•  
  •  
  •  
  •  
  •  

Мовий шаҳар, Андерсен эртакларидаги қирғоқ бўйи, конфет-кўча – эътиборингизга фотоаппарат билан бориш керак бўлган масканлар рўйхатини тақдим этамиз.

1. Мовий кўчалар, Шефшауэн

Шефшауэн шаҳрида мовий уйлар, ўтирадиган жойлар, тўсиқлар ва гултуваклардан иборат бир эмас, ўндан ортиқ кўчалар бор. Испанияда одамлар насронийлик динига эътиқод қилишга мажбурланган XV асрда аксарият мусулмонлар ва яҳудийлар қувғинга айланганлар. Уларнинг бир қисми Марокашга йўл олган ва айнан шу ерда аҳоли маскани пайдо бўлган. Яҳудийлар ўз уйларини талит, яъни ибодат ёпинчиғининг рангига ўхшаган кўкимтир тусда бўяганлар. Шу боис шаҳар кўчалари ёрқин ва ғайриоддий қиёфага кирган.

2. Кремьё кўчаси, Париж

Барча уйлар ёрқин ва майин ранглар – мовий, пушти, яшил, сариқ, сиёҳрангларга бўялган кичкина ва сокин кўча… Кремьё кўчасида жами бўлиб 25та уй жойлашган. Улар бир-бирига ўхшайди, аммо Париждаги бошқа меъморчилик услубларидан кескин фарқ қилади. Бу ерда сайр чоғида нафасни бир оз ростлаб олиш учун биноларнинг олд қисмларида кичик махфий суратларни излаш мумкин.

3. Хосе Мариа Эсквердо майдони, Вильяхойоса

Вильяхойоса номи валенсия тилидан “бахт шаҳри” дея таржима қилинади. Бунинг ҳайратланарли ери йўқ: бу маскан ўзининг шоколади ва ажойиб ранг-баранг уйчалари билан машҳурдир. Қачонлардир қирғоқ бўйидаги баланд ва тор уйлар балиқчиларга тегишли бўлган. Улар денгиздан ўз уйларини кўра олиш учун ёрқинроқ ранглардан фойдаланганлар.

4. Эль-Каминито, Буэнос-Айрес

Буэнос-Айресдаги энг ҳушчақчақ кўчалардан бири ҳисобланган Эль-Каминито қачонлардир қоронғи порт бўлган. Камбағал аҳоли маблағи бўлмагани сабабли кулбаларини кемалардан қолган бўёқлар билан бўяган. Шу тариқа, ўзига хос ранг ечимлари ҳосил бўлган. Ҳаттоки бир уйнинг икки ярми ҳам турли рангда бўлиши мумкин эди. Бу анъана давом этаверган. ХХ аср ярмига келиб эса биноларнинг деворларида маҳаллий рассом Бенито Кинкель Мартиннинг кундалик турмуш тарзи акс этган суратлари пайдо бўла бошлаган.

5. Нюхавн қирғоғи, Копенгаген

Бу кўча ҳақиқий эмас, гўёки Андерсен эртакларига чизилган расмга ўхшайди (айтиш жоизки, машҳур эртакчи айнан Янги Бардаргоҳда яшаган). Нюхавн – канал қирғоғида жойлашган шаҳардаги энг гўзал жойлардан бири. Қачонлардир бошқа портбўйи масканларида бўлганидек бу ерда ҳам нобоп масканлар кўп бўлган, бугун эса – сайёҳлар учун кўплаб шинам кафелар ва барлар хизмат кўрсатади.

6. Рангли кўча, Ставангер

Норвегиядаги Øvre Holmegate кўчаси – мутлақо оддий жойни оммабоп сайёҳлик масканига айлантириш мумкинлигига ажойиб мисолдир. Ставангерда деярли барча уйлар оқ рангга бўялган. Бироқ, тадбиркор сартарошлардан бири ажралиб туриш ва мижозларни жалб қилиш учун ўз муассасасини пушти рангга бўяшга рухсат олган. Унинг қўшнилари ҳам шунга амал қилган. Эндиликда бу ер – доим сайёҳлар билан гавжум бўлган шаҳардаги ягона ёрқин кўча.

7. Сариқ кўчалар, Исамаль

Ушбу Мексика шаҳарчасидаги деярли ҳамма бинолар сариқ рангга бўялган. Афсонага кўра, шаҳарда ўлат авж олган вақтда тасодифий йўловчиларни карантиндан огоҳлантириш учун Исамаль ёрқинроқ рангга бўялган. Эпидемия ўтиб кетган, аммо маҳаллий аҳолининг сариқ рангга бўлган ихлоси ҳозиргача сақланиб келмоқда.

8. Конфет-кўча, Сент-Жонс

Канададаги Сент-Жонс – Ньюфаундленд ва Лабрадор провинцияларининг пойтахти бўлиши билан бирга, мамлакатдаги энг қадимги шаҳарлардан бири саналади. Сент-Жонсдаги марказий кўча Jelly Bean Row номи билан тилга олинади: узоқдан қараганда уйлар чиндан ҳам ранг-баранг конфетларга ўхшаб кетади. Кўчага энг чиройли манзара океан томондан очилади.

9. Херштрассе, Бонн

Германияда бу кўча бўёқ туфайли эмас, балки шаҳар маъмуриятининг антиқа ташаббуси туфайли ёрқин тус олди. Ишбилармон немислар шаҳар ҳавосининг тозалиги учун курашишга қарор қилиб, марказга япон олчаларини экиб чиқдилар. Баҳор бошида дарахтлар гуллаганида кўча ўзгача қиёфа акс этади: шох-шаббалар Херштрассени майин қоплаб турувчи гумбазни ҳосил қилади.

10. Қирғоқ бўйи ҳудуди, Вальпараисо

Ҳудди Буэнос-Айресда бўлгани каби Вальпараисода ҳам қачонлардир уйларни бўяшда кемалардан ортиб қолган бўёқлар ишлатилган. Бугунга келиб уйлар одатий бўлиб қолган рангли сувоқ билан қопланади. Шунинг учун шаҳар манзараси шу қадар ёрқин. Аслида уни қирғоқ Кордильера қиялиги бўйлаб ўтадиган канат йўлидан томоша қилиш жуда мароқлидир.

11. Пелоуриньо, Сальвадор

Мазкур қадимий шаҳар – Бразилиядаги Сальвадорнинг асосий меъморий маскани ҳисобланади. Бу ерда XVII ва XIX асрлардан буён сақланиб қолган ёрқин бинолар замонавий муассасалар ва клублар билан ёнма-ён туради. Пелоуриньога ранг-баранг уйлар ёнида чиройли суратларга тушиш мақсадида эмас, балки кўнгилочар томошаларни кўриш учун ҳам ташриф буюриш зарур. Асосий майдонда доим нимадир ташкил этилади: рақслар, мусиқий чиқишлар, капоэйра.

12. Мовий кўчалар, Жодхпур

Ҳиндистондаги Жодхпурни мовий шаҳар дейдилар: бу ердаги аксарият бинолар айнан шу рангда. Дастлаб диний қарашлар туфайли алоҳида уйлар бўялган: мовий – маънавий мураббийлар саналган брахманлар кастасининг ранги ҳисобланади. Бироқ, кейинчалик қолган аҳоли ҳам уйларини кўк тусда бўяй бошлаган. Бир неча юз йилликлар давомида деярли бутун шаҳар бир рангли бўлиб қолган.

13. Стейнер-стрит, Сан-Франциско

Бу ерда машҳур “Пардозли хонимлар” – викториан услубида қурилган олтита уйдан иборат меъморий ансамбль жойлашган. Улар шу яқин орада яшаган меъмор Мэтью Каван томонидан лойиҳаланган. Сиз бу уйларни албатта кўрган бўлсангиз керак: “Пардозли хонимлар” 70-йиллар фильмларида ва ўнлаб реклама роликларида кўрсатилган. Бироқ, Сан-Францискога йўлингиз тушиб қолса, уларни албатта яқиндан томоша қилинг. Энг яхши манзара Аламо-сквердаги яшил тепаликлардан очилади.