•  
  • 1
  •  
  •  
  •  
    1
    Share

Аввал нима пайдо бўлган – товуқми ёки тухум, зебранинг асл ранги қандай, чироқ ёруғлигига қараганда кўз олдида қандай доғлар пайдо бўлади ва нима учун мушуклар бўшлиққа тикилиб қарайди каби “доимий” саволлар кўпчиликни қизиқтиради. Бироқ, фан уларга жавоб топиб бўлгани ҳаммага маълум эмас.

Сизни болаликдан ўйлантириб келган саволларга жавоблар билан танишинг. Уларнинг изоҳи шунчалар оддий эканлигини ким ҳам ўйлабди дейсиз.

Нима биринчи пайдо бўлган – товуқми ёки тухум?

Олимлар узоқ вақт давомида нима биринчи – тухумми ёки қадимий жонивор (товуқнинг аждоди) пайдо бўлганини аниқлай олмаганлар. Лекин охир-оқибат жавоб топилди. Дарвин назарияси ва замонавий биологларнинг нуқтаи назарига кўра, тухум биринчи пайдо бўлган. Гап шундаки, йилар давомида товуққа айланиб борган мавжудот ўз-ўзидан пайдо бўла олмасди: ҳаётнинг юзага келиши айнан тухум ҳужайрасида амалга ошади.

Вақт ўтиши билан қадимий қуш товуққа “айланган”. Бу ўзгаришлар тухум ичидаги эмбрион даражасида юз берган. Тухумдан товуқ очиб чиқиб, сўнгра ўзи ҳам тухум қўя бошлаган.

Шу тариқа, қадимий жониворнинг тухуми унинг ўзидан аввал, ичида жўжа ўтирган тухум эса биринчи товуқ дунёга келишидан аввал пайдо бўлган.

Ёруғликка қараганда кўзимиз олдида қандай доғлар пайдо бўлади?

Улар “кўр доғлар” деб номланади. Кўзларимиз ёрқин ёруғлик томон қаратилганида, кўз пардасидаги фоторецепторларда вақтинча ортиқча зўриқиш ҳосил бўлади. Яъни, улар қисқа вақт давомида бошқа ҳеч нарсани кўрмайди, қайта тиклангач эса ана шу “доғлар” ёрдамида биз кўрган ёруғликни ифода этади.

Олимлар қоронғу хонадан ёруғига чиқишда бир кўзни юмишни тавсия этадилар. Шу тариқа, биз ёруғликка кескин чиқишга тайёрланамиз, “кўр доғлар” эса тезроқ йўқолади. Айтишларича, қачонлардир қароқчилар айнан шу сабабли бир кўзига боғич боғлаб юрган экан.

Зебра қорами ёки оқ?

Аслида зебра – оқ чизиқли қора отдир. Чизиқлар селектив пигментацияга оид ирсий жараён туфайли ҳосил бўлади ва қора ранг – асосий пигмент, оқ чизиқлар эса унинг йўқлиги натижасидир.

Айтгандек, британиялик олимлар зебрага бундай ранг нима учун кераклигини аниқладилар. Уларнинг фикрига кўра, оқ-қора чизиқлар сўналарни камроқ жалб қилади. Аввалроқ биологлар ҳам чизиқлар йиртқичларни чўчитишини қайд этганлар, аммо бу назария тасдиқланмаган.

Мушуклар нима сабабдан кўпинча бўшлиққа тикилиб қолади?

Айрим одамларнинг тахминича, мушуклар руҳларни кўра олгани учун кўпинча бўшлиққа тикилиб қолади. Аслида эса севимли уй жониворимиз узоқ вақт олдинга қараб қолса, уйқуга кетишга тайёрланиш босқичида бўлади. Бу ҳайвонлар вақтнинг кўп қисмини уйқуда ўтказади.

Агар мушук ён томонга қараётган бўлса, у биз қабул қила олмайдиган қандайдир товушни ёки ҳидни ҳис қилганини англатади. Мушуксимонларда сезиш органлари одамникига нисбатан яхшироқ ривожланган. Мушук уни қизиқтирган ҳаракат ёки товуш қайтарилса кутиш ҳолатида қотиб қолади.

Буқаламун рангини қандай ўзгартиради?

Буқаламуннинг терисида жойлашган хроматофор ҳужайралар таркибида турли пигментларнинг уруғлари мавжуд. Бу ҳужайралардан чиққан ўсимталар тананинг катта қисмини эгаллайди. Натижада, пигментлар улар бўйлаб бир текисда тақсимланиши мумкин. Буқаламун рангини ўзгартирмоқчи бўлганида ўсимталар жипслашади ва “бўёқлар” ҳужайра марказига сиқиб чиқарилади.

Эътиборлиси, қора-жигарранг-қизил-сариқ гаммадаги туслар терининг ташқи қаватида, кўк ва мовий туслар эса – нисбатан чуқур қатламлардаги хроматофорлардан ҳосил бўлади.

Нима учун биз аждодларимиздан бирига жуда ўхшаймиз?

Инсон генлари доминант (кучли) ва рецессив (заиф)ларга бўлинади. Масалан, жигарранг кўзли ота-онадан мовий кўзли бола туғилса, бунинг ҳайратланарли ери йўқ. Демак, ота-онада “мовий кўзлилик” рецессив гени мавжуд.

Қадимги аждодларимиздан бирига жуда кучли ўхшашимиз аввалги авлодларда бу генлар “енгилиб”, рецессив бўлганидан, ҳозир эса доминантга айланганидан дарак беради.

Кўпинча оилада бир фарзанд онага, бошқаси эса отага жуда ўхшаш бўлади. Бу ҳолат генлар парчаланиши билан изоҳланади: ака-укалар ва опа-сингиллар генларнинг турли бирикмаларини олади.

Нега баъзида қанча кам ухласак, шунча тетик бўламиз ва аксинча?

Аслида уйғонишдан кейин ўзини яхши ҳис қилиш ҳолати фақатгина ухлаган соатларга боғлиқ эмас. Агар кундузи зарарли егулик еб, кўп қаҳва ёки қувват берувчи ичимликлар ичган, кам сув ичган ва кам ҳаракатланган бўлсангиз, узоқ вақт ухласангиз ҳам уйқудан кейин чарчоқни ҳис қилишингиз мумкин.

Шунингдек, тунда жуда кеч уйқуга ётсангиз ҳам узоқ муддатли уйқу дам олишга ёрдам бермайди. Организм мелатонин синтезини ўз вақтида бошлай олмайди, натижада турли бузилишлар юзага келади. Уйқуга ярим тунгача ва ҳар доим бир вақтда ётган маъқул (бир соатга чекиниш мумкин). Айтгандек, спорт уйқудан кейин ўзингизни яхши ҳис қилишингизни таъминлай олади (ҳаттоки 8 соатдан кам ухлаган бўлсангиз ҳам).

Бундан ташқари, узоқ вақтли кундузги уйқу ҳам чарчоққа сабаб бўлиши мумкин. Агар кундузи дам олишни истасангиз, буни кўпи 30 дақиқа давомида соат 13-00 ва 15-00 оралиғида амалга ошириш керак. Бу вақт ичида кучингизни тўплаб, дам оласиз. Кундузи янада узоқ вақт ухлаш зарарли, чунки уйқунинг чуқур фазаси бошланганидан кейин уйғониш оғир кечади. Шунинг учун кундузи узоқ вақт ухлагандан сўнг ўзимизни чарчагандек ҳис қиламиз.

Нима сабабдан ёш катталашгани сари вақт тезроқ ўтаётгандек туюлади?

Америкалик олимларнинг фикрича, вақт субъектив равишда қабул қилинади ва миянинг ишлаш тезлигига боғлиқ бўлади. Ёшлигимизда мия ахборотни тез қабул қилади ва ишлов беради, шунинг учун вақт секин ўтаётгандек туюлади. Каттароқ ёшда мия юз бераётган воқеаларни секинроқ қабул қилади, шу боис вақт тез ўтаётгандек тасаввур уйғонади.

Франциялик файласуф Поль Жане ҳам вақтнинг субъектив қабул қилиниши таққослашга асосланганлигига ишонган: биз ҳаёлан ой ёки йил даври узунлигини яшаб ўтилган ҳаёт узунлигига таққослаймиз.

Психологлар “тез ўтиш” ҳиссидан қутулиш учун медитация қилишни, янги нарсаларни ўрганишни, саёҳатга чиқишни, кундалик тутишни, ноодатий одамлар билан танишишни маслаҳат қиладилар.

Дежавю ҳисси қаердан пайдо бўлади?

Дежавю – маълум вазиятнинг аввал ҳам юз берганилиги, манзарани кўрганимиз ёки шу хонада аввал бўлганимиз ҳиссидир. Фрейднинг фикрича, бу унутилган ва бизни жуда жароҳатлаган хотиранинг ёки кучли яширин истакнинг изи экан.

Замонавий нейрофизиологларнинг фикрича,  бу ҳолат стресс, чарчоқ ёки сарҳуш ҳолат натижасида бош миянинг айрим соҳаларида қисқа вақтли фаолият дисфункцияси юз бериши билан боғлиқ. Мия адашади ва янги таассуротларни танишдек кўрсатади. Бундан ташқари, вазият хотирада сақланаётган қандайдир воқеаларни эслатганида ҳам такрорий бўлиб кўриниши мумкин.

Агар дежавю ҳолати сизга кўп такрорланса, шифокорга мурожаат қилиш керак, чунки бу ҳолат жиддий муаммолардан дарак бериши мумкин.

Кулгу қандай юзага келади?

Олимларнинг фикрича, кулгу биринчи марта 2-4 млн. йил аввал пайдо бўлиб, кескин қисқа нафас олишни эслатган. Биз кулганимизда юзнинг бир йўла 80та мушаги иштирок этади. Кулгу – миянинг кўплаб соҳалари биргаликда ишлашидан пайдо бўладиган моторик ҳаракат. У бир неча таркибий қисмга эга: диафрагма қисқариши ва овозлаштириш, шунингдек қувонч ва “ҳазилни тушуниш” ҳисси.

Шунингдек, қўрқув ва даҳшат каби бошқа ҳислар ҳам кулгуга сабаб бўлиши мумкин. Бироқ, кулгу умрни узайтириши ва саломатликка яхши таъсир қилиши ҳақида бекорга гапирмайдилар. Олимларнинг таъкидлашича, 15 дақиқалик кулгу ўртача ҳажмдаги шоколадга тенг калорияларни эритиши мумкин.

Бундан ташқари, кулгу ижодий қобилиятларни ошириб, астма, бронхитни даволашда ёрдам беради ва ҳаттоки саратон мавжуд беморларнинг кайфиятига ижобий таъсир қилади.

Бу саволлар сизни қизиқтирганми? Яна жавоби топилмаган саволларингиз борми?

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!