•  
  •  
  •  
  •  
  •  

Спорт энг фойдали машғулотлардан биридир. Кимлардир яхши кўриниш учун шуғулланадилар, бошқаларга эса спортдан олинадиган қувват ёқади. Бироқ, яхшигина адреналин дозасини олиш учун экстремал спорт билан шуғулланадиганлар ҳам бор.

Бундай спорт турини ҳар ким ҳам танлашга журъат қилмайди, чунки у анчагина хавфли.

Мазкур рейтингда спортнинг энг экстремал ва хавфли турлари ҳақида ҳикоя қиламиз.

11. Кайтсёрфинг

Ушбу нисбатан янги, тезликда оммалашиб бораётган спорт турининг асосини спортчи томонидан ушлаб туриладиган ва бошқариладиган варрак ёрдамида ривожлантириладиган тортишиш кучи таъсири остидаги ҳаракат ташкил қилади. Бу жуда ҳам урфга кирган ва шиддатли, томошабоп ҳамда етарлича экстремал спорт тури.

Шамол ёрдамида кайт сизни истаган жойингизга олиб кетади.

Кайтсёрфинг билан шуғулланиш учун қирғоқ яқинидаги шамолли ҳар қандай жой тўғри келади. Катта очиқ сув ҳавзаси ҳамда варракни учириш ва қўндириш учун қулай жой муҳим аҳамият касб этади. Кўплаб одамлар ҳам океан қирғоқлари бўйлаб, ҳам катта кўллар ва дарёларда кайтсёрфинг билан шуғулланадилар. Ҳаммаси сёрфингчининг маҳорати ва яшаш жойига боғлиқ.

10. Паркур

Ушбу ҳаракатланиш ҳамда тўсиқлардан ўтиш санъати оддий фалсафага асосланган: чегаралар йўқ – шунчаки тўсиқлар мавжуд. Аксарият шуғулланувчилар томонидан яшаш услуби сифатида қабул қилинади. Ҳозирда кўплаб давлатларда фаол қўлланилиб, ривожланмоқда. Паркурнинг моҳияти ҳаракатланиш ва тутқичлар, парапетлар, деворлар каби мавжуд меъморий иншоотлар, махсус тайёрланган конструкциялардан иборат турли тўсиқлардан ўтишдан иборат.

Паркур билан шуғулланувчилар трейсерлар деб номланадилар.

Узоқ вақтдан буён паркур билан шуғулланаётган одамлар буни чиройли ва аниқ бажарадилар, аммо янги спортчилар баъзан қирилишлар, кўкаришлар ва синишлардан қочолмайдилар.

9. Стритлагинг

Узун скейтборд устида ётган ҳолда тезлик билан тепадан тушиш ўтган юз йилликнинг 70-йилларида Жанубий Калифорнияда юзага келган. Маълум вақт ўтгач, пойгаларнинг ташкилотчилари хавфсизлик, йўлларни назорат қилиш ва жиҳозларга бўлган талабларга жиддийроқ ёндаша бошладилар. Ҳозирда стритлагинг қоидалари бир нечта рейсерлик уюшмалари томонидан тартибга солинади. Ушбу спорт тури ёзги X-Games кўргазмавий дастурига киритилган. Жами бўлиб дунёда 1200га яқин фаол райдерлар қайд этилган, аммо уларнинг сони бундан кўпроқ эканлиги ва барчаси ҳам расмий ташкилотларнинг қоидалари бўйича яшамаслиги сир эмас.

Райдерлар хавфсизлик жиҳозларидан фақат шлем, тирсаклар ва тиззаларни ҳимояловчи қалқончалар, қўлқоплар ва спорт костюмига эга бўладилар.

Тезликни олган скейтни бирдан секинлашишга мажбурлаш жуда қийинлиги ҳисобга олинса, бу камлик қилади.

Стритлагингда райдерлар йўлда учраган ҳар қандай предмет – деворлар, автомобиллар, тошлар ва дарахтларга қарата тормоз берадилар. Чамаси, бундай тўхташ усулида энг омадли райдерларгина жароҳат олмайдилар!

8. Рафтинг

Бу тоғ дарёлари бўйлаб махсус 6, 4 ва 2 ўриндиқли ичига ҳаво тўлдирилган қайиқларда табиий ва сунъий тўсиқлардан ўтган ҳолда вақт ҳисобига сузишдир. Рафтинг жамоавий спорт тури бўлиб, сузиш чоғида ҳар бир иштирокчи маълум функцияларни, яхлит экипаж эса етакчи-капитаннинг кўрсатмаларини бажаради. Рафтинг сузишнинг тижорий тури ҳисобланади, яъни сузишда иштирок этиш учун ҳеч қандай тажриба талаб этилмайди. Бу ҳам етарлича хавфли спорт тури, айниқса гап 3 ва ундан юқори тоифадаги мураккабликка эга йўналишлар ҳақида борганида.

Асосий хавфлар қуйидагилардир: кучли остоналар ва шаршаралардан ўтиш, оқизиб кетаётганнинг тош уюмлари ва сув ости чуқурликларига тушиб қолиши, жароҳатлар олиш, совуқ қотиш, тамаддундан узоқлик ва қоидага кўра қутқарув хизматлари билан алоқанинг йўқлиги.

7. Дайвинг

Чуқурлик, нафас олиш аппаратининг тури ва ғаввос томонидан газ аралашмасининг истеъмол қилинишига қараб, бир неча дақиқадан то 12 ва ундан ортиқ соатгача нафас олиш учун автоном ҳаво захирасини таъминлаб берадиган махсус мослама билан сув остида сузиш. 3 хил дайвинг тури мавжуд: рекреацион дайвинг – дам олиш ва завқ олиш учун сув остида сузиш, профессионал дайвинг ва спорт дайвинги. Сув остида сузиш билан шуғулланиш учун шўнғиш давомида аксарият муаммоларни ҳал қилиш имконини берадиган қатор кўникмаларга эга бўлиш зарур. Ушбу кўникмалар ва билимлар таълим жараёнида ўзлаштирилади ва сув остида сузиш уюшмаларидан бирининг сертификати билан тасдиқланади. Дайвинг доим ҳаёт ва саломатлик учун хавф билан боғлиқ.

Асосий хавфлар: чўкиб кетиш, декомпрессион касаллик, барожароҳатлар, газдан заҳарланиш ва кислород захирасининг тугаши ёки техник носозлик.

6. Буқани бўйсундириш

Буқани бўйсундириш ёки Родео, бу – ёввойи отни бўйсундириш, отни эгарсиз миниш, арқон ёрдамида буқани тутиш, ёввойи буқа билан олишиш ва уни лассо ёрдамида бўйсундириш, ёввойи буқани минишдан иборат ковбойлар орасида ўтказиладиган спорт мусобақалари. АҚШ, Канада ва Австралияда тарқалган. Ковбой 8 сония давомида буқа устида қолиши билан бир қаторда, уни ниқташ орқали жониворнинг салоҳиятини ҳам намоён этиши керак.

Ҳеч бир спорт тури тана жароҳатлари борасида буқалар устидаги родео билан тенглаша олмайди.

Бунда тиббий тадқиқотлар учун тўлиқ тўплам мавжуд: мушаклар ва бўғимлар чўзилиши ва узилиши, турли оғирлик даражасига эга синишлар, лат ейишлар ва ҳ.к. Чавандоз ҳар сафар буқа устига минганида таваккал қилади.

5. Кейв-дайвинг

Ёпиқ муҳит мавжуд бўлган ғорларда амалга ошириладиган техник шўнғиш тури. Моҳиятан бу ҳудди ўша дайвингнинг ўзи, фақат сув ости ғорларида ўтказилади. У спортнинг ўта хавфли тури ҳисобланиб, сузувчининг кўникмалари, ускуналарнинг ишончлилиги ва жиҳозлар конфигурациясига жуда жиддий талабларни белгилайди.

Кейв-дайвингдаги асосий хавф фавқулодда сузиб чиқиш қийин ёки имконсизлиги билан боғлиқ.

Бироқ бошқа хавфлар ҳам мавжуд.

Адашиб қолиш ёки ҳаво захирасини ҳисобга олмаслик. Доим сунъий чироқчиз қолиш эҳтимоли мавжуд, шу боис мутлақо қоронғуликда сузиш ва йўналиш топишни билиш зарур. Девор ёки шифтга урилиб, жиҳозларни шикастлаш хавфи бор. Кўп миқдордаги балчиқ узоқ вақтга кўришга ҳалақит бериши мумкин ва ҳудди қоронғуликда бўлгани каби кўр-кўрона чиқиш йўлини излашга тўғри келади.

4. Параглайдинг

Параглайдинг, бу – кўтариладиган ҳаво оқимларининг кўтариш кучи ёрдамида парапланда парвоз қилиш. Бундай оқимлар шамол ва маҳаллий ҳудуднинг рельефи туфайли юзага келади. Масалан, шамол тоғ томонга эсганида ёки иссиқ кўтариладиган ҳаво оқими бўлганида. Параплан матоли қанотлар, арқонлар ва тизимдан ташкил топган содда механизмдир. Ҳаракат парапланнинг ҳавони тўплаб оладиган махсус шаклдаги қаноти эвазига амалга оширилади. Тўпланган ҳаво ҳисобига шамол парапланни исталган йўналишда учириб кетади. Параглайдинг авиация экстремал спортининг етарлича хавфли, аммо жуда урфга кирган туридир.

Бунда спортчидан нафақат яхши жисмоний тайёргарлик, балки физика, атмосфера, ҳаво оқимларининг ҳолатини билиш талаб этилади. Одатда, парвоз кучли ҳаво оқими чўққидан тепага қараб интиладиган тоғлар, тепаликлар ёки қояларнинг устида бошланади.

Учувчи саросимага тушмаслиги, ортиқча ҳовлиқмаслиги керак.

Ақлли ҳисоб доим маъқулроқ. Бундан ташқари, учувчи осмонда бир ўзи бўлмайди ва таваккал қилиш орқали бошқа парапланеристлар учун хавфли вазиятни юзага келтириши мумкин.

3. Альпинизм

Тоғ чўққиларига кўтарилиш ёки альпинизм энг экстремал спорт турларининг учталигини очиб беради. Альпинизмнинг моҳияти чўққига кўтарилиш давомида табиат томонидан яратилган тўсиқларни енгиб ўтишдан иборат. Альпинизм бўйича спорт мусобақаларида чўққининг баландлиги, босиб ўтилган йўналишнинг техник мураккаблиги, унинг характери ва узунлиги ҳисобга олинади.

Тоғ рельефлари ва музликлардан ўтишда йиқилиш, суяк чиқиши, синиши, кўчкилар ва бошқа хавфли вазиятлар юзага келиши мумкин.

Бу ҳолатлар ҳаттоки хавфсизлик техникаси ва альпинизмнинг барча қоидаларига амал қилинганида ҳам содир бўлиши мумкин.

2. Хелиски

Тоғ спорти, фрирайднинг бир тури бўлиб, бунда тайёрланган трассалардан узоқда, вертолётдан одам оёғи етмаган тоғ қияликларидан учиб тушилади. Кўтарилиш учун вертолётдан фойдаланиш бошқа йўл билан тезда кўтарилишнинг имкони бўлмаган, инсон қўли етмаган табиат шароитида тоғдан тушишнинг турли вариантларини топиш имконини беради.

Вертолётнинг тури, юк кўтариш ҳажмига қараб чанғичилар гуруҳида бир нечта киши бўлиши мумкин. Одатда, гуруҳга у ёки бу қияликлардан тушишнинг хусусиятларини яхши биладиган гид ҳамроҳлик қилади. Тоғ бор ерда доим ҳатар мавжуд. Чанғичилар хели-ски билан шуғулланиш учун турли тикликдаги қияликлардан тушиш техникасига эга бўлишлари зарур.

Хавфсизликни таъминлаш учун ҳар бир чанғичида кўчки датчиги, кўчки зонди, белкурак ва кўчки остида одамларни тезкор қидириш учун мўлжалланган бошқа зарур қурилмалар бўлиши керак, чунки доим кўчки остида қолиш хавфи бўлади.

1. Бейсжампинг

Энг экстремал ва хавфли спорт тури бўлиб, унда кўчмас объектлардан сакраш учун мўлжалланган махсус парашют қўлланилади. Бейсжампинг парашют билан сакрашнинг энг хавфли тури ҳисобланиб, ҳозирда энг экстремал спорт сифатида тан олинган. Бейсжампер сакрайдиган баландлик 40дан 1000 метргача бўлиши мумкин, бу орада оддий парашютчилар камида 1000 метр баландликдан сакрайдилар.

Объект қанчалик паст бўлса, жампернинг маҳорати шунчалик баланд ва сакраш шунчалик хавфли саналади.

Айнан шу спорт туридаги яна бир хавф парашютни сакрашнинг энг бошида бир неча сония ичида очиш шартлиги билан боғлиқ.

Бейсжампинг учун оддийларидан анча фарқ қиладиган махсус ишланган парашютлар қўлланилади. Уларда захира парашюти бўлмайди, чунки бундай кам баландликда уларнинг кераги йўқ, шунингдек суғурталовчи мосламалар ҳам мавжуд эмас. Бундан ташқари, бейсжампингдаги яна бир мураккаб жиҳат чекланган юзаларга қўнишга мажбурликдир. Шу боис, бейсжампердан парашютни бошқаришга оид катта тажриба талаб этилади. Одатда, тегишли мосламалар ва кўникмаларсиз мустақил бейс-сакрашга уринишлар оғир жароҳатлар ёки ўлимга сабаб бўлади.