Ширинликлар ва фастфуддан воз кечиш сизга тез озишни кафолатламайди. Соғлом парҳез озаётган одамлар осонлик билан тушиб қоладиган тузоқларга тўла. Орзуингиздаги қадди-қоматга эга бўлишга халал бераётган хатоликлар тўғрисидаги маслаҳатларимизни сизга тақдим этамиз.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

1-хато. Сиз порциялар миқдорини ҳеч кузатмайсиз


Кўпчилик агар маҳсулот фойдали бўлса, уни чекланмаган миқдорларда истеъмол қилиш мумкин деб ҳисоблайди. Бу катта хато. Ҳаттоки ёрмалар, қаттиқ навли макарон ёки ширин мевалар каби фойдали маҳсулотларни ҳам чекланмаган миқдорларда қабул қилиш сизнинг барча саъй-ҳаракатларингизни йўққа чиқариши турган гап. 

Қандай тузатиш мумкин

  • Ошхона тарозисини сотиб олинг ва истеъмол қилаётган ҳар бир маҳсулотингизни тортинг.
  • Калорияларни ҳисоблаш иловасини кўчириб олинг ёки кунлик меъёрингизни ошириб юбормаслик учун кундалик тутинг.
  • Ёдда тутинг: қадоқда ва жадвалларда ишлов берилмаган маҳсулотнинг 100 граммига тўғри келадиган калорияси кўрсатилади, қуруқ/хом ва тайёр маҳсулотларнинг оғирлиги эса бир-биридан тубдан фарқ қилади. Шунинг учун маҳсулотларни тайёрлашдан аввал оғирлигини ўлчанг, ёки тайёр маҳсулотлар калорияси жавдалидан излаб топинг.

2-хато. Сиз соуснинг калориясини эътиборга олмайсиз


Озишга ҳаракат қилаётган кўпчилик оз миқдордаги соус таомнинг калориясини оширмайди, деб ҳисоблайди. Аслида эса, сотиб олинадиган соуслар жуда ҳам юқори калорияга эга ва ёғли бўлади: уларнинг 100 граммида тахминан 30 грамм ёғ ва 300 килокалория бўлади. Шундай экан, соуснинг 30 граммини қўшган ҳолда сиз 90 килокалория истеъмол қиласиз, уларнинг катта қисмини эса тўйинган ёғлар ташкил этади.

Қандай тузатиш мумкин

  • Сотиб оладиган соусларингизни табиий зираворларга алмаштиринг. Шундай қилиб сиз ўз таомларингиз калориясини уларнинг мазасига зарар етказмаган ҳолда камайтиришга муваффақ бўласиз.
  • Агар сиз соуслардан воз кеча олмасангиз, кетчупнинг ўрнига табиий томат пастасидан, майонезнинг ўрнига эса, оқ йогурт ва ханталдан тайёрланган соусдан фойдаланишингиз мақсадга мувофиқдир.

3-хато. Сиз ёғсизлантирилган маҳсулотларни афзал кўрасиз


Ёғсизлантирилган сут ва қатиқ маҳсулотлари озишга ёрдам бермаслик билан чекланиб қолмай, балки янада кўпроқ калорияларни истеъмол қилишга мажбур этади. Food & Brand Lab томонидан яқинда ўтказилган тадқиқотларнинг кўрсатишича, қадоқдаги “0% ёғлилик” белгиси  истеъмолчиларни таркибидаги ёғ миқдори меъёрида бўлган маҳсулотларга нисбатан кўпроқ маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилишга ва ўртача 84 килокалория кўпроқ олишга ундар экан.

Бундан ташқари, ёғсизлантирилган маҳсулотлар тўйиниш ҳиссини бермас, уларнинг витамин ва микроэлементлари эса ёмонроқ ҳазм бўлар экан. Натижада эса, сиз ҳеч қандай самарага эга бўлмас экансиз ва қисқа вақтдан сўнг сизда яна овқат ейиш истаги юзага келар экан.

Қандай тузатиш мумкин

  • Ўртача ёғлиликдаги сут маҳсулотларини сотиб олинг.
  • Нафақат калорияларни, балки оқсил, ёғ ва углеводларни ҳам ҳисобга олинг.
  • Этикеткаларни диққат билан ўқинг: баъзи ёғсизлантириган маҳсулотларга маҳсулот таъмини яхшилаш мақсадида шакар қўшилади, бу эса унинг калориясини оширади.

4-хато. Сиз қовурилган таомларни ёқтирасиз


Қовуриш жараёнида фойдаланиладиган ўсимлик ёғи таомнинг калорияси кескин оширади.

Қандай тузатиш мумкин

  • Тайёрлашнинг ўзга усулларидан фойдаланинг: таомни духовкада ёки буғда пиширинг
  • Тагига олдирмайдиган товалардан фойдаланинг, чунки улар ёғ қўшмасдан таом пишириш имкониятини беради.
  • Агар қовуришда ёғдан фойдаланадиган бўлсангиз, уни бутилкадан қуйманг, балки чўтка ёрдамида юзага суртинг.

5-хато. Сиз фойдали ширинликларни жуда кўп истеъмол қиласиз


Конфет ва печеньеларни кўпинча нисбатан фойдали маҳсулотлар билан алиштиришни таклиф қиладилар: масалан, ёнғоқ ва қуруқ меваларга. Тўғри, уларнинг таркибида фойдали моддалар кўп, бироқ калорияси ҳам кам эмас. Мисол учун, 30 грамм миқдордаги ёнғоқ 196 килокалорияга, шу миқдордаги қуритилган хурмо – 80 килокалорияга эга.

Қандай тузатиш мумкин

  • Қуруқ мева ва ёнғоқли ликопчани кўринмайдиган жойга олиб қўйинг.
  • Ейишдан аввал, порцияларга ажратинг. Уни тортиб кўринг ва калориясини ҳисобланг.

Соғлом овқатланиш тартибига ўтинг ва сизнинг барча саъй-ҳаракатларингизни йўққа чиқариши мумкин бўлган хатоларга ҳамда хомхаёлларга йўл қўйманг .