• 2
  • 1
  •  
  •  
  •  
    3
    Shares

Айтишларича, қўллар одамнинг ёшини билдириб қўяркан, зеро улар юзга нисбатан эртароқ қарийди. Бироқ, қўлларни тўғри парваришлаш орқали бунинг олдини олиш мумкин.

Қўлларингиз доим нозик ва чиройли бўлишига ёрдам берадиган бир нечта маслаҳат ва қоидаларни тақдим этамиз.

Қўлларни тўғри ювинг

Қўл териси совун ва сув билан тез-тез алоқага киришгани туфайли намликни йўқотиб, қуриши мумкин. Бунга йўл қўймаслик учун қуйидаги оддий қоидаларга амал қилинг.

  • Зарурат бўлмаса бактерияларга қарши совундан фойдаланманг: у терини қуритиб, шикастлаши мумкин. Бунинг ўрнига таркибида жожоба, зайтун мойи ва алоэ вера каби намлантирувчи моддалар бўлган совунни танланг.
  • Терининг табиий ҳимоя қатламини сақлаб қолиш учун қўлларни иссиқ эмас, илиқ сувда ювинг.
  • Электр қуритгичлардан воз кечинг. Уларнинг ўрнига қоғоз сочиқлардан фойдаланинг.

Қўлқопларни унутманг

Қўллар доим совуқ, кимёвий воситалар, қуруқ ҳаво каби ташқи омилларнинг салбий таъсирига учрайди. Зарарни камайтириш учун ҳаётдаги барча ҳолатлар учун қўлқоплар бўлиши керак:

  • совуқ мавсум учун чарм ёки жун қўлқоплар;
  • уй юмушлари (идиш ювиш, пол артиш, раковина ва бошқа юзаларни тозалаш) учун резина ёки латекс қўлқоплар;
  • боғда ишлаш учун тўқима қўлқоплар.

Қўлларни мунтазам намлантиринг

Қўллар учун яхши крем ҳудди совун ёки шампунь каби ҳаётий заруратга эга нарса. Шунинг учун уни синчковлик билан танлаш ва ишлатиш керак.

  • Кремдан заруратга қараб, аммо кунига камида икки маротаба (эрталаб ва кечқурун) фойдаланинг. Агар терингиз қуруқ бўлса, крем идишини раковина олдига қўйинг ва ҳар сафар қўлингизни ювгандан сўнг суртинг. Кўпроқ самарага эришиш учун кремни суртгач, устидан пахта қўлқоп кийинг ва тун давомида ечманг.
  • Тирноқлар ҳам намлантиришга муҳтож. Уларга қўл кремини суртинг, кутикулалар учун эса Е витамини мавжуд воситани олинг.
  • Терини фақат ташқаридан эмас, балки ичкаридан ҳам намлантириш керак. Шу боис етарли миқдорда сув ичинг.
  • Ҳаво намлантиргич олиб, иситиш мавсуми давомида фойдаланинг.

Терини тозалаш ва озиқлантиришни унутманг

Қўлларни парваришлашда кремдан ташқари скраблар ва ниқоблардан ҳам фойдаланинг ҳамда уларни ҳафтасига бир марта қўлланг.

  • Қўллар учун ниқобни мавжуд маҳсулотлардан тайёрлаш мумкин. Масалан, яримта авокадо, тухум сариғи ва бир ош қошиқ лимон шарбатини аралаштириб, қўлларга суртиш ва 20 дақиқага қолдириш керак. Ниқобларнинг бошқа рецептларини бу ерда кўришингиз мумкин.
  • Зайтун мойи ва шакар аралашмасидан скраб сифатида фойдаланиш мумкин. Бошқа скрабларнинг рецептларини бу ерда кўринг.
  • Дангасалар учун маслаҳат: тана скраби ва юз ниқобидан фойдаланганда, уларни шунчаки қўлларга ҳам суртинг.

Қуёшдан ҳимояловчи кремдан фойдаланинг

Ёш улғайганини кўрсатувчи энг асосий аломатлардан бири, бу – қўллар терисининг гиперпигментацияси. Бунга кексайиш ва жигарнинг нотўғри ишлаши эмас, қуёш нурларининг таъсири сабаб бўлади. Ёш ўтиши билан шунчаки заҳира таъсири ишга тушади.

  • Пигмент доғлари пайдо бўлишининг олдини олиш учун қўлларга мунтазам равишда қуёшдан ҳимояловчи восита суртиш зарур.
  • Цитрус мевалари яхши табиий “оқартирувчи”дир. Масалан, доимий равишда 1 ош қошиқ лимон шарбати, 1 ош қошиқ сут ва 1 ош қошиқ асал аралашмасидан ниқоб қилиш мумкин. Терини оқартириш учун табиий воситаларнинг бошқа рецептларини бу ерда кўришингиз мумкин.

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!