• 16
  • 2
  •  
  •  
  •  
    18
    Shares

Биз кўпинча оёғимиздаги катта бармоқнинг вальгус деформациясига алоқадор биринчи аломатларга эътибор бермаймиз. Ва бу нотўғри. Зеро, оёқ юзасидаги ўзгаришлар бироз сезиладиган бошланғич босқичда кучли оғриқларга олиб келадиган яллиғланиш жараёни, яъни бурсит ривожланишининг олдини олиш мумкин.

Ушбу мақолада оёқ юзасида “суякчалар” пайдо бўлишининг олдини олиш ҳамда оёқларни жарроҳлик столигача олиб бормаслик тўғрисида сўзлаймиз.

ТЎҒРИ ПОЙАБЗАЛ ВА ПАРҲЕЗ

Оёқ юзасида вальгус деформацияси ривожланишида ирсият катта ўрин тутади. Бундай ҳолатда нотўғри пойабзал ва ортиқча вазн хавфни янада оширади.

Шу боис, аввало, баланд пошнали ва учи тор туфлилардан воз кечиш керак. Шунингдек, бўғимларда яллиғланиш жараёни юзага келиши эҳтимолини оширадиган маҳсулотларни таомномадан чиқаринг: ёғлик ва аччиқ таомлар, ширинликлар, пишириқлар, дуккаклилар.

УҚАЛАШ

Уқалаш оёқ юзаси мушакларини бўшаштириш ва мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг тўғри шаклда туришига ёрдам беради. Буни мустақил равишда амалга ошириш мумкин.

  • Махсус уқалаш ёки оддий теннис коптогидан фойдаланинг. Уни полда юмалатинг.
  • Қўлларнинг катта бармоқлари билан оёқ юзасини тепадан пастга ҳамда тескари йўналишда бироз босиб уқаланг.
  • Оёқ бармоқларининг орасини очинг. Уларнинг орасига қўл бармоқларини жойлаб, юқорига-пастга юргазинг.
  • Оёқнинг битта бармоғини ушлаб, бироз юқорига тортинг. Ҳар бир бармоқни шундай тортиб чиқинг.
  • Агар таътилда денгизга сафар қилсангиз, қум ёки шағал устида албатта яланг оёқда боринг. Бу жуда фойдали уқалаш.

МАШҚЛАР

Уйда бажариб, кунига кўпи билан 10 дақиқа вақт сарфлаш мумкин бўлган жуда оддий, аммо самарали машқлар мавжуд.

  1. Оёқ юзасини полга текис қўйиб, ҳар бир бармоқни алоҳида кўтаришга уриниш.
  1. Оёқ бармоқларига қаттиқ резинани (масалан, соч резинаси) кийдириб, куч билан уларни турли томонларга буриш.
  1. Шунчаки оёқ юзасини турли томонларга айлантириш.

Қалам ёки шарчалар, сочиқ ёки мато бўлаги каби майда нарсаларни полга қўйиб, уларни оёқ бармоқлари билан кўтаришга ҳаракат қилинг.

ОЁҚЛАР ГИГИЕНАСИ

Мунтазам равишда оёқлар учун сувли ванна қилиш чарчоқни енгиш, терлаш ва зарарли бактерияларни йўқотишга ёрдам беради.

Бундай ванналар учун яллиғланишга қарши хусусиятга эга ўтлардан, масалан, мойчечак, календула ёки лавандадан фойдаланинг.

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!