• 13
  • 1
  •  
  •  
  •  
    14
    Shares

Голливуддаги жуфтликлар бирин-кетин ажралишга қарор қилаётган бир пайтда, “Оскар” мукофотининг соҳиби, америкалик актёр Том Хэнкс ва актриса Рита Уилсон биргаликда турмушларининг 31-йилини яшамоқда. Уларнинг турмушларида турли кечинмалар ўтган, аммо айтишларича, кечинмалар туфайли муҳаббатлари янада мустаҳкамланган.

Оилавий бахтнинг сири билиш учун турли нашрларнинг Том Хэнксдан олган интервьюларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

1. 30 ёшгача уйланманг

“Кўнгиллилар” фильмидан лавҳа

Том ва Рита 1985-йилда “Кўнгиллилар” фильмини суратга олиш майдонида танишганлар. Бу фильмда улар севишганлар образини талқин этишган. Актёрлар ўртасида романтик муносабат юзага келган, аммо бу вақтда Томнинг рафиқаси ва икки нафар фарзанди, Ританинг эса қайлиғи бор эди. Хэнкс пинҳона муҳаббатидан 3 йил ўтгачгина рафиқаси билан ажралиб, Уилсонга турмуш қуриш таклифини айтган.

Ҳозирда Томнинг айтишича, у биринчи марта турмуш қуришга жуда шошилган. Зеро, у пайтда Том ёш, таъсирчан бўлиб, доим кастингларда вақт ўтказган. Хэнкснинг фикрича, ҳақиқий турмуш кутилмаган жўшқинлик эмас, англанган қарор бўлиши керак.

“30 ёшгача уйланманг”, – дейди актёр.

2. Энг қатъий масалаларда ҳам ён беринг

Том католик, Рита эса православ бўлган. Рафиқаси учун дин мавзуси нақадар муҳимлигини тушунган Том унинг эътиқодини қабул қилган.

“Рафиқам учун мен ҳам ниманидир қурбон қилганман. Рита юнон томирларига эга ва у православ эътиқодига амал қилади. Мен эса католик эдим ва унга уйланишдан аввал янги оиламга ҳурмат юзасидан унинг эътиқодини қабул қилганман”.

3. Бир-бирингизни қўлланг

Жуфтлик турмуши давомида кўп вазиятларга тўқнаш келган, аммо улар доим бир-бирларини қўллаганлар. 1993-йилда “Филадельфия” фильми учун Томга биринчи “Оскар” топширилганида, у саҳнадан туриб барчаси учун айнан рафиқасига миннатдорлик билдирган:

“Мени бу ерда туришимга сабаб – ҳаётимни бўлишган аёлим ҳар куни менга муҳаббат нима эканлигини кўрсатишидир!”.

2015-йилда Ританинг бошига тушган кулфат оила ҳотиржамлигига таъсир қилган. Унда сут бези саратони аниқланган эди. Уилсон эрининг бу янгиликни қандай қабул қилишидан ҳамда касаллик уларнинг муносабатларига қай даражада таъсир этишидан қўрққан. Лекин унинг ҳавотирлари ўринсиз эди: Томнинг рафиқасига кўрсатган ғамхўрлиги ва кўмаги уларни янада яқинлаштирган. Ўз навбатида актёр қуйидагиларни таъкидлайди:

“Қўлимдан келадиган ягона иш, бу – рафиқамнинг қатъияти олдида тиз чўкиш”.

Ҳайриятки, вақт ўтгач касаллик ортга чекинган ва Рита ҳаттоки кимёвий даволаш ҳам олмаган.

4. Жуфтингизни ёқимли майда-чуйдалар билан қувонтиринг

Том ва Рита кўп саёҳат қиладилар, улар биргаликда бутун дунёни кезиб чиққанлар. Шунингдек, рафиқаси кўпинча Хэнкс билан бирга бошқа шаҳарлардаги суратга олиш майдонларига ҳам боради. Ҳаттоки кўп йиллар давомида бирга яшаганликларига қарамай, улар бир-бирлари учун кичик ҳурсандчиликлар қилишга уринадилар.

“Шунчаки биздаги ҳиссиётлар шу қадар кучлики, Ритани таърифлаш мен учун қийин. У мен учун рафиқа, дугона, она, севгилимдан ортиқроқ инсон. Мен усиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Мен кўпинча телефон ёнида ёки ошхонанинг қаеридадир Ритага кун яхши ўтишига оид тилаклар ёзилган қайдларни қолдираман. Рафиқамга ўзим тўплайдиган юздан ортиқ ноёб ёзув машиналарида хабарлар ёзаман. Яна менда куним ҳақида Ритага фото ҳисобот юбориш одати бор. У ёнимда бўлмаганида, мобил телефонимга атрофимдаги ҳамма нарсани – овқатимни, учрашган одамимни, суратга олиш майдонини суратга тушираман. Менимча, бу унга ёқади”, – дея ўртоқлашади жаноб Хэнкс.

5. Жуфтингизни борлигича қабул қилинг

Хэнкс ва Уилсон биргаликда бошларидан кечирган дамларини қадрлайдилар ва бундан муҳаббатлари янада кучаяди. Америкалик актёр интервьюларда рафиқасини қанчалик қадрлаши ҳақида гапиради:

“Бу аёл мени озғин, семиз ҳолатда севган. У мени кал, сочларим ҳурпайган вақтда севган. Мен биламан, бу аёл мени севади. Шунинг учун мен омадлиман”.

6. Асосийси – тўғри одамни топинг

Мухбирлар кўпинча “Оскар” мукофотининг икки карра соҳибидан шунчалик мустаҳкам ва давомий турмушнинг сири нимада эканлигини аниқлашга уринадилар. Том эса жавобан доим кулиб, қуйидагиларни айтади:

“Менинг бахтли турмуш сирим тўғри аёлга уйланишдан иборат. Рита Уилсон – менинг ажойиб омадим. Мен дунёдаги энг бахтли одамлардан бириман”.

Сизнингча, омадли муносабатларнинг асоси нимада? Тажрибангизни шарҳларда ўртоқлашинг.

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!