•  
  • 1
  •  
  •  
  •  
    1
    Share

Уйқингиз келяптию, аммо ҳеч унга тўймаяпсизми? Кундузги уйқучанлик ҳолати гиперсомния деб номланади ва бунга кўплаб сабаблар бўлиши мумкин: оддий ҳордиқ етишмаслигидан тортиб то касалликларгача.

Lifehaq.uz доимий уйқучанликнинг асосий сабабларини ўртоқлашади ва унинг олдини олиш ҳақида ҳикоя қилади.

1. Темир етишмаслиги

Организмда темир етишмаслиги қонда гемоглобин пасайишига ҳамда камқонликка сабаб бўлиши мумкин. Тадқиқотга кўра, мазкур модданинг даражаси уйқу сифатига таъсир қилишдан ташқари, бошқа ҳолатлар, масалан «ташвишли оёқлар синдромини» келтириб чиқариши мумкин. Агар темир етишмаслигига гумон бўлса, дарҳол витаминлар қабул қилиш шарт эмас. Яхшиси қон топширинг ва чиндан ҳам етишмаслик ҳолати бўлса, шифокорлар одатда олма, мол гўшти ейишни ва витамин шаклидаги темир моддасини қабул қилишни маслаҳат берадилар.

2. Безовта оёқлар синдроми

Айрим одамлар шунчаки тинч ўтира ёки ёта олмайди. Улар доим, айниқса кечқурун ва тунда оёқларини (камдан-кам қўлларини) қимирлатиб туришлари керак. Бу ҳолат «безовта оёқлар синдроми» деб номланади ва 2–10 % одамларда учрайди. Бундай инсон учун ухлаш қийиндир. Баъзан безовта оёқлар синдроми бошқа касалликлар (масалан, қандли диабет, артрит ёки гопитиреоз) билан биргаликда кузатилади, шу боис аниқ ташхис учун терапевтга мурожаат қилиш зарур.

3. D витамини етишмаслиги

Организмда D витамини етишмаган тақдирда сурункали чарчоқ юзага келиб, диққат пасаяди ва уйқу бузилади. Айрим ҳолатларда ушбу витамин етишмаслиги апноэга сабаб бўлиши ҳамда моддалар алмашувига таъсир қилиши мумкин. D витамини қуёшда ишлаб чиқарилади, шунинг учун қисқа қиш кунларида шифокорлар кўпинча уни капсулалар шаклида қабул қилишни тавсия этадилар. Қабул миқдорини дорихонадаги фармацевт айтиши мумкин, аммо шахсан шифокор маслаҳатини олган маъқулроқ.

4. Уйқудаги апноэ

Апноэ, бу – нафас олишнинг вақтинча тўхташи бўлиб, натижада қон таъминоти етишмаслигига ҳамда мувофиқ равишда тонгда чарчоқ ва паришонхотирликка сабаб бўлади. Апноэ ҳуружи чоғида нафас йўлларининг деворлари тораяди ва ўпкаларга кислород ўтмайди. Хусусан, ортиқча вазнли, чекадиган ёки хуррак отадиган одамлар шу хавф гуруҳига киради.

Апноэ юз бериши эҳтимолини камайтириш учун ёнламасига ётиб ухлаш, уйқу олдидан алкоголь, тинчлантирувчи воситалар ва уйқу дориларини қабул қилмаслик (ютиш мускуллари тонусда бўлиши учун), шунингдек чекишни ташлаш ва вазнни назоратда ушлаш тавсия этилади.

5. Мавсумга доир безовталик аффекти

Бу ҳолат кўпинча кузда ёки қишда, ёмғирлар ёғиб кундузлар қисқарганида бошланади. У одатий тушкунликдан кун узайиши билан ўтиб кетиши ва доим ҳам дорига эҳтиёж бўлмаслиги билан фарқ қилади. Агар куз ёки қиш бошланганида уйқу бузилиши юз берса, кўпроқ мева ва сабзавотлар ейиш, шунингдек кундузи қуёш чиқиб турганида кўчага чиқиш керак.

6. Паст артериал босим

Паст артериал босим (ёки гипотония) юрак ишлаши бузилганида, кўп қон йўқотилганида, ортиқча зўриқишда ёки давомий тушкунлик ҳолатларида юзага келади. Бунда уйқусирашдан ташқари, қизиққонлик ошади, бош оғриғи ва айланиши ҳуружлари, шунингдек ҳушдан кетиш ҳолатлари бўлиши мумкин.

Гипотония учун энг яхши даво, бу – профилактика. Соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва кун тартиби – ҳамма нарсанинг давосидир!

7. Тушкунлик

Биз тушкунлик билан хасталанишимиз, аммо бу ҳақида билмаслигимиз мумкин. Унинг белгиларидан бири мунтазам чарчоқ ҳисобланади. Бирон иш бажаришга мадорингиз йўқ ва доим уйқингиз келади. Тушкунлик гумон қилинганида ўзбошимча ташхис қўйиш ярамайди, балки дарҳол шифокорга учраш керак.

8. Гормонал мувозанат бузилиши

Эндокрин тизими муаммолари кайфиятнинг тез-тез ўзгариши ва уйқучанликка сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳолат айниқса аёлларга тааллуқли, чунки уларнинг гормонал даврийлиги ой давомида ўзгаради. Уйқучанлик ҳайздан 5-6 кун ўтгач пайдо бўлиб, сўнгра йўқолиши мумкин. Қалқонсимон безга боғлиқ яна бир хасталик – гипотиреоз организмда моддалар алмашувини секинлаштириб, оқибатда тормозланиш ва уйқучанликка олиб келади. Тўғри ташхис қўйиш учун эндокринолог қабулига бориш ва қалқонсимон без УЗИсини ўтказиш керак.

9. Дориларнинг салбий асоратлари

Исталган дори қутисида ҳам кутилган таъсир, ҳам салбий асоратлар рўйхати ёзилган бўлади. Агар уларнинг айримлари яққол кўзга ташланиб турса, уйқучанлик асорати бошқа сабабларга йўйилиб ўқилмай қолиши мумкин. Бу айниқса тушкунликка қарши воситаларга тааллуқли. Барча дориларнинг йўриқномаларини диққат билан ўқиш зарур. Дорини қабул қилишда сурункали чарчоқ юзага келса, шифокор билан гаплашиш, аломатларни тасвирлаб бериш ва бошқа дори воситасини ёздириб олиш керак.

10. Юқумли касалликлар

Шамоллашда, ошқозон ва ичак юқумли касалликларида доим уйқуга тортади ва бу нормал ҳолат ҳисобланади. Заифлашган организм дам олишни талаб қилади. Бунда ортиқча иш билан зўриқмаслик ва ўзингизни хотиржам қўйишга имкон бериш керак. Вируслар олимлар уларга қарши курашиш усулларини топишидан аввал ривожланади. Шунинг учун юқумли касалликлар профилактикаси мураккаб бўлиб, даволаниш асосан иситмани пасайтирадиган дорилар қабулига бориб тақалади.

Аксарият ҳолларда чарчоқ ва уйқучанлик бир эмас, бир нечта турли омиллар туфалйи юзага келади. Уйқу ва умуман саломатлик билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш учун мунтазам равишда тўлиқ тиббий кўрикдан ўтиш, таҳлилларни ўз вақтида топшириш ва мустақил даволанишдан қочиш зарур.

Хусусан, уйқучанлик даражасини аниқлаш тестлари мавжуд. Кўпинча бошқа касалликлар ҳолатида уйқучанликни аниқлаш имконини берадиган Эпворт шкаласи (Epworth Sleepiness Scale – ESS) қўлланилади.