Lifehaq.uz қатъий равишда авлоддан авлодга ўтиб келаётган ҳомиладорлик билан боғлиқ 13та машҳур уйдирмани йўқотишга тайёр.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Ҳомиладорлик ҳар бир аёлнинг ҳаётидаги жуда муҳим ва ҳаяжонли давр. Бундай ноёб воқеа атрофида кўп сонли турли уйдирмалар ва иримларнинг мавжудлиги ҳайратланарли эмас.

1. Ҳомиладор аёл “икки киши” учун овқатланиши керак

АҚШ тиббиёт институтининг таъкидлашича, аёл соғлом вазнга эга бўлса биринчи уч ойликда қўшимча калориялар керак эмас. Иккинчи уч ойликда рационга кунига 340 ккал, учинчи уч ойликда эса – 450 ккал атрофида қўшиш керак. Бу – икки стакан кефир билан бир сиқим писта ёки пишлоқли бутерброддир.

Шу боис бўлажак она кўп эмас, балки тўғри овқатланиши керак.

2. Аёллар ҳомиладорликда аҳмоққа айланади

Ҳақиқатдан ҳам гормонал ўзгаришлар аёлни янада ҳиссиётга берилувчан, таъсирчан, баъзан эса мантиқсиз қилиб қўяди. Лекин, айнан шу даврда кўплаб аёллар ўзларида авваллари ҳаёлларига ҳам келмаган исътедодларни кашф қиладилар. Хусусан, хитойлик Ло Цяньси каби ажобий суратлар чизадилар, бўлажак болалари учун китоблар ёзадилар ва ҳаттоки ўз бизнесларини йўлга қўядилар.

Кўплаб актрисалар ҳомиладор пайтида омадли суратга тушиб, ҳақиқатдан ҳам ноёб ва чуқур ролларни ҳадя этадилар. Шу билан бирга, “мамнезия” (baby brain) ҳолати чиндан ҳам мавжуд. Аёлнинг мияси ижтимоий мослашув устида ишлайди ва бола билан бўлажак она ўртасидаги боғлиқликни шакллантиради. Шу боис аёл учун бир вақтнинг ўзида кўп ишни бажариш қийин кечади ва у ҳақиқатдан ҳам ниманидир унутиши мумкин.

3. УЗИ бола саломатлигига зарар етказади

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг нормативларига кўра, ҳомиладорлик нормл ривожланган тақдирда 3 марта УЗИ қилинади – ҳар уч ойликда бир мартадан. Скрининг кўпроқ онанинг саломатлиги нимадир ҳавф солганида амалга оширилади.

УЗИ ионлашмайдиган нурланишга асослангани боис, масалан рентген нурлари каби хавфга эга эмас. Ультратовуш текшируви бачадондан ташқаридаги ҳомиладорликни истисно қилиш, ҳомиланинг эҳтимолий патологияларини билиш, ҳам аёл, ҳам болага ўз вақтида ёрдан кўрсатиш имконини беради.

4. Биринчи болани 30 ёшгача туғишга улгуриш керак

Агар 30 ёшли аёл ўзини парвариш қилса, тўғри овқатланса, спорт билан шуғулланса ва мунтазам равишда гинеколог текширувидан ўтиб турса, унда асоратлар хавфи 20 ёшли бўлажак онаникидан кўп бўлмайди. Бола ва ҳомилани кўтариб юриш патологиялари биологик ёш эмас, балки танамиз ҳолатига боғлиқ. Замонавий диагностика энг эрта муддатларда бола ривожланишидаги оғишларни аниқлаш имконини беради. Шунинг учун аёллар ҳомиладорликни жисмонан ва руҳан тайёр бўлганларида режалаштиришлари мумкин.

Аксарият шифокорларнинг фикрича, биринчи болани дунёга келтириш учун энг яхши ёш, бу – 20-30 ёш оралиғи. Техаслик доктор Жон Мруоскининг илмий тадқиқотлари натижасига кўра эса, соғлом болани туғиш учун энг мақбул ёш – 34 ёшдир.

5. Ҳомиладорлар доим шўр нарсаларни егиси келади

Ҳомиладор аёлнинг организми ўзига етишмайдиган озуқавий элементлар ва минералларни жуда ғалати усулда талаб қилиши мумкин. Масалан, бир бўлак мел ёки бир сиқим кулни ейиш истаги орқали. Антиқа овқатланиш истакларининг яна бир сабаби гормонал ўзгаришларга, баъзида эса шунчаки ўзини меҳмон қилиш хоҳишига боғлиқ.

Бунда ҳам шўр, ҳам ширин ёки нордонга кўнгил кетиши, баъзида эса ҳаммасини татишга истак бўлиши мумкин. Айтганча, ҳомиладор аёлларнинг энг севимли маҳсулотлари рўйхатида 1-ўрин шоколадга берилган.

6. Спорт зали, бассейнга бориш? Йўқ, фақат тинчлик ва ҳотиржамлик

Агар ҳомиладорлик нормал кечаётган бўлса, мунтазам жисмоний юкламалар бўлажак она учун зарурдир. Спорт тонусни ушлаб туришга ёрдам бериб, боланинг ривожланишида фойда беради, туғиш жараёнини енгиллаштириб, кейинчалик онанинг тез ўзига келишига кўмаклашади. Табиатда ҳаммаси ўйланган: ҳомиладорлик вақтида аёлларнинг мушаклари ва пайлари янада эгилувчан ва чидамли бўлади.

Машғулотларингиз схемаси ва такрорийлигини шифокор ва тажрибали мураббий билан муҳокама қилинг.

7. Ҳомиладорликда жинсий алоқа болага шикаст етказиши мумкин

Чамаси, энг кўп уйдирмалар ҳомиладорлик вақтидаги жинсий алоқанинг зарарига боғланган. Гўёки, бу ҳам зарарли, ҳам хавфли, ҳам ёқимсиз, ҳам умуман аҳлоқсизлик экан. Бироқ ҳомиладорлик яхши кечаётган бўлса, бундай алоқа болага ҳеч қандай зарар етказмайди.

Аксинча, мунтазам жинсий алоқа мақсадга мувофиқдир, чунки у тос мушакларининг мустаҳкамланишига ёрдам бериб, бўлажак онага ижобий ҳиссиётларни тақдим этади. Аёлнинг бу даврдаги руҳий ҳолати эса жуда ва жуда муҳимдир.

8. Ҳомиладор аёл сочи ва тирноқларини бўяши мумкин эмас

Ҳомиладорлик даврида чиройли ва парваришланган бўлиш мумкин. Асосийси маҳсулотнинг таркибини яхшилаб ўрганиш зарур. Агар таркибий қисмлар орасида толуол, формальдегид, камфар, аммиак ёки резорцин топган бўлсангиз, бу воситани бола туғилишигача четга қўйган маъқул.

Машҳур брендларнинг сифатли замонавий косметик воситаларида хавфли моддалар бўлмайди, шунинг учун улардан фойдаланиш мумкин.

9. Балиқ ва ёнғоқ енг – ақлли болани дунёга келтиринг

Ушбу маҳсулотларнинг фойдали хусусиятларини инкор эта олмаймиз. Ёнғоқ томирлар ва юракни мустаҳкамлайдиган, шунингдек асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатадиган калий ва магнийга бой. Балиқ таркибидаги йод қалқонсимон без учун фойдали. Шу боис бўлажак она уларни таомномасига қўшиши керак.

Балиқ ва ёнғоқда мия саломатлигини сақлашга ёрдам берадиган омега-3 ёғ кислоталари мавжуд. Бироқ, уларнинг бўлажак боладаги ақлий қобилиятлар ривожланишига таъсири исботланмаган.

10. Ҳомиладорлар учун стресслар жуда зарарли

Доимий ва кучли стресс ҳолатлари умуман ҳеч кимга фойдали эмас. Лекин ҳаммамиз ҳам турли стресс вазиятларига тушамиз ва бу нормал ҳолат. Бунда нохуш вазиятнинг ўзи эмас, балки унга бўлган муносабат аҳамиятлироқдир.

Аслида “асабийлигим туфайли болам озор чекяпти” қабилидаги охири йўқ ҳавотирлар қисқа вақтли руҳий кечинмага нисбатан анча ёмонроқдир. Ўзингизга кичик нохушликлар кайфиятингизни буза олмаслигини айтинг ёки худди Скарлетт О’Хара сингари бу ҳақида эртага ўйлашга имкон беринг.

11. Тери чўзилишига қарши крем — 1-сонли ёрдамчингиз

Тери чўзилишига қарши крем ҳақиқий даъво ҳамда барча муаммоларнинг самарали ечими сифатида таърифланади. Бироқ унинг таркиби намлантирувчи лосьондан у қадар кўп фарқ қилмайди. Албатта, бундай кремни қўллаш терингизни янада эгилувчан қилиши мумкин, аммо сиздаги чўзилган тери қисмларини мўъжизавий равишда йўқотишга унинг кучи етмайди.

Бу масалада ирсий омилни, шунингдек терингиз типини ҳам ҳисобга олиш зарур. Онангиз, холангиз ёки бувингизда ҳомиладорликдан кейин тери чўзилиши қандай кечгани ҳақида суриштиринг. Сизни ҳам шундай натижа кутиши эҳтимолга яқин.

12. Учинчи уч ойликда камроқ сув ичиш керак

Авваллари шишлар бўлмаслиги учун учинчи уч ойликда ҳомиладорларга камроқ сув ичишни маслаҳат қилишган. What to expect when you’re expecting асарининг муаллифлари олимлар билан ҳамкорликда шишлар ҳам, туғиш жараёнида сувнинг кўп бўлиши ҳам аёлнинг қанча сув ичишига боғлиқ эмаслигини исботладилар. Аксинча, етарлича миқдордаги сув уларни енгишга ёрдам беради. 

Олимлар ичаётган сувингиз етарли эканлигини аниқлаш учун мутлақо оддий тестни таклиф қилдилар. Табиийки, алкоголь бу рўйхатдан жой олмаган. 

13. Бола туғилганидан кейин ҳаётингизда ҳеч нарса ўзгармайди

Ёш она мақомидаги ҳаётингизнинг дастлабки йилларини енгиллаштиришнинг жуда кўп усуллари мавжуд. Масалан, слинг ёрдамида янада ҳаракатчан бўлиш мумкин. Бироқ аввалги ҳаёт тарзи ўзгаради. У яхши ёки ёмон эмас, шунчаки бошқача бўлади.

Тўғри, фарзандингизнинг биринчи ойидаёқ ишга чиқишингиз ва у билан дам олишга кетишингиз мумкин. Лекин, энди бу жараёнларни боланинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб ташкил қиласиз.

Ҳомиладорликка оид яна қандай уйдирмаларни биласиз? Биз билан ўртоқлашинг.