• 1
  • 1
  •  
  •  
  •  
    2
    Shares

Исталган одам парашют билан сакрашдан адреналинни ҳис қилиш ҳамда парвоздан ҳузурланиш имконига эга. Сакраш нафақат эсда қолиши, балки хавфсиз ўтиши учун нима қилиш кераклиги ҳақида гаплашамиз. Учдик!

Сакраш турини танланг

Янгилар орасида парашют билан сакрашнинг икки тури оммалашган – мустақил ва тандемда.

Мустақил сакрашлар сизни жасурлик ва совуққонлик борасида синаб кўради. Об-ҳаво шароитларига қараб, 500дан 800 метргача бўлган баландликда самолётдан ҳаво тубсизлигига шўнғиш керак бўлади.

Бунда асосийси – қарор қилиш. Кейин ҳаммаси ўз-ўзидан амалга ошади. Д-1-5У думалоқ десант парашюти ўзи очилади. Д-5 ва Д-6 парашютлари эса самолётдан чиқиши билан дарҳол очиладиган мувозанатга келтирувчи парашютга эга. У билан сиз бир оз вақт пастга сониясига 35 метр тезликда учасиз ва эркин парвозни ҳис қиласиз. Мувозанатга келтирувчи парашют ҳалқа тортилганида ёки суғурталовчи мослама ишга тушганида асосий парашютни очиб беради.

Очилган парашют остидаги парвоз сониясига беш метрга яқин тезликда ўтади ва бир неча дақиқа давом этади, сўнгра мустақил равишда ерга қўнишга тайёрланиш ҳамда парвоздан аввалги инструктажда ўргатилган барча ҳаракатларни бажариш зарур.

Парашют билан сакраш. Сурат: VladimirZhoga / Shutterstock

Мустақил парвозда барча жавобгарлик сизнинг зиммангизда бўлади. Бироқ, ҳаммаси ўргатилгандек бажарилса, сакраш, парвоз ва ерга қўнишдан олинган барча таассуротлар бутун умр ёдингизда қолади!

Тандемда одатда тўрт минг метр баландликдан сакралади. Эркин парвоз қарийб бир дақиқа давом этади, сўнгра учувчи парашют, яъни қанотни очади. Сиз ҳиссиётлардан завқ олиб, атрофни кузатишингиз мумкин. Асосийси – ерга қўниш вақтида учувчига ҳалақит бермасликдир.

Тандемда мураббий билан парвоз қилиш бўйича тиббий ва ёшга доир чекловлар камроқ. Бироқ, бундай сакраш мустақилига нисбатан икки баробарга қимматроқ туради.

Аэродромни танланг

Тошкент атрофида парашют билан сакраш мумкин бўлган аэродромлар етарлича. Аэродромни фақат масофаси бўйича танламанг, аммо бу ҳам муҳим – кун узун бўлади ва узоқ йўлдан воз кечган маъқул. Аэродромда сиз танлаган сакраш турини таклиф қилаётганларини текширинг. Одамларнинг шарҳларини ўқинг. Пулни тежаманг – мураббийларнинг тажрибаси ва хавфсизлигингиз муҳимроқ.

Ўзингиз ва кийимларингизни тайёрланг

Сакраладиган куни жасурлик учун ҳам, кўздаги олов учун ҳам алкоголли ичимликлар ичиш тақиқланади. Сакрашдан бир кун аввал ҳам тадбирларга бормаган маъқул – бош тиниқ бўлиши зарур.

Аэродромда сакрашга тайёргарлик. Сурат: IvanNegin / Shutterstock

Мавсумга мос эркин кийимни танланг. Мактаб дарсини эсланг: ердан қанча баланд бўлса, ҳаво шунча совуқдир. Минг метр баландликда ҳарорат ердагига нисбатан етти даражага пастроқ бўлиши мумкин. 600 метр баландликдан мустақил сакраганда, эҳтимол, адреналин ҳисси туфайли ҳаво бир оз совиганини сезмаслигингиз мумкин. Аммо тандемда сакраш учун иссиқроқ кийинган маъқул. Шунингдек, пойабзал танлови ҳам жуда муҳим. У болдир ва товонни ҳимоялаш учун қулай ҳамда баланд қўнжли бўлиши керак. Кедалар ва чешкалар, шунингдек пошналар ва платформалар хавфсиз қўнишга тўғри келмайди.

Боришга эринманг!

Ҳозирча шубҳаланаётган бўлсангиз ва шунчаки хоҳиш бўлган тақдирда ҳам аэродромга боринг. Атрофни кузатинг, учувчилар ва бошқа сакрайдиганлар билан танишинг, фазо ва уни забт этишга киришганлар романтикасини ҳис қилинг. Натижада, киришиб кетганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Одатда тажрибали парашютчилар янги сакровчиларда ўзига ишончни уйғотадилар ва кучларини синаб кўриш, парвоз завқини олишистагини мустаҳкамлайдилар.

Энг муҳими – йўриқнома

Парвоздан аввалги тайёргарлик – биринчи сакрашнинг энг муҳим қисми.

  • Биринчидан, батафсил тушунтиришлар сизни қўрқувдан халос қилади. Сиз парашютлар ва сакрашда барчаси яхши ўйланган ва текширилганини тушуниб етасиз: парашют – ўнлаб йиллар давомида синалган суперишончли нарса. Арқонлар – мустаҳкам. Гумбаз қалин тасма билан бириктирилган бўлаклардан тикилган: ҳаттоки матонинг қайсидир жойи шикастланган бўлса ҳам, гумбазнинг умумий майдонида бу деярли сезилмайди ва йиртиқ кенгайиб кетмайди. Сизда асосий парашютдан ташқари захира парашюти ҳам бўлади. Уларнинг иккисидан қандай фойдаланиш ҳақида инструктажда батафсил сўзлаб беришади.
  • Иккинчидан, сиз барча муҳим ва керакли ҳаракатларни машқ қилиб, синаб кўрасиз. Асосийси – ерга урилишни юмшатиш учун қўниш чоғида оёқлар ва қўллар ҳолатини эслаб қолиш. Ахир, биринчи сакрашдан фақат ёқимли хотиралар қолишини истайсизку!

Сизнинг вазифангиз – диққат билан тинглаш ва эсда олиб қолишдир. Барча йўриқномалар бажарилса, парашют билан сакраш қоидалар бўйича автомобиль ҳайдашдан хавфлироқ эмас. Зеро, биринчи парвозлар доим текис далали ва хавфли конструкциялари бўлмаган аэродромларда қулай об-ҳаво шароитларида амалга оширилади.

Парашют билан сакраш ҳақида нималарни билиш керак

  • Баландликдан қўрқиш – нормал ҳолат. Соғлом психикага эга оддий одамларга бу ҳолат сакрашга ва парвоз чоғида хавфсиз қўниш учун барча зарур ҳаракатларни бажаришга ҳалақит қилмайди;
  • Кўп давлатларда мустақил равишда 14 ёшдан сакраш мумкин, аммо ота-онанинг рухсати талаб этилади;
  • Мустақил сакраш учун парашютчининг вазни 45 килограммдан кам ҳамда 95 килограммдан ортиқ бўлмаслиги керак – десант парашютининг ҳисобланган талаблари шундай. Камроқ ёки кўпроқ вазнли (аммо 130 килограммдан кўп эмас) одамлар фақат тандемда сакрашлари мумкин.
  • Янгиларнинг мустақил сакрашлари йил давомида амалга оширилади, аммо кун ёғингарчиликсиз ва кучли шамолсиз бўлиши керак;
  • Парвоздан аввал алкоголь истеъмол қилиш тақиқланади, лекин одатдагидек овқатланиш мумкин;
  • Кўриш қобилияти заиф одамларга линзалар ёки пластик ойнали резинадаги кўзойнакларни кийиш тавсия этилади;
  • Агар оёқ, умуртқа ёки тос суягида жароҳатларингиз бўлса, сакрашга аҳд қилишдан аввал шифокор билан маслаҳатлашинг;
  • Аэродромда сакрашдан аввал шифокор кўригидан ўтишга тўғри келади. У нимадандир шубҳаланган тақдирда, сизни парвоздан четлаштириш ҳуқуқига эга;
  • Сиз инструктаждан ўтиб, самолётга чиқишдан аввал қарорингиздан қайтиш ҳуқуқига эгасиз. Самолётда ҳам мумкин, аммо пулларингиз қайтарилмайди.