Жаҳоннинг энг ёпиқ давлатида нималар мумкин эмаслиги ёки чекланганлиги ҳақида билиб олишни таклиқ қиламиз. Тан олиш керак, уларнинг кўпи бизни ҳайратга солди.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Жаҳоннинг энг ёпиқ давлатида нималар мумкин эмаслиги ёки чекланганлиги ҳақида билиб олишни таклиқ қиламиз. Тан олиш керак, уларнинг кўпи бизни ҳайратга солди..

1. Кўк жинси кийиш мумкин эмас

Агар жинси олишга қурбингиз етса, ҳеч ким буни таъқиқламайди. Бироқ, у фақат қора рангда бўлиши мумкин, чунки мамлакатда кўк ранг жинси таъқиқланган – бутун дунёда оммалашган шимлар жаҳон империализмининг акси сифатида кўрилади. Шунга қарамай, сайёҳлар мовий ранг жинсиларда юришлари мумкин, аммо Ким Ир Сен ва Ким Чен Ир ҳайкалларини кўришга бориш учун барибир бошқа рангга кийинишга тўғри келади.

2. Интернетга кириш ва Wi-Fi ишлатиш имконияти йўқ

Шимолий Кореяда компьютерлар ва интернет бор. Аниқроғи, интранет – «Кванмён» компьютер тармоғи бўлиб, турли ҳисобларга кўра, унда 1 000 дан 5 500 гача сайтлар қайд этилган. Табиийки, бошқа давлатларнинг сайтларига кириш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас, бу фақатгина юқори мансабли шахсларга руҳсат этилган. Шунингдек, маҳаллий “Қизил юлдуз” операцион тизими сўнгги версияда MacOS X тизимини эслатади. Айтишларича, бу Apple маҳсулотларига меҳри бўлакча бўлган Ким Чен Иннинг ҳохишига кўра амалга оширилган.

Бироқ, Шимолий Кореяда Wi-Fi мавжуд эмас. Оддий аҳолида ҳаттоки «Кванмён»га кирадиган мобил қурилмалар ҳам йўқ. Бундан ташқари, КХДР учун мослаштирилган Хитой планшетларида шунчаки кераксиз бўлгани учун Wi-Fi ва Bluetooth модуллари ўчириб ташланади.

3. Хорижликлар маҳаллий валютадан фойдалана олмайди

Шимолий Кореяга келган сайёҳларга миллий валюта – шимолий корейс вонларидан фойдаланиш таъқиқланган. Чет элликлар учун мўлжалланган маҳаллий дўконларда фақат евро, юань, жанубий корейс вони ва, қанчалар ғалати бўлмасин, долларда ҳисоб-китоб қилинади. Лекин, кореяликларнинг ўзи харидлар амалга ошираётган дўкондан нимадир сотиб олиш мумкин эмас. Чет элликларга, ҳаттоки, уларнинг остонасига қадам босиш ҳам таъқиқланган.

4. КХДРда кўчмас мулк сотиб олиш мумкин эмас

Шимолий Кореяда хонадонлар сотилмайди (ҳар ҳолда расман), уларни давлат тақсимлаб беради. Қишлоқдан Пхеньянга кўчиб келишнинг деярли имкони йўқ – бундай имконият фақат маълум шахсларга алоҳида хизматлари учун берилади. Шунга қарамай, бугун мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган қора бозорда 70-90 минг долларга хонадон сотиб олишнинг иложи бор. Фақат қочоқларнинг таъкидлашича, оддий кореяликнинг расмий маоши ойига 4 доллардан ошмайди.

5. Автоулов сотиб олиш деярли имконсиз

Шимолий Корея мезонида шахсий автоулов эгаси – жуда бадавлат ёки жуда нуфузли одам ҳисобланади. Бу ерда ҳашамат саналган тўрт ғилдиракли ҳаракатланиш воситасининг қиймати кореяликлар учун ҳаддан ташқари баланд нархни ташкил этади – мазкур сайт маълумотларига кўра, у тахминан 40 минг долларга тенг. Ҳаттоки, велосипед ҳам барчанинг қурби етадиган восита эмас ва Пхеньяндан ташқари, бошқа ҳудудларда камдан-кам учрайди. Уларнинг шу қадар камки, ҳар бирида ҳудди автоуловда бўлгани каби ўз рақами бор.

6. Кутубхонадан бир неча йил аввал чиққан газетани олиш мумкин эмаc

Кутубхонадан бир неча аввал чиқарилган газетани топиш имконсиздир. Гап шундаки, Корея Меҳнат партиясининг йўналишида юз бериши мумкин бўлган ўзгаришлар ҳақида корейс халқининг билиши шарт эмас. Тушунарли сабабларга кўра, хорижий нашрлар, айниқса, журналлар ҳақида гапиришга ҳожат ҳам йўқ. Бироқ, кундалик газеталарни сотиб олишнинг керакги йўқ – уларни кўчалар ёки метродаги махсус пештахталарда ўқиш мумкин.

7. Диний адабиёт сотиб олишнинг иложи йўқ

Шимолий Корея – 100% дунёвий мамлакат. Албатта, бу ерда дин таъқиқланмаган, ҳар ҳолда қонуний даражада. Бундан ташқари, Пхеньянда, ҳаттоки, насронийлар учун черковлар ҳам бор. Бироқ, улар қатъий давлат назорати остида бўлган қоронғу ўрмон кабидир.

Бошқа томондан, насронийлик чучхе “динининг” рақиби ҳисоблангани боис, у қадар ҳушланмайди. Мамлакатда буддавийлик ибодатхоналари ҳам бор, аммо улар кўпинча тарихий ва маданий обидалар сифатида қабул қилинади.

8. Маҳаллий сим-картадан чет элга қўнғироқ қилиш мумкин эмас

Шимолий Кореяда уяли телефонлар камёб нарса ҳолатидан чиқди. Бироқ, мобил алоқа мавжудлигига қарамай, КХДР ҳудудида бўлган оддий кореялик бошқа давлатга ёки чет элликка қўнғироқ қила олмайди. Барча маҳаллий сим-карталар фақат мамлакат ичидаги қўнғироқлар учун мўлжалланган. Ахир, огоҳ бўлиш керак.

9. Уйда иссиқ душ қабул қилиш имконсиз

Шимолий кореяликларнинг уйларида ва хонадонларида иссиқ сув таъминоти мавжуд эмас – улар чўмилиш учун, одатда, мамлакатда анча кўп бўлган ҳаммомларга боришади. Бундан ташқари, марказий иситиш батареясида қўлларни иситиб олиш ҳам иложсиз, чунки улар шунчаки мавжуд эмас. Иситиш учун ўтинда ишлайдиган печлардан фойдаланилади. Ҳаттоки Пхеньянда ҳам.

Кимдир бошқа Осиё давлатларида ҳам марказий иситиш тизими йўқлигини таъкидлаши мумкиндир. Бироқ, у давлатларда замонавий электр иситгичлар ишлатилади, аммо КХДРда, ҳаттоки пойтахтда ҳам электр танаффуслар билан узатилади.

10. Дўконлардан кока-кола сотиб ололмайсиз

2015 йилгача жаҳонда ушбу оммабоп газланган ичимлик савдоси расман таъқиқланган 2 давлат бўлган: Куба ва Шимолий Корея. Озодлик оролида ичимлик сотилиши руҳсат этилганидан сўнг Корея ярим оролининг шимолий қисми фақатгина ғоявий сабабларга кўра дўконларда ушбу ичимлик бўлмаган жаҳондаги ягона ҳудудга айланди.

11. Бошқа давлатлга саёҳат қилиш мумкин эмас

Шимолий Корея аҳолиси самоёлтга чипта олиб, бошқа давлатга дам олишга кетиши мумкин эмас. Бу қиммат эканлиги билан бир қаторда, шунчаки таъқиқланган.

Айтиш керакки, таъқиқ мамлакат ичида эркин ҳаракатланишга ҳам таъсир қилади – бошқа қишлоқ ёки шаҳардаги қариндошларникига меҳмонга бориш учун руҳсат олиш керак. Баъзида кореяликлар хорижга, Хитой ёки Россияга боришади, аммо фақат пул топиш учун..

12. Хорижликлар руҳсатсиз суратга олиши ёки маҳаллий аҳоли билан гаплашиши мумкин эмас

Албатта, кенг тарқалган фикрга зид равишда чет эллик билан суҳбат учун Шимолий Кореяда қамоққа олинмайди ва отиб ташланмайди. Бироқ, шу каби мулоқот юз берган тақдирда “айбдорнинг” маҳаллий махсус хизмат вакили билан жиддий суҳбатдан ўтишига тўғри келади. Агар ўзингиз ўтиб кетаётган одам билан гаплашишга ёки уни суратга олишга уринсангиз, унинг тезда қочиб кетиши турган гап.

Умуман олганда, КХДРда ҳамма нарсани суратга олиш мумкин эмас – барча хорижликларга бириктириладиган гид бунга йўл қўймайди. Айниқса, ҳарбий объектлар (деярли ҳаммаси шу мақомга эга) ёки мамлакат ҳаётининг “ёпиқ” томони шулар жумласидандир.

13. Ҳомиладорликка қарши ва гигиена воситаларини сотиб олиш деярли имконсиз

Бунга ишониш қийин, аммо аксарият шимолий кореяликлар ҳомиладорликка қарши воситалар мавжудлигидан ҳам беҳабардир. Бундай буюмлар бир неча ўн йилликлар аввал қора бозорда пайдо бўлган, аммо юқоридаги сабаб туфайли оммалашмаган. Эндиликда уларни мамлакат ичида сотиб олишнинг деярли имкони йўқ – чунки талабнинг ўзи йўқ.

Бундан ташқари, бутун дунёда муаммосиз харид қилиш мумкин бўлган оддий тампонлар каби шахсий гигиена воситасини корейс дўконларидан топа олмайсиз – ҳар ҳолда маҳаллий аҳоли учун мўлжалланганларида. Ҳозирги вақт учун қанчалар ғалати эшитилмасин, аммо бу ерлик аёллар оддий матодан фойдаланишга мажбур ва у ҳаттоки, бир мартталик ҳам эмас.

14. КХДРда ўзига хос турмакка ўрин йўқ

Бу ҳолат бир оз бўрттирилган десак ҳам бўлади. Тўғри, маҳаллий сартарошхоналарда аёллар ва эркаклар соч турмакларининг суратлари бўлади, аммо улар тавсия маъносида осиб қўйилган. Бошқа томондан, модани кўп жиҳатдан малакат етакчиси белгилаб беради, шу боис аксарият эркаклар ҳудди Ким Чен Индек турмакка эга. Аёлларда эса яна ўша Ким Чен Ин ташаббуси билан узунлиги даҳангача тушадиган каре урфга айланган. Хусусан, етакчи корейс хонимларига айнан шу турмак жуда ярашишини айтиб ўтган.

Бонус: Шимолий Корея радиоси

Шимолий Кореяда дастурлар, фильмлар, театр постановкалари ва бошқа кўплаб нарсаларни узатиб берадиган бир нечта телевизион ва радио каналлари мавжуд. Бироқ, улар ҳам у ёки бу даражада сиёсийлаштирилган, мамлакат ва унинг ташқарисидаги вазият билан боғлиқ бўлиб, уччала Кимларни шарафлайди. Мана бу ҳавола орқали рус тилидаги “Корея овози” радиосини тинглаб, бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Асосий сурат: depositphotos