• 4
  • 1
  •  
  •  
  •  
    5
    Shares

Бошпанамиз ҳисобланган сайёрамизни қанчалик чуқур ўрганмайлик, дунёда барибир кўплаб ғаройиб ва ноёб нарсалар қолаверади.

Эътиборингизга мактаб дарсликларида камдан-кам тилга олинадиган Ер ва ундаги жонзотлар тўғрисида 12та фактни тақдим этамиз.

12. Эверест сайёрадаги энг баланд тоғ эмас

Албатта, Эверест Ер юзидаги бошқа ҳар қандай тоғга нисбатан денгиз сатҳидан баландроқ, яъни 8 848 метрдан иборат. Аммо ҳисоб нуқтаси сифатида океан туби олинадиган бўлса, Гавайи оролларидаги Мауна-Кеа ғовли вулқонини энг баланд тоғ чўққиси деб ҳисобласа бўлади. Унинг денгиз сатҳидан баландлиги 4 207 метрни, океан тубидаги этагидан эса – 10 203 метрни ташкил қилади.

11. Портловчи кўллар

Портловчи кўллар

Дунёда чуқурлиги билан эмас, балки таркибида заҳарли газлари билан хавфли бўлган кўллар мавжуд. Шундай кўллардан бири Камерундаги Ньос кўлидир. Бу ерда 1986-йилнинг 21 августида юз берган лимнологик ҳалокат оқибатида кўлдан кўп миқдорда газсимон углерод диоксиди отилиб чиққан. Ҳалокат қурбонларининг сони 1 700 кишини ташкил қилган, шунингдек ҳайвонот олами ҳам талафот кўрган.

10. Куйловчи қумлар

Чўлдаги куйловчи қумлар ҳодисасига шамол таъсирида ҳаракатга келган қум парчаларининг ўзаро ишқаланиши сабабдир. Ҳаракатланаётган қум массаси қанчалик катта бўлса, товуш шунчалик ифодали чиқади – чийиллашдан тақирлашгача. Баъзан куйловчи қумлар органга ўхшаш товушлар чиқаради – видеони томоша қилиб, бунга ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин.

9. Жаҳон океанининг фанга номаълум жонзотлари

Жаҳон океанининг фанга номаълум жонзотлари

Бу ҳақида ҳамма ҳам ўйлаб кўрмайди, аммо денгиз тубидаги жонзотлар тўғрисида узоқ галактикалар каби маълумотга эгамиз холос. Бугунги кунда Жаҳон океанининг атиги 5 фоизга яқини батафсил ўрганилган бўлиб, олимлар янги турларни очишда давом этмоқдалар. Суратда сиз кўриб турган мавжудотлар 2017-йилнинг июнь ойида Австралия минтақаси яқинидаги океан тубидан топилган.

8. Антарктида – Ердаги энг қуруқ ҳудуд

Антарктида – Ердаги энг қуруқ ҳудуд

Ҳайратланарли, аммо сайёрамиздаги энг қуруқ ҳудуд қизиган чўл эмас, балки Антарктидадаги қуруқ Мак-Мердо муз водийлари ҳисобланади. Водийнинг айрим ҳудудларида мана 2 млн. йилдирки ҳеч қандай ёғингарчилик бўлмаган. Бу ердаги табиат шароити Марс сайёрасиникига шу қадар яқинки, ҳаттоки НАСА “Викинг” аппаратининг синовларини Мак-Мердода ўтказган.

7. Ўтмишда Ер бинафшаранг бўлганлиги эҳтимоли мавжуд

Айрим олимларнинг таъкидлашича, узоқ ўтмишда ўсимликлар фотосинтез жараёнида хлорофиллдан (айнан у яшил ранг учун масъул) эмас, балки ўсимлик дунёсига бинафшаранг тусини берадиган бошқа пигментдан фойдаланганлар.

6. Қийшиқ ўрмон

Қийшиқ ўрмон

Ушбу ўрмон Польша ғарбидаги Грифино шаҳри яқинида жойлашган. Бу ерда ўсувчи дарахтлар бугунги кунчага сабаби номаълум бўлган букилган шакли билан фарқ қилади. Мавжуд қатор назарияларга кўра, дарахтлар шамол ёки қор бўрони натижасида букилган бўлиши мумкин. Ёки уларнинг шакли ерга экилаётганда атайин ўзгартирилган.

5. Саҳрои Кабир кўзи

Ришат, шунингдек Саҳрои Кабир кўзи номи билан машҳур геологик ҳосила ҳажмининг жуда катталиги туфайли узоқ вақт орбитадаги космонавтлар учун йўналиш сифатида хизмат қилган. Ришат шакли бўйича зарб натижасида пайдо бўлган кратерни эслатса-да, олимларнинг фикрича, “кўз” бошқа йўл, яъни ер юзасининг кўтарилишида эрозиянинг таъсири оқибатида пайдо бўлган.

4. Ҳаракатланувчи тошлар

Ҳаракатланувчи тошлар

АҚШнинг Калифорния штатидаги Ўлим водийсида ҳаракатланувчи тошлар ҳодисаси кузатилади. Бунда ҳудди тошларга жон кириб, ихтиёрий равишда жойдан-жойга кўчиб юргандек кўринади. Олимлар ҳаракатнинг сабаби сифатида тунги совуқ чоғида ҳосил бўладиган катта, аммо юпқа муз ҳудудларини қайд этадилар. Сўнгра эриётган муз тошларни дақиқасига 5 метргача тезликда кўчиради.

3. Перу Андларидаги ғалати чуқурликлар

Перу Андларидаги ғалати чуқурликлар

Мазкур чуқурликларни бемалол GoogleMaps орқали кўришингиз мумкин: улар Перудаги Писко водийсида шимолдан жануб томош чўзилган бўлиб, перфотасмани эслатади. Археологларнинг фикрича, чуқурлар инклар томонидан солиқларни тўлашга тўпланган маҳсулотларни сақлаш учун мўлжалланган.

2. Алоқага чиқмайдиган элатлар

Алоқага чиқмайдиган элатлар

Ер юзида дунёнинг турли бурчакларида холисликда яшайдиган ва умуман ташқи олам билан алоқага чиқмайдиган бир қанча элатлар мавжуд. Улар ҳақида жуда кам нарса маълум бўлиб, ҳаттоки узоқ масофадан ҳам суратга олиш жуда қийин. Бундай қабилаларнинг айримлари бегоналарга нисбатан душманларча муносабатда бўладилар ва улар билан алоқа ўрнатишнинг деярли имкони йўқ.

1. Антарктидадаги қонли шаршара

Антарктидадаги қонли шаршара

Антарктидада оддий эмас, балки “қонли” ва тузли шаршара мавжуд. Ундаги ғайритабиий ранг таркибида кўп миқдорда темир моддаси мавжудлиги билан боғлиқ. Шаршаранинг манбаи эса 400 метрли муз қатлами остида яширинган қадимий тузли кўл ҳисобланади. Олимларнинг аниқлашича, бу кўлда яшовчи микроорганизмлар қуёш нурисиз ҳаётий энергия олишга қодир.

Бонус: Текис Ер жамияти

Текис Ер жамияти

Бу ҳудди ҳазилдек эшитилади, аммо ҳозирда ҳам Еримиз текис эканлигига шубҳасиз ишонувчи одамлар сони анчагина экан. Уларнинг асосий фикрлари қуйидагича:

  • Ер, бу – текис диск бўлиб, унинг марказида Шимолий қутб жойлашган.
  • Қуёш, Ой ва юлдузлар Ер юзаси устида айланадилар.
  • Жанубий қутб мавжуд эмас. Унинг ўрнида – дунёни ўраб турувчи музли девор бор.
  • Ернинг фазодан олинган суратлари – қалбаки, барча космонавтлар ва авиалайнеларнинг экипажлари эса – оламшумул фитнанинг иштирокчилари.

Бу фикрлар ҳеч қандай танқидга дош бера олмаса-да, жамиятнинг тарафдорлари кўпайиб бормоқда.