Чиройли пойабзал мухлисларининг азоби икки хил кўринишга эга. Қуруқ – қаттиқ, таранг қадоқлар. Хўл – исталган пайт ёрилиши мумкин бўлган шишлар. Яхши янгилик: иккала турдаги қадоқни даволаш мумкин, аммо ҳар хил усул билан.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Хўл қадоқни даволаш

Агар шиш кичкина бўлса, уни даволашнинг энг осон усули – тегмаслик ва айниқча тешмасликдир. Маълум муддатга пойабзални ўзгартириб, шиш атрофидаги терига спирт ёки водород оксиди эритмаси билан ишлов бериш, шунингдек тиббиёт пластирини имкон қадар ёпиштирмаслик керак. Шиш 1-2 кунда сўрилиб кетади.

Агар қадоқ катта бўлса, тагидан тешиб, суюқликни сиқиб чиқариш керак. Ҳеч қачон терини кесманг. Сўнгра антисептик суюқлик билан ишлов бериб, зарур бўлса ҳаво ўтказадиган пластир ёпиштириш керак.

Жараённи тезлаштириб, шишни қуритишни истаганлар учун бир нечта содда усуллар мавжуд:

  • Марганцовка. Кучсиз эритмада бир оз қадоқни чайинг. Бу қадоқни қуритади. Агар бир марта етарли бўлмаса, такрорланг.
  • Туз. Ҳам ош, ҳам денгиз тузи тўғри келади. Бир чой қошиқ тузни 1 литр қайнатилган сувда аралаштиринг. Бу аралашма билан оёқларни чайиш ёки ванначалар қилиш мумкин.
  • Мойчечак ва календула бактерияларга қарши таъсирга эга. Шу гуллар солинган ванначада оёқни тутиш орқали қадоқни қуритиш мумкин.
  • Тухум шикастланган терини тузатиши мумкинлиги олимлар томонидан исботланган. Хом товуқ тухумини чақиб, пўстидан оқ қатламни ажратиб олиш керак. Уни қадоқ устига ёпиштириб, устидан пластир қўйилса, қадоқ бир кунда тортилади.

Қуруқ қадоқни даволаш

Қадоқларни даволашга оид халқона усулларнинг сони жуда кўп. Уларнинг барчаси қадоқни юмшатишга қаратилган бўлиб, юмшоқ қадоқни пемза тоши ёки педикюр чўткаси билан олиб ташлаш мумкин. Бунда амалиётдан сўнг бутун оёқ остини крем билан намлантиришни унутмаслик зарур.

  • Ошхона сиркасини 1:3 нисбатда сув билан аралаштиринг. Уйқуга ётишдан аввал қадоққа суртиб, устидан пластир ёки компресс билан ёпинг. Тонгда қадоқни пемза ёки пилка билан олиб ташлаш мумкин бўлади.
  • Лимон. Энг самарали усул – сувда ивитилган тери устига лимон пўстини қўйишдир. Буни ётишдан аввал қилсангиз, 3-4 кундан сўнг оёқларни яна тузли иссиқ сувда ивитиб, қадоқни олиб ташлаш мумкин.
  • Алоэ. Баргини кесиб, керакли тери қисмига ҳаво кирмайдиган қилиб қўйиш, масалан плёнка билан қоплаш ва пластир билан ёпиштириш керак. 12-24 соатдан кейин қаттиқ қадоқ юмшайди ва уни олиб ташлаш мумкин бўлади.

  • Ўсимлик мойини уйқуга ётишдан аввал тоза оёқларга суртган маъқул. Бу жараённи қадоқ юмшаб, аста-секин йўқолгунича такрорлаш керак. Бу усул тезкор бўлмасада, мутлақо хавфсиздир.
  • Сода терининг ўлик ҳужайраларини кетказиб, тузалиш жараёнини тезлаштиришга ёрдам беради. Бунинг учун илиқ сувли ванначага 2 ош қошиқ сода аралаштириб, оёқларни 15 дақиқа ивитиш зарур. Ўртача қадоқ пемза ёрдамида осон кетказилади.

Агар қадоқни йўқотиш бўйича барча уринишлар натижа бермаган бўлса, шифокорга мурожаат қилганингиз маъқул.