Турли оилаларнинг тарбия усуллари фарқ қилади. Ота-она ўта юмшоқ бўлса, болалар эркатой бўлиб вояга етади. Бироқ, ҳаддан ортиқ қаттиққўл муносабат ҳам ноҳуш оқибатларга олиб келиши мумкин.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Аслида, барча учун меъёр муҳим ва болаларга бақириш нима учун хавфли эканлиги сабабини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Болалар бақирадиган катталардан қўрқади

Ҳар қандай ота-она фарзандининг ҳаётидаги воқеалардан биринчи бўлиб хабар топиш учун унга дўст бўлишга интилади. Лекин, сенда қўрқув уйғотадиган одам билан дўстлашиш мумкинми? Баъзи ҳолларда қўрқув улғайишдан сўнг ўтиб кетади, энг ёмон ҳолатда эса инсон вояга етган бўлишига қарамай, барча катталардан қўрқишда давом этади.

Буни қандай ўзгартириш мумкин?

  • Унутманг, бола ҳам ўз нуқтаи назарини билдириш ҳуқуқига эга.
  • Доим унга ўз фикрини баён этиш имконини беринг.
  • Ҳужумчи эмас, балки меҳрибон маслаҳатгўй образини яратинг.

Бақириш муносабатлардаги ишончни йўқотади

Олимларнинг исботлашича, бақириш болаларга ҳудди жисмоний жаъзо каби таъсир қилади. Яъни, қўпол муомалага учраган бола кўпинча одамовига айланади ва у билан ишонч муносабатларини ўрнатиш деярли имконсиз бўлиб қолади.

Буни қандай ўзгартириш мумкин?

  • Болага тенгдек муносабатда бўлинг.
  • Майда шўхликларга ҳазил туйғуси билан қаранг.
  • У нимани яхши кўриши ва ёқтирган нарсалари билан кўпроқ қизиқинг.

Болалар ортиқча вазндан азият чекади

Ушбу хулоса тадқиқотлардан бири давомида тасдиқланди. Тушкунликни овқат билан енгиш – замонавий жамиятда энг кенг тарқалган муаммолардан бири бўлиб, у болаларни ўз домига тортмоқда. Олимларнинг таъкидлашича, асосли ва асоссиз равишда кўпинча қўпол муносабат кўрган болаларда гормонал чайқалиш, паст юрак-қон томири фаоллиги ҳамда организмда яллиғланиш жараёнлари юз беради.

Буни қандай ўзгартириш мумкин?

  • Ҳиссиётларингиз ва ҳаракатларингизни назорат қилинг.
  • Шахсий муаммоларингизни бола билан муносабатга аралаштирманг.
  • Кичкинтойни кўпроқ мақтанг ва яхши кўришингизни айтинг.

Болада салбий ҳулқ шаклланади

Агар болага кўпинча қаттиқ овозда гапирилан бўлса, вақт ўтиши билан у ҳам ҳудди шу йўлни тутади: у гап қайтаради ёки жазавага туша бошлайди. Бундай болаларнинг жаҳли қатъий таъқиқлар ва шафқатсиз муносабат билан бирга ўсиб боради. Аксарият ҳолларда, бола улғайгани сари барчаси оғирлашади ва бир вақтлар аразлаган бола дарғазаб каттага айланади. Бундан ташқари, бундай болалар ўсмирлик чоғида тушкунликка тушишга мойил бўлади.

Буни қандай ўзгартириш мумкин?

  • Унутманг, Сиз барча ишда болага намуна ҳисобланасиз.
  • Қатъиятни намоён этинг, аммо изчил ва адолатли бўлинг.
  • Унга кўпроқ вақт ажратинг.

Келажакда бола бош оғриғидан азобланади

Болалигида камситилган ва ҳақоратланган одамлар кўпинча сурункали бош оғриғидан азият чекади. Болаликдаги уялишлар ва қўрқувлар шунингдек, ташвишли ҳолатлар ва ўз жонига қасд қилиш фикрларини келтириб чиқариши мумкин. Улғайган болага бошидан кечирган тушкунликни енгиш учун кўп йиллар ва профессионал руҳшуноснинг ёрдами керак бўлади.

Буни қандай ўзгартириш мумкин?

  • Норозилигингизни хотиржам ва асосли намоён этинг.
  • Асоссиз уришган бўлсангиз, хатоингизни тан олишни ўрганинг.
  • Фарзандингизни тинглаш ва эшитишни ўрганинг.

Болага ҳеч қачон бақирмаслик зарурлигига энг асосий сабаб – уни соғлом ва бахтли инсон қилиб вояга етказишдир. Бунга эса, фақатгина сабр ва меҳр ёрдамида эришиш мумкин.