Ўзгаришлар – доим мураккаб кечадиган жараён. Айниқса, одатий турмуш тарзини алиштириш билан боғлиқ ўзгаришлар. Бир одам гўштни, пиво ичишни яхши кўрарди, кейин эса маълум лаҳзада ўзини гўшт ва алкоголь истеъмолидан чеклашга қарор қилди. Балки у ўзи учун барчасини ҳал қилиб, ҳаёлан тартибга солиб бўлгандир, аммо атрофидаги одамлар учун барчаси осон кечмаслиги мумкин. Айниқса, бу масала шу одам билан бирга яшайдиган оила аъзоларига тааллуқлидир.

Агар соғлом овқат истеъмол қилишга ва ҳар куни спорт билан шуғулланишга қарор қилган бўлсангиз, оилангиз ҳам ҳудди шундай қилади дегани эмас. Бошқаларни кўндириш қийинроқ, чунки уларнинг бу борада шахсий фикрлари бор. Санаб ўтилган барча ўзгаришлар эса ўйланганидек осон кечмайди. Оилангиз учун янги турмуш тарзига ўтиш қийин бўлса нима қилиш керак? Ахир, янги оилага кўчиб кетмайсиз-ку!

Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бу ҳолат ҳақиқатдан ҳам жуда мураккаб. Слава гўшт истеъмолини минимал даражага етказиб, ширинликлардан деярли тўлиқ воз кечишга қарор қилганида мен узоқ вақт қаршилик қилдим. Биринчидан, мен ширинликларни яхши кўраман, иккинчидан эса – ширинлик тайёрлашни севаман. Мен учун ширинликлар ва пишириқлар билан овора бўлиш – ҳудди санъат... мусаввирлик каби нарса. Шунингдек, нима учун энди ойижон мазали печеньени у қадар кўп пиширмаслигини болага тушунтириш янада қийин. Бироқ, аста-секин бир муросага келдик ва ҳар ким қониқиш ҳосил қилди.

Ҳар доим ҳам бундай ўзгаришлар осон кечмайди. Аста-секин бошини тўлдириб турган ахборот чиқиндиларидан, танасини ифлослантирган озуқавий ахлатдан ҳамда уйини эгаллаб, оиласи ҳаракатларини чеклаб турган кўп миқдордаги буюмлардан ҳаётини тўлиқ тозалаган Лео Бабаута ҳам шу каби синовдан ўтган. У ўзининг блогида тажрибаси билан ўртоқлашди.

Ҳамма бортга!

Одатда, сценарий одатдий бўлади: Сиз қандайдир китоб ёки мақолани ўқиб илҳомландингиз. Узоқ юриб, бу ҳақида ўйладингиз ва ниҳоят, синаб кўришга қарор қилдингиз. Бироқ, оилангизга бу ҳақида энг охирида хабар бердингиз ва бошқаларнинг бирдан ва ўйламасдан туриб Сизни янги ғояларда қўллаб-қувватлаш қийин бўлиши тайин. Сиз ҳаммасини ўйлаб, бир неча мартта турли ҳолатларда бош қотириб бўлдингиз. Улар эса – йўқ. Шу боис, улардан бир зумда ижобий муносабатни талаб қилиш, камида, адолатсизлик бўлади.

Лео бир оз бошқача усулни таклиф қилади. Унинг тажрибаси кўрсатганидек, агар қизиқ нимадир топиб олган бўлиб, бу тизимни синаб кўриш ажойиблиги ҳақида фикр пайдо бўлса, ўйларингизни иложи борича яқинларингиз билан ўртоқлашинг. Шу тариқа, улар жараённинг бошида бўлишади. Ўзингиз қарор қабул қилиб бўлганингиздан кейингина уларга хабар бериш нотўғри. Эшитган нарсангиз ҳақида дарҳол уларга сўзлаб беринг. Улар бу ҳақида нима ўйлашларини сўранг. Сиз буларнинг барини биргаликда муҳокама қилиб, ҳар бир қадамда бирга хулосага келишингиз, яъни биргаликда қарор қабул қилишингиз керак.

Одамлар мажбуран ўзгаришни ёқтирмайдилар. Улардан ўзингиз билан бирга ўзгаришни сўраш ўрнига, бошланишига ўзгаришингизда ёрдам беришларини сўранг. Уларнинг кўмаги ва маслаҳатларига муҳтож эканлигингизни айтинг. Ана шунда, улар жараён давомида Сизга ёрдам бериш орқали ўзлари билмаган ҳолда янги тизимга кирадилар. Уларга мустақил қарор қабул қилиш имконини беринг. Воқеаларни жадаллаштирманг.

Шахсий ўрнак кўрсатинг

Табиийки, таклиф қилинган усулга ҳамма бирдан рози бўлмаслиги муқаррар. Шунинг учун шубҳадагиларни ўз томонингизга оғдиришнинг энг яхши йўли – тақлид қилиш учун муносиб ўрнак кўрсатишдир.

Шахсий ўрнак – доим энг яхши ўрнак. Айниқса, бу болалар ва ота-оналарга тааллуқли. Агар фарзандингизга соғлом турмуш тарзи доим телевизор рўпарасида ўтириш ва ҳар қандай кераксиз нарсаларни ейишдан кўра яхшироқ ва қизиқарлироқ эканлиги ҳақида сўзлаб, аммо ўзингиз туну кун компьютер олдида пиво ичиб ўтирсангиз, боланинг спорт машқларига югуриб бориши эҳтимолдан йироқ. Бизнинг ўғлимиз ота-онаси доим спорт билан шуғулланаётганини, дадаси бемалол 21 км. югура олиши ёки велосипедда орол атрофини айланиб чиқиши мумкинлигини кўради. Шуни ўзи етарли! Унга бошқа ҳеч нарса керак эмас! У дадаси билан бирга югуришни истайди, уйга қайтганимизда икки ғилдиракли велосипедда учишни қандай ўрганишини сўзлайди ва катта қизиқиш билан тхэквандо машқларига қатнайди. Бизнинг бир танишимиз доим марафонлар ва триатлон бўйича мусобақаларда иштирок этади. Унинг ўғли ҳам отасидан ортда қолмаган ва болалар марафонларидаги иштироки учун бир қанча ёрлиқларни қўлга киритган.

Қанчалар зўр бўлиши ҳақида сўзлаб, кўндириш шарт эмас. Шунчаки уни ўзингиз билан бир неча мартта бирга олиб кетинг. Буни мажбуран амалга оширманг ва натижа Сизни кўп куттирмайди.

Агар оила ҳамон борт ортида бўлса

Агар шу пайтгача яқинларингизни режаларингизга қўшилишга кўндира олмаган бўлсангиз, шунчаки улардан тушунишни ва камроқ танқидни илтимос қилинг. Қўшилишни истамас экансан, ҳалақит берма. Зиддиятга борманг. Уларнинг одатий турмушини тушунишингиз ва ҳурмат қилишингизни, аммо ўзингиз ўзгаришни исташингизни кўрсатинг.

Буни қизиқарли ўйинга айлантиринг

Бутун оилани жалб қилишнинг яна бир қизиқ ва фойдали воситси – бу “оилавий даъватлар”. Яъни, Сиз биргаликда мақсадларни белгилаб, уларга биргаликда эришишингиз керак. Айрим одамлар янги қоидаларга оддий амал қилишда қизиқ нарса кўрмайди. Уларнинг ўзгариши учун маълум чегарага солинган мақсад керак. Ана шунда янги қоидаларга ўтиш қизиқарли мусобақага ўхшаб кетади. Бундай мусобақалар айниқса болаларга ёқади. Бу тўсиқларни енгиб ўтадиган ўйинга айлантирилса, улар янги қоидалар бўйича мамнуният билан ўйнайдилар. Ҳаттоки, тўпланган очколарни ҳам ёзиб борадилар.

Бу қизиқ, бу қувноқ ва асосийси, Сиз буни биргаликда амалга оширасиз!

Соғлом овқатланиш

Тажриба кўрсатганидек, соғлом овқатланишга ўтиш энг мураккаб вазифалардан бири саналади. Шу боис, буни, айниқса, болалар борасида аста-секин амалга ошириш зарур. Сиз уларни фақат ўсимлик таомлари ейишга мажбурлай олмайсиз. Ахир, улар ҳали бола ва организмлари эндигина шаклланмоқда.

  • Ўзингиз учун алоҳида овқат пиширинг. Леонинг айтишича, у турмуш ўртоғи билан бир неча кун давомида бир хил овқат ейиши мумкин, аммо болалари учун алоҳида таом тайёрлашади, чунки улар турли овқатларга муҳтож. Болалар орасида пиширилган брокколи ёки сувда пишган ёрмага ихлос қўйганларини топиш қийин.
  • Болаларни ўзлари ўрганмаган овқатни ейишга мажбурлаш қийин. Ҳамма болалар ҳам сабзавотлар ва кўкатларни яхши кўрмайди. Шунинг учун уларни аста-секин, шу маҳсулотларни турли таомларга қўшган ҳолда, ўргатиб бориш керак. Болаларни овқатни татиб кўриш ва турли таъмларни ажратишга ўргатиш керак. Бу албатта иш беради. Ваня барча катталарнинг таомларини ейди дея олмайману, аммо эчки сутидан қилинган пишлоқли ва яшил нўхатли ризоттони яхши кўриб ейди.
  • Агар болалар ширин нарса (масалан, пицца) еяётган бўлса, аҳамият бермасликка ҳаракат қилинг. Агар аҳамиятсиз қолиш қийин бўлса, сайрга ёки югуришга чиқиб кетинг.
  • Охирида мукофот сифатида ширинлик ваъда қилинган бўлса, болалар исталган ресторанга бориб, олдиларига нима қўйилса шуни ейдилар. Ахир Сиз ўйин ўйнаяпсиз ва очко тўплаяпсиз, ёдингиздами?
  • Ҳамма ҳам вегетарианликни қабул қилмайди. Агар Сиз гўштдан тўлиқ воз кечишга қатъий қарор қилган бўлсангизу, оилангиз буни у қадар истамаса, уларни мажбурламанг. Шунчаки мазали вегетарианча таомларни излаб тайёрланг ва уларни меҳмон қилинг. Агар таом ҳақиқатдан ҳам мазали бўлса, оилангиз уни рад этишга сабаб топа олмайди. Агар гўшт ёки пицца ейишни жуда хоҳлаётган бўлсангиз, ҳафтанинг бир кунини ажратиб, масалан пиццахонага боришни режалаштириш мумкин. AppStore да вегетарианча таом рецептлари келтирилган яхши илова —GreenKitchen (4.99$)

Оилангиз қарорларини қўллаб-қувватланг

Агар оилангиз Сизни қўллашини хоҳлсангиз, ўзингиз ҳам уларнинг ғояларини қўллашингиз керак. Агар рафиқангиз (ёки эрингиз) ёки фаразанларингиз нимагадир қизиқса, уларни қўлланг, ёрдам беринг. Улар учун фойдали китоблар ва манбаларни изланг, лойиҳаларни бажаришда кўмаклашинг. Уларга қанчалик ёрдам бераётганингизни кўришса, Сизга ҳам керакли кўмакни беришади. Юқорида айтилганидек, энг яхши ўрнак – бу шахсий ўрнак.

Бошқаларни ўқитиш орқали ўрганинг

Ва сўнгги маслаҳат. Ўзгаришнинг энг яхши усули бошқаларга ўзгаришда ёрдам беришдир. Оилангизга янги режаларда ёрдам беринг, яқинларингиз билан бирга ўрганинг ва ўзингиз аниқланган нарсаларни ўртоқлашинг. Уларга нималарни ўрганганингиз ҳақида сўзлаш орқали тобора кўпроқ янги нарсаларни билиб оласиз.