Дўкондаги пештахталардан фойдали маҳсулотларни танлар эканмиз, ўзимизга ва яқинларимизга фойда келтиришга ҳаракат қиламиз. Бироқ тадқиқотларга кўра, ҳаттоки энг оддий маҳсулотлар ҳам заҳарланишга сабаб бўлиши мумкин.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Эътиборингизга организмга зарар етказиши мумкин бўлган маҳсулотлар рўйхатини тақдим этамиз. Шунингдек, барча муаммоларнинг олдини олиш ва севимли маҳсулотлардан баҳраманд бўлишнинг усулларини сараладик.

1. Салат барги

Жамият манфаатларига оид илмий марказ (CSPI) мутахассислари 12 йил давомида статистикани таҳлил қилдилар. Улар қайси маҳсулотлар кўпроқ овқатдан заҳарланиш ҳолатларига олиб келганини ўргандилар. Яшил салат барглари биринчи ўринни эгаллади. У рўйхатга олинган 13 568та касаллик ҳолатининг 363тасида айбдор бўлган. Демак, салат барги яхши қадоқланган ва “истеъмолга тайёр” бўлган тақдирда ҳам, уни ликобга солишдан аввал яхшилаб ювиш зарур.

2. Тухумлар

Касалланган товуқнинг ахлати орқали тухумларга тушиши мумкин бўлган сальмонелла инфекцияси, айниқса болалар ва кексалар, шунингдек хасталик туфайли заифлашган одамларнинг ҳаёти учун хавфли бўлиши мумкин. Агар тухум пўсти унча тоза бўлмаса, бутун оилага тухум қовуришдан аввал уларни ювишга 1 дақиқани сарфлаган маъқул.

3. Товуқ гўшти

Хом товуқ гўшти шарбатининг бир томчисида инсонни заҳарлаш учун етарлича кампилобактер (Campylobacter) бактериялари бўлиши мумкин. Улар овқат ҳазм қилишнинг бузилиши ва безгакка олиб келадиган касалликни қўзғатади. Бактериялар харид қилинган гўштни юваётганимизда қўллар, фартук ва столларга тушиб тарқалади. Яхшиси хом товуқ гўшти билан алоқани минималлаштириш ҳамда тахтакач ва пичоқни бошқа идишлардан алоҳида яхшилаб ювиш (ишончли бўлиши учун қайнаган сувда чайиш мумкин) зарур.

4. Пишлоқ

Пишлоқда заҳарли моддалар бўлмайди, аммо ишлаб чиқаришнинг исталган босқичида заҳарланишга сабаб бўладиган патоген микроорганизмлар унга тушиши мумкин. Агар пишлоқни тайёрлаш учун касал жониворлардан олинган пастеризацияланмаган сут ишлатилса, бруцеллёз ва листериоз юқтириш хавфи мавжуд. Пишлоқни сотиб олаётганда ишончли белги фойдасига танлов қилинг.

5. Колбасалар ва гўштли ярим фабрикатлар

Тадқиқотларнинг натижаларига кўра, 12% колбаса ва бошқа гўшт маҳсулотлари ичак таёқчаси гуруҳига мансуб бактериялар ҳамда патоген микроорганизмлар (листерия ва сальмонелла) билан зарарланган. Листерия айниқса кексалар, янги туғилган чақалоқлар ва бир ёшли болалар учун жуда хавфли бўлиб, асаб тизимини шикастлаши мумкин (менингитгача).

6. Қийма

Қиймада экспертлар  антимикроб воситаларнинг қолдиқ моддалари, ичак таёқчаси, сальмонелла ва листерияни топадилар. Шунинг учун ингичка япалоқ котлетлар ясаб, уларни яхшилаб қовуриш керак.