• 1
  • 1
  •  
  •  
  •  
    2
    Shares

Шиддат билан одимлаб бораётган тараққиёт биз учун одатий бўлган нарсаларни ўтмишда қолдирмоқда. Эҳтимол, фарзандларимиз нақд пул, USB-флешкалар ва театрга қоғоз билетлар нималигини зўрға эслай олар. Қуйида дискетлар ва аналогли телефонлар каби тез орада ўтмишнинг бир бўлагига айланадиган нарсалар рўйхатини келтирамиз.

1. Босма оммавий ахборот воситалари

Statista маълумотларига кўра, АҚШдаги босма маҳсулотдан олинадиган даромад сўнгги йилларда 3 миллиард долларга камайган ва камайишда давом этмоқда.

Босма медианинг ниҳояси ҳақида 2014-йилда ўтказилган “Келажак медиаси” халқаро форумида башорат қилинган эди. Мутахассисларнинг тахминига кўра, босма ОАВнинг рақамли нашрлар билан якуний алишуви яқин 10 йил ичида юз беради.

Рақамли ва мобил муҳит босма оламни четга суриб чиқармоқда. Жамиятимизда интернет даврида туғилган одамлар фоизи ошиб бораётгани туфайли, босма нашрлар сони тобора қисқариб бормоқда. Яқин келажакда ҳар бир билборд, автобусдаги реклама ёки янгиликлар манбаи электрон шаклда томоша қилинади ва ўқилади.

2. Чипталарнинг кассалари ва оффлайн хариди

Босма маҳсулотлар ортидан аста-секин турли тадбирларга чипталар харид қилиш ҳам ўтмишга кетади. Ҳозирча офлайн-кассалар етарлича маблағ тўпламоқда, аммо янада қулай, тезкор ва арзон онлайн-харид уларга ҳеч қандай имкон қолдирмайди. Айниқса рақамли технологияларнинг тарқалиш суръатлари ҳисобга олинса: сўнгги уч йил ичида Ўзбекистонда смартфонлар ва планшетлардан фойдаланувчиларнинг сони бир неча маротабага ошган.

Шунингдек, чипталарни онлайн харид қилиш учун янги қулай хизматларнинг пайдо бўлиши чипта сотиладиган кассаларнинг йўқолишига сабаб бўлмоқда. Онлайн хизматлар ёрдамида чиптани сотиб олишдан ташқари, томошаларга оид шарҳларни ўқиш, шахсий тавсияларни олиш, шунингдек акцияларда иштирок этиш орқали пул тежаш мумкин.

https://iticket.uz/

3. Нақд пул

Нақд пулнинг оммабоплиги тобора камайиб бормоқда. Европанинг айрим давлатларида ҳозирданоқ нақд пулсиз тўловлар нақд пулларни четга суриб қўйган. Масалан, Швецияда 2015-йилда нақд пул ўтказмалари мамлакатдаги барча тўловларнинг атиги 2 фоизини ташкил қилган. Прогнозларга кўра, 2021-йилда бу рақам 0,5 фоизгача пасаяди. Шунга қарамай, Европа давлатлари ва АҚШдан фарқли равишда, Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми ҳозирча нақд пулни афзал кўради.

4. Пароллар ва ПИН-кодлар

Ҳозирда пароллар бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган, бироқ вақт ўтиши билан рақамлар ва ҳарфлар бирикмалари янада ишончли тизим – биометрикага ўрин бўшатиб беради.

Бармоқ изларини сканерловчи Touch ID технологиясига эга дастлабки Apple смартфонлари 2013-йилда пайдо бўлган, ҳозирда эса бутун дунё бўйлаб бундай қурилмаларнинг сони миллиарддан ошган. 2016-йилда кўзнинг рангдор пардасини сканерлайдиган Samsung Galaxy Note 7 смартфони ишлаб чиқарилди.

Ушбу биометрик технологиялар ёрдамида телефонни очишдан ташқари, сайтларда пароль киритмасдан рўйхатдан ўтиш ҳамда чекланган фойдаланишдаги ҳимояланган папкани очиш мумкин.

Биометрик технологиялар банк соҳасига ҳам кириб бормоқда. MasterCard 2016-йилдаёқ АҚШ ва Канадада, сўнгра Европада бармоқ изи ёки юзни таниш ёрдамида тўловларни амалга ошириш имконини берадиган MasterCard Identity Check иловасини тақдим этган. 2017-йилнинг баҳорида MasterCard биометрик аутентификация – тепадаги ўнг бурчакда жойлашган бармоқ изи сканерига эга дастлабки карталарни чиқарди.

Goode Intelligence тадқиқот компаниясининг башорат қилишича, 2022-йилга бориб биометрик аутентификацияга асосланган 622 миллионга яқин банк мобил иловалари ҳамда махсус датчиклар билан жиҳозланган ва банк иловаларига мос келадиган 160 миллион қурилма пайдо бўлади.

Айтиш керакки, биометрика бармоқ изи ёки кўз пардаси доирасидан анча четга чиққан. Идентификациялаш учун қулоқлар шакли, томирлар сурати, овоз, юрак уришидан фойдаланиш мумкин. Аллақачон эгасини ўзига хос юрак ритми бўйича танийдиган Nymi Band билакузуги мавжуд.

Биометрика ҳозирча бозорни ўзлаштирмоқда ва жамият пароллар ҳамда ПИН-кодлардан воз кечишга тайёр эмас. Бироқ, технологияларнинг тезкор ўсиши ҳамда биометрик аутентификация таъминлаши мумкин бўлган хавфсизлик ҳисобга олинса, у яқин келажакда паролларнинг ўрнини босиши мумкин.

5. Рақамли ахборот ташувчилар

EricssonMobilityReport маълумотларига кўра, яқин йилларда дунёдаги 70 фоиз одам смартфондан фойдаланади. Мобил тармоқлар 90 фоиз аҳолини қамраб олади, Apple, Dropbox, Google ва Microsoft булутли хизматлари билан эса жисмоний ташувчиларда маълумот сақлаш зарурати йўқолади.

Маълумотнинг қулай сақланиши, исталган қурилмалардан кириш, ташувчи синиши туфайли маълумотларни йўқотиш хавфининг йўқлиги – вақт ўтиши билан буларнинг бари USB-флешкалари ва айниқса CD-дискларга имкон қолдирмайди. Улар магнитофонлар учун мўлжалланган дискеталар ва кассеталар билан бирга ўтмишда қолади.

Нима деб ўйлайсиз, яна қайси одатлар тез орада маиший ҳаётимиздан йўқоларкин?