Эътиборингизни оила ва ишдан олиб, бирдан атрофингизда дўстлар қолмаганини англаган бўлсангиз, қўрқманг – ҳамма катталар бу ҳолатдан ўтади. Нима учун шундай бўлади ва ҳақиқий дўстлик илиқлигини яна ҳис қилиш мумкинми?

Сўнгги мартта қачон янги дўст орттирдингиз? Шунчаки гаплашиш ёки ҳазил алмашиш мумкин бўлган ишдаги янги таниш эмас, балки ҳақиқатдан ҳам яқин – энг мураккаб вазиятда қўнғироқ қилиш мумкин бўлган одамни. Агар ёшингиз учинчи ўн йилликдан ўтган бўлса, бундай дўстларни топиш тобора қийинлашиб боришини сезгандирсиз. Нимага шундай бўлади ва нима қилиш керак?

Гумонланувчилар: иш, оила, «вақт жуда кам»

Барчамиз ёш катталашиши билан дўстлик четга суриб қўйилишининг яққол сабабларини биламиз. Биз ҳафтасига 40 соатдан ишлаймиз, оиламиз ва болаларимиз бор, мансабда кўтарилишини истаймиз, қолганига эса шунчаки вақт етмайди.

FamiliesWorkInstitute томонидан ўтказилган тадқиқотда ёзилишича, 25 дан 54 ёшгача бўлган аксарият аёллар кунига 90 дақиқадан камроқ эркин вақтга, 29 фоиз аёллар эса – кунига 45 дақиқадан камроқ вақтга эга бўлади. Бу вақт янги дўстлар орттириш у ёқда турсин, ҳаттоки севимли сериални томоша қилишга ҳам етмайди.

Бу кўрсаткич эркакларда ҳам, иложи борича кўпроқ пул топиш ва оилавий мажбуриятлардан келиб чиқиб, анча фарқ қилмаса керак деган фикрдаман.

Алекс Виллиамс TheNewYorkTimes оммабоп нашрида ўрта ёшда дўстлар етишмаслиги ҳолати ҳақида ҳикоя қилади:

Инсон ҳаётининг ўртасига етганида унинг ҳаёт ихтиро қилиш керак бўлган бўш харита сингари кўринган ёшликдаги ҳамма нарсани кетма-кет тадқиқ қилишга оид интилишлари изсиз йўқолади. Устуворликлар ўзгаради ва кўпинча одамлар дўстларига нисбатан инжиқ бўлиб қолади.

Дўстларингиз қанчалиги муҳим эмас, барибир тақдирга тан бериш ҳисси Сизни қувиб етади ва қўрқита бошлайди. Энг яқин дўстларингиз пайдо бўладиган давр, ўша ўсмирлик ва эрта йигирма ёшлар ўтиб кетган. Энди “вазият кўра дўстлар” ёки шунчаки яхши танишлар даври келди.

Одамлар улғайгач ораларида кўринмас тўсиқ ҳосил бўлгандек туюлади. Улар танишадилар, мулоқот қилиш қизиқ бўлади, лекин аввалгидек тез-етз учрашиб, бирга вақт ўтказмайдилар.

Калифорниядаги Стэнфорд марказининг психология профессори Лаура Л. Карстенсен ўтказган тадқиқотда аниқланишича, ёши улғайгани сари одамлар дўстона муносабат ўрнатишга тобора камроқ уринади, аммо мавжуд дўстларига анча яқинлашадилар.

Унинг тахминига кўра, бу ҳолат инсоннинг табиий соатлари 30 ёш каби ҳаётидаги аҳамиятли воқеаларга муносабат билдириши сабабли юз беради. Бу соат ҳаёт қисқариб, тадқиқ қилишни тўхтатиш вақти етганлигидан дарак беради ва ҳозир ҳамда шу ерда мавжуд нарсага мурожаат қилишни эслатиб туради.

Омон қолиш учун энди дўстлар шарт эмас

Каттароқ ёшда қийинчилик билан дўст топишимизга яна бир сабаб – бу эндиликда заруриятнинг йўқлиги. Болаликда ва ёшликда дўстлик ижтимоий ва шахсий ривожланишмизнинг муҳим қисми саналади. Бизга аслида кимлигимизни англаш, ижтимоий муаммоларни қандай ҳал қилишни тушуниш учун дўстлар керак.

Албатта, мактабда дўстлашиш чоғида ҳеч ким буларни ўйламайди. Биз у қадар синчков бўлмаймиз ва шунчаки дўстлаша бошлаймиз (Мен билан бир партада ўтириб, ўқитувчини сен ҳам ёқтирмайсанми? Демак яхши дўстмиз!).

Шахс шаклланиб бўлганидан сўнг бизга дўст бўлиш учун каттароқ нарса керак бўлади ва дўстлик юзага келиши учун вазиятнинг ўзи етарли бўлмай қолади. Сизда бошқа одам билан бир хил муаммолар ва қарашлар бўлиши мумкин, Сиз уларни ўртоқлашасиз, сўнгра абадий ажраласиз ва шунчаки ҳурмат юзасидан саломлашасиз. Демак, бу қайтариб бўлмайдиган жараёнми?

буни қандай ҳал қилиш мумкин

Эски дўстларим борку, янгиларини нима қиламан, дерсиз. Лекин, ёшликдан сўнг одам бирдан вазият тақозоси билан бошқа шаҳарга кўчиб ўтса ёки эски дўстларини йўқотса, унда нима қилиш керак?

Ҳамма жуда банд ва бизда психологлар яқин дўстлик учун зарурият сифатида тан олган учта муҳим нарса йўқ: руҳий яқинлик, қайталанадиган, режалаштирилмаган муносабатлар ва ишонч.

Бу нима дегани? Агар 30 ёш атрофида бўлсангиз энди ҳақиқий дўстларингиз бўлмайди? Мутлақо нотўғри.

Jezebel сайтининг муаллифи Трэйси Мурнинг фикрича, шунчаки дўстликка нисбатан муносабатни ўзгартириш керак:

Фараз қилайлик, Сиз янги шаҳарга кўчиб ўтдингиз ва бу ерда биронта ҳам танишингиз йўқ, ёки эски дўстларингиз энди Сизга шу қадар сурбет бўлиб кўриняптики, улар билан сўнгги 10 йил давомида қандай мулоқот қилиб келганингизга ҳайрон қоляпсиз. Нима бўлганда ҳам бу ёшда Сиз барча фикрларингиз билан дўст излашни қизиқарли жумбоқ сифатида қабул қилишингиз керак.

Албатта, бунинг учун уйдан чиқиш ва ўхшаш қизиқишларга эга одамлар билан мулоқот қилиш керак.

Қуйида бир нечта мисол келтирамиз:

  • шаҳрингизда мавзуга доир учрашувларни изланг – қизиқишларингизга бағишланган жамиятни ижтимоий тармоқдан топинг ва шундай йиғилишга боринг;
  • қизиқишлар бўйича қандайдир курсларга ёзилинг: рақс, йога, декораторлик санъати бўйича маҳорат мактаблари, ҳаттоки жанговар санъат. Янги нарсани бошлаш ҳеч қачон кеч эмас;
  • ит боқинг. Итлари бор одамлар ҳар доим бирга сайр қиладилар, “тўдаларга бўлинадилар” (агар итлар зиддиятга бормаса) ва бир вақтда кўчага чиқишади;
  • саёҳат қилиш, янги хобби танлаш, қаергадир кўнгилли бўлиб ёзилиш ва ижтимоий фаолликнинг барча турларини намоён этиш мумкин.

Оддий қилиб айтганда, одамлар бор жойга интилинг. Дўстлик – ўткинчи, аммо бир вақтнинг ўзида қимматли нарса. Сиз дўстликни ҳудди мансабда кўтарилиш сингари бошқара олмайсиз, зеро одамлар орасидаги илиқлик ё бор ё йўқ.

Асосийси – турли одамлар билан мулоқот қилишга бўлган истак. Сиз энг кам кутган вақтингизда дўст топишингиз мумкин.

Афзалликлар ҳам бор

Катта ёшда дўст орттириш қанчалар қийин бўлмасин – бу арзирли иш. Катталар орасидаги дўстликда болаликдагига қараганда кўпроқ афзаллик бўлади:

  • муносабатлар мактабда ёки олийгоҳда таълим олганингизда ҳали бўлмаган умумий қизиқишлар асосига қурилади;
  • фақат ёшингизга мос ва бир шаҳардан бўлган дўстларни орттиришга мажбур эмассиз (интернет орқали мулоқотни ҳисобга олинг);
  • дўстлигингиз ташқаридан босимсиз анча эркин бўлади, чунки ҳар бир катта одам ҳамманинг ўз иши борлигини билади ва учрашишнинг иложи бўлмаса аразламайди;
  • аввал ташкил этилган оддий ўтиришларга нисбатан дўстлар билан учрашувларнинг қадрига ета бошлайсиз.

Ўзингизни англаб тўлақонли шахсга айланганингизда, дўстона муносабатлар мактаб йилларида қолганларига нисбатан янада чуқур бўлади. Ҳаттоки, бу осон бўлмаса ҳам. Ҳар қандай яхши муносабатлар сингари вақт ўтиши билан улар янада чуқур ва мустаҳкам бўлиб боради.