Маълум бўлишича, 5–8 тилни билиш – бу доҳийлик белгиси эмас, балки ҳар бир инсон бунга эришиши мумкин экан. Ва бунинг учун, албатта, пул сарфлаш ва ўзга юртга бориб яшаш шарт эмас. Мана сизга полиглот бўлиш (бир нечта тилни билиш) ва бир нечта хорижий тилларни ўрганиш бўйича 12 усул.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Баъзи одамлар, ҳаёти давомида бир нечта хорижий тилларни ёд олишга имкон берадиган алоҳида бир ген мавжуд, деб ўйлайдилар. Ҳақиқатан эса, беш-саккизта тилни билиш – бу алоҳида бир истеъдод белгиси эмас ва ҳаттоки, йиллар давомида жуда кўп меҳнат ҳам талаб этмас экан. Ишонинг, бу ҳамманинг қўлидан келади ва бунинг учун тажрибали полиглотлар тавсия қилган 12 қоидага риоя этинг.

1. Тўғри сўзларни тўғри тартибда ўрганинг

Янги тилни ўрганиш – бу янги сўзлар, жуда кўп янги сўзларни ёдлаш демакдир.Баъзи одамлар сўзларни эслаб қолиш хотирам жуда паст деб, ўйлайдилар ва тан бериб, ўқишни ҳам ташлаб юборадилар. Бироқ, масаланинг моҳияти нимада: сиз хорижий тилда сўзлашингиз учун, ундаги барча сўзларни ёд олишингиз шарт эмас.

Аслида, сиз ўз она тилингиздаги БАРЧА сўзларни билмайсиз, бироқ унда ёмон гаплашмайсиз. Янги хорижий сўзларни эслаб қолиш учун фақат 20% кучни ишга солиш сизга тилни 80% тушунишни таъминлаб беради. Мисол учун, инглиз тилида ёзилган материалнинг 65% атиги 300 сўзни ўз ичига олади.

Бу сўзлар тез-тез ишлатилади ва бу схема бошқа тилларни ўрганишда ҳам яхши натижа беради. Сиз мана шу тез-тез ишлатиладиган сўзларни ёки муайян мавзуни ва у орқали тез-тез қўлланиладиган сўзларни айнан шу орқали топа оласиз.

2. Қардош сўзларни ўрганинг

Сиз энди ўрганмоқчи бўлган тилингиздаги кўплаб сўзларни биласиз. Сиз қайси тилни ўрганмоқчи бўлсангиз ҳам, ўша тилга доир бир нечта сўзларни биласиз, демак, сиз моҳиятан ўрганишни “нолдан” бошламайсиз. Қардош сўзлар – бу сизнинг она тилингиздаги сўзларнинг “ҳақиқий дўстлари”ва улар бир хил маънони англатади.

Мисол учун, роман тиллари – француз, испан, португал, итальян ва бошқа тилларда – инглиз тили билан қардош сўзлар кўп.Инглизлар қадимда уларни бир неча юз йиллар давом этган истилочилик урушлари вақтида норманнлардан ўзлаштириб олганлар. Action, nation, precipitation, solution, frustration, tradition, communication, extinction ва бошқа минглаб “-tion” билан тугайдиган сўзлар француз тилида ҳам айнан шундай жаранглайди ва сиз улардан, талаффузини ўрганган ҳолда, бирваракайига фойдаланишингиз мумкин бўлади.

Оддийгина “-tion” ни  “-ción”га ўзгартиринг ва сиз энди айнан ўша сўзларга испан тилида эга бўласиз. Сўз охирини “-zione”га ўзгартириш орқали– итальян, -ção”га ўзгартириб — португал тилига эга бўламиз. Жуда кўп тилларда умумий ўзакка эга сўзлар кўп учрайди, гарчи маъноси фарқ қилса-да. Шундай экан, гап нима устида кетаётганини тушуниш учун сиздан кўпроқ тиришқоқлик талаб этилади. Масалан, hélicoptère (француз); porto, capitano (итальян); astronomía, Saturno (испан).

Сиз ўрганаётган тилингизда умумий сўзларни топишингиз учун ўзлаштирма ёки қардош тилларни излашингиз мумкин. Бу усул европа тиллари учун мувофиқ келади, бошқа тиллар, мисол учун япон тилини ўрганишда қандай йўл тутиш лозим? Маълум бўлишича, ҳаттоки “энг бегона” тилда ҳам таниш сўзларни учратиш мумкин экан. Бу нарса, агар сиз инглиз тилини билсангиз ва яна бир тилни ўрганмоқчи бўлсангиз,айниқса, асқотади. Жуда кўп тиллар инглиз тилидаги сўзларни ўзлаштириб ва ўз талаффузларига мослаштириб олган.

Шундай экан,  биринчи бўлиб ўзлаштирма ва қардош тилларни янги сўзларингиз рўйхатига киритинг. Шунда сизга буткул янги сўзлардан кўра, она тилингиздаги сўзларга яқин бўлганларини ўрганиш анча енгил кечади.

3. Саёҳат қилиш шарт эмас

Хорижий тилни ўрганишдан воз кечишга яна бир сабаб (ёки баҳона, бу қандай қарашга боғлиқ) шундаки, одамлар ўзга, мана шу тилда гаплашадиган давлатга ташриф буюра олмайдилар. Бунинг учун пул йўқ, вақт йўқ ёки ҳоказо. Сиз ишонинг, ҳеч бир чет мамлакатда сизни дарҳол хорижий тилда гапиришга мажбур этадиган ҳеч нима йўқ. Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, гарчи одамлар бегона юртда бир неча йиллар яшасалар-да, у ердаги тилни ўргана олмайдилар. 

Агар сизга хорижий тилнинг ичига кириб кетишингиз лозим бўлса, самолетга билет сотиб олиш шартмас – буни Интернет орқали амалга ошириш мумкин. Агар сиз хорижий тилда гаплашишларини эшитмоқчи бўлсангиз, мана сизга дунё бўйича 100 000 та ҳақиқий радиостанцияни ўз ичига олган  Tunein.com интернет-ресурси.

iOS ва Android (бепул) смартфонлари учун бир хил номдаги илова мавжуд бўлиб, улар орқали сиз ўрганаётган тилингизда бир нечта радиостанцияларни истаган вақтингизда ва жойингизда эшитишингиз мумкин. Агар сиз ўрганаётган тилингизда ролик кўриш истагида бўлсангиз, YouTube Trends Dashboard орқали ўзингизга зарур мамлакатдаги энг машҳур роликларни топасиз.

Тилини ўрганаётган мамлакатингизнинг Amazon ёки Ebay сайтига киринг (масалан, amazon.es, amazon.fr, amazon.co.jp ва ҳ.к.) ва чет тилидаги ёқтирган фильм ёки сериалингизни сотиб олинг. Яна шунингдек, France24Deutsche WelleCNN Español  ва бошқа кўплаб мамлакатларнинг янгиликлар онлайн-сервисларини ҳам сотиб олиш мумкин.

Турли мамлакатларнинг мана шу янгиликлар сервисларига қўшимча тарзда хорижий тиллардаги материалларни ўқиш учун блоглар ва бошқа оммабоп сайтларни ҳам қўшиш мумкин, уларни эса Alexa сайтидан топасиз. Агар сиз хорижий мақолаларни дарҳол таржима қила олмасангиз, Chromeда махсус плагин мавжуд бўлиб, у матн қисмларини таржима қилган ҳолда, чет тилидаги турли ибораларни аста-секинлик билан ўрганишга ёрдам беради. Яъни сиз матнни она тилингизда, унинг айрим қисмларини эса – чет тилида ўқийсиз.

4. Skype бўйича машқ қиламиз ва фақат бугина эмас

Шундай қилиб, сиз эшитадиган, томоша қиладиган ва ҳатто ўқийдиган нарсаларга эгасиз ва буларнинг барчасидан ўз уйингизда, барча қулайликларда фойдаланишингиз мумкин. Энди эса навбатдаги босқичга – тил эгалари билан суҳбат қилиш томон қадам қўямиз. Умуман олганда,  агар тил ўрганишда сизнинг мақсадингиз мазкур тилда гаплашишни ўзичига олса, у ҳолда бу банд биринчилардан бўлиши лозим.

Фараз қилайлик, сиз тил ўргана бошладингиз. Энг муҳим сўзларни ўрганиш ва билганларингизни такрорлаш учун кўп вақт талаб этилмайди. Шундан сўнг дарҳол тил эгалари билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилинг ва улар билан мулоқот қила бошланг.

Дастлабки мулоқот учун унчалар кўп сўз талаб этилмайди ва сиз уларни ёдлаб олишингиз билан суҳбатлаша бошласангиз, ўша куниёқ сўз захирангиздаги бўшлиқлар аниқланади. Бунда сиз ўз луғатингизга етишмаётган сўзларни қўшишингиз мумкин бўлади.

Тўрт-беш соат давомида сиз бошқа тилда озроқ сўзларни ёдлай оласиз ва уларнинг қаторига “салом”, “раҳмат”, “Такрорлай оласизми?” ва “Тушунмаяпман” каби сўз ва ибораларни қўшиш тавсия этилади. Дастлабки мулоқот учун барча сўзларни сўзлашгичлардан топиш мумкин. 

Энди эса, тил эгасини топиш ва уни ўз доирасига тортиш ҳақида. Бу ҳам сиз ўйлаганингиздек, унчалар мураккаб эмас. Масалан, Italki.com  сайтидан сиз профессионал ўқитувчиларни, норасмий таълим ва ҳаттоки суҳбатдошларни ҳам топишингиз мумкин.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, ўқиш унчалар ҳам қиммат эмас, Skype бўйича хитой ва япон тиллари курси соатини $5 га топиш мумкин. Агар сиз хануз бир кунлик тайёргарлик тил эгалари билан мулоқот қилиш учун жуда ҳам кам, деган фикрда бўлсангиз, у ҳолда Skype орқали мулоқот хорижий тилдаги сиз ҳали яхши эслаб қолишга улгурмаган муҳим иборалар файлини очишга халал бермайди.

Бундан ташқари, сиз Google Translateдан ҳам фойдаланишингиз ва йўл-йўлакай мулоқот қилиш учун зарур сўзларни ҳам ўрганиб боришингиз мумкин. Бу қалбакиликка кирмайди, сабаби сизнинг мақсадингиз – сўзлашишни ўрганиш ва буни аъло даражада бажариш-ку.

5. Пул сарфлашга ҳожат йўқ. Энг яхши ресурслар – бепул

Тил эгаларининг доимий эътибори учун пул тўлаш керак бўлади, лекин ўзингиз кўрдингиз, курслар жуда арзон. Таълимнинг бошқа қирралари устида тўхталадиган бўлсак – агар барчасига бепул эга бўлиш имкони бор экан,нима учун юзлаб доллар тўлашимиз керак.   Duolingo да турли тиллар бўйича бепул ажойиб курслар мавжуд. 

Бу ерда барчаси ўйин йўсинида тақдим этилади, бу эса тил ўрганишни янада қизиқарли қилади. Агар сиз инглиз тилини билсангиз ва бошқа бирор тилни ўрганиш ниятида бўлсангиз, у ҳолда  FSI ва Omniglot  бир қатор бепул курсларни сизга тақдим этади. BBC languages орқали 40дан зиёд тилдаги муҳим ибораларни ёдлаб олишингиз мумкин, About.com сайтининг  Languages бўлимида эса турли тилларнинг аниқ  хусусиятлари ҳақида маълумотлар мавжуд.

 Interpals сервиси ёрдамида сиз ёзишмалар бўйича бошқа мамлакатдан дўст топишингиз, My Language Excharge  дан эса сизга ўхшаб тил ўрганмоқчи бўлган инсон билан танишишингиз ва у билан ўрганаётган тил орқали мулоқот қилишингиз мумкин бўлади. Қуйида сизга тил ўрганишда ёрдам бериши мумкин бўлган ресурсларни келтирамиз:

  • тўғри талаффуздаги овозли сўзларнинг жуда катта базаси сизни  Forvo да кутмоқда;
  • Rhinospike уюшмасида сиз чет тилида эшитишни хоҳлаётган, ўзингиз истаган ибора ва сўзларни таклиф қилишингиз мумкин ва уларни тил эгалари овозли шаклда берадилар;
  • агар сиз зарур иборани овозли шаклда топа олмасангиз, у ҳолда Google Translate мавжуд;
  • Lang 8 ресурсидан сиз мусаҳҳиҳлар (корректорлар) – сизнинг матнни тузатувчи тил эгаларини топасиз, ўз навбатида, сиз ҳам сизнинг она тилингизни ўрганаётганларнинг матнларини тузатасиз.

Кўраяпсизки, бепул ўқиш учун имкониятлар етарли, нима яхши – репетиторли дарсларни сотиб олган афзалми ёки мустақил ўқиганми – ўзингиз ҳал қилинг. Шубҳасиз, ҳамма ўзига маъқулини танлайди.

6. Чет тилларни катталар болаларга нисбатан осонроқ ўрганадилар

Энди сиз тил ўрганиш учун шунча ресурсларни билиб олган экансиз, энг катта муаммони ҳал қилиш керак бўлади. Бу грамматика ҳам, сўз захираси ҳам ва шахсий ресурсларнинг йўқлиги ҳам эмас. Бу ўз кучига шубҳаланиш ва шахсий имкониятларини нотўғри баҳолаш. Энг кўп учрайдиган, “Мен таслимман” деган ибора аввалида келадиган хато фикр: “ Хорижий тилни ўрганиш ва уни чуқур эгаллаш учун мен қариб қолдим” иборасидир. Жуда зўр янгиликлар бор. Хайфа университети тадқиқотларидан бирининг кўрсатишича, катта ёшлилар болаларга нисбатан чет тилини осонроқ ўрганар эканлар.

Болалардан фарқли равишда, катталар чет тили дарсларида ҳали ўтилмаган грамматик қоидаларни ички ҳис билан (интуитив) тушунар эканлар. Шунингдек, бунинг аксини тасдиқловчи ҳеч қандай бошқа тадқиқот ҳам ўтказилмаган.

Улғайиб борган сари инсон чет тилини ўрганиш учун ҳеч бир алоҳида халал берувчи нарсаларга эга бўлмайди, фақат бунда атрофдаги омилларни эътиборга олмаганда. Катталарнинг аксари вақти ишлашга сарф бўлади, натижада эса ўрганиш вақти қисқаради.

Шунингдек, агар ота-онаси ёздириб қўйган бўлса, боланинг чет тили курсини ташлашга ҳеч ким йўл қўймайди. Катталарда эса бундай чеклов йўқ  ва улар кўпинча бардош бера олмайдилар. Шундай қилиб биз, полиглот бўлиш ниятидагилар учун учта зўр янгиликни аниқлаб олдик:

Чет тилини тез ўрганиш учун сизга пул ҳам, саёҳат қилиш ҳам, болаликка қайтиш ҳам керак эмас экан.

Бу уч баҳона энди иш бермайди.

7. Ўз сўз захирангизни мнемоника ёрдамида тўлдиринг

Механик такрорлашнинг ўзи етарли эмас. Гарчи, такрор ва такрор қайтариш сўзни сизнинг хотирангизга тамғалаб қўяр, бироқ вақт ўтиши билан сиз уни унутиб юборишингиз мумкин. Бундан ташқари, шундай сўзлар ҳам борки, уларни доим такрорлаб туришингизга қарамай, ёдлаб қололмайсиз.

Бундай қайсар сўзлар учун мнемоника – эслаб қолиш санъатидан фойдаланиш мумкин. Сиз ўзингиз учун керакли сўз ҳақида кулгили бир қисқа ҳикоя ўйлаб топасиз ва мазкур бир-бирини эслатувчи боғлиқлик (ассоциация) ёрдамида уни хотирада қаттиқ сақлаб қоласиз.

Ўзингиз мустақил ўйлаб топишингиз ёки махсус ресурслардан фойдаланишингиз ҳам мумкин, мисол учун, memrise.com каби. Бу ресурсда фойдаланувчилар тил ва фанларни нисбатан осонроқ ўрганиш учун турли ҳикояларни ўйлаб топадилар. Сиз мана шундай тайёр ҳикоялардан фойдаланишингиз ёки ўзингиз ўйлаб топишингиз мумкин.

8. Ўз хатоларингизни севинг

Сайёрамиз аҳолисининг чамаси ярмидан кўпи биттадан ортиқ тилни билади. Бу дегани, биртиллилик – биологик омил эмас, балки маданият натижасидир. Демак, агар ёши катта инсонлар чет тилларини ўрганишда муваффақиятсизликка учрасалар, бунинг сабаби ирсиятда эмас экан. Бунинг ҳақиқий сабаби уларни тилга ўқитиш тизимидаги хатолик.

Чет тилларига ўқитишнинг анъанавий тизими бошқа барча академик фанларга ўхшаш. Сизнинг она тилингиз билан сиз ўрганмоқчи бўлган тилдаги фарқ, сиз ёд олишингиз керак бўлган грамматик қоидалар ва сўзларни тўғри ёзиш қоидаларининг бир-бирига мувофиқ келиши сифатида ўз ифодасини топади.

Агар сиз барча қоидаларни ўрганиб олсангиз, мана шунда тилни мукамммал биласиз. Тўғрими? Муаммо шундаки, сиз тилни астойдил “ўрганиб” ололмайсиз, балки ундан фойдаланасиз, холос. Бу сиз биладиган ёки билмайдиган фан эмас,балки нсонлар ўртасидаги мулоқот воситасидир.

Тил билимлари ўзида сақлаш учун эгалланмайди, – улардан фойдаланиш зарур. Сиз тилни ўргана бошлашингиз билан, дарҳол унда мулоқот қилишни ҳам бошлаш лозим, гарчи ҳозирча ғализроқ ва акцент билан, эгаллаган сўз бойлигингиз ҳам озроқ бўлса-да.

Албатта, сиз чет элликлар билан суҳбатни қачонки сиз хорижий тилда “Кечирасиз, илтимос, менга айта олмайсизми, энг яқин ҳожатхона қаерда жойлашган?” каби барқанот ибораларни қўллай олгунингизга қадар кейинроққа суриб қўйишингиз ҳам мумкин. Бироқ, “Айтингчи, ҳожатхона қаерда?”, деган ҳеч бир кераксиз тўлдирувчиларсиз ҳам айнан мана шу маълумотга эга бўлиш мумкин-ку.

Сизни тўғрисўзлигингиз учун кечирадилар, чунки сиз чет тилини энди ўрганяпсиз ва ҳамма буни тушунади. Тил эгалари уларнинг она тилисида сизнинг безбетларча жуда ҳам ғализ гапираётганингиз учун жаҳллари чиқади, деб ўйламанг.

Қўлингиздан келадиган энг яхши йўл – идеал тарзда гаплашишга ҳаракат қилманг.

Бунинг ўрнига ўз хатоларингизни яхши кўринг. Сиз бирор нарсани ўрганаётганда, доим хато қиласиз, бу табиий. Сиз тажриба оширмоқдасиз, ўз билимларингизни мукаммаллаштиряпсиз ва олға қадам ташлаяпсиз.

9. Оқилона мақсадлар қўйинг

Чет тилларини ўрганишга ёндашиш юзасидан яна бир хато – аниқ ва оқилона мақсаднинг йўқлигидир. Мисол учун, янги йилдан сиз инглиз тилини ўрганишга қарор қилдингиз, сиз мақсадингизга эришганингизни, тилни “ўрганиб олганингизни” қачон биласиз? Бу каби мақсадлар фақат чексиз дилсиёҳликни келтириб чиқаради: “Мен ҳали тайёр эмасман, мен тилни ТЎЛИҚ ўргана олмадим” каби.

Оқилона мақсадлар бешта мажбурий тавсифга эга бўлади: аниқ,ўлчанадиган, эришиладиган,тегишли ва вақт бўйича чекланган. Тил ўрганиш бўйича мақсадларга эришишни бошлашдан аввал, билим эгаллашнинг даражалари бўйича  европа таснифи билан танишиб чиқиш тавсия этилади.

Бу сизларга аниқ мақсад қўйишга ва ўз ўсишини кузатишга ёрдам беради. Ҳозирги кунда европа тилларини ўрганиш бўйича жуда кўп мактабларда қуйидагича тасниф жорий этилган, уларнинг баъзилари билан балки сиз ҳам танишдирсиз. А – бошланғич (beginner), B — ўрта (intermediate) ва C — илғор (advanced).

Расмий таълим муассасалари сизни тестдан ўтказиши ва тилни билиш даражангиз ҳақида диплом бериши мумкин.  Бундай тестларни сиз инглиз  немисфранцузиспанирланд ва бошқа расмий европа тилларида топширишингиз мумкин. 

Гарчи осиё тиллари учун бундай тасниф қабул қилинмаган бўлса-да, сиз барибир хитой ва япон тиллари учун монанд тестларни топширишингиз мумкин бўлади. Шундай экан сиз нимага интиласиз? Сиз учун “эгаллаш” ва “мукаммал эгаллаш” сўзлари қандай аҳамият касб этади, агар уларни реал босқичларга ўтказадиган бўлсакчи?

10. Сўзлашиш босқичидан мукаммал эгаллашгача

Ўз билим даражасини сўзлашиш тилидан мунтазам равишда ўстириб бориш ва атиги уч ой ичида равон гаплаша оладиган бўлиш учун, узлуксиз машқ қилиш талаб этилади. Кунига камида бир соат сиз хорижий тилда гаплашишингиз ва сўзлашув давомида қўллайдиган янада кўпроқ янги сўзларни ўрганиш мақсадида имкон қадар турли мавзуларни танлашингиз керак бўлади.

Масалан, кундалик машқларингизни суҳбатдошингиздан кунни қандай ўтказганини сўраш ва ўзингиз кечирган тасссуротлар ҳақида гапириб бериш орқали бошлашингиз мумкин бўлади. Сўнгра эса сизга айтиб берганларини муҳокама қилишга ўтишингиз ҳамда ўз фикр ва мулоҳазаларингиз ҳақида гапиришингиз мумкин. Ўзингиз ёқтирган нарсалар ҳақида, интилиш ва мақсадларингиз тўғрисида, ёқтирмайдиган нарсаларингиз, таътилни қандай ўтказишингиз ва бошқалар ҳақида суҳбатлашинг.

Қисқа вақт ичида B1 дан B2 ўтиш анча қийин ва бунда сиз жуда кўп хатолар қиласиз. Бироқ аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, хатолар – бу сизнинг тараққиётингиз ва олға интилишларингиз. Мунтазам машқлардан сўнг суҳбатлашув давомида сиз грамматик қоидаларни яхшироқ тушуна бошлайсиз. Бироқ,бу ёндашув ҳамма билан ҳам бирдек иш бермайди: баъзилар  учун ўқишнинг бошидан грамматикани ўрганиш қулайроқ.

Сиз B2 босқичига ўтганингиздан сўнг энг қувноқ лаҳзалар бошланади. Сиз энди тил эгалари билан мулоқот чоғида тўлақонли қониқиш ола бошлайсиз. Бироқ навбатдаги босқичларга ўтиш учун суҳбатларнинг ўзи камлик қилади.

Энди сизга газеталарни, блоглардаги профессионал постлар ва бошқа мақолаларни ўқишингизга тўғри келади, буларни эса “енгил ўқиш” деб бўлмайди. Сиз ўзингизни ҳар куни эрталаб хориж газеталаридаги янгиликларни ўқишга ўргатишингиз мумкин, шунингдек,бунда  турли тоифадаги мавзуларни танлаш тавсия этилади.

Тилни мукаммал билишга (C2) эришиш янада қийин. Агар сиз бу босқич учун имтиҳон топширадиган бўлсангиз, ўта олмайсиз, бунда ўз хатоларингизга эътибор қаратинг. Агар сиз сўзлашув ва грамматикани топширган бўлсангиз-ку, бироқ тинглаш бўйича ўта олмаган бўлсангиз, келгусида нималарга эътибор қаратишингиз кераклиги тушунарли. Сизнинг машқларингиз чет эл радиостанцияларини, интервью ва аудиоматериалларни тинглашни ўз ичига олиши керак бўлади.

11. Акцентсиз гаплашишни ўрганинг

C2 босқичида сиз сўзлашувчи сифатида тилни яхши биласиз, бироқ сизда ҳануз акцент (талаффузда оғиш) сақланиб қолган ва сиз қандайдир хатоларни ўтказиб юборасиз. Бу сизнинг билим даражангизга унчалар ҳам боғлиқ эмас ва бунга кўпроқ икки омил сабабчи. 

1-омил. Сизнинг акцент ва интонациянгиз

Акцент сезиларли. Агар сиз “r”ни инглизчасига талаффуз қила олмас экансиз, ҳар қандай тил эгаси сизнинг чет эллик эканингизни дарҳол англайди. Сиз бундай товушларни чиқаришга одатланмагансиз ва тил мушаклари етарли даражада ривожланмаган. Аммо буни ўзгартириш мумкин: YouTubeда талаффуз батафсил ифодаланган яхши видео кўриш акцентдан халос этади.

Интонация ҳам муҳим, бироқ уни кўпинча инобатга олмайдилар. Сўзларда олға қадам, кўтарилиш, қулаш ва акцентлар.Сизнинг нутқингиз тил эгалари нутқига ўхшаши учун бошданоқ нутқнинг оҳанги ва ритмини кузатиб бориш ва уларга тақлид қилишга ҳаракат қилиш лозим. Махсус The Mimic Method ресурсида интонацияларни айнан такрорлаш устида машқ қилиш мумкин.

2-омил. Ижтимоий ва маданий интеграция

Сиз тилни қанчалик мукаммал билманг, бошқа миллат вакиллари барибир ҳам сизни ўзиники сифатида тан олмайди. Эҳтимол, улар сиз билан ўз она тилларида гаплашмасликлари ҳам мумкин ва сизнинг рус ёки инглиз тилидан фойдаланишингизга тўғри келар (агар сиз бошқа тилни ўрганган бўлсангиз, бу бироз ачинарли ҳолат).

Бу ерда гап сизнинг бу мамлакат одамига ўхшамаслигингизда эмас, – кўпроқ сизнинг феъл-атворингизнинг уларникидан фарқ қилишида. Сиз бошқача кийинасиз, ўзингизни бошқача тутасиз, юриш-туришингиз, имо-ишораларингиз, қўл ушлашингиз ҳам – уларникидан тубдан фарқ қилади.

Нима қилиш керак? Интонация каби сиз уларнинг феъл-атворига ҳам тақлид қилишингиз мумкин. Одамларни кузатинг, юриш-туришига эътибор қаратинг ва сиз ўртадаги фарқни дарҳол англайсиз. Агар сиз ўз феъл-атвор, нутқ суръати, имо-ишоралар ва бошқа омилларни уларникига ўхшатишга ҳаракат қиладиган бўлсангиз, чет эл кишиси сиз билан ўз она тилида гаплаша бошлайди.

12. Полиглот бўлинг

Агар сизнинг мақсадингиз – бир нечта тилларни ўрганиш бўлса, барчасини бирйўла ўрганиш мумкин, бироқ ҳеч бўлмаганда ўрта босқични эгаллагунга ҳамда шу тилда ишонч билан гаплаша олгунга қадар фақат биттасининг устида тўхталинг. Мана шундан сўнг навбатдаги тилни ўрганишга ўтинг.

Бир неча ой ичида анча муҳим муваффақиятларга эриша олишингизга қарамай, ўрганган тилингизда умрингиз охирига қадар бемалол гаплаша олишингиз учун узлуксиз равишда тажриба орттиришингиз ва ўз билимларингизни мукаммаллаштиришингиз керак бўлади. Шунингдек, яхши янгиликлар ҳам бор: агар сиз чет тилида равон гаплашишни ўрганиб олган бўлсангиз, бу сизга узоққа етади.

Сизчи, нечта тилни биласиз ва уларни ўрганиш сизда қийинчилик туғдирмаганми?