Баъзан ҳаммаси оддий чарчоққа нисбатан анча жиддий бўлади. Эсноқ – беихтиёр юз берадиган рефлекс бўлиб, унда оғиз кенг очилади ва чуқур нафас олиш кузатилади. Мазкур энг содда физиологик ҳодиса мияни совитиб, диққатни жамлашга ёрдам беради ва дам олиш заруратидан огоҳлантиради. Кўпинча рефлекс эмпатия, яъни “занжирли реакция” натижасида ҳам юз беради: эснаётган одамни кўрганда ёки бу ҳодисага оид матнни ўқиш чоғида ўзимизда ҳам эснаш истаги туғилади.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Бироқ, кислород етишмаслиги эсноққа сабаб бўлмайди. Буни Мэриленд университети олимлари тажриба орқали исботлаганлар. Улар синов гуруҳидан бироз муддат юқори даражада углерод оксид гази мавжуд хонада ҳамда кислород билан тўйинтирилган хонада нафас олишни сўраганлар. На биринчи, на иккинчи хонада нафас олиш эсноқ пайдо бўлишига сезиларли таъсир кўрсатмаган.

Одам ҳар куни ўртача 7дан 23 мартагача эснайди. Бироқ, бу кўрсаткич бир неча баробарга ошса, эҳтимол организм саломатлик билан боғлиқ муаммолардан дарак бераётгани ҳақида ўйлаб кўриш зарур. Сиз билан эсноқ қандай касалликларнинг аломати бўлиши мумкинлигини кўриб чиқамиз.

1. Сурункали чарчоқ синдроми

Кўп эснашнинг энг кенг тарқалган сабаби – сурункали чарчоқ синдромидир. Ортиқча ишлаш, кам ухлаш, нотўғри овқатланиш ва спорт билан шуғулланмаслик ана шундай синдромни орттириб олишнинг осон йўлидир.

Сурункали чарчоқни оддий чарчоқдан доимийлик хусусияти ажратиб туради: саккиз соатлик уйқу ёки узоқ дам олиш ёрдамида уни йўқотиш мумкин эмас. У одамга бир неча ой ёки, ҳаттоки, йил давомида ҳамрохлик қилиши мумкин.

Сурункали чарчоқ нафақат иш унумдорлигига, балки психологик ва руҳий ҳолатга ҳам таъсир кўрсатади. Одам доимий стресс ҳолатида бўлади. Эсноқнинг пайдо бўлиши сабаби ҳам айнан шунда яширинган. Доктор Симон Томпсоннинг назариясига кўра, қонда кортизол, яъни “стресс гормони” даражасининг ортиши эсноқни чақиради.

Сурункали чарчоқдан дарак берувчи бошқа аломатлар:

  • кўкракдаги оғриқ;
  • тез-тез нафас олиш;
  • номунтазам ва тез юрак уриши;
  • ҳушдан кетишга яқин ҳолат;
  • бош оғриғи.

2. Обструктив апноэ синдроми

Уйқу етишмаслиги ёки мутлақо йўқлиги организмни чарчатади, чарчоқ эса, ўз навбатида, эсноқни келтириб чиқаради. Бироқ, баъзида дам олиш сифати билан боғлиқ муаммолар борлигини тушуниш қийин. Масалан, обструктив апноэ синдроми шу жумладандир. Ушбу касалликдан азият чекадиган одамлар ўз вақтида ухлашга ётиши, саккиз соат ухлашига қарамай, барибир кун давомида чарчоқни ҳис қилаверади.

Обструктив апноэ синдроми уйқу вақтидаги номақбул қисқа муддатли нафас олишдан тўхташ сифатида намоён бўлади. Ухлаётган одам ҳаво оқими тикланганидан сўнг бўғилиш ҳисси билан уйғониши ёки шунчаки баланд ҳуррак чиқариб, чуқур нафас олиши ва нормал уйқуга қайтиши мумкин. Одам бундай муаммонинг мавжудлигидан бехабар бўлиши мумкин. Аслида, бу касаллик камёб эмас: ҳар бешинчи катта ёшдаги одам енгил шаклдаги апноэга эга.

Уйқуга боғлиқ муаммо борлигини қуйидаги аломатлар орқали тушуниш мумкин:

  • диққатнинг бузилиши;
  • уйғонгандан кейин оғиздаги қуруқлик;
  • рефлекслар ва жавоб реакцияларининг секинлашиши;
  • доимий жаҳлдорлик;
  • мушаклардаги заифлик ёки оғриқ.

3. Семизлик

Семизликдан азият чекадиган одамларда эсноқ иккита сабаб туфайли пайдо бўлиши мумкин:

  1. Мувозанатга келтирилмаган парҳез ёки қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши. Шулар сабабли гормонал фон бузилиб, уйқучанлик ва чарчоқ ортади.
  2. Ўпка гиповентиляцияси синдроми, яъни қийин нафас олиш ёки чуқур нафас олиш имконсизлиги. Бунинг пайдо бўлишига мия фаолиятининг секинлашуви ёки ортиқча вазн таъсири натижасида кўкрак қафасининг босилиб қолиши сабаб бўлади. Гиповентиляция синдроми туфайли углерод оксидли газ миқдори ошиб, кислород ҳажми камаяди. Бундай ҳолатда эсноқ кираётган ҳаво оқимини тартибга солишда ёрдам беради.

Мауо клиникасининг маълумотига кўра, семизлик бор ёки йўқлигини тана массаси индексини ҳисоблаш орқали аниқлаш мумкин. Бунинг учун оддий формула мавжуд: вазнни (килограммда) ўз квадратига оширилган бўй (метрда) кўрсаткичига бўлиш керак. 30дан юқори барча кўрсаткичлар семизликдан дарак беради.

4. Тушкунлик (депрессия)

Тушкунлик ҳолатида эсноқнинг пайдо бўлишига ҳам қонда кортизол миқдорини ортиши, ҳам дори воситаларининг қабул қилиниши сабаб бўлиши мумкин. Масалан, циталопрам ва флуоксетин каби антидепрессантлар серотонин гормони миқдорини оширади. У эса, ўз навбатида, чарчоққа сабаб бўлади.

Тушкунлик ҳолатига фақат шифокор ташхис қўйиши мумкин. Агар ўзингизда қуйидаги аломатларни узоқ вақт кузатаётган бўлсангиз, шифокорга мурожаат қилиш зарур:

  • қайғу, чорасизлик ва бўшлиқ ҳисси;
  • воқеаларга қизиқишнинг йўқолиши;
  • беихтиёр тажовузкорлик намоён бўлиши;
  • бош ёки белдаги оғриқлар;
  • ўлим ҳақидаги фикрлар.

5. Безовталик хасталиги

Безовталик хасталиги ҳам стресс ҳолатида бўлиш ва кортизол миқдорини ортиши билан изоҳланади. Бундай вазиятда қувватнинг камайиши ва юрак ишлашига доир муаммолар эсноққа сабаб бўлиши мумкин. Безовталик ҳисси қанча кучли бўлса, эсноқ шунча кўп такрорланади.

Безовталик хасталигининг бошқа аломатлари:

  • терлаш;
  • гипервентиляция;
  • тез-тез юрак уриши;
  • уйқу ва овқатланишдаги бузилишлар.

Муҳим: безовталик хасталигининг аломатлари бир марталик эмас ҳамда камида ҳар куни ёки бир неча кун мобайнида намоён бўлиши керак.

6. Юрак касалликлари

Юрак фаолиятидаги бузилиш ҳолатларида тарқоқ нерв стимуляцияси эсноқни ҳосил қилиши мумкин. У бош мияни юрак ҳамда ошқозон-ичак тракти органлари билан боғлайди. Бу ҳолатда эсноқ қон босимининг пасайиши ва юрак ритмининг секинлашиши натижасида пайдо бўлади.

Юрак фаолияти бузилганининг бошқа аломатлари:

  • кўкракдаги оғриқ:
  • юзаки нафас олиш;
  • тананинг юқори қисмидаги оғриқ;
  • юришнинг бузилиши;
  • кўнгил айниши;
  • бош айланиши.

7. Инсульт

Тез-тез эснаш яқинда инсультни бошидан кечирган одам учун одатий ҳолатдир. Шифокорларнинг фикрича, бу жараён ҳуруж чоғида қизиб кетадиган тана ва мия ҳароратини пасайтиришга ёрдам беради.

Шунингдек, эсноқ бевосита инсульт юз беришидан аввал ҳам кучайиши мумкин, шу боис ҳуружга хос аломатларга эътибор бериш керак:

  • озиб қолган юз, оғизнинг бир томонида кулиш;
  • ҳолсизлик ва қўлни кўтара олмаслик;
  • тушунарсиз нутқ.

Бу белгиларнинг барчаси зудлик билан тез ёрдамни чақириш кераклигидан огоҳлантиради.

8. Тарқоқ склероз

Тарқоқ склерозга эга беморларда эсноққа бош мия устунининг шикастланиши сабаб бўлади. Бу соҳа томоқ, чайнаш ва мимика мушакларининг фаолияти учун жавоб беради. Бош мия устунининг ўзгариши беихтиёрий рефлекслар, хусусан эснаш ва чайнашни юзага келтиради.

Тарқоқ склероз – сурункали аутоиммун касаллик бўлиб, унда асаб толаларининг ҳимоя қобиғи емирилади. Бундай касаллиги бор одамларда мия ва қолган тана ўртасидаги алоқа бузилиши натижасида турли неврологик аломатлар, масалан, пешоб чиқаришда бузилиш, мушак тонусининг ортиши, бош айланиши пайдо бўлади. Тарқоқ склерозда хотира йўқолиши камдан-кам учрайди.

Тарқоқ склерозда қуйидаги аломатлар кузатилади:

  • кўриш қобилиятининг пасайиши;
  • тана, юз ёки оёқ-қўлларнинг увушиб қолиши ёки санчиши;
  • бош айланиши;
  • мувозанатга боғлиқ муаммолар.

9. Бош мия ўсимтаси

Такрорий эснаш бош мия ўсимтасининг камёб аломати ҳисобланади. Бу ҳолатда рефлекс кучли чарчоқ туфайли пайдо бўлади.

Бош мия ўсимтасининг бошқа аломатлари:

  • бош оғриқлари;
  • ҳулқдаги ўзгаришлар, масалан, тажовузкорлик, апатия, безовталик;
  • қисман хотира йўқолиши;
  • кўриш қобилиятининг пасайиши.

10. Жигар фаолиятининг бузилиши

Гормонал мувозанатнинг бузилиши ва бунинг оқибатида юзага келган кучли чарчоқ жигар касаллигидан азият чекадиган одамларда кўпинча эснашга сабаб бўлади.

Орган фаолияти бузилганлигининг бошқа аломатлари:

  • иштаҳа йўқолиши;
  • кўнгил айниши;
  • пешобнинг тўқ рангга кириши;
  • кўзлар ва терининг сарғайиши;
  • чалкаш фикрлаш;
  • қўллар ёки оёқлар шиши.

11. Эпилепсия

Эсноқ камдан-кам эпилепсия аломати сифатида қайд этилади. Мазкур ҳолатда эсноққа организмнинг бош мия чакка соҳаларидаги зўриқишга таъсири сабаб бўлади. Уларда спазм ҳуруж вақтида ёки ундан кейин содир бўлади.

Эпилепсиянинг бошқа аломатлари:

  • қўрқув ва безовталик ҳисси;
  • вақтинчалик чалкашиш;
  • қўл-оёқнинг назоратсиз қимирлаши;
  • онгни йўқотиш.

Баъзида эсноқ айрим дори воситаларининг қабул қилишнинг асорати сифатида ҳам пайдо бўлади. Жумладан:

  1. Антигистамин дорилар: улар асаб тизимига босим ўтказади ва уйқучанлик ҳамда эсноқни пайдо қилади.
  2. Айрим оғриқ қолдирувчилар. Таркибида опиатлар мавжуд бўлган дорилар, масалан бупренорфин, налбуфин, кодеин каби анальгетиклар уйқучанлик натижаси сифатида эсноққа сабаб бўлиши мумкин.
  3. Қон босими пасайтирувчи дорилар. Юрак ритмини секинлаштириш эвазига уйқучанликни чақиради.

Эсноқ – организмнинг чарчагани ёки ортиқча зўриққанлигидан дарак берадиган нормал ҳолатдир. Бироқ, охирги пайтда одатдагидан кўпроқ эснаётганингизни сезган бўлсангиз, шифокор билан маслаҳатлашган маъқул.

Агар эсноқдан ташқари, жиддий касалликларнинг бошқа аломатларини сезсангиз, зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилинг.