• 7
  • 1
  •  
  •  
  •  
    8
    Shares

Йўлда кетаётганда рулда шунчаки ухлаб қолсангиз, на кўп йиллик ҳайдовчилик тажрибаси, на эҳтиёткорлик сизни фалокатдан асраб қололмайди. Уйқуга кетиш ҳолатини ўз вақтида қандай сезиш мумкин?

Олег Радул

Саёҳатчи. Машинада дунёни кезиб чиққан. Facebook тармоғидаги профили.

2015-йилнинг 11 апрелида уч нафар дўстим тоғдан қайтиш йўлида ҳаммаси, жумладан ҳайдовчи ҳам ухлаб қолганлиги туфайли ҳалок бўлган.

Нотаниш кимдир ҳалокатга учраганини эшитганда, кўпинча

“Йигит тажрибасиз ёки ўзига ортиқча ишонган бўлгандир. Мен билан бундай ҳолат юз бермайди”, деб ўйлайсиз. Бироқ, ўшанда айнан қарама-қарши вазият бўлган.

Ҳалок бўлган йигитлар охирги 10-15 йил давомида доим, деярли ҳар ой тоғга, денгизга сафар қилиб, тўхташларсиз минглаб километрларни босиб ўтганлар. Уларнинг ҳаммаси чарчоқ ҳолатини жуда яхши ҳис этиб, уйқу ҳолатида умуман машина ҳайдамасликка ҳаракат қилганлар… Фалокат ҳақида эшитганларнинг кўпчилиги аввалгида улардан бири шунчаки рулда ухлаб қолиши мумкинлигига ишонишни истамаган. Шунга қарамай, бу ҳолат юз берган. Бир марталик уйқу ҳаммаси учун етарли бўлган.

Мен улардан ақллироқ ёки тажрибалироқман дея таъкидлай олмайман. Ёш, тажриба, ҳайдаш усули – ҳаммамизда деярли бир хил. Демак, мен ҳам қуёшли кунларнинг бирида ҳудди шундай миямни йўлда қолдиришим мумкин эди.

Бу ҳолат ўйланишга мажбур қилади. Мен йўлда тетикланишнинг турли усулларини билардим: қаҳва, писта, қувват берувчи ичимликлар, сайр қилиш, машғулотлар ва шунга ўхшаш нарсалар. Лекин, бу усулларнинг биронтаси ҳам менга хавфсизликни кафолатлай олмаслигини тушундим. Парадокс шундаки, буларнинг бари ҳаракатни давом эттириш усуллари, аммо асосийси – ҳеч нарсага қарамасдан қачон тўхташни билишдир!

Бу вазиятда миллион маротаба эшитган “Чарчадингми – дам ол” ҳикмати тўғри келмайди. Чарчаш деганлари нимаси? Бутун шаҳар ишдан кейин чарчаган ҳолатда уйига йўл олади, хўш? Чарчоққа қачон хотиржам чидаш мумкину, қачон йўл четида тўхташ кераклигига оид холисона мезонлар қани? Бу мезонлар аниқ ва тушунарли бўлиши зарур.

Хуллас, айни пайтда менда шундай мезонларнинг бештаси мавжуд. Улар машинада ёки яхтадаги минглаб бедор тунлар билан синовдан ўтган. Қоида ҳам жуда оддий: бундай ҳолатгача чидамаган маъқул. Агар қуйида кўрсатилган ҳолатлардан бири бирдан пайдо бўлса, мен ўйламасдан шу заҳотиёқ рулни топшираман. Агар алишадиган одам бўлмаса, йўл четига чиқиб ухлайман. Чунки йўлни давом эттириш мумкин эмас.

Демак, мия ўчиб бораётганининг бешта холисона аломати.

1. Кўз юмилиши ҳолатини сезасан

Бу энг яққол ва бир маъноли мезон. Охирги марта киприк қоққан вақтингизни эслашга уриниб кўринг? Ҳа, яшанг! Гап шундаки, одам оддий ҳолатда киприк қоқиш лаҳзасини умуман сезмайди. Сен ўта тез содир бўладиган бу ҳолатга шунчаки эътибор бермайсан. Бу ҳолат яққол сезила бошласа, оддий киприк қоқиш эмас, уйқуга кета бошлаш ҳақида гап боради. Шу боис, дарҳол йўл четига чиқиш зарур!

2. Кўз алданиши

Ҳайдовчи бундай ҳолатда қаршисида айнан нимани кўраётганини дарҳол аниқлай олмайди. Бу одамми, ё устунми, ёки соя… Буюмлар узоқдан битта бўлиб кўринади, яқинлашганда эса ё умуман бошқа нарса бўлиб чиқади, ёки мутлақо йўқолади. Бу чегара олди босқичи: кўзлар ҳали очиқ, аммо мия келаётган маълумотларга ишлов беришга улгурмайди – у аллақачон ухлаяпти!

3. Қараш фокуси бузилади

Мен кўзимни йўлдан мосламаларга ўтказишга ва дарҳол яна йўлга қайтаришга уринаман. Километраж қанча эди? Яна бир марта: бир лаҳза мосламаларга ва яна йўлга. Кўзлар нормал ҳолатда қайта қарашга улгуради ва ҳаммаси яхши кўринади. Лекин ухлаб қолаётган бўлсанг, нигоҳ қотиб қолади, кўзлар шароитга мослашишга улгурмайди, мосламаларга бирров қараб, дарҳол керакли кўрсаткичларни ўқиш мумкин эмас.

4. Мияни ишлатишга эринаман

18 сонини 3га кўпайтиришга уриниб кўринг. Нормал ҳолатда бу муаммо эмас. Бироқ уйқу тортаётган одам буни қилишга эринади. Ҳаттоки бошлашга ҳам дангасалик қилади. Айнан шу сабабли гапириш ҳам малол келади, чунки бунинг учун фикрлаш, суҳбат мавзусини мияда ушлаб қолиш, сўзлар танлаш керак.

Айгандек, ҳар қандай сўзли мулоқот мияни яхшигина юклайди. Шу боис, биринчидан, гапираётган одам ухлаб қолмайди, иккинчидан, салонда ҳукм сураётган сукунат тезда ҳаммани уйқуга солади. Шу онда тўхташ керак.

Йигитларда айнан шу ҳолат юз берган (регистратор бўйича): аввал салонда жим-житлик юзага келган, маълум вақт ўтгач авария содир бўлган. Бу орада шунчаки қуруқ гаплар эмас, балки муносабатлар, сиёсат ёки ғийбатлар каби қизиқарли мавзулар одамни тетик тутади. Хуллас, йўлга чиқиш олдидан кўпроқ мавзу тўпланг.

5. Майда қоидабузарликлар

Кетма-кет икки-уч марта яқин чироқни ёқишни унутдингизми? Демак, ухлаш керак. Охирги йўл белгисини эслай олмаяпсизми? Ундан олдингисиничи? Ҳеч бўлмаяптими? Ухлаш! Ёниб-ўчаётган сариқ ёки яшил рангга тўхтадингизми? Хуллас, тушундингиз…

Бонус: йўловчи учун экспресс-тест

Ҳайдовчига сездирмасдан мудроқ ҳолатига текшириб кўриш мумкинми? Ундан “Менга қара, ҳаммаси жойидами?” деб сўраш бефойда. Жавоб ҳар доим бир хил бўлади: “Жойида”. Бунинг ўрнига унга ўйлашга ёки диққат қилишга мажбур этадиган саволлар бериш керак.

Масалан: “Ҳозир қаердамиз? Ўтиб кетган кўчамиз қайси эди?” ёки “Фалон манзилгача яна қанча қолди?”, шунингдек “(умумий дўстнинг исми)нинг туғилган кунига нима совға қилган маъқул?” каби мураккаброқ савол ҳам бериш мумкин.

Жавоблар ўта содда ёки ғалати бўлиб туюлса – демак, алмашиш вақти келган. Агар бемор нисбатан тирик бўлса, янада яхшироқ бўлиши учун қандайдир баҳсни бошлаш керак. Юксак материяларми, шунчаки унинг жиғига тегишми – фарқи йўқ. Қизғин мунозара чоғида ухлаб қолиш жисмонан имконсиз – текширилган.

Асосий қоида: мия бирдан эмас, аста-секин ўчади.

Ҳудди қотаётган компьютер каби аввалига 100 фоиз, сўнгра 50 фоиз, кейин 25 фоизга ишлайди ва ниҳоят ҳаммаси тўхтайди. Нима излаш ва қандай текширишни билсанг, ўша 100 фоиздан 50 фоизга ўтиш лаҳзасини тутиш мумкин. Бунда ҳар қандай эринчоқликни излаш ҳамда фикрлашнинг секинлигини текшириш керак.

Барибир савол туғилади: ўзимни ўзим назорат қилишим ёлғиз узоқ масофаларга хавфсиз қатнаш учун етарлими? Тўғрисини айтсам, ишончим комил эмас. Онг сустлашиши билан бирга қўрқув ҳисси ҳам йўқола бошлайди. Яъни, уйқуга кетаётганингни тушунасан, соғлом одамга хос барча мезонлар бўйича деярли ўлим ёқасида эканлигингни англайсан, аммо шу онда умуман қўрқув бўлмайди! Зеро, мия деярли ухлаб қолган. Ўзингга айтасан: “Нима бўпти, энг яқин ХХХгача яна ХХ километр юраман ва ўша ерда ухларман/ алмашарман”.

Бу белгилар айниқса ёлғиз кетаётганда қўл келади. Уларни охиригача етказмасликка ҳаракат қилиш, қай биридир сезилса – дарҳол тўхташ зарур. Бироқ, бу хавфсизликнинг етарли эмас, балки кўпроқ зарур шарти.

Мен 100 фоизга ишонадиган ягона усул, бу – йўловчи ҳамда доимий суҳбатлар билан ҳаракатланиш.

Бунда фақат тектик қолиш эмас, балки бир-бирингизни доим назорат қилиш мумкин (4-бандга қаранг): суҳбат тугаса – иккала одам ҳам уйқуга кетади. Тўғри, бу жуда кескин қоида. Лекин ундан воз кечиш ўлим хавфи билан тенг.

Ўзингизни асранг.

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!