•  
  • 1
  •  
  •  
  •  
    1
    Share

Пулларингиз йўқлигига ким айбдорлигини биласизми? Ойнага назар ташланг. Сиз билан пул бармоқлар орасидаги қум каби тўкилиб кетишига сабабчи кенг тарқалган хатолар тўғрисида гаплашамиз.

1. Ўйланмаган харидлар

Ишончимиз комилки, ҳаётингизда бир марта бўлса ҳам дўкондан олишни режалаштирмаган ҳалталар билан чиқадиган ҳолага тушгансиз. Ҳаммаси ўз-ўзидан юз бергандек гўё: кўрдим, хоҳладим, кассага олиб бордим. Майда-чуйда нарсаларни олиш оқибатида бошқа фойдали нарсага сарфлаш ёки шунчаки жамғариб қўйиш мумкин бўлган яхшигина қиймат тўпланади.

Бу одатни йўқотишга харидларни режалаштириш ва рўйхат тузиш ёрдам беради.

Агар супермаркетга кечки таом учун маҳсулот олишга борсангиз, ортиқча нарса олманг. Аслида, дўконда амал қилиш керак бўлган йўналиш ҳосил бўлади: масалан, аввал сабзавотлар, сўнгра совутилган ярим тайёр маҳсулотлар бўлими, охирида эса – сут маҳсулотлари. Мақсадсиз сайрлар қанча кам бўлса, кераксиз нарсани сотиб олиш эҳтимоли ҳам шунча қисқаради.

2. Ортиқча истеъмол

Одамлар ўзларига ҳақиқатдан керак бўлганидан кўпроқ нарса харид қиладилар. Амалиётга кўра, биз орзу қилган кўплаб нарсалар харид қилинганидан кейин ишсиз ётади. Чегирма туфайли сотиб олинган ўйинчоқни умуман ўйнамайсиз, косметика бўлимида сизга ёқиб қолган навбатдаги лаб бўёғи сумкангизда ортиқча юк бўлиб ётади. Буларнинг бари оғриқсиз воз кечиш мумкин бўлган ортиқча нарсалардир.

Ўйланмаган харидлар ҳолатида бўлганидек, интизомни тартибга солиш керак. Нимадир жуда ёқиб қолди-ю, аммо унга зарурат бўлмаса, ўйлаш учун танаффус қилинг.

Масалан, 100 минг сўмдан ортиқ нархдаги маҳсулотлар учун бир кун ўйлаш етарли. Анча қиммат турадиган буюмлар харидини эса бир ҳафтага ортга суринг.

Ушбу давр якунлангунича деярли ҳаётий заруратдек кўринган харид ҳақида мутлақо унутишингиз эҳтимоли мавжуд.

3. Пул жамғаришга нотўғри ёндашув

Маълум миқдордаги маблағни четга олиб қўйишга қарор қилган тақдирингизда ҳам, бу ғоя инқирозга учрашининг эҳтимоли катта. Пулларни нақд шаклда сақлаш – омадли фикр эмас. Сақлаш жойидан исталган вақтда тўсқинликсиз пул олиб, нимагадир сарфлаш имконига эга бўларкансиз, жамғаришга нисбатан оқилона ёндашув ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бундан ташқари, шунчаки йиғилиб ётган пулдан фойда йўқ: эртами ёки кеч инфляция уларни емиради.

Энг оддий усул, бу – банкда ҳисобрақами очиш. Банк шунчаки ҳисобингизда маълум миқдорда пул мавжудлиги учун мунтазам равишда сизга маблағ ҳисоблайди.

Биринчидан, бу жамғармани ортиқча тегмаслик учун сабаб, иккинчидан – пул аста-секин иштирокингизсиз кўпайиб боради.

4. Фойдали вариантларни излашдан бош тортиш

Кўпинча харидни режалаштирганда вақтни сарфламасдан, энг қулай вариантда тўхташни афзал кўрамиз. Нима ҳам дердик, вақт сарфлашни истамасангиз – пул сарфлашга тўғри келади.

Йирик харид, масалан маиший техника ёки бир нечта мавсум сизга хизмат қиладиган кийим, устида бош қотириш чоғида барча таклифларни ўрганиб чиқинг.

Баъзан буюмни, ҳаттоки етказиб бериш нархини бирга ҳисоблаганда ҳам, бозордан эмас, интернет-дўкондан харид қилган арзонроқ тушиши мумкин.

Айниқса, маиший кимё ва узоқ муддат сақланадиган маҳсулотлар борасида супермаркетларнинг акцияларини кузатиб боринг.

Лекин, ортиқча зиқналик ҳам қилманг: уй ёнидаги дўкон қолиб, “бир тупка”даги гипермаркетдан 2000 сўмга арзон бўлган совунни сотиб олиш учун бутун шаҳарни кечиб ўтиш шарт эмас. Йўлга қанча ҳаражат бўлишини ҳисобланг. Эҳтимол, ўйин бунга арзимас.

5. Шубҳали тежамкорликка муҳаббат

Дўконларнинг эгалари бизнинг пул тежашга бўлган интилишимиздан фойда қилишга уялмайдилар. Бир қарашда “уч қадоқ сутни иккитасининг нархига олиш” фойдалидек кўринади. Агар бу сутни ҳақиқатдан ҳам ичсангиз ёки пишириқларга ишлатсангиз, ҳеч қандай муаммо йўқ. Аммо, маҳсулот айниб қолса, пуллар шамолга совурилган бўлиб чиқади.

Гўёки фойдали акцияларга ишонишдан аввал сизга бериладиган қўшимча маҳсулотларга бўлган зарурат ҳақида ўйланг.

Қолдиқларни қаерга йўқотиш устида бош қотирмаслик учун айнан сизга керак миқдорда маҳсулот олган маъқул эмасми?

Яна бир ҳийла – харидлар учун ёпишқоқ қоғозларни тўплаб, охир-оқибат уларни қўшимча пул тўлаб, пичоқлар тўпламига алиштиришга ўхшаган акциялардир. Оддий қизиқиш сабаб интернет-дўкондан ҳудди шундай тўпламни излаб кўринг ва унинг нархини керакли ёпишқоқ қоғозлар сонини тўплаш учун дўконда сарфлашингизга тўғри келадиган қийматга таққослаб кўринг.

6. Осон пул топишга интилиш

Фойдага бўлган ташналик сизни бутунлай соғлом фикрлашдан маҳрум этади. Пул тикишнинг оқилона вариантларидан воз кечиб, назарияда кўпроқ пул олиб келиши мумкин бўлган таваккал усулларни танлаймиз. Аммо, бу шунчаки назария.

Ҳозирда ёмғирдан кейинги қўзиқоринлар каби кўпайиб кетган интернет-биржалар истаган одам пул тикиши мумкинлигини жар солмоқда. Албатта, бунда баҳслаша олмайсан: ҳақиқатдан ҳам истаган одам шубҳали ишга пул тикиши мумкин, аммо кўпроқ пул ишлаб топиш ёки ҳеч бўлмаганда сақлаб қолиш анча қийин мавзу.

Агар сиз қимматли қоғозлар ёки криптовалюта бўйича савдо эксперти бўлмасангиз, омадга эришиш эҳтимолларини соғлом ақл билан баҳолаб кўринг. Уларнинг катта бўлмаслиги аниқ.

Хулоса маълум: қоидалари сизга нотаниш бўлган ўйинда ютишга уринманг.

Яхшиси анча эски, аммо хавфсиз воситалар, масалан банк омонатларидан фойдаланинг.

7. Молиявий саводхонлик даражасининг пастлиги

Юқорида санаб ўтилган хатоларнинг энг асосийси ҳам шу: шунчаки бизга пулларни тўғри ишлатиш ўргатмаганлар. Натижада, жамғармаларимизни йўқотиш ҳамда доим битта хатога йўл қўйиш орқали ўз хатоларимиз асосида маблағни бошқариш санъатини ўзлаштиришимизга тўғри келган.