•  
  •  
  •  
  •  
  •  

1. Равшана Куркова

Равшана Баҳрамовна Куркова (Матчанова) – 1980 йил 22 августда ўзбек актёрлари оиласида дунёга келган. Россия театр, кино ва дубляж актрисаси, продюсер. Отаси – Баҳром Эркинович Матчанов – театр актёри; онаси – Раъно Кубаева – актриса ва кинорежиссёр; тоғаси Рауф Джалилович Кубаев – кинорежиссёр ва сценарий ёзувчиси. Равшана Тошкентдаги Успенский номидаги мусиқа мактабида таҳсил олган. 12 ёшида “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан 1992 йилда суратга олинган Рашид Маликовнинг “Qirq Quloq Siri” артхаус фалсафий драмасида суратга тушган. 90-йилларнинг охирида Москвага кўчиб боргач, Равшана Москва педагогика давлат университетининг филология факультетига ўқишга кирган. Бугунги кунгача Россия ва Голливуд киноларида суратга тушган. Икки марта турмуш қурган. Ҳозирда эркин аёл.

2. Наталья Рудова

Наталья Рудова — машҳур россиялик актриса 1983 йил 2 июнда Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида туғилган. У 12 ёшигача оиласи билан Қозоғистондаги Актау шаҳрида яшаган. Наталья онаси билан бирга Ивановога кўчиб ўтган ва у ердаги маданият ўқув муассасасини тамомлаган. Сўнгра Москвага бориб, спорт товарлари дўконида менежер бўлиб ишлаган. Унга “Татьянанинг куни” ва “Универ. Янги яшаш жойи” сериалларидаги роллари машҳурлик олиб келган. Шунингдек, “Аёл эркакка қарши”, “Фаришталар шаҳридаги севги” каби фильмларда суратга тушган. Актрисанинг ҳисобида турли фильмлар ва сериалларда ижро этилган 50г яқин роль мавжуд. Бундан ташқари, Наталья видеоклипларда ҳам суратга тушади ва шоуларда иштирок этади.

3. Виктор Вержбицкий

Виктор Александрович Вержбицкий – 1959 йил 21 сентябрда Тошкентда туғилган – ажойиб совет, ўзбек ва рус театр ва кино актёри, телебошловчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Россия Федарацияси халқ артисти (2011). Вержбицкийнинг айтишича, болалиги сана пардаси ортида ўтган: унинг бувиси театрда либослар билан таъминловчи сифатида ишлаган. Шунинг учун у қандай касбни танлаш борасида узоқ ўйлаб ўтирмаган. А.Островский номидаги Тошкент театр-бадиий институтига ўқишга кириш табиий қадам бўлган. Шу ердаги сценография факультетида буюк кинорежиссёр Тимур Бекмамбетов ҳам таҳсил олган. Вержбицкий “Тунги қўриқлаш” ва “Кундузги қўриқлаш”, “Адмирал”, “Қора чақмоқ”, “Арчалар” каби кўплаб машҳур фильмлар ва сериалларда суратга тушган.

4. Фарҳод Махмудов

Фарҳод Махмудов – театр ва кино актёри, 2007 йилда “Россияда хизмат кўрсатган артист” номига сазовор бўлган. Фарҳод 1972 йил 9 майда Тошкентда туғилган. Бўлажак актёрнинг онаси Маърифат вазирлигида ишлаган ва шаҳардаги спорт мусобақаларини ташкиллаштирган, отаси эса – мутахассислиги бўйича алоқа мухандиси. Актёрга таниқлик ва муваффақият 2002 йилда, Россия экранларига “Бригада” сериали чиққанида келган. Бу сериалда Махмудов Саша Беловнинг (Сергей Безруков) армиядаги дўсти Фарход Джураевни ўйнаган. Машҳур актёрнинг ҳисобида турли фильмлар ва сериаллардаги 65дан ортиқ роллар бор.

5. Роксана Бабаян

Роксана Бабаян – совет ва рус эстрада хонандаси ва актрисаси. Россия Федерацияси халқ артисти (1999) 1946 йил 30 майда Тошкентдаги мухандис Рубен Михайловий Мукурдумов ҳамда хонанда ва пианиночи Седа Григорьевна Бабаян оиласида дунёга келган. 1970 йилда Тошкент темир йўл транспорти мухандислари институтининг саноат ва фуқаролик қурилиши факультетини тамомлаган. Институтда таълим олиш билан бир қаторда бадиий ҳаваскорлик фаолияти билан ҳам шуғулланган ва қўшиқ танловларида совринли ўринларни эгаллаган.

6. Дмитрий Харатьян

Дмитрий Вадимович Харатьян – 1960 йил 21 январда Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида туғилган. Совет ва рус актёри, телебошловчи, қўшиқчи, мусиқачи, кинопродюсер. Россия Федерациясида хизмат кўрсатган артист (2000), Россия Федарацияси халқ артисти (2007). Отаси, Вадим Мкртичевич Харатьян – техник олийгоҳ ўқитувчиси, техник фанлар номзоди. Онаси, Светлана Олеговна Тизенко – қурувчи-мухандис. Дима 7 ёшлигида унинг ота-онаси ажрашишган. Мактабда у ўртача таълим олган, спорт билан шуғулланиб, гитара чалиб қўшиқ айтган. Шунингдек, Дима ҳар ёзда пионерлар оромгоҳига бориб, кўпинча болалар учун гитара чалиб, қўшиқлар куйлаган. Шундай сафарларнинг бири Харатьяннинг тақдирини ўзгартириб юборган ва унинг актёр сифатидаги келажагини белгилаб берган. Харатьяннинг энг ёрқин ишлари: “Яшил фургон”даги (1983) терговчи, Светлана Дружининанинг “Гардемаринлар, олға!” (1987) афсонавий сериалидаги мушкетёр Алексей Корсак, “Хусусий изқувар ёки “Кооперация” операцияси” фильмидаги (1989) ҳаваскор изқувар образлари ва бошқалар.

7. Наргиз

Наргиз – 1970 йил 6 октябрда Тошкентдаги мусиқага алоқадор оилада туғилган. Унинг онаси, Луиза Каримовна Зокирова – 1960-1970 йилларда машҳур бўлган эстрада хонандаси бўлиб, хусусан ўз акаси Ботир Зокиров билан бирга дуэтда ижро этган. Отаси, Пўлат Сионовчи Мордухаев – Ботир Зокировнинг ансамблида зарбли мусиқа асбоби чолғучиси бўлган. 1995 йилда ота-онаси ва қизи билан бирга Ўзбекистондан АҚШга кўчиб кетган. АҚШга борганидан сўнг ресторанларда қўшиқ ижро этган ва тез орада этно услубидаги альбомини ёзган. Россиянинг “Голос” шоусида иштирок этиб, иккинчи ўринни эгаллаган. Наргиз турмушидан ажрашган ва турли эркаклардан уч фарзанднинг онасидир.

8. Юрий Антонов

Юрий Антонов – 1945 йил 19 февралда Тошкентда таваллуд топган. Бастакорнинг отаси 1944 йилда фронтдан Тошкентга келганида Наталья Михайловна Литовченко билан танишган. Бир йил ўтиб Юрий Антонов туғилган. Қўшиқчи, шоир ва бастакорнинг барча ютуқларини санаш жуда қийин. 2000 йилга келиб унинг қўшиқлари ёзилган 20дан ортиқ пластинка ва дисклар сотувга чиқарилган. Юрий Антонов бошқарган кўплаб жамоалардаги одамлар машҳурликка эришган. Турли танловларда жюри аъзоси сифатида иштирок этади, концертлар беради. Жуда кўп сонли унвонлар ва мукофотларга эга.

9. Ирина Винер

Ирина Винер – бўлажак мураббий ва спорт юлдузи 1948 йил 30 июлда Самарқандда дунёга келган. Кўп ўтмай унинг ота-онаси қуёшли Ўзбекистоннинг пойтахтига кўчиб ўтганлар. Ота-онаси қизалоқнинг эрта ёшида мусиқий қобилият, артистлик, ажойиб рақс маҳоратини сезганлар. Ирина балет студияси, театр драма тўгарагига қатнашган. Ўшандаёқ қизчада машҳур актриса бўлиш орзуси уйғонган. У ўзининг ижодий салоҳиятини ривожлантириш учун бадиий гимнастикага ёзилган. Ирина уч маротаба Республика чемпиони бўлган ва Винернинг спорт карьераси ҳал бўлган эди. Мактабни тугатганлик ҳақидаги шаҳодатномани ва олтин медални олгач, Ирина тиббиёт олийгоҳи ўрнига жисмоний маданият институтига топширган. Қўлида дипломи бўлган қизни шу заҳоти Олимпия заҳираси ёшлар жамоасига таклиф қилганлар. Винер 1992 йилгача 20 йил давомида Ўзбекистон бадиий гимнастика бўйича терма жамоасига мураббийлик қилган ва бунинг учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий мақомига эга бўлган. 90-йиллар бошида Республика терма жамоаси билан параллел равишда британиялик гимнастикачилар билан ҳам шуғуллана бошлаган.

10. Алина Кабаева

Алина Маратовна Кабаева – 1983 йил 12 майда Тошкентда туғилган. Унинг отаси, Марат Вазыхович профессионал футболчи бўлган ва Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасида иштирок этган, сўнгра мураббий сифатида ишлаган. Онаси, Любовь Мизайловна баскетболчи бўлиб, Ўзбекистон терма жамоаси таркибида ўйнаган. Алина Кабаева ота-онасининг ҳаёти спорт билан боғлиқ бўлганлиги учун, қизлари ҳам спортчи бўлишини истаганлар. Натижада, улар Алинани бадиий гимнастикага берганлар ва қизча дарҳол сезиларли ютуқларга эришган. Алина 11 ёшида истеъдодини ривожлантириш учун онаси билан бирга Москвага кетган. Адина Кабаеванинг биринчи мураббийи Россиянинг бадиий гимнастика бўйича энг яхши мутахассиси ҳисобланган Ирина Винер бўлган. 2 йил ичида Алина Россия терма жамоаси сафидан ўрин олган. Алина индивидуал кўпкураш бўйича 2004 йилдаги Олимпиада чемпиони ҳамда индивидуал кўпкураш бўйича 2000 йилдаги Олимпия ўйинларининг бронза медали соҳибасидир. Икки карра мутлақ жаҳон чемпиони бўлган (1999 ва 2003).

11. Темур Бекмамбетов

Темур Бекмамбетов – 1961 йил 25 июнда Қозоқ ССРдаги Гурьев шаҳрида дунёга келган. Мактабни тамомлагач, москва энергетика институтига ўқишга кирган: отаси унинг энергетика соҳасидан бориши истаган эди. Кўп ўтмай Бекмамбетов санъатга қизиқа бошлаган ва олийгоҳни тарк этган. Сўнгра армияда хизмат қилган. 1982 йилда Тимур Тошкентдаги “Ўзбекфильм” киностудиясида иш бошлаган. Тахминан шу пайтда А.Островский номидаги Тошкент театр-бадиий институтига ўқишга кирган ва “театр ва кино рассоми” мутахассислигини танлаган. Тимур таълим олаётган вақтда фаолиятини энди бошлаётган актёр Виктор Вержбицкий билан танишган ва дўстлашган. Бу танишув кейинчалик узоқ муддатли ҳамкорликка айланиб, иккови учун самара келтирган. Кўплаб Россия ва Голливуд фильмларига режиссёрлик қилган.

12. Олег Терновой (Terry)

Олег Терновой — рэпер, мусиқачи, Black Star лейблининг артисти (Terry). 1992 йил 1 ноябрда Тошкентда туғилган. Мактабни тугатгач, тиббиёт ўқув муассасасига ўқишга кирган ва бир ойча фельдшер бўлиб ишлаган. Вақт ўтгач Олег театр институтига кирган ва 2016 йилда Ўзбекистон Академик рус театри труппасига қабул қилинган. Бу ерда Олег икки йил ишлаган. СТС каналидаги “Ёш авлод” ва ТНТ каналидаги “Қўшиқлар” шоуларининг иштирокчиси. “Қўшиқлар” лойиҳасида рэпер бир нечта қўшиқларини ёзган ва ғолибга айланган. Ҳозирда ижод билан шуғулланишда давом этмоқда, унинг треклари Россия чартларида етакчилик қилади.

13. МС Дони

Достонбек Исламов (МС Дони) — хип-хоп ижрочи, Black Star лейблининг артисти. 1985 йил 18 декабрда Фарғона шаҳрида дунёга келган. Бола мусиқий қобилиятни отасидан мерос қилиб олган. Унинг отаси ўзбек миллий чолғу асбоболарини чалган. Бироқ, болакай аввалига мусиқага қизиқмаган. Достонбек кўпроқ спорт, айниқса жанговар санъатни яхши кўрган. У бокс бўйича секцияга қатнашган ва мактаб ёшига етганида ҳарбийлаштирилган кадетлар корпусига ўқишга кирган. Кейинчалик мусиқа саноатига яқинроқ бўлиш учун Москвага кўчиб кетган. “Йилнинг энг яхши клуб МСси” мақомига эга. 2014 йилда MC Doni тахаллуси остида биринчи клипини суратга олдирган.

14. Джаник Файзиев

Джаник Файзиев – 1961 йил 30 июлда Тошкентда, режиссёр Хабиб Файзиев ва актриса Светлана Норбаеванинг оиласида дунёга келган. Бўлажак артист болалигиданоқ телевизион фильмларда эпизодик ролларда суратга тушган. Мактабдан сўнг Файзиев Бутунроссия давлат кинематография институтининг (ВГИК) актёрлик факультетига ўқишга кирган. 90-йиллларнинг иккинчи ярмида ОРТ каналида “Муҳим нарсалар ҳақидаги эски қўшиқлар 2” мусиқий фильми намойишидан сўнг ўзбек режиссёри машҳурликка эришган. Унинг энг ном қозонган режиссёрлик иши “Туркча гамбит” фильми ҳисобланади.

15. Согдиана

Согдиана (Оксана Владимировна Нечитайло) – 1984 йил 17 февралда Тошкентда, ижод билан боғлиқлиги бўлмаган оилада туғилган. Хонанданинг отаси, Владимир Нечитайло – “Компрессор” заводида директор ўринбосари лавозимида ишлаган, онаси, Лариса Федоринская эса маълумоти бўйича тиббиёт ходими бўлиб, касалхонада ишлаган. Қизча болалигидан саҳнани орзу қилган, расм чизиш, рақс ва вокал билан шуғулланган. Согдиана кўплаб халқаро ва республика танловларида фаол иштирок эта бошлаган. 2006 йилда мусиқий продюсери Виктор Дробыш бўлган “Юлдузлар фабрикаси” истеъдодлар шоусининг олтинчи мавсуми иштирокчисига айланган. Шу йил охирида қўшиқчи “Yurak Mahzun” – “Сердце-магнит” қўшиғининг рус тилидаги ижроси билан биринчи марта “Олтин граммофон” мукофотини қўлга киритган.

16. Азиза Мухамедова

Азиза Мухамедова – 1964 йил 10 апрелда Тошкентда мусиқачилар оиласида туғилган. Хонанданинг онаси Ўзбекистон Давлат академик хор капелласида куйлаган, отаси, Абдураҳим Муҳмедов эса мумтоз мусиқа бўйича машҳур созанда бўлган. 1988 йилда консерваториянинг фортепиано бўлимини тамомлаган қўшиқчи Юрмалада умумиттифоқ танловида ғолиб бўлган. У ерда Азиза томошабинлар ҳайрихоҳлиги соврини ва маэстро Раймонд Пауснинг “Мисс экстравагантность” совринига лойиқ топилган. Азиза машҳурлиги даврида Москвага кўчиб борган ва “Сенинг табассуминг” номли қўшиғи билан яккахон карьерасини бошлаган. Бу қўшиқ унга бутун иттифоқда машҳурлик келтирган. Кейинчалик хонанда яна олтита диск ёзган. 

17. Талгат Нигматулин

Талгат Нигматулин – 1949 йил 5 мартда Қизил-Қия шаҳрида ўзбек-татар оиласида дунёга келган. Унинг отаси кончи бўлган ва болакай икки ёшга тўлмасидан фожиали ҳалок бўлган. Онаси уни болалар уйига топширган. Бўлажак артист ўсмирлик чоғида кўпинча яшаш жойини, шунингдек қизиқишларини ўзгартирган: бал рақси, енгил атлетика, каратэ билан шуғулланган ва драма тўгарагига қатнаган. 60-йиллар охирида у Москвага борган ва иккинчи уринишда Кинематография институтига ўқишга кирган. Артист уринишлар орасидаги танаффусларда Цирк ва эстрада санъати ўқув муассасасига борган ҳамда “Мосфильм”даги оммавий саҳналарда суратга тушган. 1979 йилда “ХХ аср қароқчилари” номли жангари фильм экранларга чиққач, Нигматуллин машҳурликка эришган. Талгат Нигматуллиннинг ҳаёти 1985 йил 11 февралда фожиали якун топган: актёр рэкетда иштирок этишдан бош тортгани учун секта аъзолари томонидан ўлдирилган.

18. Артём Артемьев

Артём Артемьев – 1973 йил 25 июнда Тошкентда туғилган. Артёмнинг ота-онаси архитекторлар бўлган. Улар ўғлининг тарбиясига жиддий ва ижодкорона ёндашганлар. Артём етти ёшида мусиқий мактабга борган: виолончель синфида ўқиб, хорда куйлаш машғулотларига қатнаган. 1995 йилда Артём А.Островский номидаги Тошкент театр-бадиий институтининг актёрлик бўлимини тамомлаган. 1997 йилда эса “Илхом” театри драма санъати мактабини битирган. Москвага кўчиб борганидан сўнг, ёш артист Артём Артемьевнинг иши омадли бошланмаган. Маълум вақт давомида шоу-дастурларда иштирок этиб пул топишига тўғри келган. Кинодаги дебюти 2003 йилда эпизодик ролдан бошланган. Артемьев фаолиятидаги муҳим давр “Татьянанинг куни” сериалидаги меъмор Игорь Гонсалеснинг образи билан келган. Артём ушбу 221 серияли картинада 2007-2008 йилларда суратга тушган.

kinopoisk.ru

19. Арсен Петросов

Арсен Петросов – совет ва рус эстрада хонандаси, бастакор, шоир-қўшиқчи, эстрада режиссёри, мусиқий продюсер, аранжировкачи ва овоз режиссёри. Лос-Анжелес (АҚШ)да яшайди. Арсен Леонович Петросов 1975 йилда Тошкентда туғилган. Бўлажак юлдузнинг болалиги ва ўсмирлиги илиқ ижодий муҳитда ўтган. Арсеннинг ижодий ҳаёти 1989 йилда бошланган. Ўшанда Арсен қўшиқларга матнлар ёзиб, аранжировка билан шуғулланган. 1993 йил Петросовлар оиласи АҚШга кўчиб борган. Россияда Петросов “Кайфуем” қўшиғи билан ном қозонган. Бу қўшиқ, барча хитлар сингари, ижодий ҳамкорликда пайдо бўлган.