Суратлар яратиш – бу санъат, бизнес ва қизиқиш. Айнан шу боис профессионал суратларни олиш учун қурилмаларга салмоқли маблағ сарфлаш керак.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Суратлар яратиш – бу санъат, бизнес ва қизиқиш. Айнан шу боис профессионал суратларни олиш учун қурилмаларга салмоқли маблағ сарфлаш керак.

Бироқ, махсус аппаратурасиз яхши суратлар олиш имконини берадиган айрим “тежамкор” ҳийлалар ҳам бор ва бугун уларни сиз билан ўртоқлашишни истадик.

Туман эффекти

Суратлар манбаи: Novate.ru

Объектив атрофига ўралган оддий целлофан туман эффектига эга ноёб кадрлар олиш имконини беради. Бундан ташқари, ёруғликни синдирувчи ва акс эттирувчи чизиқлар ҳосил бўлиши учун целлофан ўрамни ғижимлаш мумкин. Шунингдек, янада қизиқарли саҳналарга эга бўлиш учун целлофан ва объектив ўртасидаги масофа билан тажриба ўтказиш мумкин.

Чақноқ учун тарқатувчи

Сутканинг кечки вақтида ёки яхши ёритилмаган хоналар ичида олинган суратлар куйдирилгандек кўринмаслиги учун ўрнатилган чақноқ учун қўлбола акс эттирувчидан фойдаланишга уриниб кўринг. Уни қалин оқ қоғоздан ёки пластикдан ясаш мумкин.

Винтаж суратлар

Юмшоқ таъсирли, туман эффектили ва четлари хира бўлган унутилмас винтаж суратларни махсус объективларсиз ҳам яратса бўлади. Объективга асталик билан вазелин ёки ёғли крем суринг ва ажойиб суратлар олинг.

Акс эттирувчи

Суратдаги ёруғликни яхшилаш учун тақсимча шаклидаги ясама акс эттирувчини ишлатинг. Шунчаки пластик тақсимчани фольга билан ўранг ва уни ташқи чақноққа маҳкамланг.

Макрообъектив

Махсус қурилмасиз макро суратга олиш имкониятларини яхшилаш учун ҳожатхона қоғозининг картон тиқинини фотоаппарат объективига кийдириш керак.

Уй фотостудияси

Фонлар – профессионал фотостудиянинг мажбурий таркибий қисмидир. Уй шароитида уларни деворга ёпиштирилган гулқоғозлар, қадоқлаш қоғози ўрамлари, ёрқин клеёнка ёки журнал вароқлари билан алиштириш мумкин.

Чақноққа рангли фильтр

Ранглар ва ёритиш билан тажриба қилишда сотиб олиш ёки мустақил ясаш мумкин бўлган рангли фильтрлар ёрдам беради. Фильтрларни тайёрлаш учун рангли пластикдан ишланган шаффоф папкалар ёки дафтарлар учун ранг-баранг муқовалар тўғри келади. Керакли ҳажмдаги бўлакларни кесиб, уларни пул резинаси ёрдамида чақноққа маҳкамланг.

Фотоаппаратни тўғри ушлаш

Ҳаваскорлар камдан-кам фотоаппаратни тўғри ушлаш ҳақида ўйлашади, аммо суратнинг кескинлиги ва аниқлиги айнан шунга боғлиқ. Фотокамерани доим икки қўлда ушлаш зарур. Ўнг қўлнинг кафти фотоаппарат корпусини ушлайди, бош бармоқ орқа деворда, кўрсаткич бармоқ бўш ҳолда тўсиқни тушириш тугмасида, қолган уч бармоқ эса – олд деворда туради. Чап қўлнинг асосий вазифаси ихчам фотоаппарат оғирлигини пастдан, кўзгули аппаратни – объектив остидан ушлаб туришдир. Суратчининг тирсаклари танага ёпишиб туриши, тана ҳолати эса максимал даражада барқарор бўлиши керак.

Соялар билан тажрибалар

Антиқа соялар суратлар қизиқарли ва камёб чиқишига ёрдам беради. Студияда суратга олганда ёритиш мосламаси рўпарасига тортилган тўрли мато, қоғоздан кесилган нақшлар, жалюзи ва бошқа исталган қизиқарли текстуралар сунъий сояларни яратишга ёрдам беради.

Штатив

Штатив – фойдали, аммо қимматли буюм. Хусусан, ПВХ қувурларидан мустақил равишда оддийгина фотоштативни ясаш ҳам мумкин.

Фотобокс

Ўзини мавзуга доир суратларга синаб кўришни истаганларга яхши фон ва тўғри ёруғликни таъминлайдиган ясама лайтбоксни яратиш ғояси керак бўлади. Бошланишига симдан куб шаклида каркас ясанг, унинг бешта деворига унча қалин бўлмаган қоғозни ёпиштириб, бутун конструкция устидан стол лампасини ўрнатинг.

Акслар ўйини

Камера олдидаги оддий ихчам кўзгу объектлар аксига асосланган ғаройиб эффектлар яратиш имконини беради. Кўзгулардан ташқари бошқа акс эттирувчи юзалардан фойдаланиш ҳамда уларнинг ранглари ва ёритиш билан тажриба ўтказиш мумкин.