Бугунги кунда меҳнат бозори иш ҳақи даражаси доираси кенг бўлган вакансияларнинг жуда кўп турларини таклиф этмоқда. Бироқ, бу қанчалар оддий жарангламасин, пул – бу ҳал қилувчи нарса эмас. Ҳаттоки, нуфузли компаниядаги фаолият ҳам сизга руҳий бадастирликни ва мансаб шохсупасидан кўтарилишни кафолатламаслиги мумкин. Агар мана шу мақолада келтирилган белгилардан бирортаси сизнинг ҳаётингизда мавжуд бўлса, у ҳолда ишингизни алмаштириш ҳақида аниқ ўйлаб кўришингизга тўғри келади.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

1. Сизга шижоат етишмайди

Агар: Сиз қачон сўнгги бор уйқудан навбатдаги иш куни хусусида муайян бир ҳаяжон ва тўлқинланиш ҳисси билан уйғондингиз. Сизнинг олдингизда ҳамкорликнинг янги истиқболлари ва имкониятлари очилишидан хурсандлик аллақачонлар ўтмишда қолди – бу лавозимга сиз эндигина келиб ўрнашган даврда. Иш сизда кўпроқ мутаассиблик билан уйғунлашадими? Сизнинг ҳаётингизни эслатадими? Янги иш излаш тўғрисида ўйлаб кўриш вақти келди!

2. Сиз бахтиёр эмассиз

Эҳтимол, бундан ҳам баттарроқдир: сиз янги кун учун нафақат хурсанд эмассиз,балки ҳар тонг ўзингизни бахтсиз ҳис қилаётгандирсиз. Буларнинг барчасига сиз деярли бутун вақтингизни бераётган ишингиз сабаб бўлиши эҳтимоли каттадир. Бунга на сизнинг раҳбарингиз, на сизнинг ҳамкасбларингиз айбдор. Балки, сиз жамоада ўз ўрнингизни бироз нотўғрироқ қўйгандирсиз.

Бироқ бу дегани энди сиз ҳаётингиз охиригача азобланишгизга мажбурсиз, дегани эмас. Ўз хатоларингиздан сабоқ чиқаринг ва келажакка олға қадам ташланг. Ўзингизга мақбул иш ўрни топинг ва янги ишингиз сиз учун севимли машғулотга айлансин!

3. Компаниянгизнинг ҳалокати муқаррар

Баъзида биз қўлимиздан келган барчасини қиламиз, лекин барибир вазият яхши томонга ўзгармайди. Агар сиз компаниянинг инқирози муқаррар эканини аниқ англаётган бўлсангиз, у билан биргаликда чўкишга ҳожат йўқ. Инқирозни кутиб ўтирманг – ҳозирданоқ янги иш излашга киришинг, сабаби резюмеда ҳозирда мавжуд бўлмаган иш жойини кўрсатишга тўғри келмасин.

4. Сизга ҳамкасбларингиз умуман ёқмайди

Ҳамкасбларингиз ва раҳбарингиз – бу ҳаётингизнинг аксари қисмини биргаликда ўтказадиган инсонлардир. Агар сиз уйқуга, транспорт, дўконларга боришга ажратадиган вақтни ҳисобга олмайдиган бўлсак, моҳиятан улар деярли ҳамма вақт сизнинг ёнингизда бўладилар. Хусусан, сизнинг парвозингиз ва қулашингиз, ютуқ ва муваффақиятсизликларингиз давомида ҳам. Улар сизни меҳнат таътилидан қайтишингиз ёки касал бўлганингизда тезроқ тузалиб чиқишингизни интизорлик билан кутсалар керак. Шундай экан, ходимлари сизга маъқул бўлмаган компанияда қолиш зарурати йўқ.

Гарчи сиз ўз бажараётган ишингизни яхши кўрсангизда, ҳамкасблар билан соғлом алоқа мавжуд бўлмаса, эртами-кечми бу сизнинг фаолиятингизга салбий таъсир кўрсатмай қолмайди.

Қандай инсонлар билан мулоқот қилиш сизга ҳузур бахш этиши ҳақида ўйлаб кўринг. Ва, албатта, улар ишлайдиган ерга йўл олинг. Мана шу сизга кўпроқ қувонч бахш этади.

5. Раҳбарингиз фақат тепага қарайди

Кўп ҳолларда бошлиқ янада юқорироқ лавозимга кўтарилиши тўғрисида қайғурганда, ўзидан юқорида турувчи раҳбариятга алоҳида эътибор қаратади ва бунда ўз қўли остидагиларни етарли даражада қўллаб-қувватламайди. Бундай ҳолатлар кам эмас. Бироқ, бундай сиёсат ижобий натижаларга олиб келмайди. Жамоадаги иш самарадорлиги умумий иш якунида ҳар бир одамнинг манфаатдор бўлишини назарда тутади. Бошлиқ фақат ўзи учун қайғураётганини сезяпсизми? Ўзингизни алдаманг – бу ерда сиз муваффақият қозона олмайсиз.

6. Руҳий изтироб чексангиз

Бугунги кунда кўп сонли инсонлар доимий хавотир ва ҳаттоки саросима ҳисси уларни тарк этмаётганидан арз қилмоқдалар. Балки сиз ҳам уларнинг биридирсиз? Унда мақоланинг мана шу бандига алоҳида эътибор қаратинг. Агар ваҳима сизнинг доимий ҳамроҳингизга айланган бўлса, гарчи бир қарашда, ҳеч қандай ғайритабиий нарса юз бермаётгандек туюлса-да, бунинг сабаби йўқ деб ўйлаш хато бўлади. Тўғрироғи, бунинг сабаби сиз учун оддий ва кундалик ҳаётингизнинг муайян қисмига айланган – айнан ишингизда яширинган бўлиши ҳам мумкин. 

Тўғри, тинчлантирувчи воситаларни қўллаш ёрдам бериши ҳам мумкин (шубҳасиз, сиз буни қўллаб кўрган бўлсангиз керак). Бироқ бу воситалар фақат белгилар билан курашади. Агар сизнинг нотинчлигингиз эрталабдан бошланса, кеч бўлганда эса сиз паноҳ топадиган жойга (уй, спортзал ёки кафе) яшириниш умидида офисдан отилиб чиқиб кетадиган бўлсангиз – бу бошқа иш жойи излашингиз кераклигининг аниқ белгиси.

7. Тез-тез касалга чалинадиган бўлиб қолдингиз

Баъзи ҳолатларда стресс (руҳий изтироб) янада аянчлироқ оқибатларни келтириб чиқариши: ўзини ёмон ҳис қилиш одатий ҳолга айланиши, сурункали касалликлар юзага келиши мумкин. Бироқ, ёмонлашиб бораётган экологияга айб ағдаришдан ва “қарилик хурсандчилик келтирмаслиги” ҳақида гапиришдан аввал, бир ўйлаб кўрсангиз бўларди, ҳақиқатан ҳам сиз яхши овқатланмаётибсизми ёки кам дам оляпсизми? Агар шундай бўлса – буни ўзгартиришга бир ҳаракат қилиб кўрингчи. Аммо, сиз ёшлигингизда заиф бўлмаган ва ҳозирда соғлом турмуш кечираётган бўлсангиз, дўстларингиз эса, гарчи уларнинг барчаси ҳам соғлом турмуш тарзи қоидаларига тўлиқ риоя этмаса-да, кучларини сақлаб қолишга муваффақ бўлаётган бўлсалар, у ҳолда сиздан тутган йўлингизни тубдан ўзгартириш талаб этилади. Бу сафар ўзингизни эмас, балки атрофингизни ўзгартиришга ҳаракат қилинг ва буни иш жойингиздан бошланг.

8. Сиз ўз компаниянгиз ғояларига қўшилмайсиз

Агар сиз компания буткул бошқача фаолият юритиши керак деган фикрда бўлсангиз, раҳбарият билан ягона мақсад сари интилиш жуда қийин бўлади.

Агар сизга ишда ҳукмрон бўлган корпоратив руҳият, ахлоқий тамойиллар ва этик нормалар умуман яқин бўлмаса, сиз буни бекитишга қанчалар ҳаракат қилманг, “жамоа” сизни қабул қилмайди.

Сиз барча нарса қандай йўлга қўйилиши кераклиги тўғрисида ўз фикрингизга эга бўлиш ҳуқуқига тўлақонли эгадирсиз. Бироқ уни мавжуд тартиб-қоидаларга тажовузкорона қарши қўйиш керак эмас. Бошқаларга ўзгача бўлишга, ўзингизга эса –ўзлигингизни сақлашга имкон беринг. Ва ўзингизга монанд инсонлар орасидан иш топинг.

9. Агар сиз мувозанатга кела олмасангиз

Сиз доим иш билан оила ўртасида саргардонсиз ва бунда на у ерда, ва на бу ерда бирор нарсага улгурмаётганингизни сезасиз. Оилангиз билан кўпроқ вақт ўтказадиган бўлсангиз, раҳбарият берган топшириқни ўз вақтида бажаришга улгурмайсиз. Ишда ушланиб қоладиган бўлсангиз эса, яқинларингиз учун муҳим бўлган тадбирларда иштирок эта олмайсиз. Сизда “иш-шахсий ҳаёт” мувозанатига доир муаммолар борга ўхшайди. Чуқур нафас олинг ва тўғри қарор қабул қилинг: энг мақбули ўзингизни бошқа лавозимда синаб кўринг. Бу қарор раҳбарингиз ёки қариндошларингизники эмас, балки ўзингиздан чиққани янада яхши.

10. Ишингиз унумдорлиги тушиб кетган

Гарчи сиз олдингизга қўйилган вазифалар ечимини топаётган бўлсангизда, бироқ иш унумдорлигингиз аввалгидек бўлмаса, демак, бирор нарсани алмаштириш керак бўлади. Иш унумдорлигини яхшилаш бўйича ҳар хил маслаҳатларни топиш қийин эмас. Бироқ, бундай ўз-ўзини ривожлантириш, рағбатлантириш ва шахсий ўсиш бўйича барча ғояларга ўралашиб қолманг – чегарани билинг ва мақсадларингиз ҳақида унутманг. Агар сиз  бизнес-тренер бўлишни режалаштирмаётган бўлсангиз, у ҳолда бошқа томонга қарашингиз талаб этилади. Яъни айнан – ўз касбий қизиқишларингиз соҳасига. Балки буткул бошқа лавозим ёки бошқа компанияда.

11. Сизнинг қобилиятларингиздан фойдаланишмаса

Мансабингизни кўтаришдан рад жавоб олаётганингиз биринчи марта эмас, анча мураккаб вазифаларни ўз зиммангизга олишга ҳаракатларингиз ҳам муваффақият қозонмаётибди. Афтидан, раҳбарларингиз сиз компанияга янада кўпроқ фойда келтиришингизни тан олишни истамаётибди. Нафсониятингизга тегишларига йўл қўйманг. Истеъдодингизни қўллашга яшил чироқ ёқадиган бошқа жойни топишга ҳаракат қилиб кўринг.

12. Мажбуриятларингиз ортиб бормоқда, маошингиз эса йўқ

Ишнинг бу каби кечишининг турли сабаблари бўлиши мумкин, бироқ ҳар қандай шароитда ҳам буни оддий ҳолат деб қабул қилмаслик керак. Агар компаниядаги қисқартириш сизнинг зиммангизга икки баробар кўп вазифа юклатилишига олиб келган бўлса-ю, иш ҳақингиз мутаносиб равишда оширилмаган бўлса, демак, менежмент оқилона сиёсат олиб бормаётган экан.

Ҳаттоки сизга ўсиш ваъда қилинаётган бўлса ҳам, байрам қилишдан аввал маошингиз мутаносиб равишда оширилишига ишонч ҳосил қилинг.

Манманликка берилманг ва лавозим кетидан қувманг. Агар сизнинг фикрингизча, меҳнатингиз қадрига етишмаётган бўлишса – бошқа иш топинг!

13. Агар фикрларингизни тинглашмаса

Сизнинг таклифларингизни етарли даражада қадрлашмаса, ғояларингиздан эса хира пашшадан қочгандек, ўзларини олиб қочсаларчи? Бу салбий ҳолат. Албатта, дарҳол бўшаш учун ариза ёзиш шартмас, агар бу бир-икки марта такрорланган бўлса. Балки, ўз фикрларингизни билдириш шаклини ўзгартиришга ҳаракат қилиб кўрарсиз. Бироқ, кетма-кет ҳеч бир изоҳларсиз сизнинг фикрингизни эътиборга олмасликда давом этар эканлар, ўзингиздан ҳам, ўзгалардан ҳам умидсизликка тушмасдан – янги ишни излаш керак бўлади.

14. Агар сизга раҳмат айтишмаса

Агар аксинча, сизнинг таклифларингиздан баралла фойдаланишса, компаниянинг муваффақиятли қарорлари кўп жиҳатдан сизнинг ғояларингиз негизида қурилган бўлса-ю, бироқ ҳеч ким сизга раҳмат этмаса – бу носоғлом муҳит саналади. Эҳтимол, раҳбарларнинг ташаккури тўловлар суммасида ўз ифодасини топар. Бундай ҳолатда шахсий ютуқларингизни моддий баҳолашнинг ўзи сизга етарли бўладими ёки аксинча, ўзингиз учун аниқлаб олинг. Агар йўқ десангиз ёки ундан ҳам ёмони, сизнинг ғояларингизни бошқа биров безбетларча ўзлаштириб олса, у ҳолда сиз ишдан бўшаб кетиш ҳуқуқига эгасиз ва сизга чин дилдан миннатдор бўладиган ишни топишингиз керак бўлади.

15. Сиз стагнация (турғунлик)дасиз

Зерикяпсизми? Ишингизда ҳар кун бир хилдаги вазифаларни бажарасиз ва ҳеч бир янгиликка ўрганмайсиз. Фикримизча, сиз бу ўрнингиздан аллақачонлар ўсиб чиққансиз.

Мазкур саволга жавоб беринг: касбий жиҳатдан сиз бу ерда ривож топаётибсизми?

Агар бу компанияда ривожланиш учун имкониятлар бўлмаса, сиз яна олға ҳаракат қилишингиз ва бошқа иш топишингиз талаб этилади.

16. Сизни танқид қилишади

Иш давомида ҳар қандай вазиятда ишингизни танқид қилиш учун асос бўлади. Агар бошлиқ шахсиятга тегишга ўтса ва сизни ноўрин салбий баҳоларга кўмиб ташласа – бу энди унинг ахлоқи ва тарбияси муаммоларидир. Агар сиз бундай муносабат мақомини нисбатан маҳсулдорига ўзгартиришга муваффақ бўла олмасангиз, хафа бўлманг, қўполлик қилманг – яхшиси ўзингизга бошқа жой қидиринг, ўзини босиб олган раҳбар қўл остига ишга ўтинг.

17. Сизни ҳақорат қилсалар

Агар ҳамкасбларингиз томонидан сизни ҳақоратлашса, бунга мутлақ йўл қўйиб бўлмайди. Сиз қўрқитиш, жинсий зўравонлик ёки бошқа ҳар қандай тажовузкорона ҳаракатлар қурбонига айланган бўлсангиз, ёки сизни молиявий масалаларда алдашмоқдами ёки берган ваъдаларини бажармаётибдиларми, дарҳол ишдан бўшанг!

18. Бўшаш ҳақида ўзингизга ваъда бергансиз

Кўпчилик ўзига ва яқинларига иш жойини ўзгартириши ҳақида ваъда беради. Бироқ иш унгача етиб бормайди. Ҳар сафар сиз “сизга янги тош отиш”ларини кутиб ўтирасиз ва бу орқали ҳеч бир чора кўрмасликлигингиз билан ўзингизни оқлайсиз. Ҳар қандай вазиятда яхшиликни кўра билиш – тинчлантириш йўлидир. Бироқ у ҳар доим ҳам тараққиёт йўли бўла олмайди.

Ўзингизни алдаманг – муваффақиятли фаолият ва бахтли ҳаёт қуриш учун фаол ҳаракатларни амалга оширинг.

19. Сиз раҳбарлик лавозими ҳақида орзу қилмайсиз

Астойдил меҳнат қиласизми ва раҳбарият топширган барча вазифаларни бажарасизми? Ўзингизни ҳеч бошлиқ ўрнида кўришни ҳеч орзу қилганмисиз? Агар йўқ бўлса, демак сиз ўз ўрнингизни топа олмагансиз. Тўғри ҳамма ҳам бошлиқ ва директор бўла олмайди, бироқ лойиҳа раҳбари бўлиш – иш жойида табиий ўсишдир. Агар сиз яқин йиллар ичида ўзингизни бундай лавозимда кўра олмасангиз, фаолиятингизни ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўриш вақти етибди.

20. Сиз келажак ҳақида ўйлашдан чўчийсиз

Агар сиз эртадан кейинги кунга ёки келаётган дам олиш кунларига умуман назар ташлаш истагида бўлмасангиз, демак, сиз ботиб қолибсиз.

Бундай вазиятда иш жойини ўзгартириш биринчи даражали вазифа ҳисобланади. Бундай қарор қабул қилиш осон эмас, ахир сиз баҳоналарнинг бутун бир рўйхатини тузиб қўйганингизга анча вақт бўлган. Биринчи навбатда, иш фаолиятингизда сизни муваффақият кутмаётгани сабабларини бир бошдан қоғозга туширинг. Қоғозни ғижимлаб ташлаб юборинг!

Болаликдаги орзуларингизни эсланг, маҳоратларингизни ва яна нималарни ўрганиш истагидасиз, барчасини қоғозга ёзинг. Туташув нуқтасини топинг ва ҳаётингизни яхшилаш йўналишида ҳаракат қилишни бошланг.