Фаол, тасаввурга бой ва соғлом фикрлайдиган бўлиб қолиш учун одатларингизни ўзгартиринг.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Бундан бир неча авлод аввал одамлар 50 ёшга етишга умид ҳам қилмаганлар. Ҳайриятки, бугун аксариятимизда 20-40 йилга кўпроқ умр кўриш имкони мавжуд. Бироқ, йиллар ўтиши билан миянинг ўз ишини бажариши тобора қийинлашади.

Ўтирадиган ҳаёт тарзи ва зарарли одатлар бутун организмга, жумладан мияга ҳам шикаст етказади. Ёш ўтгани сайин Альцгеймер касаллигининг юзага келиши ва ривожланиши хавфи ортади.

Ҳаётий муҳим органнинг муддатидан аввал кексайишига йўл қўймаслик ҳамда тиниқ фикрни сақлаб қолиш учун бир нечта фойдали маслаҳатга амал қилиш зарур.

1. Таомларга оид одатларингизни ўзгартиринг


Соғлом овқатланишга одатланиш нафақат қомат ва умумий ҳолат, балки мия учун ҳам фойдалидир. Одатий ҳатти-ҳаракатингиздаги оддий ўзгаришлардан бошланг. Масалан, кечқурунги бир финжон қаҳвани кўк чойга алиштиринг. Унинг таркибида кофеин камроқ бўлиб, мия ҳужайраларини шикастланишдан асрайдиган антиоксидантлар жуда кўп. Дудланган таомлар истеъмолини камайтиринг.

Соғлом овқатланиш куни бўйи фақат салат ва ёрмалар ейиш керак дегани эмас. Олимларнинг аниқлашича, сабзавотлар, мевалар, зайтун мойи, балиқ ва денгиз маҳсулотларининг катта улушидан иборат Ўрта ер денгизи парҳези мия ҳужайраларининг йўқолишини камайтириб, ақлий қобилиятлар сақланиб қолишига ёрдам беради.

2. Ҳар куни камида 20 дақиқа спорт билан шуғулланинг

Мия саломатлигини қўллаш учун ҳаракат фаоллиги муҳимдир. Аэробика қон айланишини кучайтириб, хотирани яхшилайди ва мияда янги ҳужайралар ўсишини тезлаштиради. Натижада янги нейрон алоқалар пайдо бўлади.

Спорт мияга ҳудди тушкунликка қарши дориларнинг кичик дозаси каби таъсир кўрсатиши мумкин. Жисмоний фаоллик стрессни енгишга ёрдам беради. Ҳафтасига камида 1,5 соат, яъни кунига 20 дақиқа аэробика ёки бошқа исталган спорт билан шуғулланинг. Буни саломатлик учун амалга ошириш зарур.

3. Қулайлик ҳудудини кўпроқ тарк этинг

Миянгизни турли машқлар билан зўриқтирсангиз, у узоқроқ вақт ёш бўлиб қолади. Кенг тарқалган фикрдан фарқли ўлароқ, мия дастурланмаган бўлиб, ўзгаришга қодирдир. Истак бўлса, масалан, эски одатларни йўқотиб, янгиларини ҳосил қилиш мумкин. Миянинг бу хусусияти нейромослашувчанлик деб номланади.

Чет тилини ўрганиш ёк мусиқий асбоб чалиш миянинг мослашувчанлигини сақлашга ёрдам беради, чунки янги нейрон алоқалар ҳосил бўлишига олиб келади. Шунингдек, бошқа касбларнинг вакиллари билан мулоқот қилиш ҳам фойдали. Натижада, дунёқарашингиз янада кенгаяди.

4. Тиниқиб ухланг

Уйқу жараёнида глимфатик тизимимиз мияни нейротоксинлар, жумладан Альцгеймер касаллигини келтириб чиқарувчи бета-амилоидлар ва тау-оқсиллардан ҳамда тўпланиши Паркинсон касаллигига сабаб бўладиган альфа-синуклеиндан тозалайди.

Миянинг тозаланиш жараёни вақт талаб этади. Айнан шунинг учун инсон суткасига 7-9 соат ухлаши керак.

5. Фаол ижтимоий ҳаётда яшанг

Инсон – ижтимоий мавжудотдир. Лекин ёш ўтиши билан мулоқот доираси торайиб, бошқа одамлар билан камроқ гаплаша бошлаймиз. Қариндошлар ва дўстлар билан муносабатларни сақлаш эса когнитив саломатлик учун муҳимдир. Бошқалар билан камроқ гаплашадиган одамларда ақлий қобилиятлар мулоқотни севувчи одамларга нисбатан 70 фоизга пасаяди.

Қизиғи шундаки, ёлғиз одамлар нисбатан ҳушёр бўлиб, нотанишлардан таҳдид кутадилар. Чунки, уларнинг мулоқотга мослашмаган мияси нотаниш одамлар билан ўзаро муносабатни номаълум ва хавфли нарса сифатида қабул қилади. Бу ўзига хос ҳимоя тизимидир.


Бутун умр давомида севимли инсонлар билан кўпроқ вақт ўтказиш, хоббилар билан шуғулланиш ва янги нарсаларни ўрганиш зарур. Ана шунда кексалик чоғида мия сизни яхши хотира ва ўткир ақл билан сийлайди.