• 9
  • 1
  •  
  •  
  •  
    10
    Shares

Анчадан буён қарзларингиздан қутулишга ва пул тўплашга ҳаракат қиляпсизу, аммо ҳеч нарса кутганингиздек бўлмаяпти. Демак, ҳаражатларга нисбатан муносабатни қайта кўриб чиқишнинг вақти келган. Барча муваффақиятли одамлар – тадбиркорлар, инвесторлар, миллиардерларни – ҳаражатларга бўлган ўта прагматик муносабат бирлаштириб туради.

Бой одамлар пулни сочишни яхши кўради деб ўйлаш хато. Бутун дунё бўйлаб турли нашрлар бой инсонлар ҳақида ёзган мақолаларини кўриб чиқиб, бадавлат ва омадли одамлар пул сарфламайдиган айрим харидлар тоифаларини аниқладик. Сиз билан биз эса аксинча йўл тутган бўлардик, албатта.

Режалаштирилмаган харидлар

Ёқимли, аммо кераксиз буюмни чегирмага сотиб олиб, уйга келгач афсус қилиш: кимнинг ҳам бошидан ўтмаган дейсиз. Баъзан ҳаммамиз ҳам режада бўлмаган харидларга пул сарфлаймиз ва бу ҳолат ортиқча жинси шим ҳеч нарсани ўзгартирмайдиган миллиардерлардан бизни ажратиб туради. Бироқ, инвестор ва миллиардер Уоррен Баффет айтганидек,

“Агар кераксиз нарсаларни сотиб олаверсак, тез орада зарурларини сотишимизга тўғри келади”.

Кераксиз нарсаларга ҳаражатлар олдини олишнинг самарали усули – дўконга боришдан аввал харид қилинадиган нарсалар рўйхатини тузишдир.

Қимматли кўчмас мулк

Ўта қиммат нархда нуфузли турар-жой сотиб олиш – шубҳали инвестициядир. Бой одамлар, аксинча, арзон нархда истиқболли мулкни сотиб олиб, унинг қиймати ошганида фойда қиладилар.

Кенгайтирилган кафолатлар

Янги техникани сотиб олаётганда кенгайтирилган кафолат таклифларига одатда камтарона даромад эгалари рози бўладилар: айнан улар буюм бузилишидан кўпроқ қўрқадилар ва натижада ортиқча пул сарфлайдилар.

Бренд кийимлар

Миллионерлар энг қимматли дизайнерларнинг янги тўпламларидаги ҳашаматли либосларни олишлари мумкин, аммо уларнинг ҳаёти кўп вақт одамлар орасида ўтмаса, бу фикрдан воз кечадилар. Масалан, Стив Жобс қандай кийинганини эслаб кўринг. Билл Гейтснинг соати 10 доллар туради, Роман Абрамович омма орасида 700 рублга олинган футболкада чиқишдан уялмайди. Британия тахти ворисининг рафиқаси эса масс-маркет кийимларида омма орасида юради.

Сўнгги урфдаги гаджетлар

Бадавлат одам гаджети урфдан ортда қолиб, кўриниши ёки маънан эскирган бўлса ҳам, смартфон ёки соатнинг охирги модели ортидан қувмайди. Миллионерлар харид борасида қарор қабул қилишнинг бошқа механизмидан фойдаланадилар: улар ҳозирда шу ҳаражат қанчалик мақсадга мувофиқлигини ҳисоблаб кўрадилар. Тезкор равишда арзонлашиб бораётган электроника сарфланган пулларни камдан-кам оқлайди.

Кредитлар, комиссиялар ва кечиктирилган тўловлар учун жарималар

Бой одамлар биргина оддий сабаб туфайли кредит олмайдилар ва пулларини жарималар, пенялар ва комиссияларга сарфламайдилар: улар доим кечиктирмасдан ўз вақтида тўлайдилар. Миллиардер, инвестор Марк Кьюбаннинг айтишича,

“Агар кредит картасидан фойдалансангиз, демак бой бўлишни истамайсиз”.

Болаларга кўплаб янги ўйинчоқлар

Ўртача даромад олувчи одамлар фарзандларининг хоналарини улар дўконда кўриб қолган ўйинчоқлари билан тўлдириб, эркалатадилар. Бундай ёндашувда миллионерларнинг болалари ўйинчоқларда чўкиб кетган бўлардилар. Бадавлат одамлар асосли ҳаражатларни афзал кўрадилар ва рекламада кўрсатилгани учунгина янги қўғирчоқни сотиб олмайдилар.

Зарарли егулик

Миллионер таомномасининг камтарона даромадли одамнинг одатда истеъмол қиладиган маҳсулотларидан энг асосий фарқи – маҳсулотларнинг нархи эмас. Бой одамлар соғлом овқатланишга ружу қўйган. Улар оддий одамлардек донлар ва сабзавотларни истеъмол қилишлари мумкин, аммо шаурма, гамбургерлар, қовурилган картошка ва супермаркетдаги тайёр овқатлар бўлимининг майонез солинган салатларини емайдилар.

Нуфузлилик ҳаражатлари

Бунга бой ва омадли одам қиёфасини яратишга кетадиган ҳаражатларни киритиш мумкин. Оддий қилиб айтганда, кўзни шамғалат қилишга кетган пуллар. Бой бўлиб кўринишни истаган одамлар ҳашаматли кечалар, бизнес-тоифада парвоз қилиш, янги автомобилларга катта маблағ сарфлайдилар. Бу орада, ҳақиқатда муваффақиятли шахслар жуда камтарона ҳаёт кечирадилар. Масалан, IKEA асосчиси Ингвар Кампрад тежамкор тоифада парвоз қилиб, эски “Вольво”да юрган. Англия қироличаси Елизавета II эса Букингем қасрида электр энергиясини тежайди.

Болалар учун қўшимча таълим

Ўртача даромад эгалари кўпинча фарзандларига турли ўқитувчиларни ёллайдилар. Кимлардир буни бахтли ва бой ҳаётга чиптани совға қиладиган истеъдодни очиш учун қиладилар. Бошқаларининг фикрича, мураббийлар ёрдамида бола мавзуни яхшироқ ўзлаштиради. Бой одамлар ўз тажрибасидан келиб чиқиб, қўшимча дарслар келажакдаги молиявий барқарорликнинг кафолати бўлмаслигини биладилар ва болаларига болаликдан завқ олиш имконини берадилар.

Экстрасенслар, фолбинлар ва башоратчилар

Тадқиқотларга кўра, юксак таҳлилий қобилияти бўлмаган одамлар фолбинларнинг мижозларига айланади. Ваҳоланки, бу бойлик ва муваффият сари йўлдаги энг асосий сифатдир. Бундан ташқари, омадли одамлар ўз кучлари ишонадилар ва ёт кучларнинг ёрдами уларга шунчаки керакмас.

Шахсий ўсиш тренинглари

Карьераси ёки шахсий ҳаёти тартибга келмаган кам даромадли фуқаролар инсофсиз лайф ва бизнес мураббийларнинг асосий нишонидир. Бундай тренингларнинг бефойдалиги тўғрисида биргина чиқишлари учун катта маблағ оладиган буюк мураббийларга ташрифдан кейин кўп айтилади. Бироқ, ҳанузгача кўникмаларини синаш истагида бўлганлар топилади. Бу ишга пул сарфлаш арзиши ёки арзимаслигини машҳур миллиардерларнинг ҳаётларини ўрганиш орқали тушуниш мумкин: бу каби тадбирларга пул сарфлаш орқали бойиб кетган одам ҳақидаги воқеани топа олмасангиз керак.

Уйни безатишга оид сўнгги урф талаблари

Деярли ҳар ой янги безак материаллари ва мебель фасонлари пайдо бўлади. Сўнгги урфга амал қиладиган ўрта синф вакиллари ҳозирда урф бўлган нарсаларга пул сарфлайдилар. Бир неча йилдан сўнг уларнинг уй безаклари долзарблигини йўқотади: ҳеч ким гулли гулқоғозларни сотиб олмайди, энди ёрқин орнамент урфда. Барини ўзгартириш керак! Агар бой одамларнинг уйларига разм солсангиз, кўпинча уларнинг қачон таъмирдан чиққанини тушуниш қийин кечади. Бўялган деворлар, оқ шифт ва ёғоқ ёки плитали пол – асрлар давомида синовдан ўтган вариант.

Молиявий одатларни ўзгартириш қийин: бирйўла шаклланган турмуш тарзини ҳам қайта кўриб чиқишга, дунёқарашга тузатишлар киритишга тўғри келади. сизчи, қайси ҳаражатлардан осонгина воз кечган бўлардингизу, қайсиларини ҳаттоки ёрқин келажак учун ҳам қурбон қила олмайсиз?

Телеграм, Facebook, Одноклассники-даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!