Одамлар ҳанузгача онлайн танишувларга турлича муносабатда бўлишига қарамай, дейтинг-сервислар (танишув хизматлари) тобора оммалашиб бормоқда. Бунинг сабаби оддий: уларнинг ёрдамида исталган миллатга мансуб, исталган ёш ва мақомдаги одамлар билан мулоқот қилиш ёрдамида ўхшаш қизиқишлар ва дидли инсонни топиш имкониятларини бир неча баробарга ошириш мумкин.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Дейтинг-сервисда нормал эркак билан танишиш у қадар қийин эмас: муҳими сизга ким кераклигини ҳеч бўлмаганда тахминан тасаввур қилиш ва ўнлаб номзодларни чиғириқдан ўтказишга тайёр туриш керак.

«Фотострана» (“Фотомамлакат”) кўнгилочар ижтимоий тармоғининг психологи ва инжил бўйича мутахассис танишув сайтларида эсанкираб қолишга йўл бермайдиган ўнта маслаҳат билан бўлишмоқда.

Суратларга эътибор қаратинг

Статистика бўйича, эркаклар биринчи хабарни жўнатишдан аввал аёлнинг шахсий саҳифасидаги маълумот билан камдан-кам танишадилар. Уларга нотаниш гўзалнинг суратларини томоша қилиш қизиқроқ ва бу эркаклар кўзи билан севади иборасини яна бир бор тасдиқлайди. Шу боис кулиб турган юзингиз яхши кўринган, севимли ишингиз билан машғул бўлган суратларни танланг. Ташқи қиёфани яхшилаш учун график редакторлар ва фильтрларни ишлатманг. Шунингдек, чўмилиш ва ички кийимларда тушган суратларни жойлаштириш ноўриндир: улар, албатта, эътиборни тортади, аммо улар яхши ниятли эркаклар бўлиши ҳақиқатдан йироқ.

Ноодатий қизиқишларингизни кўрсатинг


Аксарият анкеталар бир хил шаклда ёзилган бўлади: “Мен меҳрибон, яхши инсонман, яхши овқат пишираман ва уй ишларини қиламан, болалар ва жониворларни, шунингдек фильмлар кўриш, мусиқа тинглаш ва саёҳатни севаман”. Агар барча кўрсаткичлар бўйича сизга мос келадиган эркакни топиш ниятида бўлсангиз бу алгоритмни ўзгартиришингиз зарур. Агар ашаддий сайёҳ бўлсангиз, севимли эркак билан бирга Римда оттирилган тонг ва Сикстин капелласига ташриф ҳақидаги орузингизни тасвирлашдан эринманг.

Камчиликларни устунликка айлантиринг


Танишувлар сайтларидаги анкеталарни ўқир экансиз дейтинг-сервисларнинг барча фойдаланувчиларини ҳақиқий фаришта деб ўйлайсиз. Бироқ, бу ёлғон: ҳеч ким мукаммал эмас. Анкетани тўлдираётганда нафақат ижобий, балки салбий томонларингизни ҳам эсланг, камчиликларингизни ёқимли жиҳатлар сифатида кўрсатишга ҳаракат қилинг. Тасаввур қилайлик, сиз ўта қизиққонсиз ва баъзан ўйламай гапирасиз. Бундай вазиятда жаҳлингиз чиққан онда қайнаётган чойнакка ўхшашингизни, аммо буғни чиқаришга қодир қўл топилса, нозик мушукчага айланишингизни ёзинг. Фақат шу йўл билан анкетангизни бошқалардан ажралиб турадиган ҳолга келтирасиз.

Ўзингиз ҳақингизда тушунарли ва қизиқарли сўзланг


Унутманг, ўзингиз ҳақингизда ҳикоя қилиш “Уруш ва тинчлик” асарини ёзиш дегани эмас. Шахсий саҳифа учун тўрт-бешта гапдан иборат ҳикояни тайёрланг.

Ўзингиз, ҳаётингиз ва қизиқишларингиз ҳақида гапиринг, шунингдек бир оз юмор қўшинг: бу имкониятларни оширади. Афзалликларга алоҳида эътибор қаратинг: кўпинча одамларнинг танишишига айнан умумий хобби ёрдам беради.

Уни ноодатий муносабат билдиришга мажбур қилинг

Онлайн шаклда танишишга келган аксарият одамлар суҳбатдошининг барча хабарларига жавобларни аввалдан тайёрлаб қўядилар. Эркак киши бугун мулоқот қиладиган қизнинг исталган сифатларини мақташ учун хушомадлар рўйхатини 100% ўйлаб қўйган. Шунинг учун “Салом, ишлар қалай?” қабилидаги одатий саволлардан иборат стандарт сценарийдан четга чиқсангиз, у аввал шошиб қолади. Бироқ, кейин унда қизиқиш уйғонади ва суҳбат аниқ ривожланади.

Бундай юриш сизга бир йўла икки жиҳатдан устунлик беради. Биринчидан, суҳбатдош сизни аниқ эслаб қолади, чунки бугун у қизлар билан бир неча марта одатий суҳбат қурган, сиз эса улардан фарқ қилдингиз. Иккинчидан, сизнинг усулингиз инсон учун ўзига хос синов ҳисобланади. Унинг қандай муносабат билдиришини кўринг ва мулоқотни давом эттирасизми ёки йўқми қарор қилинг.

Қизиқиш билдиринг


Одамлар кўпинча тинглашдан кўра гапиришни ёқтиришади – бу фақат ўзини яхши кўрадиганлар қаторидан ажралиб туриш учун сизнинг имкониятингиз. У ёки бу сурат қаерда олинганини, унинг қандай ити борлигини, Тарантинонинг қайси фильми унга кўпроқ ёқишини (албатта, агар у севимли режиссёри сифатида шу одамни ёзган бўлса) сўранг. Шахсий саҳифага ташланган назар қизиқарли суҳбат қуриш учун кўплаб имкониятларни тақдим этади.

Маълумотни сараланг

Бу маслаҳат фақат сўзлашиш мавзуларига эмас, балки саҳифангиздаги ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги маълумотларга тааллуқлидир.

Агар чиндан ҳам жиддий муносабатлар учун эркак излаётган бўлсангиз, мустақил аёллар учун пабликлардаги постларни қайта тарқатманг ҳамда собиқ ошиқлар ёки бошқа эркаклар билан тушган суратларингизни яширинг.

Ҳар кимни бўлажак эр қиёфасида кўрманг


Янги суҳбатдош сизга ёзган заҳоти ўртангиздаги болалар учун исмлар ўйлашнинг кераги йўқ. Эҳтимол, турмуш ўртоқни кутишга тўғри келар, аммо яхши дўстингиз ёки бир нечта фойдали алоқаларингиз бўлади. Ўзингизни эркин тутинг ва шунчаки ёқимли учрашувлардан завқ олинг.

Алдаманг

Агар танишув сайтида жиддий ниятда рўйхатдан ўтаётган бўлсангиз, ёлғон ишлатмаслик керак. Агар ёшингиз 35да, вазнингиз 80 кг, ҳеч қаерда ишламасдан, қайсидир “тупка”да яшаётган бўлсангизу, саҳифада ёшингизни 29да, омадли бизнесингиз борлигини ва вазнингиз 60 кг эканлигини ёзманг. Ёдда тутинг, ҳар қандай сир эртами кеч барибир ошкор бўлади. Шунингдек, ажрашганингиз ва фарзандларингиз борлигини эркак кишидан яширмаслик керак.

Ҳаётда ҳаракат қилинг

Суҳбатдош билан ҳаётдаги учрашувни ортга сурманг. Бундан ташқари, розилик билдириб учрашувларга боринг, акс ҳолда ҳеч қачон турмуш қура олмайсиз. Учрашувлар бир нечта бўлса ҳам майли: ўзингизга бўлган ишончни ҳис қилиш, жозибангизга ишониш уун сизга эркаклар эътибори зарур. Албатта, уларнинг орасидан энг яхшисини танлаш керак, лекин аввал вақт ўтиши билан сараланиб, сифатга айланадиган сон муҳим. Фақат шундан кейингина ҳаётингиз ва муҳаббатингизни совға қиладиган биргина ўша одам қолади.

Виртуал танишувлар худди ҳаётдаги танишувлар сингари вақт ва ҳиссиётларни талаб қилади. Танишув сайтининг вазифаси – иккита одамни таништиришдан иборат. Қолгани фақат ўзингизга боғлиқ. Бир-бирингизга нисбатан эътибор ва қизиқиш билдиринг, узоқ вақтга йўқолиб кетманг ва ниҳоят, биринчи учрашувни ортга сурманг.