•  
  • 1
  •  
  •  
  •  
    1
    Share

Соғлом овқатланиш мавзуси атрофида юзага келган кўплаб уйдирмалар орасида ҳақиқатдан ҳам фойдали ёки зарарли егуликларни аниқлаш қийин бўлиб қолди. Аксарият маҳсулотлар умуман айбсиз айбдорга айланди: соғлом турмуш тарзи тарафдорлари улардан бош тортади. Лекин бу нотўғри. Аслида кетчуп, макарон ва шоколад кўпчиликнинг фикрига акс равишда фойдали экан.

Картошка

Картошка тўғри овқатланиш ва озиш йўлидаги таомномадан чиқариш зарур бўлган маҳсулотлар рйўхатида кўпинча тилга олинади. Албатта, ҳар куни катта ликопчада қовурилган картошка есангиз, вазнни йўқотишга умид қилмасангиз ҳам бўлади. Шунга қарамай, картошка одамлар айтганичалик ёмон эмас.

Бу сабзавот сув мувозанатини сақлаш ҳамда миянинг кислород билан таъминланишини яхшилайдиган калий манбаидир. Ўртача ҳажмдаги картошка таркибида калийга бўлган кундалик эҳтиёжнинг 20 фоизи мавжуд. Бу элементни максимал миқдорда олиш учун картошкани пўсти билан пиширилган ҳолатда истеъмол қилинг. Табиийки, аввал сабзавотни яхшилаб ювиш даркор.

Картошка таркибида мавжуд клетчатка, С ва В6 витаминлари холестерин миқдорини камайтиришга ёрдам беради. Шу боис, картошкани пўсти билан ейишни ёқтирадиганлар томирлари ва юрагидан ҳавотир олмасалар бўлади.

Шоколад

Бу борада тўғри овқатланиш тарафдорлари қисман ҳақ. Одатдаги тушлик ўрнига мунтазам равишда шоколадли батонча ейилса ёки ҳар куни сутли шоколад плиткаси истеъмол қилинса, организм сизга раҳмат демайди. Сутли шоколадни аччиғига алиштиринг. Бу шоколад унча ширин бўлмаса-да (кимга қанақа), аммо жуда фойдали.

Биринчидан, шоколад истеъмоли юрак-томир тизими касалликлари юзага келиши хавфининг олдини олади: теобромин ва катехин томирларнинг ҳолатига ижобий таъсир кўрсатади. Шоколад таркибида қирилган какао қанча кўп бўлса, шунча яхши. Бу борада аччиқ шоколад сутлисидан афзалроқ, оқ шоколадни эса умуман жиддий қабул қилманг.

Иккинчидан, таркибида юқори миқдорда флавоноидлар бўлган шоколад теримизни ультрабинафша нурларининг таъсиридан ҳимоялайди. Албатта, бу қуёшдан ҳимояловчи воситаларни унутиб, кун давомида пляжда ётиш мумкин дегани эмас. Бироқ, шоколадни виждон азобисиз таомномага киритиш учун яхши баҳона бор.

Қаҳва

“Кофеиндан воз кечинг”, – дейдилар бизга соғлом турмуш тарзи ихлосмандлари. “Қаҳва эмас, чой ичинг”, – дея ёзилади тўғри овқатланиш ҳақидаги интернет-нашрларда. Ушбу ичимликка қаршиларнинг фикрига қўшилишга шошилманг.

Тадқиқотлар қаҳва истеъмолини тери саратонининг бир тури ҳисобланган базалҳужайрали карцинома хавфини камайтириш билан боғламоқда. Шунингдек, қаҳва жигар учун фойдали: кунига икки финжон қаҳва цирроздан ҳимоя қилади.

Қаҳва дофамин ишлаб чиқарилиши ҳисобига тушкунликка қарши курашишга ёрдам бериб, иккинчи турдаги диабет пайдо бўлишининг олдини олади. Хўш, асослар етарлими? Фақат унутманг, ҳамма нарсанинг меъёри яхши.

Сариёғ

Бир қарашда сариёғ мутлақо носоғлом егуликнинг тимсолидир. Турган-битгани ёғ, фойдали ҳеч нарса йўқ. Лекин сариёғдан воз кечишга шошилманг, у уйлаганингиздан яхшироқ.

Сариёғ таркибидаги А витамини кўриш, моддалар алмашуви ва жинсий органлар синтези учун муҳимдир. Бу витамин ёғда эрувчан ҳисобланади, шу боис сариёғ унинг манбаи сифатида ажойиб танлов.

Сариёғ Е (иммунитетни мустаҳкамлайди), К (кальций сўрилишида иштирок этиб, буйраклар ишлашига ёрдам беради) ва D (саратон ва юрак-томир касалликлари профилактикаси учун муҳим) витаминларига бой. Бу витаминларнинг ҳаммаси ёғда эрувчан. Демак, сариёғ ейиш керак.

Макарон

Овқатланишига катта эътибор берадиганлар учун яна бир даҳшат манбаи. Иссиққина макарон солинган ликопча – ахир бу ҳақиқий калориялар конику. Эҳтимол ҳаммаси бунчалик қўрқинчли эмасдир?

Бунда макаронлар танловига аҳамият бериш керак. Буғдойнинг қаттиқ навларидан тайёрланган макарон яхши ҳазм қилиш учун зарар бўлган клетчаткага бой. Клетчатка ҳаттоки озишга ҳам ёрдам беради: у тўйиш ҳиссини узоқ вақт таъминлагани боис, тушликда ейилган макарон кечки таомгача оч қолмаслик имконини беради. Бундан ташқари, сифатли буғдойдан тайёрланган макарон қонда қанд миқдори ўйнашига йўл қўймайди.

Бошоқлилардан тайёрланган макарон таркибидаги фолий кислотаси (В9 витамини) ҳомила яхши ривожланиши учун зарур. Эркаклар учун ҳам бу витамин фойдадан ҳоли эмас: у сперматозоидлар ишлаб чиқарилишига ёрдам беради.

Ва ниҳоят, селен. Бу унсур моддалар алмашувида иштирок этиб, қалқонсимон без ва иммунитет тизими фаолиятини ҳимоя қилади. Бошоқлилар асосида тайёрланган макарон – селеннинг яхши манбаи бўлиб, уни мунтазам таомномага қўшиш мумкин.

Агар семириб кетишдан қўрқсангиз, ёғли ва тўйимли қайлалардан воз кечинг. Уларнинг ўрнига макаронга бироз сифатли кетчуп қўшинг.

Ёнғоқлар

Тўғри овқатланиш мухлисларида ёнғоқни мунтазам истеъмол қилишга қарши иккита асосий баҳона мавжуд: гўёки, улар жуда калорияга бой ва ёғли экан. Шундай бўлса ҳам, ёнғоқларни таомномадан умуман чиқариб ташлаш керак эмас.

Ёнғоқлар, бу – клетчатка ва оқсил. Клетчатка яхши ҳазм қилиш учун керак бўлса, оқсил организмнинг нормал ишлаши учун зарур бўлган қурилиш ашёсидир. Бодом ва фундук таркибида иммунитетни мустаҳкамлаб, мияни кислородга тўйинтирадиган Е витамини сероб. Бундан ташқари, бодом ичак микрофлораси учун фойдали.

Оддий ёнғоқ мия учун яхши бўлса, ерёнғоқ эса юрак-томир тизими муаммоларининг олдини олишга ёрдам беради.

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!