошқаларга нисбатан тўғри қилмайди.

  1. Агар тўхташ жойида бўш жойлар кам бўлса, бир йўла иккита жойни эгалламаслик учун машинани ихчам жойлаштиринг. Энг ёмон ҳаракат – бегона машинани “тиркаб” қўйиб кетишдир. Автомобиллар ҳар қанақасига жойлаштирилган ҳолат сизнинг ҳам ғашингизга теккан вақтлар бўлгани аниқ. Кимдир ўтиш жойининг четига бурни билан тиқилган, бошқаси эса автомобилни ўтиш жойига қўйган. Агар бошқа йўли бўлмаса – зарурат туғилганда сизни чақира олишлари учун ойна остида телефон номерингиз ёзилган қоғозни қолдиринг.

 

 

  1. Бошқаларнинг ҳаётини қийинлаштирманг: автомобилни майса устига ва тор йўлакка қўйманг.
  1. Агар бошқа автомобиль ёнида тўхтаган бўлсангиз, у машинанинг ҳайдовчиси эшигини бемалол оча олиши учун маълум масофа қолдиринг.

 

 

БОШҚАЛАРГА ЁРДАМ БЕРИНГ 

Биз ўзбекистонликлар – меҳмондўст халқмиз, лекин нима учун шу даражада фахрланадиган хусусиятимиз ҳамда бегоналар ва меҳмонларга ёрдам ҳисси йўлларда ёдимиздан чиқади? Унутманг, хавфсиз ҳаракатланиш ҳайдовчилар ўртасида мусобақани эмас, балки ҳамжихатликни талаб этади.

  1. Доим ён йўлаклардан йўлга чиқишга ёрдам беринг. Оқимдаги узилишни кутиб ён йўлакда турган автомобиль учун зич машиналар оқими секин ўтади. Бу вазият анча кўп вақтни олиши мумкин. Агар биринчи йўл чизиғидаги биринчи автомобилнинг ҳайдовчиси бўлсангиз, бир неча сонияга тормозлашга уриниб кўринг. Бу вақт кутиб турган автомобиль оқимга кириб олишига етарли бўлади.
  1. Ўзиб кетишларига ёрдам беринг. Агар автомагистралда кимгадир етиб олаётган бўлсангиз, маданиятли ҳайдовчи албатта ўнг томонга юради ва ўзиб кетишингиз учун максимал қулай шароит яратади; сизга қувиб етаётганларида ҳам ҳудди шундай хатти-ҳаракатни кутишади. Агар профессионал ва шунчаки хайрихоҳ ҳайдовчи бўлсангиз сиздан ўзиб кетишларига имкон беринг.
  1. Муаммога учраган ҳамкасбларингизга машинани юргизишга ёрдам беринг, насос ёки домкратни бериб туринг, бир неча литр бензинни қизғанманг. Ҳеч ким нохушликлардан суғурта қилинмаган, жумладан сиз ҳам.
  1. Автомобили зич оқимда туриб қолиб, оқимга кира олмаётган ёки ўз навбатида юзага келган тўсиқ туфайли қайта жойлашиши керак бўлган ҳайдовчига ёрдам беринг.
  1. Тажрибасиз (орқа ойнасида “!” белгиси бор) ёки автомактабда ўқиётган (орқа ойнасида “Ў” белигиси бор) ҳайдовчи бошқараётган автомобилга ёрдам беришга ҳаракат қилинг.

 

 

РУЛДА КИМ ЎТИРГАНИНИ АНИҚЛАНГ

  1. Норозилик билдиришдан аввал нима учун олдинда кетаётган машинанинг ҳайдовчиси ўзини бундай тутаётгани ҳақида ўйлаб кўринг. Рақамларига (меҳмон), ҳайдовчига (аёл киши, пенсионер), машинанинг ҳолатига эътибор беринг.

 

 

ҲАДДИНГИЗДАН ОШМАНГ

  1. “Безбетлик – иккинчи бахт”, деган гап бор. Бироқ, бу вазиятда эмас, чунки қанқалар кўп безбетга айлансангиз, бахтсиз ҳодисага сабаб бўлиш эҳтимоли ҳам шунча ортади. Шунга қарамай, бизда ҳамма безбет! Жумладан, орқа ойнасида пошна сурати туширилган хотин-қизлардан тортиб, бир қарашда маҳоратли бўлиб кўринса-да, аслида сигнал белгисини ёқмасдан учинчи йўл чизиғидан биринчисига ёки аксинча қилишни афзал кўрадиган оқсоқол-нуронийлар ҳам ҳаддидан ошишади. Нима учун улар қолганлар уларга йўл бериши керак, деб ўйлашади? Ёдда тутинг, қоидалар барча учун бирдир! Агар тезкор маневр қилиш зарурати юзага келса, шунчаки илтимос қилинг ва сизни ўтказиб юборишади ёки ўрин бўшатишади :)

 

 

МИННАТДОРЛИК БИЛДИРИНГ 

  1. Албатта, бу масалада вазият нисбатан яхши ҳамда энг ёқимлиси одамларимиз миннатдорлик билдиришни ўрнига қўйишади. Шу боис LifeHaq.uz жамоаси сизни нима учундир огоҳлантирганлари ёки оддий қўл кўтариш, бош чайқаш ёки авария сигнали билан ҳаракатда устунлик билдирганлари учун миннатдор бўлишни унутмасликка чақиради.

 

 

ТОРТИШУВНИ БОШЛАМАНГ

Бу хусусият айнан бир миллат ёки давлатга эмас, кўпроқ вазиятга ва темпераментга хосдир. Айниқса, йўналишли транспорт воситалари ҳамда шахсий автомобиль ҳайдовчилари ўртасидаги низо энг хавфли вазиятлардан бири саналади. Шахсий автомобиль эгаларига маҳорат етишмагани учун кўпинча йўлларда тўсиқларни ҳосил қиладилар. Йўналишли транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ҳам ўз навбатида уларга нисбатан тушуниш ва сабр кўрсатмайди. Бундан ташқари, кўп ҳолларда шу ҳайдовчиларнинг ўзлари ҳам даромад ортидан қувиб, кескин тормоз босадилар ва йўловчиларни олиш ёки тушириш учун тақиқланган жойларда, иккинчи ва ҳаттоки учинчи йўл чизиғида, пиёдалар ўтиш йўлагида, чоррахаларда тўхтаб, ўтиш жойини торайтирадилар ва хавфли вазиятларни яратадилар. Бу ҳолатда бир нечта ҳаётий маслаҳатни таклиф қилиш мумкин:

  1. Тўғри бўлган тақдирингизда ҳам қатъий талаб қилиш керакмас. Шунчаки, вазиятни тўғри тушунишга эмас, балки ўзининг ҳақлигини исботлашга уринаётган тажрибасиз ҳайдовчи ёки ҳар доимги аҳмоққа йўл беринг.
  1. Жанжал қилманг.

 

 

БОШҚАЛАР СИЗНИ ТУШУНА ОЛСИН 

Эх...Бу биздаги ҳайдовчиларга тааллуқли эмас :) Йўл ҳаракати қоидаларининг қаеридадир жуда майда қилиб “Бошқалар сени тушунмасин” деб ёзилгандек гўё. Кутилмаганлик, шошқалоқлик ва тушунарсиз бўлиш – айнан бизга хос хусусият :) Бошқалар сизни тушуна олишлари учун:

  1. Ўз маневрларингиз ҳақида ҳаракатнинг бошқа иштирокчиларини аввалроқ огоҳлантиринг. Учинчи йўл чизиғидан биринчисига кескин ўтманг ва қайта жойлашишни секинлаштирманг. Иккала ҳолат ҳам бошқа ҳайдовчилар ҳаракатларингизни тушунишини қийинлаштиради.
  1. Бурилиш сигналини чоррахага бир неча метр қолиб, ортингиздаги тўғри кетаётган ҳайдовчини тўхтатиб қўядиган вақтда эмас, балки олдиндан ёқинг. Бошқаларнинг ғашига тегиш шартми?

Хулоса ўрнида: 

Ҳеч ким йўлда юз бериши мумкин бўлган барча вазиятларни олдиндан кўра олмайди. Бироқ аксарият ҳолларда йўл ҳаракати иштирокчиларидан Қоидалар томонидан қонунийлаштирилган ҳаракатларни бажариш талаб этилади. Агар ҳамма ҳайдовчилар ва пиёдалар ўзаро ҳурмат билдирганида, қанча фожиаларнинг олди олинган бўларди!

Олтин қоидани унутманг: бошқа иштирокчиларга ўзингизга  раво кўрган муносабатда бўлинг. 

Яқин вақт ичида LifeHaq.uz жамоасидан йўлларимизда ҳайдовчилик одобига оид маслаҳатларнинг давомини кутинг.

Ўқинг, лайк босинг, обуна бўлинг, изоҳлар ёзинг!