Мақолада Россия ва МДҲ мамлакатларидаги объектлар рўйҳати келтирилган. Улар назоратсиз атом энергияси, инсоннинг атроф-муҳитга нисбатан масъулиятсизлиги ва эътиборсизлиги қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигига яққол мисолдир.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

«Маяк»ишлаб чиқариш бирлашмаси, Озёрск шаҳри, Россия

«Маяк» — бу ядровий қурол таркибий қисмлари, изотопларни ишлаб чиқариш, ишлатилган ядровий қуролни сақлаш ва қайта тайёрлаш бўйича улкан мажмуа. 1957 йилда бу ерда кўлами бўйича учинчи ўриндаги (Чернобиль ва Фукусимадаги ҳалокатлардан кейин) авария юз бериб, натижада 100 тоннага яқин радиоактив чиқинди атроф-муҳитга тарқалган. Сўнгра катта ҳудудни ифлослантирган портлаш содир бўлган.

Шундан буён заводда кўплаб штатдан ташқари ҳолатлар юз бериши оқибатида чиқиндилар ташқарига сирқиб кетган.

Сибирь кимё комбинати, Северск шаҳри, Россия

Корхона ўзига туташган ҳудуддаги ер ости сувларини ифлослантирадиган 125 000 тонна қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлайди. Норасмий маълумотларга кўра, шамол ва ёмғир бу чиқиндиларни анча узоқ масофаларга етказади.

1993 йилда бу ерда атмосферага радиоактив моддалар сирқиб чиққан ва 1 946 киши нурланишга дучор бўлган.

Синов полигони, Семипалатинск (Семей) шаҳри, Қозоғистон

Қозоғистондаги машҳур полигон кўплаб зарарланган обеъктлар жойлашган улкан майдонни эгаллаган. Бу ерда Совет Иттифоқида ядро портлаши амалга оширилган. Мазкур полигон – жаҳондаги ядро портлашларининг энг катта жамланмаси бўйича рекордчи ҳисобланади. Бу жойда ядро портлаши натижасида ҳосил бўлган сунъий кўл ҳамда бошқа кўплаб ғаройиб, аммо жуда хавфли ҳудудлар мавжуд.

Ғарбий тоғ-кимё комбинати, Майлуу-Суу шаҳри, Қирғизистон

Майлуу-Суу дунёдаги энг ифлосланган ҳудудлардан бири саналади. Бу жойда уран қазиб олинади. Ҳар йили қарийб 2 миллион куб метрга тенг радиоактив чиқиндилар ишлаб чиқарилиб, корхонадан узоқ бўлмаган ерда сақланади.

Чернобиль атом электр станцияси, Припять шаҳри, Украина

Припять дарёси ва шу номдаги шаҳар бугунги кунгача инсон фаолиятининг қора ёдгорлиги ҳисобланади. Энг йирик техноген ҳалокат оқибатида ҳосил бўлган чиқиндилар ҳаттоки Поволжьени ҳам қоплаб олган, аммо фақат станция атрофидаги ерлар ҳозиргача ўлик ҳудуд ҳисобланади. Айни пайтда туташ ҳудудларда мунтазам равишда нурланиш таъсири остида бўлган 6 миллионга яқин одам истиқомат қилади. Чернобилдаги ядро ҳалокати натижасида атмосферага чиқарилган радиация Нагасаки ва Хиросимада ядро бомбалари портлаши оқибатида чиқарилган радиациядан 100 баробарга ортиқ бўлган.

Ўрта-Булоқ газ кони, Ўзбекистон

Ушбу газ конида  1963 йилнинг 1 декабрида табиий газ сирқишига боғлиқ авария юз берган. Бурғулаш чоғида қарийб 300 атмосферага тенг босим остидаги табиий газ бўлган аномал юқори қатлам босими (АЮҚБ) тешилган. Авариянинг оқибатлари 1966 йилнинг 30 сентябрида йўналтирилган ядро заряди ёрдамида бартараф этилган. Натижада ёриқ тўсилиб, авария бартараф этилган, бироқ яқин атрофдаги ҳудудларга радиация тарқалган.

Айхал қишлоғи, Россия

1978 йилнинг 24 август куни Айхал қишлоғидан 50 километр шарқда «Кратон-3» лойиҳаси доирасида сейсмик фаолликни ўрганиш учун ер ости портлаши амалга оширилган. Портлаш кучи 19 килотоннани ташкил этган. Бу ҳаракатлар натижасида ташқарига йирик радиоактив сирқиш юз берган. Сирқиш шу қадар йирик бўлганидан ҳаттоки, ҳукумат томонидан ҳам тан олинган. Ваҳоланки, Якутияда жуда кўп ер ости дяро портлашлари содир этилган. Ҳозир ҳам юқори тон кўплаб ҳудудларга хос.

Удачнинск тоғ-бойитиш комбинати, Удачный шаҳри, Россия

«Кристалл» лойиҳаси доирасида 1974 йил 2 октябрда Удачный шаҳридан 2 километр узоқликдаги масофада 1,7 килотонна кучга тенг ер усти портлаши амалга оширилган. Бундан кўзланган мақсад Удачнинск тоғ-бойитиш комбинати учун тўғон ҳосил қилиш эди. Афсуски, портлаш билан бирга йирик сирқиш юз берган.

Печора — Кама канали, Красновишерск шаҳри, Россия

Пермь вилоятидаги Чердинск туманининг Красновишерск шаҳридан 100 километр шимолда 1971 йил 23 мартда «Тайга» лойиҳаси амалга оширилган. Унинг доирасида Печора — Кама канали қурилиши учун ҳар бири 5 килотонна кучга эга учта заряд портлатилган. Портлаш юзаки бўлгани учун чиқиндилар сирқиши юз берган. Каттагина ҳудуд зарарланган бўлсада, ҳозир ҳам бу ерда одамлар яшаб келади.

569-қирғоқ техник базаси, Андреев қўлтиғи, Россия

Ишлатилган ядровий ёқилғини сақлаш жойи Мурманскдан 55 километр шимоли-ғарбда ва Норвегия чегарасидан 60 километр масофадаги Ғарбий кўрфазининг қирғоғида жойлашган. 1982 йилнинг февралида бу ерда радиация аварияси – ҳавзадан радиоактив сувнинг сирқиши юз берган. Ҳалокат оқибатларини бартараф этишга олти йил кетган. Шу давр ичида Баренцев денгизи сувларига 700 минг тоннадан ортиқ юқори радиоактив сув сирқиган. Ҳозирда бу жой бўш ҳолда қолган. Зарарланиш шу қадар жиддий бўлганки, унинг оқибатлари яна жуда узоқ вақт сезилади.

«Глобус-1» Полигони, Галкино қишлоғи, Россия

1971 йилда бу ерда «Глобус-1» лойиҳаси бўйича яна бир тинч ер ости портлаши амалга оширилган. Мақсад яна сейсмик кузатишлар бўлган. Зарядни жойлаштириш учун мўлжалланган ёриқ устуни сифатсиз цемент билан қоплангани боис атмосфера ва Шачу дерёсига зарарли моддалар сирқиши юз берган. Бу жой –Москвага энг яқин расман тан олинган техноген зарарланиш ҳудуди.

«Юнком» кони, Донецк шаҳри, Украина

Бу объект яна «Кливаж» деб ҳам номланади. Чиройли ном ортида Украина ССРнинг Донецк вилояти ҳудудидаги «Юнком» конининг шарқий қанотида 0,3 килотоннага тенг ер ости ядро портлаши яширинган. Жиддий сирқишлар юз бермаган, аммо ҳозирда кон сув билан тўлади ва экологлар катта ҳудуддаги ер ости сувлари зарарланиши эҳтимолидан асосли равишда қўрқмоқда.

Чажма бўғози, Находка шаҳри, Россия

Бу ерда 1985 йилнинг август ойида ҲДФ кемасозлик заводи пирси яқинида 675 лойиҳасининг К-431 атом сув ости кемасида авария юз берган. Ифлосланиш қарийб 100 минг квадрат метрга тенг майдонни эгаллаган. Авария бартараф этилганидан сўнг кема ҳудди шу авария оқибатида радиоактив ифлосланиш туфайли 627А лойиҳасининг АПЛ К-42 «Ростовский комсомолец»и билан бирга узоқ муддатли сақлаш учун Павловский бўғозига олиб кетилган.

Газ-конденсат кони, Крестище қишлоғи, Украина

Мазкур ҳудудда тинч мақсадда ядро портлашидан фойдаланиш бўйича навбатдаги омадсиз тажриба ўтказилган. Аниқроғи, кондан сирқиб чиқаётган газни бир йил давомида тўхтатиш имкони бўлмаган. Портлаш билан бирга чиқинди сирқиши, унга хос қўзиқорин кўриниши ва туташ ҳудудларнинг зарарланиши кузатилган. Аввалги ва ҳозирги вақт учун радиация фони ҳақидаги расмий маълумотлар йўқ.

Тоцк полигони, Бузулук шаҳри, Россия

Қачонлардир ушбу полигонда «Снежок» номли тажриба – ядро портлаши оқибатларининг одамларга таъсирига оид дастлабки синов ўтказилган. Машқлар чоғида Ту-4 қирувчиси тротил эквивалентида 38 килотонна кучга эга ядро бомбасини ташлаган. Портлашдан тахминан уч соат ўтгач зарарланган ҳудудга 45 минг ҳарбий хизматчи юборилган. Улардан саноқлилари тирик қолган. Ҳозирда полигон мавжудми ёки йўқотилганми – маълумот йўқ.