Футболга оид ишониш қийин бўлган айрим фактлар сизни лол қолдирмасин!

1. Хулио Иглесиас ёшлигида футбол дарвозабони бўлган ва Мадриднинг “Реал” клуби учун ўйнаган. Бироқ, 20 ёшида аварияга тушиб, касалхонада 3 йил ётганидан кейин унинг футболдаги карьераси якунига етган. У фалаж бўлиб қолган ва фақатгина қўлларини ишлата олган. Иглесиас гитара чалишни ўрганиб, кейинчалик машҳур ижрочига айланган.

 


2. Бразилиядаги футбол матчи давомида кучли шамол футбол майдонига парашютчилар гуруҳини учириб келган. Парашютчилардан бири айнан тўпни тутишга тайёрланиб турган дарвозабоннинг устига йиқилиб тушган. Натижада тўп дарвозага кирган ва ҳакам жабрланган жамоанинг норозилигига қарамай, голни ҳисобга олган ҳамда парашютчиларнинг пайдо бўлишини “самовий кучлар аралашуви” дея изоҳлаган.

   


3. Футбол олтита давлат, жумладан Афғонистон, Кампучия ва Гренландияда расман таъқиқланган. Қизиғи, АҚШнинг Юта штатида футбол (соккер, яъни европача футбол) ўйнаш учун майдон черковдан камида 1,5 миль узоқликда жойлашган бўлиши керак. Бейсбол, гольф ва америкача футбол учун бу масофа – 0,5 милни ташкил этади.

  

 


4. Маълумки, инглизлар қатъий футбол мухлислари ҳисобланиб, ўз футбол клубларига кучли боғланган бўладилар ва улар учун ҳар нарсага тайёр туришади. Бироқ, инглиз футбол мухлислари томонларидан хусусий ва давлат мулкига ҳар йили етказиладиган зарар 40 миллион фунт стерлингга баҳоланади.

   


5. 1969 йилнинг 3 ноябрида Буюк Британияда футбол тарихидаги “энг маданиятсиз” матч бўлиб ўтган. «Тонгхэм ёшлар клуби» (Суррей) ва «Хау-ли» (Хантс) жамоалари маҳаллий кубок учун шу қадар қўпол кураш олиб борган-ки, ҳакамнинг барча 22 ўйинчи, жумладан касалхонага юборилган бир ўйинчи ва чизиғдаги ҳакамни ҳам жазолашига тўғри келган.

   


6. Энг узоқ футбол матчи 1981 йилнинг 1-3 август кунлари Ирландиянинг Керри шаҳридаги «Каллинаферси» футбол клубига қарашли иккита жамоа томонидан ўйналган. Ғолиб фақатгина 65 соату 1 дақиқадан сўнг аниқланган.

 


7. Британия оролларида туман – одатий ҳолатдир. Бироқ, икки шотланд жамоаси учрашган чоғдаги ҳодиса ноодатий бўлган. Туман шу қадар қуюқ бўлган-ки, футболчилар узоқ вақт давомида тўпни, шерикларини ва рақибларини излашган. Қайсидир онда ҳакамга майдонда футболчилар кўпайиб кетгандек туюлган. Дастлаб у захира ўйинчилар ўриндиқларига югуриб борган ва улар бўшлигини кўрган. Ҳакам шу заҳоти ўйинни тўхтатган. Маълум бўлишича, майдонда бир вақтнинг ўзида 30 та ўйинчи бўлган.

   


8. Бразилиядаги анча яхши натижаларга эга “Какова” футбол жамоаси кутилмаганда ички ишлар вазирининг буйруғи билан тарқатиб юборилган. Гап шундаки, жамоа асосан полициячилардан ташкил топган ва матчлар вақтида стадионга полиция формасидаги бутун бошли “нарядлар” келган. Шаҳарда жиноятлар кўпайиб кетган, аммо трибуналарда намунали тартиб кузатилган.

   


9. Польшанинг Бидгош шаҳрида кўплаб томошабинларнинг эътиборини тортган қизиқ матч бўлиб ўтган. Маҳаллий газеталарнинг мухбирлари фақат бир оила вакиллари – ғишт терувчи Осиньскийнинг ўғилларидан иборат жамоа билан учрашганлар. 15 дан 28 гача бўлган ёшдаги 11 йигит мағлубиятга учраган бўлса-да, томошабинлар жамоа “асосчисини” илиқ қаршилаганлар. 


10. Буэнос-Айрес стадионида бир сафар тажриба ўтказилган бўлиб, унинг мақсади бўйдоқ футболчиларнинг турмуш қурганларидан устунлигини кўрсатишдан иборат бўлган. Ҳаммаси турмуш қурганларнинг дарвозасига пенальти урилишидан аввал яхши бораётган эди. Ўн бир метрлик амалга оширилганидан сўнг, майдонга ....рафиқалар чиқиб келганлар. Улар ҳакамни уриб, ғалабани ўз эрларига олиб берганлар. Бўйдоқлар ноҳушлик бўлмаслиги учун қаршилик қилмаганлар. Тажриба омадсизликка учраган. 


11. Италиянинг Асти шаҳарчасидаги ўртоқлик футбол учрашувида маҳаллий жамоанинг марказий ҳужумчиси Маскио тўпни нишонга ололмай ерни тепган. Зарба шу қадар кучли бўлган-ки, у оёғини жиддий жароҳатлаган. Тупроқ текширилганида қимматли тарихий топилма бўлган скелет аниқланган. Маскио пул мукофотини ва “археологик тадқиқотларга бўлган қизиқиши” нишонини олган.

 


12. Бразилиялик футбол ҳимоячиси Пинейрони ўз дарвозасига урилган голлар бўйича рекордчи деб аташган. Биргина мавсумнинг ўзида у жамоасининг дарвозасига 10 та гол киритган. Пинейро ҳужумга ўтказилган. Биринчи матчда “рекордчи” яна ўз дарвозасини ишғол қилишнинг уддасидан чиққан. Футболчи 25 ёшга кирганида жамоадошлари унга “Унутма, рақиб қарши томонда” деб ёзилган компасни совға қилганлар.


13. 2005 йилдаги Англия лигаси кубогининг финалида стадиондаги шовқин рекорди қайд этилган. «Ливерпуль» ўйинчиси Риисенинг «Челси» дарвозасига киритган голидан сўнг мерсисайдлик мухлислар 130,7 децибел кучга эга ҳайқириқни чиқарганлар. Бу ҳолат “Гиннес китоби”га киритилган. Аввалги 128,74 децибеллик рекорд 2000 йил Американинг «Денвер Бронкос» клуби матчида қайд этилган. 


14. 60-йилларнинг ўрталарида Италиянинг «Брешиа» клуби учун ўйнаган ҳимоячи Мацциа ўзига хос рекордчи саналади. У «Мантова» жамоаси билан учрашувнинг 38-сониясида ўз дарвозасига тўп киритиб, энг тезкор автогол эгасига айланган. 


15. Ҳакамлар ўзларига қизил карточка кўрсатган икки ҳолат маълум: «Питерборо Норт Энд» — «Роял Мэйл» матчига ҳакамлик қилган Энди Уэйн ва «Саутгемптон Армс» — «Херстборн Таррант Бритиш Легион» матчининг ҳаками Мелвин Силвестр. Биринчиси дарвозабон билан низони бартараф қилиш учун ўйин вақтида ўзини четлаштирган, иккинчиси эса – ўйинчи билан жанжал туфайли. 


16. 1959 йилда Германиянинг Гельзенкирхен шаҳрида стадион маъмурияти хато туфайли гандбол ва футбол матчларини бир вақтга белгилаган. Спортчиларнинг ҳеч бири ўйинни ўтказиш ҳуқуқидан воз кечишни истамаган. Натижада матчлар бир вақтда ўтказилган ва охирига етказилган, майдонда эса тўртта жамоа ва иккита тўп бўлган. 


17. Исроил парламентида шанба кунлари футбол ўйинларига руҳсат бериш тўғрисидаги қонун лойиҳаси рекорд сон, яъни 36 маротаба аппеляцияга берилган. Ушбу қонун лойиҳасини кўриб чиқиш мана етти йилдирки давом этмоқда. 


18. Ботсвана миллий жамоаси йигирма саккиз йиллик тарихи давомида биронта ҳам халқаро матчда ғалаба қозонмаган. Жамоада элликдан ортиқ асосий мураббий алмашган бўлиб, улардан тўрттаси совет даври спортчилари бўлган. 


19. Италиялик дарвозабон Гроссо ўйин вақтида ҳакамга кўзойнак тақишни маслаҳат қилгани учун майдондан четлаштирилган. Ушбу ҳолат текширилганида маълум бўлишича, Гроссо оптика дўконининг эгаси бўлиб, ҳакам ҳақиқатдан ҳам яхши кўра олмаган. Шу боис, интизом комиссияси дарвозабоннинг ҳакамга қарата айтган сўзларини ҳақорат эмас, балки фойдали ва ўта оқилона маслаҳат сифатида баҳолаган. Натижада, дарвозабон кечирилган, ҳакам эса унинг дўконидан кўзойнак харид қилган. 


20. 50-йилларнинг охирида Италиянинг Сиена шаҳрида футбол ҳакамлари ўзлари ўйнашга қарор қилганлар. Иккита жамоа тузилиб, майдонга чиққанлар ва матч бошланган. Жамоалардан бирининг дарвозасига мунозарали тўп киритилгунига қадар ҳаммаси яхши давом этган. Ана шунда хизмат бурчи туфайли ҳар бири қоидани яхши билган 22 ўйинчи ўзининг ҳақлигини исботлай бошлаган. Охир-оқибат иш шу қадар кескин тус олган-ки, полициянинг аралашишига тўғри келган. 


21. Испаниядаги «Сан Исидро» ва «Олимпико Карранте» иккинчи лига жамоаларининг ўйини чоғида ноёб ҳолат юз берган. Ўйин охирига 3 дақиқа қолганида ҳакамликдан норози бўлган иккала жамоанинг ўйинчилари арбитрни ўраб олиб, унга ақл ўргата бошлаганлар. Улар фақат сўзлар ва имо-ишоралардан фойдаланмаганлар... Мазкур кескин вазиятда совуққонликни сақлаб қолган ҳакам қизил карточкани олиб, уни матчнинг барча 22 ўйинчисига кўрсатган! 


22. 1978 йил Грециядаги биринчилик учун ўтказилган ўйинда «Этникос» клуби «ПАОК»ни қабул қилган. Меҳмонлар ҳисобни очгач, ҳакамнинг учрашувни давом эттириш таклифига эътибор қилмай, захирадагилар ўриндиғига югуриб бориб ҳурсандликларини нишонлай бошлаганлар. «Этникос» футболчилари узоқ ўйлаб ўтирмай, рақиблари йўқлигида марказдан бошлаб тўсиқларсиз дарвозага етиб, ҳисобни тенглаштирганлар. 


23. 1891 йилда футбол қоидалари бўйича ирландиялик эксперт Жон Пенальти ҳимояланаётган жамоанинг ўйинчиси томонидан атайин содир этилган қўпол ёки қўл билан ўйнаганлик учун шу жамоанинг жарима майдони чегарасида ўн бир метрлик жарима зарбаси жорий этилишини таклиф қилган. Биринчи мартта ана шундай зарба Ирландия футбол лигасида амалга оширилган. Эндиликда у бутун дунёда пенальти деб номланади. 


24. Испаниянинг Фуэнте шаҳрида маҳаллий жамоа «Гонша» клуби ўйинчиларини қабул қилган. Бир неча дақиқа ўтгач меҳмонлар 2:0 ҳисоби билан етакчилик қилаётган бўлган. Бирдан майдонда, ҳудди коррида манежида бўлганидек, қутурган буқа, сўнгра иккинчиси ва учинчиси пайдо бўлади. Матадор кўникмаларига эга бўлмаган ўйинчилар ва ҳакамлар қоча бошлаганлар. Томошабинлар ҳам шу йўлни тутишган. Кийиниш хонасида зўрға бекинишга улгурган ҳакам эҳтиёткорлик билан деразадан қараган: буқалар ҳамон майдонда югуриб юришар эди. Ўйинни бекор қилишга тўғри келган. Тез орада аниқланишича, коррида учун тайёрланган буқаларни севимли жамоаси мағлубиятга учрамаслиги учун маҳаллий клубнинг чин мухлиси чиқариб юборган. 


25. Бухарест-Белград экспрессининг машинисти фақат охирги лаҳзада рельсда ётиб олган эркакни уриб кетишнинг олдини олишга улгурган. Бу довюрак одам югославиялик футбол ишқибози Раданович бўлган. У Белграддаги футбол матчига кеч қолмаслик учун поездни тўхтатган. 


26. 1969 йилдаги футбол бўйича Чемпионатнинг саралаш босқичидаги плей-офф матчларида Гондурас терма жамоасининг Сальвадор жамоасига мағлуб бўлиши ушбу давлатлар ўртасида олти кун бевосита уруш келиб чиқишига сабаб бўлган. 


27. Маълумки, Лев Яшин нафақат футбол, балки хоккейда ҳам дарвозабон бўлган. 1953 йилда у хоккей бўйича СССР Кубоги ва СССР чемпионатининг бронза медали соҳибига айланган. Яшинни жаҳон чемпионати учун хоккей термасига чақиришга қарор қилишганида, у футболга эътибор қаратишни хоҳлаган. 


28. 1976 йилнинг 20 мартида «Астон Вилла» ўйинчиси Крис Николл «Лестер Сити»га қарши ўйинда рақибнинг ҳамда ўзининг дарвозасига иккитадан тўп киритган. Матч 2:2 ҳисобида якунланган.

 


29. 1939 йилда Венанинг «Рапид» клуби бирлашган Германия чемпионатининг финал матчида «Франкфурт» билан учрашган ва сўнгги 15 дақиқада ҳал қилувчи учта тўпни киритган. Шу вақтдан бошлаб «Рапид»нинг уйдаги матчларида анъана юзага келган – матчнинг сўнгги 15 дақиқасида мухлислар бир маромда ва узлуксиз қарсак чаладилар.