Бош мия – қудратли қурол. Уни қандай бошқаришни билиш орқали кенг кўламли муаммоларни ҳал этиш мумкин. Бошқарув жараёни иккита элемент – англаш ва жалб этилганликдан иборат.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Бош мия – қудратли қурол. Уни қандай бошқаришни билиш орқали кенг кўламли муаммоларни ҳал этиш мумкин. Бошқарув жараёни иккита элемент – англаш ва жалб этилганликдан иборат.

Англаш — бу тўсиқ нималиги, уни нима келтириб чиқариши, унинг мақсадларга қандай ҳалақит қилиши ва уни қандай енгишни тушуниб етиш.

Жалб этилганлик — бу фикрлаш ва ҳаракат қилишга янгича ёндашувларни ривожлантириш учун сиз зарур деб ҳисоблаган амалларни бажариш, шунингдек ҳар қандай белгиланган вазифага эришиш қобилияти.

Фикрлашдаги адашиш тўсиқларни ҳосил қилади, натижада биз тўхтаб қоламиз, оқим бўйлаб суза бошлаймиз ва ҳаттоки чекинамиз. Бу тўсиқлар интилишни тўхташ бекатига, натижани – фаолият кўринишига, орзуларни эса – ҳасратга айлантиради. Ҳаракатларимиз мақсадсиз, самарасиз бўлиб қолади ва омад сари юрмайди.

Келинг, миядаги 5 та яширин тўсиқни ва уларни енгиш стратегияларини кўриб чиқайлик.

1-тўсиқ: ўзидан иккиланиш

Маҳлуқ – ичимизда. Унинг номлари кўп: ишончнинг етишмаслиги, ҳимояланмаганлик ҳисси, уятчанлик, ўзига паст баҳо бериш, ўз кучига ишончнинг етмаслиги ва ҳоказо. Нима қилиш аниқ бўлмаганида қўрқув бошланади. Қўрқув ҳаракатни тўхтатади ва заифлик ҳиссини кучайтиради. Инсон ўз қобилияти, зеҳни, кучи, муваффақиятидан иккилана бошлайди. Эътибор қилиниши керак бўлган ишдан ўзини ҳимоя қилишга қаратилади ва бу боши берк кўчага олиб келади. Сиз янгиликни синашдан, мулоқот қилишдан, диққат марказида бўлишдан ва ҳаётингизни ўзгартиришдан қочасиз. Доимий қўрқувда яшашдан ачинарли ҳолат йўқ.

Ечим

Мия ташвишга нисбатан муносабат билдира бошлаганида шубҳа ёнади, аммо ҳақиқий ҳавфнинг ўзи бўлмайди. Бунинг олдини олиш учун мияни кераксиз ҳавотирларни бостиришга ўргатиш керак. Ноодатий вазифага бир неча мартта тўқнаш келганидан кейин мия ортиқча ҳавотирланишдан тўхтайди ва кўникади.

Қўрқувингизни ўрганинг. Таниш жин нотанишидан яхшироқ.

Кўпинча ўзидан иккиланиш ахборот етишмаслиги билан боғлиқ. Фактлар ва маълумотлар мияни содда тўрт фазали “тўхта-югур-ур-енгил” схемасидан янада мураккаб ва камроқ ҳиссий босқичга ўтаказади, шу боис қўрқув сизни енгишга қийналади.

Малькольм Гладуэлл ўзининг «Даҳолар ва ортда қолганлар. Нега кимдадир ҳаммаси, бошқаларда ҳеч нарса?» номли китобида ёзишича, муваффақият давомий амалиётга боғлиқ ва ўз соҳасининг энг яхши мутахассислари минглаб тажриба соатларидан ўтган бўлади. Мантиқ қуйидагича: ўзингиз билмайдиган ишни бошланг ва уни қайта-қайта такрорланг.

2-тўсиқ: ишни кейинга қолдириш

Деярли ҳар бир одам айбдор жиноят мавжуд бўлса, бу прокрастинация – яъни ишларни кейинга қолдиришдир. Зеро, мувафаққиятнинг асосий таркибий қисми – ҳаракатдир. Ҳаракатсиз исталган нарсага эришиб бўлмайди. Прокрастинация тутилишларга олиб келгани боис, унга енгилиш ҳудди ҳеч нарса қилмаслик билан баробар.

Чексиз ортга суравериш кутилмаган оқибатларга олиб келади.

Мансабда кўтарилиш, бизнес очиш, молиявий мустақиллик, ўзини мукаммаллаштириш каби ҳаётий мақсадларнинг белгиланган муддати бўлмайди. Муддат йўқ экан, демак уларни тўхтатишнинг оқибатлари ҳам йўқ. Бу ҳаракатларни ортга суришни ҳам англатади. Ҳаракат йўқ экан – натижа ҳам бўлмайди. Бу ёпиқ айлана. Ишни ортга суришга қарши курашни ортга суришни бас қилинг!

Ечим

Баъзан истак билан унинг учун қилиниши керак бўлган нарса орасидаги алоқа ноаниқ бўлади. Қилиниши керак бўлган иш сизнинг мақсадларингизга боғлиқ эмасдек туюлганида вазифа паст аҳамият даражасини олади ва ортга сурилади. Воқеани аниқлаштириш ва мақсад сари интилиш учун бир нечта ҳолатни ҳисобга олинг.

Сизга қандай кўникмалар керак? Бу вазифани ўзингиз бажаришингиз шартми? Уни кимгадир топшириш ёки умуман бажармаслик мумкинми? Агар бажаришга тўғри келса, вазифани ечишнинг қандай йўллари мавжуд?

Миянгизни ишлатинг. Тасаввурингизда натижани иложи борича жонлантиринг. Ўйланган нарсага эришишга бўлган кучли истак адашишингизга йўл бермайди. Ресурсларингиз қанчалиги, яна қанча керак бўлишини аввалдан аниқлаб олинг. Кунига ҳеч бўлмаганда ишнинг озгинасини бажаринг. Бир оз – бу кўп дегани.

3-тўсиқ: кўп вазифалилик

Кўп йиллар давомида бир йўла бир нечта ишни бажара олиш қобилияти ўзини ҳурмат қилувчи ҳар қандай муваффақиятли одамнинг мажбурий вазифаси ҳисобланиб келган. Кейинчалик жиддий асоратлар юзага чиқди: маълум бўлишича, кўп вазифалилик диққатни жамлаш, бошланган ишни охирига етказишга ҳалақит қилиб, ҳавотир ва чарчоқ, доимий шошилиш ҳиссини чақиради.

Кўп вазифалиликка оид уйдирмани йўқотишнинг вақти келди. Бу қандайдир битта ишга эътиборни қарата олмаслик. Бу паришонхотирлик, ортиқча юклама ва маълум вақтда устуворликларни белгилашга оид муаммолар.

Кўп вазифалилик қовуслар ичидаги ҳаётга ўхшайди: ишларни доим бошлаш ва тугатиш керак, қайсидир лаҳзада воқеаларнинг иплари аралашиб кетади ва одам адашиб қолади. Бу қуйидаги мисолни ечишга ўхшайди:

(14 + (4 × 5 (6 + 1 – 9)) / (6 + 72 / (3 × 3) + 7 + (9 – 4) / 5 × (3 + (8 / 4) / 5)))) = x

Кўп вазифалиликка қанча кўп қизиқсангиз, шунча кўп ёпилмаган қовуслар сони қолаверади ва уларнинг сони узлуксиз ўсади.

Ечим

Аксарият тадқиқотчилар эътиборни бошқаришнинг тўртта асосий турини фарқлайди.

  • Диққатни қаратиш: фонарчани ёқиш. Инсон вазиятни кўради ва эътиборни нимага қаратиш кераклигини танлайди. Бу ҳудди қоронғу хонада фонарчани ёқиб, олдингизни ёритиш ва вазиятни кўришга ўхшайди.
  • Ушлаб қолиш: чироқнинг ўчишига йўл қўймаслик. Эътиборни ушлаб қолиш — узоқ вақт давомида намагадир диққатни қаратишдир.
  • Танлов ва эътиборсиз қолдириш: ёруғликни битта нуқтада ушлаб қолиш. Бу битта нарсага диққат қаратиб, чалғитувчи омилларга эътибор бермаслик қобилияти.
  • Бошқа нарсага ўтиш, ёки эътиборни навбатлаш: битта муҳим вазифадан бошқасига ўтиш, бажариш жараёнида тўхташ, эътиборни яна нимагадир йўналтириш, сўнгра тўхтатилган вазифага қайтиш ва тўхтаган жойдан давом эттириш.

Паоло Кардини 2012 йилда бўлиб ўтган TED тадбиридаги нутқида кўп вазифалиликка қарши ажойиб зидди заҳар – бир вазифалиликни таклиф қилди. Бу қобилиятни ривожлантириш зарур! Ўз мақсадингизни эсланг. Шу лаҳзада нима қилиш кераклигини ўзингиздан сўранг ва бир вазифалилик режимини ёқинг!

4-тўсиқ: мослаша олмаслик

Қатъий позиция ва кераксиз қайсарлик орасида катта фарқ бор. Режага амал қилиш – бу қатъият. Ўзгарган шароитларда уни тузатишдан бош тортиш – мослаша олмасликдир. Ўзининг ҳақлигини ҳимоя қилиш – яхши фазилат. Ўзининг адашмаслигига ишониш – сўқирликдир.

Мослаша олмаслик билан боғлиқ дастлабки ҳаракат қаршилик кўрсатишдир. Ўзгаришларга қаршилик, янгиликка қаршилик, тараққиётга қаршилик. Шароитлар ўзгариб, аввалги усуллар иш бермай қолган бўлишига қарамай, инсон аввалгидек иш қилиш ва ўйлашда давом этаверади. У ўзгаришларга муносабат билдирмайди, унинг ижодий фикрлаши ва муаммоларни ҳал қилиш қобилияти ўчади.

Ечим

Мослаша олмасликнинг акси – ижодкорлик. Руҳий мослашувчанликка оддий тестни ечайлик. Бир вароқ қоғоз ёки телефонни олиб, бир неча дақиқа ичида пайпоқлардан фойдаланишнинг барча эҳтимолий вариантларини ёзинг. Нечта усулни ўйлаб топдингиз? Усулларингиз бир-бирига қанчалар ўхшаш? Жавоблар қанчалик яхши ўйланган? Вазифани ечиш қийин кечдими?

Қандайдир мавжуд муаммони олинг: бу қабул қилинмаган қарор, чўзилиб кетган вазият, асабга тегувчи воқеа – ҳаракатни талаб қиладиган ҳохлаган нарса бўлиши мумкин. Уни ёзинг. Энди мияни ишга туширинг: имконингиз етгунича иложи борича кўпроқ ечим йўлларини ёзиб чиқинг. Иккита тамойилга риоя қилинг: ўхшатишлар ўз-ўзидан пайдо бўлади ва уларни баҳолаш керак эмас.

Кундалик ишлар ва одатларга англаган ҳолда тузатиш кириши – мияни ўзгаришларга ўргатишнинг самарали усулидир.

5-тўсиқ: мукаммалликка интилиш

Мукаммалликка интилиш ҳаммасидан камроқ муаммога ўхшайди. Мукаммалликка интилиш керакли ва юксак нарсадек туюлади. Бироқ, “мукаммаллик” ва “энг юқори даража”ни ифодалаш ва ўлчаш жуда қийин, шу боис бундай одамнинг мақсади абстракт ва йўқолиб қоладиган бўлади. У мукаммалдан бошқа нарсани тан олмайди. Агар нимадир унинг мезонларига тўғри келмаса, бундан бош тортиш, алмаштириш ёки қайта ишлаш зарур. Бироқ, бундай ҳолатда ишнинг охирига етиб бўлмайди. Доим ниманидир тузатиш, ўзгартириш ва яхшилаш керак бўлади ва барибир ҳаммаси камлик қилади, чунки мукаммалликка етиб бўлмайди.

Ечим

Мукаммалликка интилиш – бу устуворликларни белгилашга қодир эмаслик. Иккиламчи нарса бирламчига айланади. Фон олд ҳолатга чиқади. Кечадан лаззат олишга нисбатан тўғри либосни кийиш муҳимроқ, таомни тайёрлашга нисбатан стол безатишга кўпроқ эътибор қаратилади. Лойиҳа устида иш бошлашдан аввал ўзингизга савол беринг: “Шу онда нимага интиляпман?”. Оддий ва тўғри мақсадни ифодаланг, масалан “кечки таом тайёрлаш” ёки “иш учун тақдимот қилиш”. Қатъий чекловларни белгиланг. Агар қайтарилиш ва майда нарсаларга эътибор пайдо бўлса, тўхтанг ва мақсадингизни эсланг.

«Тўсиқли мия» китоби асосида.