Иншолар ёзиш қобилияти нафақат мактабда яхши баҳолар олиш, балки шахснинг умумий ижодий ривожланиши учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бироқ, рус тили ва адабиёти дарсларида болага яхши иншо ёзиш қоидаларини ўргатишнинг имкони йўқ. Ушбу кўникмани шакллантириш учун ота-оналар ва ўқитувчилар ўзига хос усулда йўл тутишлари керак.

Дарсларда болаларга мавзуни ажратиш, режа тузиш, композицияга амал қилиш ва ҳоказолар ҳақида сўзланиши мумкин. Бироқ, ўқитувчилар энг асосий нарса – бадиий қимматга эга матнни қандай ҳосил қилиш ҳақида ҳеч нарса айтмайдилар. Бундай кўникмаларни такомиллаштириш бўйича ўз-ўзидан юзага келган услублар эса мутлақо самарасиздир. Масалан, бир тадқиқотда айтилишича, иншони текшириш вақтида ўқитувчи унда қолдирадиган тузатишлар ва қайдлар вазифасини бажармайди ва ўқувчилар шунчаки уларга аҳамият бермайди.

Бироқ, бу ота-оналар ва ўқитувчилар умуман кучсиз дегани эмас. Ёзувчилик кўникмаларини шакллантиришга турли омиллар таъсир қилади ва уларни ёдда тутган ҳолда болага ўзининг ижодий усулини топишда ёрдам беришингиз мумкин.

 

1. Қизиқиш

Бу иншоларни ёзиш билан бирга, фаолиятнинг исталган бошқа турида ҳам муваффақиятга эришишнинг калитидир. Агар одам қилаётган ишига қизиқиш билдирса, кўникма ўз-ўзидан ҳосил бўлади. Бунда гап манфаатли қизиқиш ҳақида бораётгани йўқ. Фаолият жараёнининг ўзи шахс томонидан аҳамиятли ва қизиқарли сифатида баҳоланиши керак.

Хусусан, бу болада ижод, ўз фикрини баён этиш, интеллектуал меҳнат асосий ўринларни эгаллайдиган маълум қадриятлар тизимини тарбиялашни назарда тутади.

Иншошунчаки фикрлар баёни эмас. У ижодий фаоллик натижасидир.

Болада ёзувчилик санъатига нисбатан эҳтиром тарбияланиши зарур, буюк адиблар у учун ҳурматга лойиқ намунага айланиши керак. Энг асосийси – бола улар нима учун ҳурмат қозонганини тушуниб етиши лозим. Яъни, у адабиётнинг эстетик қадрини, тил гўзаллигини англаши зарур.

Масалан, тадқиқотларда таъкидланишича, ўқувчига битта узун гап бир нечта қисқаларига нисбатан чиройлироқ эшитилишини кўрсатиш муҳим. Унга гапларни бирлаштириш, бунга қандай воситалар орқали эришиш мумкинлигини ўргатиш керак. Тилнинг бошқа бадиий жиҳатлари ҳам ҳудди шунга боғлиқ.

 

2. Адабиётга нисбатан ҳурмат

Бунинг учун бола, албатта, мутолаа қилиши керак. Бироқ, бу уни мактаб дастурини тўлиқ ўзлаштиришга мажбурлаш дегани эмас – кўпинча бундай усул акс таъсир кўрсатади. Кўпчилик одам қанча кўп ўқиса, шунча яхши ёза олади, дея хато фикр юритади. Бу мутлақо нотўғри. Ҳаттоки сўзлар луғатини бойтиши нуқтаи назаридан ҳам: янги сўзлар фаол нутқдан ўрин олиши учун уларни доим ишлатиш керак. Фаол нутқни бойитиш учун янги сўзларни тақдим этиш ва уларни иншода қўллаш вазифасидан иборат усул самаралироқ бўлади.

Адабиёт “юкланган вазифа” бўлгани учун ўқилиши керак эмас. Мактаб дастури мумтоз адиблар асарларини сифат эмас, балки сон жиҳатидан ўрганишга қаратилган.

Одамда асарга нисбатан қизиқиш ва унинг бадиий қадри тушунчаси пайдо бўлиши учун ташқаридан босим ўтказилмаслиги керак.

Якка тартибдаги ёндашув анча самаралироқ бўлади: болага қайси жанр ёқишини аниқлаш ва шу йўналишга урғу бериш. Масалан, унга фантастика ёқса-да, дарсларда эса у ҳеч қизиқмайдиган Пушкин ўтилаётган бўлса, унинг қизиқишларидан келиб чиқиб адабиёт оламини очиб бериш энг тўғри йўл бўлади, мисол учун, болага Гибсон ёки Лем каби илмий фантастика мумтоз асарларини таклиф қилиш, ушбу китобларда кўтарилган муаммоларни муҳокама қилиш, унга мустақил фикрини билдириш ва қизиқарли мавзуларда мулоқот қилиш имконини бериш.

 

3. Фикрлашга рағбатлантириш

Албатта, бу мактаб дастурини унутиш керак жегани эмас: унга нисбатан ҳам ўқитувчилик усуллари ёрдамида маълум қизиқиш уйғотиш мумкин. Бизнинг мактабда ҳамма  адабиёт дарсини жуда яхши кўрарди, чунки ўқитувчимиз дарсларни ҳар доим дарсликларга мурожаат қилмай ўтарди. У биргина асарнинг ўзиша деярли бутун чоракни бағишлаши мумкин эди. Лекин, асарни шу қадар пухта ўргатардики, муҳокама жараёнига барча жалб этиларди. У танқидий “стандартларга” қарама-қарши бўлган ўз нуқтаи-назарини айтиб, бизни муҳокамага ундарди.

Хусусан, “Том Сойер”ни эркатой безори ҳақидаги воқеа сифатида ўқисак, “Анна Каренина” романи руҳий ёрдамга муҳтож бўлган жазавали қиз ҳақида сўзларди. Уй вазифалари ҳам шунга мувофиқ бўлган: “Сизнингча, Андрей Болконский зодагонлар ҳаётининг шодликларидан тўйган текинхўр эмас, балки руҳан мураккаб шахсми? У ҳолда мана бу бобни ўқинг ва ўз нуқтаи назарингизга қандай бўлса ҳам исботлар топишга уриниб кўринг. Менга осмон ҳақидаги абзайни ўқишнинг кераги йўқ: биз ҳаммамиз осмонни кўрганмиз ва унинг қандайлигини биламиз”. У кескин ва этирозга ўрин қолдирмайдиган тарзда, мутлақо “мактабчасига” бўлмаган бир аснода фикр билдирарди, аммо айнан шунинг учун биз ўқишни ва фикр юритишни истардик. Ота-онанинг ўзи ҳам дарсларга шундай тайёргарликни амалга ошириши мумкин.

Иншо ёзишда стандарт қадамлар мавжуд:

  • мавзуни танлаш;
  • режа тузиш;
  • мавзу тақдимоти кўрсатилган киришни ёзиш;
  • иншонинг асосий қисмини ёзиш;
  • хулосали якуний қисм.

Бу исталган иншо устида ишлашнинг мантиқли тузилиши бўлиб, у аслида тўғри ва кетма-кет фикрлашни акс эттиради. Уни зўрганиш керак, аммо уни асос қилиб олиш шарт эмас. Болани қуруқ абзацларни қайтаришга мажбурлаш, ижодий энергиясини жиловлаш, бегона қоидалар бўйича ўйнашга мажбурлаш орқали унда қизиқиш уйғотиш қийин кечади.

Аксинча, бола ўзини қизиқтирадиган мавзуда чекловларсиз ўз фикрини билдириш эркинлиги ва сўзлаш имкониятига эга бўлса, бу иш самаралироқ кечади. Иншони ёзиш жараёнида эса, Сиз уни тузатишингиз ёки матнни яхшироқ тузиш бўйича маслаҳатлар беришингиз мумкин. Бола тузилишни ўзлаштиради, аммо буни шахсий тажрибасида ўрганади.

 

4. Катталарга тақлид

Тадқиқотларда қайд этилишича, амалда кенг тарқалган усул – ўқувчини қоғоз билан ёлғиз қолдириб, сўнгра тайёр натижага тузатишлар киритишга қараганда иншо ёзиш жараёнининг тўлиқ мониторинг қилиниши, ўқувчига реал вақт режимида кўмак бериш яхшироқ самара беради.

Сиз болангизни ҳудди катталардек фикрлаш ва сўзлашга ўргатмоқчисиз.  Ишонинг, унинг ўзи ҳам шуни ўрганишни истайди.

Лекин, бунга эришиш учун Сизнинг фикрлашингиз доим унинг фикрлашига туташган бўлиши керак.

Кўпинча одамлар аввал ўзларини маълум образга ўхшатиб, кейингина унинг сифатларига эга бўладилар. Хусусан, бадиий мактабни аъло баҳоларга битирган одам “Мен истеъдодли рассомман” деб ўйлайди. Ва, анча йиллик тажрибадан сўнг, кейингчалик унинг суратлари ёшлигида ўзини лойиқ деб топган мақомга мос кела бошлайди.

Ҳар бир бола катта бўлишни истайди. Агар унга катта бўлиш – ноодатий фикрлаш ва фикрларини чиройли баён этишни билиш эканлигини уқтира олсангиз, бола мувофиқ равишда ўсиб боради. Бунинг учун иншолар даставвал Сиз билан бирга ёзилиши керак.

 

5. Доимий амалиёт

Умуман олганда, фикрларини тушунарли равишда баён этишга ўрганиш учун мана шу банднинг ўзи ҳам етарли. Агар одам ниманидир мунтазам равишда бажарса, вақт ўтгани сайин унинг иши такомиллашиб бораверади. Ҳаттоки, ёзишни умуман истамаса-да, аммо уй вазифасини бажариш устидан қатъий назорат ва доимий амалиёт натижасида бола иншоларни ёза олиши ва яхши баҳолар олиши мумкин.

Бироқ, бундай ёндашувдан қандай маъно ва қурбонлик кутилади? Мактабда кимё фанидан уч баҳо олган аксарият одамлар ҳаётларида бирон мартта ҳам ўзларини болаликдаги бекорчиликлари учун койимаган бўлсалар керак. Чунки, уларга кимёнинг барибир кераги бўлмасди.

Мактабдаги баҳо ҳаётдаги муваффақият кўрсаткичи эмас. Ҳеч қачон болага бунинг аксини айтманг, йўқса у келажакда шахсий ижодий энергиясини топа олмай, сунъий, бошқалар томонидан яратилган мақсадларга интилади.