Тунда тинчгина уйқуга кетиб, кучларимизни тиклашни истаймиз. Шунга қарамай, умрида бирон мартта уйқуга кетиш чоғида ғалати ва ёқимсиз ҳиссиётларга тўқнаш келмаган одамни топиш мушкул.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Уйқу фалажлиги

Ҳис қилиниши: Одам тунда уйғониб қимирлай олмайди. Бунга қўрқинчли галлюцинациялар ва хонада бегонанинг борлиги ҳиссиёти қўшилади. Қадимда бу ҳолатни қора кучларнинг макри билан боғлашган.

Нимадан юз беради: Меъёрий жиҳатдан уйқуга кетганимизда тушда ҳаракатланмаслигимиз учун фалажланамиз. Уйқу фалажлигида эса миямиз ҳали ухламай туриб ёки уйғониб бўлганида мушакларимиз «ўчиб қолади».

Тахминан 7% аҳоли бир маротаба бўлса ҳам уйқу фалажлигини ҳис қилган (факт). Айтишларича, бу кўпроқ тепага қараб ётганда юз беради.

Гипнагогик галлюцинациялар

Ҳис қилиниши: Одам уйқу ва бедорлик ўртасидаги ингичка чегарада бўлганида, у онгли равишда кўз олдида назорат қилиб бўлмайдиган тасвирларни кўради. Кўпинча бу қўрқинчли қиёфалар ва тасаввурий мавжудотлардир.

Нимадан юз беради: Бу руҳан соғлом одамларда кузатиладиган камёб галлюцинация турларидан биридир. Одатда уларга болалар кўпроқ тўқнаш келади (факт), ва бу уларнинг ухлашни истамаслиги сабаби бўлиши мумкин. Кўпинча бундай галлюцинациялар чарчоқ туфайли ҳамда шунчаки тасаввури яхши одамларда юзага келади. Шунингдек, маст ҳолда уйқуга кетганда ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Уйқуда гапириш

Ҳис қилиниши: Одатда сомнилоквиядан (уйқуда гапириш) азият чекувчи одам бундан умуман бехабар бўлади. Бу ҳолат руҳий жиҳатдан мутлақо ҳавфсиз. Шунчаки, бу муаммога эга одам ортиқча гапириб юборганидан ташвишланиши мумкин.

Нимадан юз беради: Кўпинча сомнилоквия эркаклар ва болаларда кузатилади (факт). Сабаби – ўша машҳур чарчоқда. Инсон руҳияти ҳақиқий ҳаётда рози бўлмаган нарсага қарши чиқишга уринади.

Туш ичидаги туш

Ҳис қилиниши: Одам туш кўради, сўнгра уйғонади, аммо ғалати нарсалар рўй беришда давом этади. Маълум бўлишича, уйғонгани унинг тушига кирган бўлади. Бундай тушлар мавзуси «Ибтидо» фильмида акс эттирилган. Кейинчалик аксарият одамлар шу каби ҳолатни ҳис этгани аниқланди.

Нимадан юз беради: Эзотерикларнинг фикрича, бундай тушни кўриш Сиздаги руҳий амалиётларга мойилликдан дарак беради. Бироқ, расмий фан бунинг нега содир бўлишини изоҳлай олмайди.

Ойпарастлик (сомнамбулизм)

Ҳис қилиниши: Бу ҳолат уйқу фалажлигининг акси бўлиб, онг ухлайди, аммо мушаклар фалажлиги юз бермайди. Одамлар уйқусида юриши, нарсаларни йиғиши ёки уйдан чиқиб кетиши мумкин ва кўпинча бу жуда хавфли. Эрталаб улар ҳеч нарсани эслай олмайдилар.

Нимадан юз беради: Ойпарастлик тахминан 4,6–10,3% аҳолида учрайди, лекин кўпроқ болалар азият чекади (факт). Уйқуда юришнинг сабаби ва буни даволаш усуллари шу пайтгача маълум эмас.

Портлаётган бош синдроми

Ҳис қилиниши: Одам баланд портлаш ёки қарсак товуши ҳиссидан уйғониб кетади. Баъзида, товуш қулоқни кар қиладиган даражада баланд бўлгандек туюлади. У ўсиб борувчи шовқин ёки чақнаш билан бирга кечиши мумкин. Ҳодиса хавфли эмас, аммо одамларда қўрқув юзага келади ва баъзилар инсульт юз берди деб ўйлайди.

Нимадан юз беради: Қандайдир сабабга кўра миянинг товушга ишлов бериш учун масъул қисмларида нейронлар фаоллашувининг чайқалиши юз беради (факт). Баъзида синдром бедорлик ёки узоқ масофаларга парвоздан сўнг соат камари ўзгариши туфайли кузатилади.

Уйқудаги апноэ

Ҳис қилиниши: Уйқудаги апноэ — бу уйқу вақтида бирдан нафас олишнинг тўхташи. Одам бунда уйғониб кетади. Уйқу сифати пасайиб, мияга кислород етишмайди, тўйиб ухлаш қийинлашади. Ҳуруж вақтида қон босими ошади ва юрак билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин.

Нимадан юз беради: Уйқу вақтида томоқ мушаклари бўшашади, айримларда бу нафас ўтказиш йўлларининг ёпилиб қолишига олиб келади. Асосан семириш хасталигига эга, чекадиган ва кекса одамлар ҳатарга учрайди. Апноэ юз берганида Австралиянинг дижериду найини чалиш ёрдам беради (факт).

Қайтариланувчи тушлар

Ҳис қилиниши: Фикримизча, доим битта ҳодиса рўй берадиган ғалати тушлар деярли ҳаммага таниш бўлса керак.

Нимадан юз беради: Психологларнинг фикрича, шу каби тушлар ёрдамида мия ўзимиз англамаган ҳодисаларга эътиборимизни қаратишга уринади. Бу сюжетлар вазият ўнгланмагунича қайтаверади (факт).

Каравотга қулаш

Ҳис қилиниши: Баъзида бизга ҳудди баландликдан каравотга қулагандек туюлади, биз чўчиб тушамиз ва уйғониб кетамиз. Баъзида шу ҳолатдан олдин тушимизга учаётганимиз ёки қоқилиб йиқилганимиз киради – анча ноҳуш ҳиссиёт.

Нимадан юз беради: Туш ҳолати ўлимни эслатади – юрак уриши ва нафас олиш секинлашади, мушаклар тонуси камаяди. Мия «қўрқиб кетади», буни ҳақиқий ўлимдек қабул қилади ва мушакларга импульс юбориб одамнинг тириклигини текширади.

Ўзга дунёга чиқиш

Ҳис қилиниши: Ушбу нейропсихологик ҳодисада одам уйқу ва бедорлик ўртасида бўлиб, ўзини ташқаридан кўради. Тасаввуф ва афсунгарликда руҳнинг мавжудлигига исбот тариқасида қабул қилинади.

Нимадан юз беради: Бу ҳодиса ўрганиш учун жуда мураккаб. Ҳозирча олимларга танадан чиқиш тасаввури ҳақиқатдан ҳам мавжудлиги маълум, аммо унинг қандай ишлаши ва нимага юз бериши тушунарсиз. Шунингдек, бунга қарши қандай курашиш ҳам маълум эмас. Айрим одамлар билим имкониятлари чегарасини кенгайтириш учун атайин шу ҳолатга киради.

Тушда бирдан ечим топилиши

Ҳис қилиниши: Баъзида қандайдир муаммонинг ечимини узоқ вақт топа олмаймиз ва доим у ҳақида ўйлаймиз. Ана шунда миянинг ўзи тушда ечимни айтиб беради, асосийси – уни эслаб қолиш.

Даврий тизим устида кўп бош қотирган ва бир куни уни тушида кўрган Дмитрий Менделеевнинг мисоли барчага маълум. Шунга ўхшаш воқеа кимёгар Кекуле билан ҳам содир бўлган – у тушида бензол формуласини кўрган.

Нимадан юз берадиБаъзан онгимиз англаб етмаган бўлса-да, жавобни аллақачон билади. Айнан шу пайтда, тушда ечим ҳам топилади. Нима ҳам дердик, баъзида уйқу ана шундай ёқимли кутилмаган бонусларни ҳам тақдим этади.