• 12
  • 1
  •  
  •  
  •  
    13
    Shares

Паст сифатли маҳсулотни ҳақиқийсидан махсус экспертиза ёрдамида фарқлаш энг тўғри йўл. Уй шароитида эса йиллар давомида синалган ҳамда ҳақиқий маҳсулотларнинг хусусиятларига асосланган ҳийлалар фойда бериши мумкин. Масалан, табиий сметана иссиқ сувда эрийди, ҳақиқий сигир сути сарғиш тусга эга бўлиб, таркибида камида 3,2 фоиз ёғ бўлади.

Қуйида сизга тақдим этилаётган тавсиялар ёрдамида инсофсиз ишлаб чиқарувчилар ва шунчаки товламачиларнинг макрига учрамайсиз.

Эритилган пишлоқлар

Ҳақиқий пишлоқ 100 фоиз сут ёғларидан иборат бўлади. Уни тайёрлаш учун сут, қаймоқ, қайта ишланган бошқа сут маҳсулотлари ва туз ишлатилади. Агар пишлоқ таркибида ўсимлик ёғи бўлса, бу пишлоқдан тайёрланган маҳсулотдир. Унинг нархи арзонроқ бўлиб, таркибида пишлоқнинг ранги, ҳиди ва фактурасини акс эттирадиган қўшимчалар мавжуд. Бундай маҳсулотнинг мунтазам истеъмоли саломатликка зарар етказади.

Қалбакисини фарқлаш:

  • Ҳақиқий эритилган пишлоқнинг массаси бир хил бўлиб, унда пуфакчалар эмас, балки бўшлиқлар бўлиши мумкин. У майдаланмайди, тишларга ёпишмайди, тахир таъм бермайди. Унинг ранги ҳаддан ташқари ўткир бўлмаслиги керак.
  • Агар ёрлиқда “пишлоқ” сўзининг ўрнига “эритилган маҳсулот” ёки “пишлоқдан тайёрланган маҳсулот” жумлалари бўлса, бу – пишлоқдан тайёрланган маҳсулот.
  • Бутербродлар учун мўлжалланган пишлоқли эритилган бўлакчалар ҳам пишлоқдан тайёрланган маҳсулотлар ҳисобланиб, уларни болаларга бериш тавсия этилмайди. Буларнинг ўрнига оддий пишлоқни кесиб берган маъқул.

Болалар учун мўлжалланган мевали ва сабзавотли пюрелар

Сифатли пюренинг таркибида сабзавотлар, мевалар ёки гўштдан бошқа ҳеч нарса бўлмаслиги керак. Туз ва шакар фақат бирламчи хом ашёда бўлиши мумкин. Баъзида таркиб нормал бўлиб кўринади, аммо идишнинг ичида шунчаки сув, ранг берувчилар, натрий глутамати ва ҳид берувчи қўшимчалар аралаштирилган арзон олмали пюренинг аралашмаси бўлади.

Қалбаки ёки сифатсиз маҳсулотни фарқлаш:

  • 2-3 ош қошиқ болалар пюреси ва ½ чой қошиқ содани аралаштириб, 15-20 сония давомида микротўлқинли печда иситинг. Табиий пюре қораяди, қалбаки маҳсулот эса рангини ўзгартирмайди.
  • Маҳсулотнинг қувватига эътибор беринг: 100 грамм маҳсулотдаги шакар миқдори углеводлар миқдоридан ошмаслиги керак.
  • Айрим ишлаб чиқарувчилар пюре нисбатан қуюқ бўлиши учун унга крахмал қўшадилар. Буни текшириш осон: бир стакан сувга 2 ош қошиқ пюрени солиб, бир неча томчи йод томизинг. Яхшилаб аралаштиринг. Агар стакан ичидаги масса кўкимтир-сиёҳранг тус олса, маҳсулотнинг таркибида крахмал ёки бошқа қуюқлаштирувчи модда мавжуд. Бу нарса қадоқда ёзилган бўлиши керак. Акс ҳолда, маҳсулот қалбаки ёки ишлаб чиқарувчи атайин сизни чалғитишга уринган бўлади.
  • Кафтингизга бироз пюре томизиб, бармоғингиз билан ишқалаб кўринг: агар маҳсулотда ҳид берувчи қўшимчалар бўлса, кафтингизда мойли из қолади.

Болалар аралашмаси

Ташиш чоғида шикастлаш қийин бўлган қадоқлардаги болалар аралашмасини олган маъқул: бу аралашмани истеъмолчи очгунига қадар унинг таркиби ўзгармаслиги кафолатидир. Бу борада металл идиш жуда қўл келади.

Баъзан бола янги қадоқдаги одатий аралашмани ейишдан бош тортади. Бу ҳолат аралашмалар турли давлатларда тайёрлангани ҳамда рецепт бир хил бўлишига қарамай, бирламчи хом ашё фарқ қилганида юз беради. Ишлаб чиқарувчи билан боғланинг: сизга қадоқлардаги кодлар ёрдамида хариддан аввал бундай аралашмаларни фарқлашни тушунтирадилар.

Қалбакисини фарқлаш:

  • Бир стакан сувга 1 ош қошиқ аралашмани солинг: сифатли маҳсулотда қумоқчалар ҳосил бўлмайди.
  • Бир неча томчи йод томизинг: агар маҳсулот таркибида ун ёки крахмал (улар ёпишқоқлик учун қўшилади) бўлса, аралашма кўкимтир тусга киради.
  • Маҳсулотнинг қадоғига эътибор беринг: хира ранглар, яхши босилмаган ҳарфлар ёки шунчаки ғалати безак – буларнинг бари қалбаки маҳсулотнинг яққол белгилари.

Сутли маҳсулот ёки сут

Сигирдан соғиб олинган ҳамда пастеризациядан ташқари ҳеч қандай ишлов берилмаган сут тоза ҳисобланади. У сарғимтир тусда бўлиб, таркибидаги ёғ миқдори камида 3,2 фоизни ташкил қилади. Ичимлик истеъмол учун янада яроқли бўлиши учун меъёрга етказилади: ёғ миқдори камайтирилади ёки кўпайтирилади, зарарсизлантирилади. Натижада, меъёрлаштирилган сут ҳосил бўлади.

Қаблаки ёки сифатсиз маҳсулотни фарқлаш:

  • Таркибидаги ёғ миқдори 3,2 фоиз бўлган тоза ёки меъёрлаштирилган сутни танланг. Агар ёғ камроқ бўлса, демак унга қуруқ сут аралаштирилган ҳамда витаминлар ва минералларнинг тўлақонли манбаи бўлолмайди. Бундай сутни фақат қандолатчиликда ишлатиш тавсия этилади.
  • Бир стакан сутга бир томчи йод томизинг: агар унда қўшимчалар бўлмаса, йод сарғиш-жигарранг бўлиб қолади. Агар йод яшил рангга кириб, кўк доғлар ва чўкма ҳосил бўлса, сутда қуюқлаштириш учун қўшилган крахмал бўлиши мумкин.
  • Болаларга ёғ миқдори камида 3,2 фоиз бўлган, қўшимча равишда кальций билан бойитилган, меъёрлаштирилган ультрапастеризацияланган сут бериш тавсия этилади. Бу табиий сигир сутидаги хавфли бактериялар аниқ йўқотилганлиги, ундаги фойдали хусусиятлар сақланганлиги ва зарур кальций миқдори тикланганлигига кафолат.
  • Баъзан сутга сақлаш муддатини кўпайтириш учун сода қўшилади. Унинг мавжудлигини қуйидаги усулда текшириш мумкин: озгина сутга 1 чой қошиқ сирка қўшиб, яхшилаб аралаштиринг. Агар ичимликда қўшимчалар бўлмаса, оқсил ивиб қолади. Агар сода мавжуд бўлса, кўпик пайдо бўлади.
  • Лактоза истеъмоли тақиқланган одамларга ёғсизлантирилган сут ўрнига ўсимлик сутини ичиш тавсия этилади. Бундай сут кўпинча гуруч, соя, кокос ёки бодомдан тайёрланади. У қайта ишланган ёки ёғсизлантирилган сутдан анча фойдалироқ, аммо барибир таркибидаги витаминлар ва минераллар борасида табиий сут ўрнини боса олмайди.

Майонез

Майонез, бу – тухум, ёғ, лимон шарбати, хантал ва зираворлардан тайёрланган қайла. У мунтазам истеъмол қилиниши, шунингдек керакли ранг, ҳид, фактурани олиш ёки узоқ сақланиши учун ишлаб чиқарувчилар қўллайдиган қўшимчалар туфайли зарарли бўлиши мумкин.

Паст сифатли маҳсулотни фарқлаш:

  • Агар сизга табиий майонез таклиф қилаётган бўлсалар, унинг сақланиш муддатини текширинг: қанча қисқа бўлса, шунча яхши. Уйда тайёрланган майонез музлатгичда атиги бир неча сутка туради. Сақланиш муддати қанча узоқ бўлса, унинг таркибида консервантлар шунча кўп, ўсимлик мойи эса кам бўлади.
  • Озгина майонезга 1-2 томчи йод томизиб, 30 сония кутинг ва аралаштиринг. Агар ишлаб чиқарувчи қуюлтириш мақсадида крахмал қўшган бўлса, йод томчилари кўк-сиёҳрангга киради.
  • Ҳозиргина очилган янги майонезнинг ёғи ажралиши ёки пуфакчалар пайдо бўлиши мумкин эмас. Бу белгилар майонез айниганлигидан далолат беради.

Сметана

Яхши сметана қаймоқдан тайёрланади. Унда ҳеч қандай ўсимлик мойи бўлмаслиги керак. Сақланиш муддати қисқа бўлган маҳсулотнинг фойдаси кўпроқ.

Ҳозирда ёғсизлантирилган сметананинг фойдаси ва зарари борасида фаол баҳс-мунозаралар олиб борилмоқда. Аслида бу ўхшаш таъм, ранг ва таркибга эга маҳсулот бўлиб, ҳеч қандай фойдали хусусиятларга эга эмас ва кўпинча қуруқ сутли оқсиллардан тайёрланади.

Сифатсиз ёки қалбаки маҳсулотни фарқлаш:

  • Бир стакан қайноқ сувга 1 чой қошиқ сметана аралаштиринг. Агар маҳсулот табиий бўлса, у бутунлай эриб кетади. Қалбаки маҳсулотдан эса сезиларли чўкма ҳосил бўлиб, қисман эрийди.
  • Озгина сметанага 1-2 томчи йод томизинг. Агар ишлаб чиқарувчи қуюқлаштириш учун крахмалдан фойдаланган бўлса, томчилар кўк-сиёҳранг тус олади.
  • Шишага бироз сметана томизиб, тўлиқ қотгунича қолдиринг. Яхши сметана юза бўйлаб бир текисда ёйилади, қалбакиси эса зарралар ва излар қолдиради.

Ҳақиқий туз ва хавфли зиравор

Сифатсиз маҳсулотни фарқлаш:

  • Кўриб турганингиз техник эмас, озуқа тузи эканлигини аниқлаш жуда осон: уни кафтингизга сепганингизда ачитиш ҳис қиласиз. Бундай маҳсулотни истеъмол қилиш хавфли!

Қуюлтирилган сут

Фақатгина таркибида сут, шакар ва сув бўлган оригинал рецепт бўйича тайёрланган маҳсулот “Шакарли қуюлтирилган сут” ёки “Суюлтирилган табиий сут” деб номланиши мумкин.

“Сгущёнка” ёки “Қуюлтирилган ўзига хос сут”, бу – ўсимлик мойлари ва бошқа қўшимчаларга эга паст сифатли маҳсулот. Аксарият ишлаб чиқарувчилар ҳақиқий қуюлтирилган сут кўриниши остида яққол қалбаки маҳсулотни таклиф қилиш орқали харидорларни алдайдилар.

“Пиширилган сгущёнка” ёки “Варёнка” ҳам “Пиширилган қуюлтирилган сут”дан фарқли равишда паст сифатли маҳсулотлардир.

Сифатсиз маҳсулотни фарқлаш:

  • Ҳақиқий қуюлтирилган сут идишини очганда маҳсулот юзасида ёғ ҳалқалари ёки қопламани кўрмайсиз. Масса бир хил, шакар зарралари ва қумоқларсиз бўлади.
  • Қуюлтирилган сутнинг таркибида аксорбин кислотаси ва стабилизаторлар бўлиши мумкин, аммо бундай маҳсулотни харид қилмаган маъқул.

Какао ёки бошқа ўсимлик мойларидан тайёрланган шоколад

Сифатсиз маҳсулотни фарқлаш:

  • Қадоқни диққат билан ўқинг. Яхши шоколаднинг таркибида камида 35 фоиз какао дони, сутли шоколадда – камида 25 фоиз, оқ шоколадда эса – камида 20 фоиз какао мойи бўлиши керак.
  • Агар таркибий маҳсулотлар қаторида пальма мойи, кокос ёки қандолатчилик мойлари кўрсатилган бўлса, бу паст сифатли шоколад. Уни болаларга бермаган маъқул.
  • Яхши шоколад плиткасининг юзаси ялтираб туриши керак. У қарсиллашсиз, осон синдирилади ва синган жойнинг юзаси кулранг туссиз бўлиб қолмайди.

Музқаймоқ

Музқаймоқ таркибида табиий қаймоқ ёки сут, шакар, сариёғ, тухум бўлиши керак. Шунингдек, табиий ҳид ва таъм берувчи қўшимчалар бўлиши мумкин.

Ҳеч қачон бошқа музлатилган маҳсулотлар ёнида сақланаётган музқаймоқни сотиб олманг: ширинликнинг хавфли бактериялар билан ифлосланиши эҳтимоли мавжуд. Шунинг учун, музқаймоқ қандай сақланиши кўринмайдиган жойлар, масалан кафеларда буюртма бермаган маъқул.

Сифатсиз маҳсулотни фарқлаш:

  • Агар музқаймоқ юзасида муз парчалари кўриниб турган бўлса, демак у қуруқ, нисбатан арзон сутдан тайёрланган.
  • Озгина музқаймоқни микротўлқинли печда иситинг: паст сифатли маҳсулотда пуфакчалар пайдо бўлиб, бир текисда эрийди. Сифатли ширинлик эса қисман эрийди ва юзаси силлиқ ҳамда ялтироқ бўлади.
  • Музқаймоқни еганда лабларда мойли из қолса, унинг таркибида ўсимлик мойлари борлигидан шубҳаланиш мумкин.

Эрувчан қаҳва

Эрувчан қаҳванинг сифати унинг таркиби ва тайёрланиш технологиясига бевосита боғлиқ. Яхшиси сублимацияланган маҳсулотни сотиб олинг: ундаги доналар бир текис карамель рангида бўлиб, нозик ва ёқимли ифорга эга.

Эрувчан қаҳвада жуда кам кофеин, аммо фойдали деб бўлмайдиган кўплаб қўшимчалар мавжуд. Хусусан, тезкор ва оддий рецепт ёрдамида нозик майдаланган қаҳвани дамлаган маъқул: сувни қайнатиб, туркага қаҳвани солинг ва кўпик кўтарилгунича бир неча сония кутинг. Тайёр!

Сифатсиз маҳсулотни фарқлаш:

  • Ёрлиққа эътибор беринг. Сақланиш муддати 24 ойдан ошмаслиги керак. Ишлаб чиқариш ва қадоқланиш санаси ўртасида қанча кам муддат бўлса, шунча яхши.
  • Шиша идиш доналарнинг сифатини кўриш имконини беради. Қадоқнинг тубида чанг ёки майда оқ тукчалар бўлмаслиги керак. Доналар йирик ва бир хил ҳажмда бўлади.
  • Бир стакан совуқ сувга 1-2 чой қошиқ қаҳва солинг. Агар ишлаб чиқарувчи цикорий қўшиш орқали тежашга қарор қилган бўлса, сув тўқ оловрангга киради, қаҳва эса эримасдан тезда стакан тубига чўка бошлайди. Сифатли маҳсулот аста-секин сув юзасида эрийди.
  • Бир чимдим қаҳвани қоғоз салфеткада сиқинг: агар ишлаб чиқарувчи бўёқдан фойдаланган бўлса, қоғозга ранг юқади.

Сиз ҳақиқий маҳсулотдан қалбакисини фарқлаш учун қандай усуллардан фойдаланасиз?

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!