Агар иш ва ўқишни бирга олиб боришни истасангиз, бу мақолани ўқиб чиқишни унутманг: унда биз ушбу икки фронтни самарали мужассамлаштириш ҳақида сўзлаймиз.

Юқори курслардаги талабалар кундузги бўлимдаги ўқишлари билан ишни бирга олиб боришлари ҳолати ҳеч кимни ҳайратга солмайди. Баъзида бу танлов зарурият юзасидан келиб чиқади: таълим учун мустақил пул тўлашингиз ёки оилангизга ёрдам беришингиз керак. Бироқ, кўпинча ёшлар шунчаки уларни каттадек қабул қилишларини хоҳлаб, кундалик ҳаражатлари учун ота-оналаридан пул сўрашни истамайдилар.

Университетни тугатмай туриб иш бошлашга туртки бўлган сабаб муҳим эмас, муҳими биргина нарса: Сиз ҳам ўқиш, ҳам ишни аъло даражада эплашингиз ва асосийси – улар бирига ҳалақит қилмаслиги керак.

Бугун биз ўқиш ва ишни бирга олиб бориш истагидан бўлсангиз, нималарни ёдда тутишингиз кераклиги ҳақида гаплашамиз.

 

Агар иш ҳали топилмаган бўлса

Ишончим комилки, иш излаш ҳақида ҳаттоки бирон мартта ҳам ўйлаб кўрмаган бўлишингизга қарамай, барибир курсдошларингиз ёки дўстларингиз билан суҳбат давомида “Иш топиш ҳаракатидаман”, “Университетда фақат назария, иш излаш ва амалиёт билан шуғулланиш вақти келди”, “Энди ишлашни истайман, университет жонга тегди”, “Ишлашга бораман, ҳар ҳолда пул беришади” қабилидаги жумлалардан бирини айтганингиз аниқ. Жумлалар турли бўлиши мумкин, аммо моҳияти доим бир хил қолади.

Эҳтимол, иш излашга жиддий қарор қилмагандирсиз, шунчаки ўзингизни касбий мустақиллик ҳақида ҳозирданоқ ўйлаётган ақлли ва катта одамдек кўрсатишни истагандирсиз.

Бироқ, кун келиб қуруқ гапларни четга қўйиб, ҳақиқатдан ҳам иш излашга киришдингиз. Демак, номадан бошлаш керак.

 

Ишни «талабалар учун» тоифасидан изламанг

“Талабалар учун иш” бўлимига кўзим тушганида кайфиятим батамом йўқолади. Официантлар ва промоутерлар – иш берувчиларнинг фикрича олийгоҳларнинг талабалари айнан шундай лавозимларга мос келади.

Сиз олий таълим муассасида ўқийсиз, Сиз ўзингизга ёққан (бунга қаттиқ ишонгимиз келади) ва кейинчалик шу йўналишда ишлашни хоҳлаган мутахассисликни эгаллайсиз. Айтингчи, нима учун мутлақо ёт соҳа билан шуғулланиш орқали қимматли вақтингизни сарфлашингиз керак? Ихтисослигингиз бўйича иш топишга ҳаракат қилинг.

Ўзингизга ҳудди ҳеч нарсани билмайдигандек, лаёқатсиз, рақобатбардош эмасдек ва умуман жуда баланд дорга осилаётгандек туюлиши мумкин. Бу ўзига ва қобилиятига ишончсизлик туйғусини илдизи билан юлиб олишингизга тўғри келади, акс ҳолда бутун ҳаётингиз давомида – талабалик йилларида ҳам, ўқишни тугатгач ҳам – шу ҳис билан бирга яшаб ўтасиз.

Олға юринг ва каттароқ нишонларга интилинг. Юрист, журналист, бухгалтер ва ҳ.к. бўлишга ўқияпсизми? Амалиётда касб негизларини ўзлаштиришнинг вақти етди. Касбингизга доир соҳада бўш иш ўринларини бемалол изланг. Сизни талаб этилаётган адоғи йўқ кўникмалар сони ҳамда “олий ихтисослик маълумоти бўлиши шарт” ва “шу ўринда бир йилдан кам бўлмаган иш тажрибаси” каби жумлалар қўрқитмасин. Иш тажрибаси борасида бир машҳур латифани эсласак:

Ишга жойлашиш учун иш тажрибасига эга бўлиш керак. Иш тажрибасига эга бўлиш учун эса, ишни бошлаш керак. Нимадан бошлашни ҳеч била олмаяпман.

Талабларга келсак – аксарият ҳолларда улар ошириб юборилади, шунинг учун бошламасдан дарҳол енгилманг. Албатта, ўзингизда бўлмаган кўникмалар ва қобилиятлар мавжудилги айтиб иш берувчини алдашнинг кераги йўқ, аммо кўп нарсани ўрганишга тайёр ёш мутахассис сифатида таништириш – бу бошқа гап.

 

Университетда учраши мумкин бўлган иш имконларини рад этманг

Йўқ, университетда лаборант сифатида ишлашни назарда тутмадим (лекин, баъзида бу жуда яхши вариант).

Университетда паст курслардан бошлаб корхоналарда амалиётга бора бошлайсиз ва ўзингизни яхши намоён эта олсангиз, Сизни ишга таклиф қилишлари мумкин. Таклифни рад этишга шошилманг.

Кўпинча “қўллаб-қувватлаш орқали” ишга жойлашиш имкониятлари бўлади. Баъзида корхоналарнинг ўзи университетга истеъдодли талабаларни тавсия этишлари учун сўровнома юборади, баъзан эса юқори курс талабалари бошқа шаҳарга кўчаётганлари ёки иш жойини ўзгартираётганлари учун ўринларига талабалар орасидан кимнидир қидиришади.

Бу яхши имконият эканлигини унутманг, яхши имкониятни бой бериш эса – аҳмоқликдир.

 

Ишга ёзда жойлашинг

Биринчи иш ойи энг қийин давр бўлади. Биринчидан, Сиз кўникиб жамоага киришиб кетишингиз керак. Иккинчидан, барча иш мажбуриятларингизни тушуниб етишингиз зарур. Ёзда ўқиш соатлари, имтиҳонлар ва бошқа ўқув масалалари бўлмайди, шу боис ўзингизни тўлиқ ишга бағишлай оласиз.

Агар иложи бўлса, ишга ёзда жойлашинг. Шу тариқа, ишга ўқиш фронти ҳам қўшиладиган куз мавсумида Сизга албатта керак бўладиган асабларингизни тежаб қоласиз.

 

Агар ишга жойлашиб бўлган бўлсангиз

Биринчи ва асосий нарса — шикоят қилманг

Ўзингиздан мамнун бўласиз. Ва, албатта, баъзида Сизга раҳм қилишларини истайсиз.

Бизга шикоят қилиш ёқади ва буннинг яхши томони йўқ. Баъзида бу шунчаки зарур бўлади. Бироқ, мазкур ҳолатда “иш ва ўқишни бирга олиб боришдан чарчаганингиз, жуда оғирлиги, шахсий ҳаётга вақт етмаётганлиги ва ҳаммасини ташлаб кетишни хоҳлашингиз” ҳақида шикоят қилаётган бўлсангиз, бир дақиқага ўйлаб кўринг: ростан ҳам Сизга ачинишларини истайсизми?

Сиз “Вой, бечорагина, ҳам ўқийсан, ҳам ишлайсан! Роса қийин бўлса керак, бўш вақтинг умуман йўқдир?” каби сўзларни кутаётгандирсиз. Ишончим комил, буни умуман хоҳламагансиз. Сиз “Баракалла, ҳамма нарсага улгуряпсан ва барчасини қойил қиляпсан! Сен билан фахрланаман / сенга ҳавасим келяпти” каби жумлаларни эшитишни истагансиз.

Аслида, Сиз ачинишни эмас мақтовни кутасиз.

Сизнинг ҳақиқий мақсадингиз ҳам шу. Сиз одамлар ютуқларингизни тан олишини истайсиз, ўзингиздан фахрланасиз ва бошқалар ҳам фахрланишини хоҳлайсиз.

Табиийки, бизга бу ғалати туюлади: бир кишининг олдига бориб, ҳозир сенга қандай ақлли эканлигимини айтиб бераман, сен эса мени мақтагин, дейиш. Бироқ, ҳеч бўлмаса бир мартта уриниб кўринг ва кейинчалик бу ғалати ёки ноўрин бўлиб кўринмайди

Ҳаммамиз ҳам бошқалар ютуқларимизни тан олишини, эришганларимизни кўришларини хоҳлаймиз ва бунинг уятли жойи йўқ.

 

Устуворликларни белгиланг

Мен учинчи курсни тамомлагач, ёзда биринчи ишимга жойлашганман. Мен яхши ўқирдим, дасрларни кам қолдирардим ва келгусида ҳам шу йўсинда давом эттириш ниятида эдим. Ўқиш доим устувор ўринда бўлган, мен ҳеч қачон бу ҳақида ўйламаганман, аммо доим бир куни ўқиш ва иш ўртасида танлашга тўғри келса, албатта биринчисини танлашимни билардим.

Бу менинг танловим эди, лекин иш туфайли юқори курсларда ўқишни ташлаб кетган ўнлаб болаларни биламан.

Сиз аввал бошданоқ ўзингизга муҳимроғини билишингиз ва вазият мажбурлаган тақдирда нимадан воз кечишингизни билишингиз керак.

 

Вақтингизни режалаштиринг

Менинг кўп жиҳатдан омадим келган: биринчи ишимда эркин ташриф жадвали бўлиб, ҳар куни соат 9-00 дан 17-00 гача офисда ўтириш шарт эмасди.

Иш беқарор бўлади

 

Бунда бир нарсани унутмаслик керак: эркин ташриф бўлишига қарамай, мен ишимни вақтида бажаришим керак эди. Мен ҳеч қачон ўзимни ўта масъулиятли одам сифатида кўрмаганман, аммо ҳар доим вазифа қандай бўлишидан қатъий назар – ишми ёки ўқишми - уни вақтида бажаришимни билганман.

Хуллас, тунги соат 3-30 да ухлаб, тонгги соат 6-30 да уйғонадиган зомби ролидаги бир неча ҳафтадан сўнг фақат битта хулосага келиш мумкин:

3 соатдан ухласа нима бўлади

 

Мен табиатан бойўғлиман ва тунда иш ёки ўқиш вазифаларини бажариш қийин бўлмаган, аммо тонгда уйғониш жуда оғир кечган. Бир неча мартта кучсизланган организм соат товушини эшитишдан шунчаки бош тортгани учун ухлаб қолганимдан сўнг, ниманидир ўзгартириш кераклигини тушундим.

Унутманг, саломатлик (ҳам жисмоний, ҳам руҳий) – бу бизнинг энг қимматли тўлдириб бўлмайдиган бойлигимиз бўлиб, уни адо қилсангиз иш ҳам, ўқиш ҳам ёрдам бера олмайди. Ўзингизга сўнгги муддатни белгиланг: 23-30дан кейин фақат дам ва ҳеч қанақа ўқиш ёки иш йўқ.

Аввалига барча ишларни белгиланган муддатга тугатишга қийналасиз, аммо вақт ўтиши билан (менда бунга икки ҳафтача вақт кетган) ўрганиб қоласиз ва бундан фақат ютасиз: Сиз меъёрида ухлайсиз ва дам оласиз, лекин иш ҳам, ўқиш ҳам қочиб кетмайди.

 

Ишда талабалигингизни, ўқишда эса ишлашингизни айтиш керакми

Албатта, иш берувчига талаба эканлигингизни айтиш зарур. Ёдда тутинг, ўқишда сессиялар, қолдириш мумкин бўлмаган жиддий дарслар ёки қандайдир масъулиятли тадбирлар, яъни иш вақтида университетда бўлишингиз шарт вақтлар бўлиб қолиши мумкин. Кўпинча Сиз шунчаки одамлар орасида эмас, балки бир кишининг хатоси ёки лоқайдлиги бошқаларнинг ҳаракати ва ютуқларини йўққа чиқариши мумкин бўлган жамоада ишлашингизни унутманг.

Бироқ, ўқишда ишлашингиз ҳақида ҳар доим ҳам гапириш тўғри эмас.

Аксарият ўқитувчилар талабаларнинг иккинчи машғулотига салбий муносабат билдириб, у ўқишга ёмон таъсир қилади деб ўйлайдилар. Албатта, корхонада ишлаб ҳафтасига бир неча мартта ихтисослик дарсларини ўтадиган амалиётчи ўқитувчиларнинг фикри бошқача бўлади. Бундай ўқитувчиларнинг дарсидан бемалол жавоб олиш, сўнгра қўшимча маърузалар билан қолдирилган дарсларни ёпиш мумкин.

Ўқитувчиларнинг феълини биласиз, шу боис ишлашингиз ҳақида ҳаммага жар солишдан аввал, бунинг қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ўйлаб кўринг.

 

Таътил ҳақида

Таътил

 

Агар сессия мураккаб бўлишини ҳис қилсангиз, таътилни айнан шу вақтда олишга ҳаракат қилинг. Китоблар, қайдлар ва планшетларни тўплаб олиб, бечора бошингизга тонналаб ахборотни киришга уриниш орқали ишни иккинчи эмас, ҳаттоки қандайдир тўртинчи даражага суриб қўясиз ва кейин юзага келган барча уюмларни тозалай олмайсиз.

 

Дам олиш кунлари ҳақида

Дам олиш кунлари

 

Қачонлардир бир одам “байрамларни ўзимизга ўзимиз ташкил қиламиз”, деган. Дам олиш кунлари ҳақида ҳам ҳудди шундай дейиш мумкин.

Ҳар биримизда ҳаммаси жонимизга тегадиган ва ҳеч нарса қилмасдан, шунчаки дам олишни хоҳлайдиган вақтлар бўлади. Бундай истакларни эътиборсиз қолдириш тушкунликка сабаб бўлиши мумкин, шу боис календарь бўйича дам олиш кунларидан ташқари, ўткир эҳтиёж сезган вақтингизда ўзингиз учун шундай кунларни белгиланг: ишдан руҳсат олинг ва ўқишга борманг. Бўш вақтингизни ўзингиз истагандек ўтказинг: ухланг, сайр қилинг ёки ёқтирган ишингиз билан шуғулланинг.

Ана шундай режадан ташқари дам олиш кунидан сўнг куч тўплаб, янада унумли ишлай ва ўқий оласиз.

 

Ҳамкасблардан ёрдам сўрашдан қўрқманг

Бунинг ҳеч қандай айбли томони йўқ. Фақатгина мустақил, ягона ва ўрнини босиб бўлмайдиган мутахассис сифатида эмас, жамоада ишлаганингиз яхши. Лекин, нима бўлганда ҳам ҳар доим йўл топиш мумкинлигини унутманг. Яна бир сир: кўпчилик бошқаларга ёрдам беришни яхши кўради, шу тариқа ўзининг муҳимлигини ва фойдалилигини ҳис қилади.

 

Ишда ўқишни, ўқишда – ишни унутинг

Иш хонанингиз остонасидан кирдингизми, энди X-41 гуруҳдаги Иванов ва Y-52 даги Петрова эмассиз. Сиз компанияда ишлаётган ходимсиз. Университетга келган заҳотингиз, ходим эмас, балки талабага айланасиз.

Ўқишда иш туфайли асабийлашиб, 10 дақиқалик танаффусда музокара ўтказишга уринишнинг ҳожати йўқ. Ишда эса ўқиш муаммоларини ўйлаб ўтиришдан фойда йўқ. Ҳамма нарса ўз вақтида ва ўз жойида бўлгани маъқул.

Ишда ўқишдан, ўқишда эса – ишдан дам олинг.

 

Унутманг, истаган вақтда тўхташингиз мумкин

Сиз меҳнат шартномасини қонингиз билан имзоламагансиз. Сизни ҳеч ким университетдаги партадага кишанлаб қўймаган. Бу Сизнинг ҳаётингиз ва исталган пайтда кераксиз бўлиб кўринган нарсалардан воз кечиш Сизнинг ихтиёрингизда.

Иш ва ўқишни баравар олиб борганмизсиз/бораяпсизми? Тажрибангиз билан ўртоқлашинг.