•  
  •  
  •  
  •  
  •  

Ёпишқоқ тасма – скотч ҳар бир хонадонда бор, нархкўрсаткичлар барча дўконларда ишлатилади, слинки пружинаси эса ўйинчоқлар сотиладиган исталган жойда мавжуд. Бир қарашда содда бўлиб кўринган бу буюмлар қандай яратилгани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Зеро, улар тасодиф ҳамда ҳеч ким танимайдиган мухандисларнинг мақсда сари қатъий ҳаракати туфайли дунёга келган. Уларни ихтиро қилиш жараёнидаги воқеалар асосида кино суратга олиб, қизиқарли драмага эга бўлиш мумкин.

Биз қайси буюмлар ғоядан то бутунжаҳон эътирофи ва машҳурликкача қийин йўлни босиб ўтганини аниқладик. Айтгандек, Отто Роведдер исмли заргарнинг қатъияти бўлмаса, ҳозирда дўконларда кесилган нон сотилмасди.

1. Нархкўрсаткичлар

Яқиндагина бизнес-коллежнинг 2-семестрини якунлаган америкалик Фрэнк Вудворт 1873-йилда дўконга ёрдамчи бўлиб ишга жойлашган. У жуда тортинчоқ бўлиб, харидорлар унга мурожаат қилганида дудуқланиб, қўрқув исканжасига тушиб қолган. Бироқ, дўкон эгаси Мур Фрэнкни уддабурон ишбилармонга айлантиришни истаган ва бир куни кун давомида бўлмаслигини ҳамда ўрнига йигитчани ёлғиз сотувчи сифатида қолдиришини айтган. Шунингдек, Фрэнк дўконнинг кундалик тушумини таъминлаши керак эди. Акс ҳолда жаноб Мур уни ишдан бўшатарди.

Кун давомида харидорлар билан мулоқот қилиш фикрининг ўзиёқ йигитчани титроққа солган. Шунда Фрэнкнинг ҳаёлига ажойиб ғоя келган:

дўкон харидорлари уни камроқ безовта қилишлари учун у ҳар бир товарга унинг нархи ёзилган қоғозчани ёпиштиришга қарор қилган. У туни билан нархлар ёзилган картон бўлакларини жойлаштирган, муддати ўтган товарларга эга “атиги 5 цент” деб ёзган.

Ҳайратланарлиси, харидорларга ҳам бу ғоя манзур бўлган (ахир уларнинг орасида ҳам тортинчоқлар кўп) ва талабга эга бўлмаган маҳсулот бир неча соат ичида сотиб олинган. Фрэнк эса 6 кунлик тушумни қўлга киритган. Сафардан қайтган дўкон эгаси ҳайратда қолган ва нархкўрсаткичларни доимий равишда қўллай бошлаган. Фрэнкка эса ўз дўконини очишни таклиф қилиб, ҳаттоки $ 300 қарз ҳам берган.

Фрэнк тез орада биринчи “5 центли дўконни”, сўнгра иккинчисини очган ва иш жадаллашиб кетган. Пул дарёдек оқиб келарди. Бир куни Вудворт дўконни айланиш чоғида харидорларга байрамона кайфият бағишлаш ҳамда улар кўпроқ пул қолдириб кетишлари учун дўконни Рождество безаклари билан ясатишни ўйлаб топган. Ва яна адашмаган – одамларга бу ғоя жуда ёққан ва бошқа дўконлар ундан ўрнак олганлар.

Вулворд бир неча ўн йиллик ичида шу даражада бойиб кетган-ки, ўз ҳисобидан Нью-Йоркда ўша даврдаги энг баланд осмонўпар, 55 қаватли Woolworth Building биносини қурдирган. Нархкўрсаткичлар асосчиси 1919-йилда 66 ёшида ўт пуфаги тоши касаллиги туфайли вафот этган.

2. Слинки пружинаси

Ричард Томпсон Жеймс болалигиданоқ ижодкорлик қобилиятини намоён этиб, ўзи учун ўйинчоқлар ясаган. Катта бўлиб, ҳарбий-денгиз мухандисига айлангач, Ричард Филадельфиядаги “Уильям Крамп ва ўғиллари” кемасозлик компаниясига офис ишчиси бўлиб жойлашган. Бу ерда у сув ости кемалари ва зирҳли кемалар учун мосламаларни яратган.

1943-йилнинг жазирама кунларидан бирида у кемалар бортидаги таъсирчан ускуналарни қувватлаш ва барқарорлаштириш тизими устида иш олиб борарди. Жеймс ноқулай ўгирилиб, тепа жавондаги эҳтиёт қисмлар турган банкани тушириб юборган. Ричард тушиб кетган нарсаларни олиш учун эгилганида, столдан китоблар устига аста-секин “қадам босиб”, полда тўхтаб қолган пружинани кўрган.

“Юрадиган” пружина мухандисни жуда қизиқтирган ва ўша кечадаёқ у ўз уйида ҳаяжон билан зинадан пружинани тушириб кўрган. Кейинги бир неча ой давомида у энг мақбул комбинацияни топиш учун турли симларнинг қайишқоқлик коэффициентини ўрганган. Шу тариқа, зинадан бемалол тушадиган биринчи “юрадиган” пружина пайдо бўлган.

Жеймс $500 қарз олиб, ўз компаниясини очган ва оддий пергамент қоғозига ўралган дастлабки 400 дона ўйинчоқни тайёрлаган. Бироқ, спираль шаклда ўралган оддий сим ўйинчоқ дўконлари эгаларини мутлақо қизиқтирмаган. Жеймс узоқ музокаралардан сўнг дўконлардан бирида слинкини савдога қўйишга эришган. Лекин бу ерда ҳам ўйинчоқ ҳафталаб сотилмаган. Ихтирочи охир-оқибат ўзи ишга киришган ва дўконга келиб, слинки билан ўзига хос намойиш ўтказа бошлаган. Ҳайратланарлиси, у 1,5 соат ичида жами 400та ўйинчоқнинг ҳар бирини $ 1 қийматида сотган. Кейинги бир неча ҳафта давомида 20 мингдан ортиқ ўйинчоқ сотилган. Слинки миллий феноменга айланган.

Жеймс пружиналар тушишини анча тезлаштириб, ишлаб чиқаришни такомиллаштирган ва кейинги 2 йилда $ 1 эвазига 100 миллиондан ортиқ ўйинчоқ сотган. Унинг компанияси улкан даромадга эга бўлган. Шу билан бирга, ихтирочи борган сари жамиятдан узоқлашиб, пулга қизиқиши йўқолган. У 6 нафар фарзандининг тарбиясида ҳеч иштирок этмасди, рафиқасига ҳиёнат қиларди, ёлғони фош бўлганида эса кўп вақтини черковда ўтказа бошлаган. Кейинроқ у деярли барча ишлаб топган пулларини евангелистик диний гуруҳларга топширгани маълум бўлган. Охир-оқибат, 1960-йилнинг февралида Жеймс ҳеч қандай изоҳларсиз Боливиянинг чекка ҳудудига кетиб, у ерда сектага аъзо бўлган ва ташқи дунё билан барча алоқаларни узган.

У оиласи ва компаниясини миллионларга тенг қарзлар билан қолдирган. Унинг рафиқаси Бетти танлашга мажбур бўлган: компанияни тугатиш ёки уни бошқариш. У иккинчисини танлаб, бизнесга шўнғиб кетган ва кейинги йилларда эридан кўпроқ омадга эришган. Айтгандек, айнан у туфайли “Ўйинчоқлар воқеаси”да слинки-кучукча пайдо бўлган. Мультфильм экранга чиққанидан сўнг пружиналар савдоси икки баробарга ўсган. Ҳозирда слинки дунёдаги энг машҳур ўйинчоқлардан бири.

Слинки ихтирочисининг ўзи эса 1974-йилда 56 ёшида Боливиянинг қаеридадир вафот этган.

3. Victoria’s Secret ички кийимлари

Стэнфорд университети битирувчиси Рой Реймонд 1960-йиллар охирида рафиқасига совға олиш мақсадида чиройли аёллар ички кийими олиш учун дўконга йўл олган. Дўконда у момиқ халатлар ва гул расми туширилган хунук пижамаларни кўрган. Аёлларга хизмат кўрсатишга ўрганган сотувчи қизлар эса унга истаганини танлашда ёрдам бера олмаганлар. Умуман олганда Рой учун харидор аёллар орасида бўлиш қийин кечган. Натижада, йигит ҳеч нарса олмасдан кетган.

Шу воқеадан сўнг у харидор эркаклар ўзларини қулай ҳис қиладиган аёллар ички кийимлари дўконини очишга қарор қилган. Реймонд кейинги 8 йил давомида ички кийимлар бозорини ўрганиб, тўрли маҳсулотлар ва пуш-ап бюстгалтерларига пул тикишга қарор қилган. У 1977-йилда ота-онасидан ва қариндошларидан $ 80 минг қарз олиб, биринчи дўконини очган ва уни Victoria’s Secret деб номлаган. Биринчи йилнинг ўзидаёқ даромад $ 500 мингни ташкил қилган.

Реймонд маҳсулотни каталоглар ёрдамида почта орқали сотиб, ички кийимлар сотувида ҳақиқий инқилобни вужудга келтирган. 1982-йилда унинг 6та дўкони $ 6 млн. фойда келтирган. Шундай катта маблағга қарамай, Рой айрим молиявий қийинчиликларга дуч келган ва компаниясини The Limited дўконлар тармоғининг асосчиси Лесли Векснерга $ 1 миллионга сотган. Векснер дарҳол Victoria’s Secret номини қайта йўналтириб, ҳамёнбоп нархларда ўзига гўзал ички кийимни танлаши мумкин бўлган аёллар аудиториясини танлаган. Айнан у брендни бозордаги етакчи ўринларга олиб чиққан.

Реймонд 1984-йилда My Child’s Destiny болалар дўконига асос солган, аммо 2 йил ўтгач банкротликка учраган. Бир нечта омадсиз бизнес ғоялардан сўнг, Реймонд 1993-йил Олтин Дарвоза кўпригидан пастга сакраб, ўз жонига қасд қилган.

4. Кесилган батон

1912-йилда келиб чиқиши немис бўлган америкалик Отто Роведдер 3та заргарлик дўконига эгалик қиларди. Лекин у олтин-олмосларни эмас, балки бўш вақтида ясайдиган асбоблари ва механизмларини яхши кўрган. Бир сафар Роведдер уй бекалари нонни кесишга, айниқса эрталаб бутун оилага нонушта тайёрлаш керак бўлганида, кўп вақт кетишидан шикоят қилаётганларини эшитиб қолган. Бундан ташқари, кесиш жараёнининг ўзи ҳам хавфли ҳолат. Отто ўйланиб қолган ва новвойхоналар учун нонни кесадиган машинани яратишга қарор қилган.

У ўз ғоясидан илҳомланиб, 1916-йилда барча дўконларини сотган ва олган пулига ихтиронинг биринчи прототипини тайёрлашга киришган. У юзлаб чизмалар чизиб, нонни кесадиган ва бўлакларни шляпали металл сим билан бирлаштирадиган биринчи машинани яратган. Бироқ, бир йилдан сўнг ихтирочи меҳнат қилган омборхонада ёнғин содир бўлган. Ҳаммана нарса кулга айланган – прототип ҳам, чизмалар ҳам.

Лекин Отто ортга чекинмаган. Оиласини боқиш ва кейинги ишланмалар учун пул тўплаш мақсадида, мухандис 10 йил давомида қимматли қоғозлар агенти бўлиб ишлаган. 1927-йилда у техник жиҳатдан куйиб кетган прототипга нисбатан янада такомиллашган янги дастгоҳни яратган. Янги машина нонни қоғозга ҳам ўраб берарди. Бироқ, иш қурилмани новвойхоналарга сотишга келганда, Роведдер устидан фақат кулганлар: унинг кесилган нон сотиш ғоясига ҳеч ким ишонмаган.

Отто тез орада банкротга айланиши кутилаётган дўсти Фрэнк Бэнчнинг новвойхонасида қурилмани қўллашни таклиф қилган. Дўстининг йўқотадиган нарсани бўлмагани учун улкан машина цехга ўрнатилган.

1928-йилнинг 7 июлида дунёдаги биринчи кесилган нон сотилган. Янги маҳсулот мислсиз машҳурликка эришган ва 2 ҳафта ичида Бэнч новвойхонасидаги сотувлар 2 000 фоизга ўсган. 1933-йилга келиб ўзини ҳурмат қиладиган қарийб ҳар бир новвойхонада камида битта Роведдер машинаси бўлган, шунингдек тайёрланаётган ноннинг 80 фоизи кесилган шаклда сотилган. Айтгандек, айнан шу даврда тостерлар ҳам кенг оммалашган.

Муваффақият гирдобида қолган Отто Роведдер ўзининг патент ҳуқуқларини Micro-Westco компаниясига сотиб, унинг штатига жойлашган. Нафақасидан аввал эса нон пишириш машиналари бўлимида сотувлар бўйича вице-президент лавозимини эгаллаган.

5. Бўёқчилик (маляр) ёпишқоқ тасмаси (скотч)

1920-йилларда ЗМ компанияси доим ҳам яхши сифатли бўлмайдиган жилвир қоғоз ишлаб чиқарар эди. 22 ёшли мухандис Ричард Дрю компанияга энг паст маошли ишчи сифатида жойлашган. Унинг асосий вазифаси жилвир қоғоз учун турли дон навларини синовдан ўтказишдан иборат бўлган. 2 йил ўтгач Ричард бироз кўтарилган ва компания маҳсулотини сотиш учун маҳаллий автомобиль тузатиш жойларига юборилган.

Шу ерда бироз чекиниш қилсак. Ўша йилларда автомобилларни икки хил рангга бўяш оммалашган. Бироқ бўёқчилар учун бўяш жараёни жуда азобли кечган: улар қўлбола елим, газеталар, жарроҳлик тасмасидан фойдаланганлар. Хусусан, тасма олинганида кўпинча янги бўёқ билан бирга кўчиб чиқарди. Ишни яна қайтадан бажаришга тўғри келган. Ана шунда жилвир қоғоз ишлатилган.

Дрю устахоналардан бирига автомобиль бўёқчилари навбатдаги омадсиз бўяшдан шикоят қилиб турган вақтда келиб қолган. Табиийки, улар йигитни сўкиб, ҳайдаб юборганлар. Лекин шу лаҳзада Дрюнинг ҳаёлига яхши фикр келган: у кўчирилганида умуман из қолдирмайдиган ёпишқоқ тасмани яратиш ҳақида ўйлаб қолган.

Ричард ёпишқоқ тасмаларни тайёрлаш соҳасида ҳеч қандай билимга эга бўлмаган. У ўсимлик мойлари, зиғир уруғлари, елим, глицерин ва бошқа таркибий қисмлардан фойдаланиб, ишида синовлар ўтказа бошлаган. Дрю асосий ишини деярли унутиб қўйган ва бўшатилишига оз қолган. Бироқ, 2 йилдан сўнг Ричард мукаммал формулани топиб, юзага қаттиқ ёпишадиган ва осон кўчириладиган қоғозни яратган.

Унинг раҳбари аввалида ихтирони назарига илмаган, аммо тасма автомобиль усталари орасида оммалашганидан кейин, тажрибалар учун бутун бошли лаборатория очилган. Дрю лабораторияда ишлаб, атиги бир йил ичида целлофан асосида ёпишқоқ тасмани тайёрлаган. Яна бир йил ўтгач эса маҳсулот ЗМ компаниясига миллиардлаб доллар олиб келган.

Мақоладаги қайси қаҳрамоннинг мақсадга интилиши ва қатъияти сизни кўпроқ ҳайратга солди?

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!