Ҳар бир бола, ҳаттоки энг одоблиси ҳам вақти-вақти билан фариштадан кичкина маҳлуққа айланади. У инжиқланади, асабийлашади, доим “Истамайман! Қилмайман! Ёқмайди! Йўқ...” каби гапларни қайтаради. Ва, ҳар бир навбатдаги “йўқ” жаҳлни авжга чиқариб, асаб тизимингиз аста-секин қайнай бошлайди.

Ақлан ҳиссиётлар портлаши яхши эмаслигини тушуниб турган бўлсангизда, навбатдаги инжиқлик катализатор сифатида ишлайди. Натижада, ҳам болалар, ҳам катталар азобланади.

Ҳўш, нима қилиш керак? Сабрни қаердан олиш мумкин? Севимли ва қадрли фарзандларимиз билан низоларнинг олдини олса бўладими?

 

Урушиш мумкин эмас, тушуниш

 

Манба

 

Сабр косангиз тўлаётганини сезган захоти ўзингизга “тўхта” денг. Бир неча марта чуқур нафас олинг (яхшиси нафасни бир неча сонияга ушлаб туринг). Сўнгра кичкинтойнинг асабий ҳолати сабабини аниқлашга ҳаракат қилинг ва уни бартараф этинг. Аксарият ҳолларда осонгина низонинг олдини олишга эришасиз.

Одатда, бола зарар етказиш учун эмас, балки асосли равишда ўзини сиз кутгандек тутмайди. Уни уришиш керак эмас. Эҳтимол, у юқори ҳарорат туфайли сиз истагандек қилишни хоҳламагандир. Ёки уни девордаги соялар қўрқитгандир.

 

Болалар инжиқлигининг сабаблари

 

1. Жуда кўп сарфланмаган энергия тўпланиб қолган

Агар бола узоқ вақт фаол ҳаракатсиз қолган бўлса, масалан мультфильм кўрган ёки машинада қимирламасдан ўтирган бўлса, у шу вақт ичида тўпланган кучини албатта чиқариши шарт. Бола учун узоқ вақт статик ҳолатда қолиш табиий эмас. У ҳудди жўшқин оқадиган ва ҳаракатда бўладиган дарёга ўхшайди.

Нима қилиш керак. Унга югуриш, сакраш, эмаклаш учун имкон яратинг. Ҳар қандай жисмоний машқлар бу ғайратни камайтиришга ёрдам беради.

2. Бола ҳаяжонланган ва ноҳуш ҳиссиётлар гирдобида

Кичкинтой қўрққан бўлиши, сиз эса буни ҳатто сезмаган бўлишингиз мумкин. Ёки унинг нимадандир жаҳли чиқиши, ҳавотирланиши мумкин. Албатта, бу ҳиссиётларнинг барчаси ёмон кайфият кўринишида ташқарига чиқа бошлайди. Ўз ҳиссиётларини назорат қилиш ва атрофдагиларга салбий муносабатда бўлишдан ҳамма катталар ҳам ўзини тутолмайди. Болаларни-ку айтмаса ҳам бўлади.

Катталар учун болаларнинг ҳажонланиш учун сабаблари жиддий кўринмасада, уларга эътибор ва ҳурмат билан қараш керак. Болага бу аҳамиятсиз нарса дейиш керак эмас. Агар сабаб шундай муносабатни юзага келтирган бўлса, демак унга эътибор бериш керак.

Нима қилиш керак. Уни тушунаётганингизни айтинг. Сиз ҳам қўрқишингиз (жаҳлингиз чиққан бўлишини) мумкинлигини таъкидланг. Сўнгра унинг эътиборини ижобий нарсага қаратишга ҳаракат қилинг.

3. Бола очиққан ёки чанқаган

 

Манба

 

Баъзан кичкинтойнинг қорни очганини тушуниш оддий нарсадек тублади. Бироқ, асосий қийинчилик шундаки, ҳамма болалар ҳам овқатланиш ёки сув ичиш истагини англаб етмайди. Улар ноқулайлик сезади, аммо негалигини тушунмайди.

Нима қилиш керак. Мунтазам равишда сўранг, таклиф қилинг, баъзида эса мажбурланг. Айниқса, бу иссиқ кунда ичимликларга тегишли.

4. Бола чарчаган

Болаларда чарчоқни чақирадиган сабаблар кўп. Жисмоний сабаблардан ташқари (узоқ вақт юриш ёки давомий фаол ўйинлар), руҳий сабаблар мавжуд. бола юз бераётган ҳолат қизиқ бўлмаса ёки ҳаракат ўта узоқ давом этса чарчайди. Шунингдек, бола ижобий ҳиссиётлар ортиқчалигидан чарчаб қолиши мумкин. Кўпинча ота-оналар аттракционли паркка ташриф, музқаймоқ ва кўплаб кўнгилочар жойлардан сўнг фарзандлари минғиллаб жаҳли чиққанига ҳайрон бўлишади. Бунинг жавоби оддий: яхши нарса ҳам меъёрида бўлиши керак.

Нима қилиш керак. Болага дам олиши ёки бир фаолият туридан бошқасига ўтиш имконини бериш керак.

5. Бола касал бўлиб қолган

Баъзида эрталаб бола қувноқ, серҳаракат бўлади, сўнгра кимдир бирдан тумблерни ўчириб-ёққандек барчаси ўзгаради. У инжиқланиб, йиғлайди ва қаршилк кўрсатади.

Нима қилиш керак. Болага разм солинг. Пешонасини ушлаб кўринг, ҳароратини ўлчанг ва асос бўлса шифокорга мурожаат қилинг.

6. Бола ўзининг фикрини қатъий ушлаб олган

Ҳамма ўзини муҳим деб ҳисоблашни истайди, жумладан болалар ҳам. Ҳаттоки энг кичик ёшдагилар ҳам ўз фикри ва қарашларига эга шахсдир. Болалар баъзида бўлса ҳам вазиятни бошқаришни ва қарорларни мустақил қабул қилишни истайди. Қаерга бориш, нима кийиш, қандай ўйинчоқларни олиш, қайси йўлни танлаш, кафеда нима буюриш. Бу уларнинг ўзига баҳо беришини оширади.

Нима қилиш керак. Агар сиз учун ўта аҳамиятли бўлмаса унинг фикрига рози бўлинг. Агар у талаб қилаётган нарсани қабул қила олмасангиз, негалигини тушунтиринг.

7. Бола катталардан нусха олади

Ҳар бир одам шахсий сифатлар тўпламига эга, ноёб ва иккита бир хил одам йўқ. Бироқ, атроф-муҳит бизга ҳудди сув тошни йўнганидек таъсир кўрсатади. Биз ўзимиз англамаган ҳолда бир-биримизга тақлид қиламиз ва ўхшаб қоламиз.

Америкалик руҳшунослар томонидан ўтказилган тажриба мавжуд. изоляцияланган хонага яхши кайфиятдаги икки киши таклиф қилинган. Улар танишиб, бир-бири билан мулоқот қила бошлаган. Хонага ёмон кайфиятдаги учинчи одам кирган. У жимгина бўш стулга ўтириб, ҳеч нарса демаган, қимирламаган, сўзлашмаган, суҳбатда иштирок этмаган. Шунга қарамай, қолган икки иштирокчининг кайфияти ёмонлашган.

Болалар учун оила ва яқин атрофдагилар ҳудди шу хона кабидир. Агар ота ва она асабийлашса ёки жаҳлдор бўлса, бола тез орада ҳудди шу ҳолатни қайтаради. Болалар бизнинг кайфиятимизга жуда таъсирчан ва барчасини сингдириб олади.

Нима қилиш керак. Ўзингизга эҳтиёт бўлинг ва ҳиссиётларни назорат қилинг.

 

Фойдали маслаҳатлар

 

Манба

 

Баъзида болалар доим ўзига эътибор талаб қилиб, ғашга тегади ва бир қадам ҳам тинч қўймайди.

Қуйида бундай ҳаракатнинг энг кўп кузатилган сабаблари:

  • Зерикарли.Боланинг машғулотини ўзгартиринг ёки унга мос ўртоқларни топинг.
  • Дарҳол муҳим фикрни бўлишиш керак.Шунчаки тингланг.
  • Мақтов керак.Ниҳоят, болангиз узоқ вақт давомида кўрсатишга ёки айтишга уринаётган нарсага эътибор қаратинг ва мақтаб қўйинг.

Муҳими, асосланган талабни инжиқликдан фарқлай олиш ва мувофиқ равишда ҳаракат қилиш керак. Агар бола худбинларча олам фақат унинг атрофида айланишини талаб қилаётган бўлса, унга ноҳақлигини тушунтиринг. У бошқалар каби оиладаги барча аъзоларнинг манфаатларини ҳисобга олиши керак.

Низоли вазиятда доим тушунтиришдан бошланг ва имкон борича танлов яратинг. Фақат кейингина болани мажбурлаш мумкин. Баъзида урушишга ҳам тўғри келади, аммо буни охирги чора сифатида қўллаш мумкин.

Болаларга нимадир тушунтираётганда улар сизни тўғри англаётганига ва бир нарса назарда тутилаётганига ишонч ҳосил қилиш керак.

«Бир куни денгизга боришга отландик. Кечқурун қарор қилиб, эрталаб жўнаб кетдик. Уч ёшли ўғлимизга машинада кетаётганда қарорни айтдик, чунки нимадир ўхшамай қолса ҳафа бўлишини истамагандик.

Тўрт кунга денгизга кетаётганимизни эшитган ўғлимиз йиғлаб бақира бошлади: «Истамайман! Орқага қайтаринг! Уйга кетамиз!» Биз таажжубланиб йўл устидаги кафе ёнида тўхтадик. У ширинлик еди, югурди ва бир оз тинчланди. Сўнгра, денгизгача бориб, фақат уни томоша қилишга келишдик. Агар унга ёқмаса дарҳол ортга қайтишимизни айтдик.

Керакли жойга етиб келиб, хоналарга жойлашганимиздан сўнг боланинг кайфияти кескин ўзгарди. У ҳурсанд бўлиб, куйлай бошлади, рюкзакидан ўйинчоқларини олиб, уларни таҳлаб чиқди. Аниқланишича, ўғлимиз яқинда ўзи кўрган мультфильм қаҳрамонлари каби денгиз атрофидаги қумда яшаймиз деб ўйлаган экан. Бу уни қаттиқ қўрқитган. Биз эса каравотли уйда жойлашдик ва бундай ҳордиқ унга ҳуш келди. Биз учун бу воқеа яхши дарс бўлди: ҳар доим бир-биримизни тўғри тушунганлигимизни аниқлаштириш зарур».

Агар вазият кескинлашиб, сабр-тоқат борган сари тугаётган бўлса, болани урушишдан аввал тин олинг. Ўнгача сананг. Ўзингиздан сўранг: «Нега? Бундан кимга яхши бўлади?»

Ва ниҳоят, “йўқ” дейишни ўрганинг. Буни баъзида, аммо қатъий амалга оширинг. Болага унинг истагини тушуниб турган бўлсангизда, қисқа ва тушунарли тилда нима учун бу ишни ҳозир қила олмаслигингизни изоҳланг. Бола тушунади. Агар у талаб қилишда давом этса (кўпинча шундай бўлади), унинг усулларидан фойдаланинг. Шунчаки, «йўқ, йўқ, йўқ», дея қайтаринг.