Биз нима учун шу ҳолат юз бериши ҳақида ўйлаб кўрдик. Аниқлаган маълумотлариз билан танишинг. Энг қизиғини эса мақола охирига асраб қўйдик

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Бундай янгидан бунёд бўлган шарпа-шаҳарлар сайёрамизнинг турли бурчакларида жойлашган. 

Кангбаши, Хитой

Хитой қурилаётган бинолар сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради. Ҳар йили бу мамлакатда янги шаҳарлар қурилади, аммо аҳоли зичлиги юқори бўлишига қарамай, бу шаҳарларнинг кўпи барибир бўшлигича қолади.

Бундай ҳолатга тахминий сабаблардан бири – бу кўчмас мулк учун ўта юқори нархлар. Яна бир тахмин уруш юз берган тақдирдаги суғурта билан боғлиқ. Агар Хитойдаги зич аҳолили шаҳарларга ҳаводан ҳужум қилинса, уларни қайта тиклаш катта маблағга тушади. Бунинг ўрнига омон қолган аҳолини янги шаҳарларга кўчириш осонроқ.

Хитойдаги энг йирик шарпа-шаҳар бой кўмир кони аниқланган Ордос округида жойлашган. Кангбаши шаҳрида минглаб турар-жойлар, шунингдек барча зарурий инфратузилма – аэропорт, боғлар, театрлар, кўча ҳайкаллари ва музей барпо этилган.

Шаҳар 2001 йилдан қурила бошланган ва 1 млн. аҳолига мўлжалланган эди. Бироқ, ҳозир унда режалаштирилган аҳолининг атиги 2%и истиқомат қилади.

Сируэния, Испания

Сируэния 2000-йиллар бошида Испания шимолидаги ўртача қишлоқ эди. Бироқ, бир неча йил ўтгач унинг чеккасида рекорд даражада тез муддат ичида 10 минг кишига мўлжалланган бутун бир шаҳар бунёд этилди.

Бу ерда юздан ортиқ коттежлар ва кўп қаватли уйлар, шунингдек ресторанлар, дўконлар, ҳовузлар ва ҳаттоки гольф-клуб ҳам қурилган. Бироқ, 2008 йилда бутунжаҳон иқтисодий бўҳрони юз бериб, шаҳарни тўлдиришга ҳалақит берди.

Ҳозир Сируэничда юздан сал кўпроқ одам яшайди, аммо барча зарурий инфратузилма жуда яхши ишлайди.

Шунга қарамай, шаҳар ҳеч қачон бўм-бўш қолмайди, чунки бу ердан Сантьяго-де-Компостела шаҳрига борувчи зиёратчиларнинг йўли кесиб ўтади.

Тяньдучэн, Хитой

Хитойнинг шарқида Парижнинг кичик нусхаси – Тяньдучэн шаҳри қад кўтарган. Шаҳар ҳудди шундай услубда қурилган – бу ерда Елисей майдони, Париждаги биби Марям черкови ва ҳаттоки баландлиги 108 метр бўлган Эйфель минорасининг кичиклаштирилган нусхаси ҳам бор.

Қишлоқ турмуш тарзини шаҳарникига ўзгартиришни истаган 100 минг одамга мўлжалланган шаҳар 2007 йилда қурилган.

Лекин, айни пайтда “шарқий Париж”нинг ҳаттоки тўртдан бир қисми ҳам тўлмаган. Хитойнинг бошқа шу каби ҳудудларида бўлганидек, кўчмас мулк нархлари ўта юқори бўлиб чиқди.

Ҳозирда Тяньдучэн кўпроқ кенг кўламли француз декорацияларини эслатади, шу боис ёш келин-куёвларнинг суратга тушишни ёқтирадиган жойига айланган.

Киламба, Ангола

Киламда янги шаҳри Анголанинг пойтахти Луандадан 30 км. узоқликда Хитой инвестиция корпорацияси томонидан қурилган бўлиб, у қисқа муддатлар ичида кўп сонли турар-жойлар қурилишини кафолатлаган мамлакат президенти Жозе Эдуарду душ Сантушнинг сайловолди ваъдаларининг амалдаги кўриниши бўлди.

Киламбанинг қурилиши 2012 йилда якунланган. Шаҳарда 0,5 млн. одамга мўлжалланган 750 та кўп қаватли турар-жой, 100 дан зиёд савдо жойлари ва ўнлаб мактаблар бунёд этилган.

Қурилишнинг умумий қиймати 3,5 млрд. АҚШ долларига баҳоланмоқда.

Бироқ, барча сай-ҳаракатларга қарамай, шаҳарда атиги 1 000 дан ортиқ одам яшайди. Маълум бўлишича, давлатда ўрта синф деярли мавжуд эмас. Аҳолининг аксарият қисми ночорликда яшайди ва кунига 2 доллар топа олади. Шу боис, улар ҳаттоки ипотека ёрдамида ҳам хонадон сотиб олишга қодир эмас.

Хитойда жойлашган навбатдаги шарпа-шаҳар Темза-Таун Лондоннинг кичрайтирилган нусхаси ҳисобланади. Шаҳар атиги 1 кв. км. майдонни эгаллаган бўлиб, 10 минг кишига мўлжалланган.

Бу ернинг ўз Темзаси, викториан услубидаги уйлар, готик черков, қизил телефон будкалари, шунингдек Гарри Поттер ва Жеймс Бонднинг ҳайкаллари мавжуд. Шаҳар қурилишининг бюджети қарийб 800 млн. АҚШ долларини ташкил этди.

Европача ҳудудда одамларнинг яшашига 2008 йилда юз берган иқтисодий бўҳрон ҳалақит берди. Зеро, шаҳарга кўчиб ўтиши кўзда тутилган бой хитойликлар қатлами мутлақо йўқ бўли чиқди. “Хитой Лондони”даги уйларни сотиб олишга жуда камчиликнинг қурби етди, шу боис шаҳар ҳанузгача шарпа бўлиб қолмоқда.

Ҳозирда Темза-Таун ҳудди Тяньдучэн каби улкан тўй декорацияларига айланган.

Масдар, БАА

Масдар экошаҳри Бирлашган Араб Амирликларининг пойтати Абу-Дабидан 17 км. узоқликда қурилмоқда. Лойиҳа 22 млрд. АҚШ долларига баҳоланмоқда. Лойиҳанинг асосини шаҳарда барқарор экологик муҳитни англатадиган масъулият тамойили ташкил этади. Бунга муқобил манбалардан энергия билан таъминлаш, углерод оксидли газнинг атмосферага чиқарилишини камайтириш, шаҳар чиқиндиларини тўлиқ қайта ишлаш тизими ёрдамида эришилади.

Шаҳар 50 минг одамга мўлжалланган, аммо ҳозир у ерда атиги 300 киши истиқомат қилади ва уларнинг аксарияти Масдар фан ва технология университетининг талабаларидир.

Бу ерда автоуловлар миниш таъқиқланган ва фақат битта дўкон ишлайди, шунинг учун аксарият маҳсулотларни харид қилиш учун бошқа шаҳарга бориш керак.

Лойиҳа деярли якунига етган бўлишига қарамай, шаҳар ҳали ҳам бўш. Аҳоли кўчиб ўтишига тўсқинлик қилган сабаблардан бири иқтисодий бўҳрон бўлди. Бундан ташқари, ҳашаматда яшашга ўрганган аҳоли, эҳтимол Масдар асосида ётган масъулият тамойили бўйича яшашга тайёр эмасдир.

Киджондон, КХДР

Шимолий Кореядаги Кижондон қишлоғи қуролсизлантирилган ҳудуд ёнида жойлашган бўлиб, Жанубий Корея томонидан кўриниб турадиган ягона аҳоли пункти ҳисобланади. Қишлоқ 1950-йилларда чегарадан кесиб ўтган барча жанубликларни кутаётган юксак турмуш даражасини тарғиб қилиш мақсадида қурилган.

Расмий маълумотларга қарамай, қишлоқда оддий 200 та оила яшайди ва замонавий оптика ёрдамида уйлар ички хоналарсиз бўш қутилардан иборатлигини кўриш мумкин. Қишлоқда чироқ биноларнинг бир хил жойларида ва доим бир вақтда ёнади. Баъзан қишлоқда аскарларни, шунингдек 15 йил давомида ўзгармаган ойна юваётган аёлларни кўриш мумкин.

2004 йилгача қишлоқда жануб томон қаратилган тарғибот мантлари ўқиладиган товушни баландлатувчи мосламалар ишлаб турган. Бундай дастурларнинг фойдасизлигини тушунган шимолий кореяликлар кунига 20 соат давомида бор баландликда ҳарбий маршларни эфирга узата бошладилар. Шунда Жанубий Корея ўзига хос рок-мусиқа янграб турадиган баланд товушли динамиклар кўринишида жавоб чоралари амалга оширди. Шовқин чидаб бўлмас даражага етганида иккала томондаги радиолар батамом ўчирилди.

Бонус: Нейпьидо, Мьянма

2005 йилда Мьянма ҳукумати бутун дунё учун мутлақо кутилмаган равишда мамлакат пойтахтини Янгондан Нейпьидога кўчиришга қарор қилди. Янги пойтахт мамлакатнинг аҳоли яшамайдиган қисмидаги чангалзорлар ўртасида қурилган бўлиб, 7 054 кв. км. Майдонни эгаллади. Ҳудуд янги мақомга эга бўлиши учун миллиардлаб долларлар ва бир неча йиллик қурилиш зарур бўлди.

Шаҳарда ҳукумат бинолари ва турар-жойлардан ташқари кўп сонли савдо марказлари ва меҳмонхоналар, гольф учун майдонлар, спорт мажмуаси, гербарий ва ҳаттоки ҳайвонот боғи ҳам қурилди.

Кўчиб ўтишнинг аниқ вақти бирмаликлар қаттиқ ишонадиган астрологлар томонидан тонгги соат 6:36 этиб белгиланди. Пойтахтни ўзгартириш сабаби шу пайтгача сир бўлиб келмоқда. Энг қизиқ сабаблар орасида ҳукуматнинг катта оломон тўпланиши ва иш ташлашлар эҳтимоли олдидаги қўрқуви, шунингдек астрологларнинг фикри кабилар кўрсатилди.

Дастлаб бу ерда ҳукумат аъзолари яшай бошлади. Миш-мишларга кўра, уларга 48 соат ичида пойтахтга кўчиб бориб буюрилган, аммо ҳукумат топшириғини ҳамма ҳам бажармади. Шу боис узоқ вақт давомида Нейпьидо бўш уйлар ва кўчаларга эга кимсасиз жой бўлиб келди. Бироқ, ҳозир қарийб 12 йил ўтгач, Нейпьидо аҳолиси мунтазам ўсиб бораётган жонли шаҳарга айланган.

Сизни қайси шаҳар кўпроқ ҳайратга солди? Эҳтимол, Сиз бошқа янги шарпа-шаҳарларни ҳам биларсиз? Изоҳларда ўртоқлашинг!

Асосий сурат:  mohigan