Ҳар бир давлатда 1-рақамли, энг катта ва ривожланган шаҳар мавжуд. Ўзини ҳурмат қиладиган ҳар қандай саёҳатчи уни кўришни бурч деб билади. Ҳар бир давлатда 2-рақамли (катталиги ва аҳоли сони бўйича)шаҳар ҳам бор. “Иккинчи” шаҳарларнинг тарихи, маданияти ва диққатга сазовор жойлари ҳам бошқаларникидан қолишмайди (баъзан қизиқроқ ҳам бўлади). Бироқ улар ҳар доим ҳам Bucket-рўйхатлардан ўрин олмайди. Биз мазкур шаҳарларга ҳаётинигиз давомида албатта ташриф буюришингиз кераклигини исботлаб берамиз.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Иокогама, Япония

Иокогамада 3,7 миллион аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли сони ва майдони бўйича Японияда Токиодан кейинги иккинчи ўринда туради. Иокогама XIX асрда кунчиқар мамлакатнинг асосий порти ҳисобланган. Шаҳар ҳозир ҳам кучли иқтисодий заминга эга. Хусусан, Nissan компаниясининг бош қароргоҳи айнан шу ерда жойлашган. Иокогамада томоша қиладиган жойлар сероб: “Келажак порти”, “Йўналтирувчи минора” (Yokohama Landmark Tower — 296,3 метр), улкан томоша чарҳпалаги, Япония ва дунёдаги энг йирик хитой квартали, рамэн музейи ва яна кўплаб диққатга сазовор масканлар.

Корк, Ирландия

Коркда (ирланд тилидан таржима қилинганда – “ботқоқлик”) 190 минг одам яшайди. Дунёдаги энг катта шаҳар бўлмаса-да, Ирландияда майдони бўйича иккинчи ўринда туради. VI асрда асос солинган, кўплаб қадимий черковлар ва бинолар мавжуд. Бу ернинг жозибасини Коркдаги асосий кўчани (авлиё Патрик) айланиш, авлиё Мария ва авлиё Финбаррнинг черковларини томоша қилиш ҳамда маҳаллий пабларнинг бирига ташриф буюриш орқали тушуниш мумкин. Шаҳардаги барча диққатга сазовор жойларни кўриб бўлгач, шаҳар ташқарисидаги ажойиб қасрларни томоша қилиш мумкин.

Гётеборг, Швеция

Табиийки, биринчилик Стокгольмга насиб этган, аммо ярим миллион аҳолига эга Гётеборг иккинчи ўринни эгаллаган. Бу Швециядаги энг саноатлашган шаҳарлардан бири бўлиб, унда Volvo бош қароргоҳи жойлашган. Мамлакатдаги энг манзарали шаҳарлардан бири. Гётеборг Каттегат бўғози қирғоғида жойлашган бўлиб, унда кўплаб ҳиёбонлар мавжуд. Бу Швециядаги энг маданий ривожланган шаҳарлардан бири. Бу ерда хушоҳанг дэт-метал пайдо бўлган ва ҳар йили Скандинавиядаги энг йирик кинофестивали ўтказилади.

АнҚара, Туркия

Аксарият одамлар Туркиянинг пойтахти Истамбул дея хато қилишади. Аслида Истамбул аҳоли сони ва ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими бўйича биринчи шаҳардир, аммо мамлакатнинг маъмурий маркази Анқара ҳисобланади. Қарийб 5 миллион аҳолига эга шаҳар Туркиянинг маданий пойтахти саналади. Мисол учун: қадимги онодўли тамаддунлари музейи (Хетт музейи), Рахми Коча саноат музейи, этнография музейи, тасвирий санъат ва ҳайкалтарошлик музейи, уруш музейи, фан ва техника музейи, яна ўнлаб масжидлар, юнон ҳаммомларининг вайроналари ва бошқа санъат объектлари.

Берген, Норвегия

Берген XIII аср охиригача Норвегиянинг пойтахти, XIX асрнинг 30-йилларигача эса мамлакатдаги энг йирик аҳоли пункти бўлга. Ҳозирда Бергенда 278 минг аҳоли яшаб келади. Бу Норвегиянинг энг йирик саноат маркази. Бергеннинг фахри – ўрта асрларга мансуб Брюгген қирғоғи ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олган. Шаҳар стрит-арт ва Флёйбанен фуникулёри билан ном қозонган. Бундан ташқари, фьордлар бўйлаб саёҳатлар айнан Бергендан бошланади.

Рио-де-Жанейро, Бразилия

6,4 миллион аҳоли ва битта улкан Исо ҳайкали – бу Риодир, дўстлар. Бразиялада Сан-Паулудан (у ерда қарийб 12 миллион одам) кейин иккинчи, Жанубий Америкада учинчи ва жаҳонда 26-шаҳардир. Рио – байрамлар шаҳри. Зеро айнан шу ерда сайёрамиздаги энг ранг-баранг карнавал ўтказилади. Айнан шу шаҳарда машҳур Копакабана пляжи жойлашган. Айнан шу ерда ўтган йилнинг ёзида аргентиналик мухлисларнинг кўз ёшларига гувоҳ бўлган “Мараканда” стадиони қурилган. Ва айнан шу  шаҳарда кейинги йил ёзги Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади.

Роттердам, Нидерландия

Роттердам – Амстердам. Ўхшайди, тўғрими? Бироқ Амстердам биринчи ўринда (813 минг одам), Роттердан эса иккинчи (631 минг). Шунга қарамай, шаҳарнинг аҳамиятига паст баҳо бериб бўлмайди. Ахир у Европадаги энг йирик порт ҳамда муҳим транспорт ечимидир. Роттердам ўзининг кубсимон уйлари, Европа мачтаси, Эразм кўприги, “Бляйдорп” ҳайвонот боғи, музейлари, шунингдек кўп сонли тунги клублари билан машҳурдир.

Кошице, Словакия

Кошице – унча катта бўлмаган Европа шаҳарчаси бўлиб, унда 241 минг аҳоли яшайди. Бироқ у ажойиб тарихга эга. Кошицега XII асрда асос солинган, XIV асрда эса шаҳар Европада биринчи бўлиб ўз гербига эга бўлган. Ҳозирда Словакиянинг йирик илмий-маърифий маркази ҳисобланади: Павел Йозеф Шафарик (атоқли олим) университети шу ерда жойлашган. Кошицедаги яна бир номдор жой – Ференц Ракоцининг мақбараси жой олган авлиё Элизабет черковидир. Ушбу черковнинг ичида XV асрга мансуб қайдлар ёзилган ноёб меҳроб, унинг ёнида эса кўзни қамаштирадиган куйловчи фаввора ўрнатилган.

Пусан, Жанубий Корея

“Денгиз пойтахти”, “ёзги пойтахт” – Пусаннинг кўплаб фахрли номлари мавжуд, аммо аҳоли сони бўйича у Сеулдан (3,6 миллион одам) кейин иккинчи ўринда туради. Пусан – бошни айлантирадиган осмонўпарлар (“Лотте Супер Тауэр” дунёдаги энг баланд бинога айланиши мумкин) ҳамда ғаройиб молларга (“Синсеге Сентум Сити” ҳозирданоқ дунёдаги энг катта мол) эга одатий замонавий мегаполис. Шунингдек, шаҳарда олтита ҳашаматли пляж бўлиб, уларнинг энг машҳури – Хэундэдир. Пусанда нафақат денгиз, балки фаол ҳордиқ мухлислари ҳам ўзларига қизиқ машғулот топишлари мумкин: шаҳаржа кўплаб барлар, ресторанлар ва лискотекалар мавжуд.

Порту, Португалия

Портуда 1,3 миллион аҳоли истиқомат қилади, аммо шаҳар аҳоли сони 1,7 миллионга етадиган янада катта агломератни (Катта Порту) ҳосил қилади. Шаҳарни кўпинча Портулагиянинг шимолий пойтахти деб атайдилар. Зеро у маданий ва иқтисодий аҳамияти бўйича Лиссабонга ён бермайди. Портудаги асосий диққатга сазовор жой – баландлиги 76 метрга тенг Клеригуш минорасидир. Шаҳар Дору дарёси устида жойлашган бўлиб, кўприклари билан машҳур. Ниҳоят, Порту – портвейннинг ватани ҳисобланади.

Краков, Польша

Краков – нафақат Польша, балки Европадаги энг қадимий шаҳарлардан бири. Ҳозирда унда қарийб 760 минг одам яшайди. Шаҳардаги меъморий ёдгорликларни санашга иккала қўлдаги бармоқларнинг сони етмайди. Уларнинг аксарияти ЮНЕСКО ҳимоясида. Энг машҳур жойлар қироллик қасри, Казимеж, бозор майдони саналади. Эски шаҳар ҳиёбонлар ҳалқаси – машҳур Краков плантларибилан ўралган. Шунинг учун Краков пиёда юришга ундайдиган шаҳарлардан биридир.

Кито, Эквадор

Кито – Эквадорнинг пойтахти. Мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий маркази. Бироқ аҳоли сони бўйича Гуаякилдан ортда қолади: бу ерда 2,6 миллион аҳоли мавжуд. Кито Жанубий Америкадаги энг гўзал шаҳарлардан бири саналади. Унинг меъморчилиги – испан, голланд ва ҳинду меъморчилик анъаналарининг мутаносиб аралашмасидир. Шаҳар улкан тепаликлар билан уч қисмга бўлинган: эски шаҳар (музейлар, ҳайкаллар ва бошқалар), жанубий туман (саноат) ва шимолий туман (банклар, муассасалар, ҳашаматли дўконлар ва турар-жойлар).

Милан, Италия

Милан – узоқ вақт ва тутилмасдан сўзлаш мумкин бўлган шаҳар. Бироқ аҳоли сони бўйича у иккинчи ўринда (биринчи ўринда кимлигини топингчи?) – 1,3 миллион одам. Милан – дунёнинг маданий пойтахтларидан бири. Бу ерда иккита буюк Амвросий ва Лаврентийўрта аср базиликаси, шунингдек афсонавий Ла Скала театри жойлашган. Леонардо да Винчининг “Хуфёна учрашув” сурати Миланда сақланади. Милан – дунёдаги мода пойтахтларидан бири. Бу ерда Gucci, Prada, Valentino, Armani ва бошқа “гўзаллик ҳукмдорларининг” бош офислари жойлашган. Милан – жаҳоннинг спорт пойтахтларидан бири. “Милан” ва “Интернационале” – Европа футболининг гранд клубларидир. Шунингдек, Милан яқинида “Формула-1” Италия Гран-приси ўтказилади.

Санкт-Петербург, Россия

Шимолий Пальмира, Шимолий Венеция, ёруғ тунлар шаҳри, маданий пойтахт, Россиянинг энг гўзал шаҳри (шарҳларда баҳслашишингиз мумкин) – буларнинг бари Санкт-Петербург тўғрисида. Нева устидаги шаҳарда 221та музей, 80та театр, 2 000та кутубхона, 45та галерея ва юзлаб тарихий бинолар жойлашган. Бироқ бу қуруқ статистика, Питер эса – шеъриятдир. Шаҳар мамлакат мумтоз ва авангард маданиятининг юраги. Мазкур ўзига хос муҳит кўплаб шоирлар, рассомлар, адибларни дунёга келтирган… Сарой майдони, Васильев ороли, кўтарилувчи кўприклар – буларни ҳаётингизда бир марта бўлса ҳам кўрсангиз арзийди.

Мельбурн, Австралия

Мельбурн аҳоли сони бўйича Сиднейдан бир оз ортда қолади (мувофиқ равишда 4,5 ва 4,7 миллион). Жаҳондаги энг яшаш учун қулай шаҳарлардан бири саналади. Бунинг ҳайратланарли ери йўқ, ахир Мельбурнда Австралиянинг тижорат, саноат ва маданий кучлари бирлашган. Европа ўлчовлари бўйича камтарона тарихига (XIX аср бошидан) қарамай, Мельбурнда кўплаб диққатга сазовор жойлар мавжуд: “Эврика” минораси, “Жанубий юлдуз” томоша чархпалаги, қироллик кўргазмалар маркази, Виктория давлат кутубхонаси ва бошқалар. Шунингдек Мельбурн ажойиб шаффл рақсининг ватани. Everyday I’m shuffling!

Абу-Даби, БАА

Абу-Даби – Бирлашган Араб Амирликларининг пойтахти. Шаҳарда 1,1 миллион одам истиқомат қилади, аммо унинг мамлакат ялпи ички маҳсулотига қўшадиган ҳиссаси 56 фоизни ташкил этади. Шаҳар Форс кўрфази қирғоғида жойлашган бўлиб, унинг асос солиниши билан боғлиқ гўзал афсона мавжуд. Ортидан овчилар тушган оҳу узоқ вақт чўлда сарсон бўлган ва охирида овчиларни чучук сув манбаига бошлаб келган. Овчилар шу жойда шаҳар қуриб, уни Абу-Даби, яъни “оҳунинг отаси” деб номлаганлар. Замонавий Абу-Даби, бу – шайх Зайднинг улкан масжиди, Al Bahar осмонўпар миноралари, Capital Gate қулаётган минораси ва бошқа ёрқин масканлардир.

Кордова, Аргентина

Кордова шаҳрига 1573-йилнинг 6 июлида конкистадор Херонима Луис де Кабрер томонидан асос солинган. У ўз номини испан аҳоли пункти шарафига олган. Ҳозирда Кордова аҳоли сони бўйича Аргентинадаги иккинчи шаҳар бўлиб (1,3 миллион одам), мамлакатнинг ҳарбий-саноат марказидир. Кордованинг тарихий қисмида сақланиб қолган иезуитларнинг иншоотлари ЮНЕСКО Бутунжаҳон меросининг объектлари ҳисобланади.

Дурбан, ЖАР

Дурбанга 1835-йилда асос солинган. Ҳозирда унда 600 мингга яқин одам яшайди. Шаҳар Жанубий Африкадаги энг йирик порт, шунингдек пляж ҳордиғининг энг жозибали маркази саналади (қулай пляжлар, илиқ денгиз). Дурбандаги диққатга сазовор жойлар қаторидан “Сити-Холл” мэрия биноси, Жума масжиди, Табиат тарихи миллий музейи, “Фитцсиммонс” судралиб юрувчилар ҳиёбони ва бошқалар ўрин олган.

Брно, Чехия

Минг йилдан ортиқ тарихга эга бўлган Брно шаҳри гўзалликда Прагадан қолишмайди, аммо ҳажми бўйича кичикроқ. Унда атиги 378 минг одам яшайди. “Атиги” деб ёзишимизнинг сабаби шундаки, Чехия пойтахти миллион ҳажмида ўлчанадиган аҳолига эга. Брнода кўплаб тарихий ва меъморий обидалар сақланиб қолган. Масалан, авлиё Пётр ва Павел черкови, Шпильберг қасри, ратуша, Капуцинлар монастири ва бошқалар.

Гамбург, Германия

Катталиги бўйича Германиядаги иккинчи ва Европа Иттифоқида саккизинчи шаҳар.

Гамбург аҳолисининг сони 1,8 миллиондан ошади. Шунингдек, бу Европадаги энг катта (ва энг бой) порт шаҳарлардан бири. Шаҳар ўрта асрларга мансуб қурилмаларнинг бир қисмини сақлаб қолган: шаҳар ратушаси, опера театри, авлиё Николай черкови ва бошқа диққатга сазовор жойлар. Гамбургда 60дан ортиқ музей мавжуд. Шу билан бирга Гамбургда юздан зиёд ҳиёбонлар ва “Хагенбек” ҳайвонот боғи жойлашган.

Марсель, Франция

Марселда 869 минг аҳоли яшаб келади. Улар бахтли одамлар! Зеро Марсель – Ўрта ер денгизи қирғоғидаги энг гўзал порт-шаҳардир. Ла-Канбьер кўчаси бўйлаб сайр давомида нозик яхталарни томоша қилиш ва денгиз ҳавосидан нафас олиш мумкин. Тарих ва меъморчилик шинавандалари Сен-Виктор аббатлиги, Нотр-Дам-де-ла-Гард черкови, Лоншан қасри, Иф қалъаси, кафедрал черков ва бошқа масканларни эътиборсиз қолдирмайдилар.

Гвадалахара, Мексика

“Атиргуллар шаҳри” деган шоирона номга эга Гвадалахара шаҳрида 1,5 миллион аҳоли истиқомат қилади. Унга 1542-йилда асос солинган бўлиб, Мексиканинг маданий маркази ҳисобланади. Тахминларга кўра, Мексиканинг мариачи ҳалқ мусиқаси айнан шу ерда пайдо бўлган. Шаҳарда испан колониал меъморчилигига мансуб бир нечта обидалар мавжуд (Сан-Фарнциско черкови, Санта-Моника черкови ва бошқалар), шунингдек чарриада деб номланувчи Мексика родеоси ўтказилади.

Пекин, Хитой

Пекин – Хитойнинг маъмурий, сиёсий, маданий ва маърифий марказидир. Бу орада Шанхай иқтисодий марказ ҳисобланади. Эҳтимол, айнан шу сабабли Шанхайда аҳоли сони 3 миллионга кўпроқдир. Пекиндаги аҳоли сони – 21 148 000 одам. Бундай катта ва қадимий шаҳарда (Пекин тарихи 3 минг йилдан ортиқ ёшда) кўплаб диққатга сазовор жойларнинг бўлиши табиий. Уларнинг орасида энг машҳурлари – Тақиқланган шаҳар ёки Гугун, Тяньаньмэнь майдони, Пекин императорлик саройи, Юаньминъюань, Осмон Ибодатхонаси.

Искандария, Миср

Нил дельтасида жойлашган ва Ўрта ер денгизининг қирғоғи бўйлаб 32 километрга чўзилган мазкур шаҳар Мисрнинг асосий денгиз порти саналади.Искандарияга эрамиздан аввалги 331-йилда асос солинган. Қачонлардир у бойлиги ва кучи бўйича фақат Римдан ортда қолган. Ҳозирда Искандарияда 5 миллионга яқин одам яшайди. У Мисрнинг муҳим иқтисодий марказидир. Шаҳарда томоша қиладиган жойлар (Кайт-Бей қалъаси, Помпей устунллари, Ком-эл-Шукаф ғорлари ва ҳ.к.) ва машғул бўладиган нарсалар (кўп сонли қумли пляжлар) кўп.

Деҳли, Ҳиндистон

Деҳлида яшовчи аҳолининг сони 11 миллиондан ошади. Бу чумолилар уяси сингари шовқинли, кўп миллатли ва жуда ўзига хос шаҳар. Унда эскилик замонавий ҳаёт билан ёнма-ён мавжуддир. Хусусан, эски шаҳарда ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган кўплаб меъморий ёдгорликлар жойлашган. Хумоюн мақбари, Кутуб-Минор, Қизил форт – албатта кўриш шарт бўлган жойлар. Бундан ташқари, эски Деҳли ўзининг бозорлари билан ҳам машҳур бўлиб, улардан энг номдори – “Чанди Чоук”дир. Янги Деҳли нисбатан замонавийроқ бўлиб, бу ерда мегаполиснинг ишбилармон ҳаёти мужассам бўлган: бизнес-марказлар, супермаркетлар. Бироқ шаҳарнинг шу қисмида ҳам диққатга сазовор жойлар бор. Жами бўлиб Деҳлида қарийб 1 375та маданият ва санъат объекти мавжуд.

Антверпен, Бельгия

Бельгияда Брюсселдан кейинги иккинчи шаҳар. Унда ярим миллиондан ортиқ одам истиқомат қилади (ихчам Европа ўлчамлари бўйича кам эмас). Антверпен жаҳондаги энг йирик йигирмата порт қаторидан ўрин олган бўлиб, Европадаги иккинчи порт саналади (ундан олдинда фақат Роттердам). Антверпен – санъат шаҳри. Бу ерда кўплаб музейлар, галереялар, бадиий салонлар ва бошқалар жойлашган. Ҳайратланишга сабаб йўқ: Антверпен – Рубенс, Брауэрс, Мацес, Брейгель ва бошқа мусаввирларнинг ватани. Антверпен – қимматбаҳо шаҳар. Гап фақат меъморчилик ва бой кўнгилочар масканлар ҳақида эмас, балки дунёдаги шаҳар энг йирик қимматбаҳо тошларни эговлаш маркази эканлигида.

Лос-Анжелес, АҚШ

Лос-Анжелес Калифорниядаги энг катта (қарийб 4 миллион одам) ва аҳоли сони бўйича АҚШда иккинчи шаҳар. Шаҳар анча ёш бўлиб, унда қадимий меъморий обидалар мавжуд эмас. Марказда ХХ аср бошига мансуб ар-деко услубида қурилган бир нечта бино жойлашган. Шунга қарамай, LA – эртак-шаҳар, орзу-шаҳар. Зеро бу ер Голливуд ватанидир. Шаҳарда жаҳон юлдузларини учратиш ва суперюлдузга айланиш мумкин.

Орхус, Дания

Данияда иккинч ўриндаги шаҳар – Ютландия ярим ороли шарқида, ҳудди шу номдаги бўғоз қирғоғида жойлашган Орхус. Шаҳар мамлакатнинг асосий порти ҳисобланади. Орхус шаҳрида 310 мингга яқин одам яшайди, лекин агломерациялар билан биргаликда бир миллиондан ортади. Орхусдаги энг муҳим диққатга сазовор жойлар – XIII–XV асрларнинг кафедрал черкови (Даниядаги энг йирик), ратуша, университет. Жами бўлиб Орхуснинг қадимий қисмида элликдан ортиқ тарихий объектлар мавжуд.

Тель-Авив, Исроил

Тель-Авивни барпо этишда Баухаус немис мактабининг меъморлари ишлаганлар: уйлар икки ёки уч қаватли, бетондан ишланган бўлиб, кўчалар қирғоққа нисбатан қатъий перпендикуляр равишда жойлашган. Мазкур уйлар сабабли ЮНЕСКО Тель-Авивни “Оқ шаҳар” номли маданий қадриятлар рўйхатига киритган. Тель-Авив Исроилнинг маданий марказидир. Унда ўнлаб концерт ва театр заллари, музейлар ва галереялар мавжуд. Шаҳар аҳоли сони бўйича мамлакатда иккинчи ўринда туради – 443 600 одам.

Женева, Швейцария

Женевада истиқомат қилувчи 200 минг одамнинг 44 фоизи хорижликлардир. Бу ҳайратланарли эмас. Зеро Женева бир неча маротаба яшаш учун энг яхши шаҳар сифатида эътироф этилган (жумладан 2014-йилда ҳам). Женева – Европанинг (бутун дунёнинг деса ҳам бўлади) муҳим сиёсий ва иқтисодий маркази. Бу ерда ўнлаб халқаро ташкилотларнинг бош қароргоҳлари жойлашган: БМТ, Қизил Хоч, БСТ, БССТ ва бошқалар. Шунингдек, Женева кўплаб диққатга сазовор жойларга эга бўлган жуда гўзал шаҳардир. Масалан, Нотр-Дам черкови, авлиё Пётр черкови, Женева фаввораси каби масканлар шулар жумласидандир.

Ханой, Вьетнам

Ханой (“дарёлар орасидаги шаҳар”) 1010-йилда ташкил топган. Ҳозирда у Вьетнамнинг пойтахтидир. Унда 7,6 миллион аҳоли яшайди – мамлакатдаги иккинчи шаҳар. Шаҳар улкан мегаполис саналади. Тарихий обидалардан – Президент саройи, Ханой ибодатхонаси, адабиёт ибодатхонаси ва бошқалар. Ханой – ўзига хос муҳитга эга ҳамёнбоп шаҳар бўлиб, бу ерда Шарқ ва Ғарб анъаналари бирлашган. Эски мавзенинг тор кўчаларидан иборат лабирин орқали юз метрли осмонўпар биноларга чиқиш мумкин. Ханойда уларнинг сони юздан ошади.

Монреаль, Канада

Квебек провинциясидаги энг катта шаҳар ҳамда аҳоли сони бўйича Канадада иккинчи ўринда туради. 1,9 миллиондан ортиқ аҳоли ўз шаҳридан мамнун, чунки у жаҳондаги энг қулай шаҳарлардан биридир. ЮНЕСКО Монреални дизайн шаҳри, Monocle журнали эса – Канаданинг маданий пойтахти деб номлаган. Шаҳарда кўплаб маданий форумлар ўтказилади: Жаҳон киноси фестивали, жаз фестивали, франкофония мусиқаси фестивали ва бошқалар. Монреаль – сайрлар ва мушоҳада қилиш шаҳри. Маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар Бернард кўчаси бўйлаб юришни, дам олиш кунларида эса Лафонтен ҳиёбонида пикник ташкил қилишни ҳуш кўрадилар.

Медельин, Колумбия

Медельин кўплаб ўхшатишларга сазовор бўлган. “Абадий баҳор шаҳри” – Медельин экваториал ҳудудда жойлашган, аммо унда экватор учун одатий ҳисобланган нам ва дим ҳаво деярли кузатилмайди – шаҳар об-ҳавоси жуда қулай. “Тоғлар пойтахти” – Медельин Абурра водийсидаги Анд тоғлари шимоли жойлашган. “Гуллар шаҳри” ва “орхидеялар пойтахти” – Медельинда ҳар йили машҳур гуллар ярмаркаси ўтказилади. Шунингдек, Медельин “ажойиб қишлоқ” деб ҳам тилга олинади, аммо “қишлоқда” 2,5 миллион одам яшайди.

Манила, Филиппин Ороллари

Манила – Филиппин оролларининг пойтахти. Мамлакатдаги пойтахт ҳудуди – Метро-Манилани ҳосил қилувчи 16 шаҳардан бири. Аҳоли сони бўйича Кесондан кейинги ўринда туради. Унда 1,7 миллион одам яшаб келади (агломерацияда 21 миллиондан ортиқ). Бироқ Маниланинг майдони атиги 38,55 километр квадрат бўлгани учун дунёдаги энг зич аҳолилик шаҳар ҳисобланади (экология билан боғлиқ катта муаммолар ҳам шундан). Манила – нисбатан ёш шаҳар бўлишига қарамай, ўзининг Интрамурос номли тарихий ҳудудида эга. Тахминларга кўра, айнан у замонавий Маниланинг тамал тошини қўйган ва айнан шу ерда энг чиройли қасрлар, ибодатхоналар ва музейлар жойлашган.

Арекипа, Перу

Арекипада 1 миллион одам яшайди. Арекипа маданий аҳамияти эмас, балки аҳоли сони бўйича Перудаги иккинчи шаҳар. Арекипа 1868-йилда зилзила туфайли деярли тўлиқ вайрон бўлган, аммо шаҳар марказида мўъжиза туфайли барокко ва неоготика услубидаги бир нечта бино сақланиб қолган. Шаҳарнинг колония даврида оқ вулқон тошидан қурилган тарихий қисми ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Шунингдек, Арекипа овқатланиш масканлари билан машҳур бўлиб, Перу ошхонасининг пойтахти ҳисобланади.

Рабат, Марокаш

Рабат – чиройли қадимий шаҳар. Ҳозирда Марокашнинг пойтахти, маданият ва саноат маркази саналади. Унда қарийб 4 миллион одам яшайди. Диққатга сазовор жойлар орасида қироллик қасри, Муҳаммад V мақбараси, Хасан минораси, Касб Удай қалъасини ажратиб кўрсатиш мумкин. Шунингдек, Рабатда кўплаб этник музейлар мавжуд: ҳунармандчилик музейи, қадимшунослик музейи, халқ санъати музейи ва бошқалар.

Веллингтон, Янги Зеландия

Жаҳондаги “иккинчи” шаҳарлар рўйхатидан жой олган яна бир пойтахт (400 мингга яқин аҳоли) – Веллингтон. У Янги Зеландия Шимолий оролининг жанубий қисмида, шу номдаги вулқонли келиб чиқишга эга кўрфаз қирғоғида жойлашган. Мазкур шинам шаҳарчада кўплаб ҳиёбонлар, кўприкчалар, туннеллар, майдонлар, виадуклар бор. XIX аср охири – ХХ аср бошига мансуб тарихий иншоотлар замонавий бинолар билан уйғунлашиб кетган. Веллингтондаги энг қизиқ бинолардан бири, бу – “Ари уяси”. Шаҳарликлар парламентни ўзига хос шакли учун шундай атайдилар. Авлиё Павел черкови, ботаника боғи, ҳайвонот боғи – Веллингтонда томоша қиладиган жойлар албатта топилади.

Барселона, Испания

Барселона – эртакнамо шаҳар. Каталониянинг пойтахти аҳоли сони бўйича Испаниядаги иккинчи ва Европа Иттифоқидаги ўнинчи маскан ҳисобланади: 1,6 миллиондан ортиқ одам ўзларини барселоналиклар деб билади. Шаҳар Ўрта ер денгизи қирғоғида жойлашган бўлиб (жуда муҳим порт), юмшоқ иқлими билан ажралиб туради. Испаниянинг энг машҳур кўчаси – Эски портгача чўзилиб борадиган Рамбл кўчаси айнан Барселонада жойлашган. Рамбл ва Лайетана кўчалари ўртасида яна бир диққатга сазовор жой – Готика мавзеси жойлашган. Бу ердаги авлиё Хауме майдонида бутун дунёга машҳур Барселона кафедрал черковини кўриш мумкин. Ва бу ҳали ҳаммаси эмас. Барселонани севиб қолмасликнинг иложи йўқ. У нафақат Испания, балки бутун дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бири.

Момбаса, Кения

Момбаса Ҳинд океанидаги маржон оролида жойлашган бўлиб, бир нечта тўғон орқали қитъа билан боғланган. Ушбу шаҳар мамлакат учун портларнинг аҳамияти яна бир карра исботлайди. Момбаса – Кениянинг асосий денгиз бандаргоҳи, иқтисодий ва маданий марказидир. Шаҳарда 1,2 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Момбаса ўзининг қирғоқбўйи манзаралари ва яхши парваришланган пляжлари билан ном қозонган. Бу ерда сувда ҳордиқ чиқаришнинг турли шакллари ривожланган: сув чанғилари ва гидроциклларда сузиш, виндсёрфинг, дайвинг.

Маракайбо, Венесуэла

Венесуэлада Каракасдан кейин иккинчи шаҳар: аҳоли сони 2,6 миллиондан зиёд. Шаҳар Венесуэла кўрфази ва Маракайбо кўлини (Жанубий Америкадаги энг йирик кўл) бирлаштирувчи бўғоз қирғоғида жойлашган. Шаҳарга 1529-йилда немис колониячилари томонидан асос солинган. XVII асрда бир неча марта қароқчиларнинг ҳужумларига учраган. ХХ асрда Маракайбода нефть топилган ва шаҳар фаол ривожлана бошлаган. Тарихий диққатга сазовор жойлар қаторидан колония даврларига мансуб черковлар, қасрлар ва ҳайкаллар ўрин олган. Шунингдек, шаҳарда кўплаб анъанавий Венесуэла сувенирлари сотиладиган дўкончалар мавжуд: ром, шоколад, лойдан ишланган қўғирчоқлар.

Мазкур “иккинчи” шаҳарлардан бирига йўлингиз тушган бўлса, таассуротларингизни биз билан ўртоқлашинг.