• 8
  • 1
  •  
  •  
  •  
    9
    Shares

Аксарият маҳсулотлар савдога чиқарилишидан аввал ўтказиладиган ишлов бериш жараёни товламачилик ашёсига айланмоқда. Хусусан, интернет “Олмалар устидаги қоплама ювилмайди”, “Қуруқ мевалар билан бирга олтингугурт еймиз”, “Банан пўстига тегмаган маъқул” қабилидаги огоҳлантиришларга тўлиб кетган. Аслида, пештахтада турган қирмизи олма кимё саноатидаги ютуқларнинг натижаси эканлигига ишонишни хоҳламаймизу, аммо шубҳалар тинчлик бермайди ва сотиб олинган меванинг мазаси ҳам сезилмайди.

Лойиҳамиз маҳсулотларга ишлов бериш усулларига оид энг машҳур ҳавотирлар билан олимларнинг фикрини таққослаб, бу каби аксарият қўрқувларга миш-мишлар ва янглиш фикрлар сабаб бўлади, деган хулосага келди.

Мевалар устидаги мум қоплама

Мевалар ва сабзавотлар ташиш ҳамда сақлаш жараёнида айниб қолишининг олдини олиш учун уларга суртиладиган мумли қоплама кўпчиликни жиддий ҳавотирга солади. Бироқ, АҚШ Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари сифатини назорат қилиш бошқармаси (FDA) бундай қопламани мутлақо хавфсиз дея эътироф этган ва бу бекорга эмас.

Янги узилган мева ва сабзавотлар уларни қуриш ва юмшаб қолишдан асрайдиган табиий мум билан қопланган бўлади. Бироқ, улар терилганидан сўнг чанг ва кимёвий зарраларни йўқотиш учун ювилади ҳамда табиий мумнинг бир қисми ҳам ювилиб келади. аслида, мумли қоплама шунчаки ана шу йўқотишнинг ўрнини қоплайди.

Бунда истеъмол қилинадиган мум ишлатилади ва битта мевага атиги бир-икки томчи суртилади. Одам организми бунай миқдорни ўзлаштирмайди ва мум саломатлик учун ҳеч қандай хавфни юзага келтирмай, ҳазм қилиш тизими орқали ўтади. Табиийки, мум билан ишлов берилган мева ва сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал ифлосликлар, бактериялар ва мумнинг бир қисмини ювиш шарт.

Газланган бананлар

“Банан гази” жумласини эшитганда, тасаввуримиз қўрқинчли манзараларни ифодалайди. Аслида бу қўрқинчли нарса эмас. Бананларга ҳақиқатдан ҳам тезроқ етилиши учун махсус газ билан ишлов берилади. Улар ҳали яшиллигида узиб олиниб, махсус совуқни сақлаш кемаларида дунё бўйлаб ташилади ва бир суткага газ камераларига жойланади.

Банан гази 95 фоиз азот ва 5 фоиз этилендан ташкил топган. Азот биз нафас оладиган ҳавонинг таркибида мавжуд, этилен эса оддий олмалардан ажралиб чиқарилади. Бундай камеранинг муқобил шаклини уйда ҳам ясаш мумкин: агар яшил бананлар сотиб олган бўлсангиз, уларни сувда ювдириб, пишган олмалар билан бирга қора халтага солинг ва яхшилаб ёпинг. Бир неча кундан сўнг бананлар пишиб етилади.

Бундан ташқари, плантациялардан бананлар формалинга бўктирилиши ҳақида гаплар мавжуд. Аслида улар чириш ва замбуруғларга қарши тиабендазол билан ишловдан ўтказилади. Бу модданинг ишлатиладиган миқдори инсон учун заҳарли эмас. Шунингдек, тиабендазол ҳаттоки совуқ сувда ҳам яхши ювилади, шу боис унинг организмга тушишини истамасангиз, шунчаки меваларни ювинг.

Мева-сабзавотларнинг чуқур музлатилиши

Кўпчиликнинг фикрича, мевалар, сабзавотлар ва резаворлар музлатиш жараёнида витаминларнинг кўп қисмини ва барча фойдали хусусиятларини йўқотади. Лекин Калифорния университети мутахассислари бунинг аксини исботладилар.

Олимлар 4 витамин – аскорбин кислотаси ©, рибофлавин (B2), α-токоферол (E) ва β-каротин (A) миқдорини ўрганиб, музлатилган маҳсулотларда улар сақланиб қолишидан ташқари, бироз вақт дўкон пештахтаси ёки уйда турган янги мевалардаги витаминларга нисбатан кўпроқ бўлади, деган хулосага келдилар.

Музлатиш тавсия этилмайдиган ягона сабзавот, бу – помидор. Ҳаттоки 12 °Cгача бўлган бироз музлатиш ҳам улардаги таъм ва ифор учун жавобгар ферментларнинг парчаланишига сабаб бўлади.

Сутни ультрапастеризациялаш

Ультрапастеризацияланган сутни сотиб олишдан бош тортадиган истеъмолчилар биргина масалада мутлақо ҳақлар. Ишлов беришнинг бу усули аксарият витаминларни йўқотади. Бироқ, сут фақатгина витаминлардан ташкил топмаган. Унда яна оқсиллар, ёғлар ва углеводлар бўлиб, уларнинг бари ультрапастеризацияланган сутда сақланиб қолади.

Аслини олганда, витаминлар ҳисобга олинмаса, пастеризация ва ультрапастеризация қилинган сутнинг таркиби бир хилдир. Тўлақонли овқатланадиган одам бошқа манбалардан витаминлар олади, аммо ультрапастеризация қилинган сутда дўконда нотўғри сақланиши туфайли заҳарланиш хавфи мавжуд эмас ва узоқ вақт ачиб қолмайди.

Термик ишлов берилган гречиха ёрмаси

Яшил гречиха истеъмоли билан боғлиқ урфнинг ўз асослари мавжуд: оддий (жигарранг) гречиха ёрмасини тайёрлашда донлар термик ишловдан ўтказилиб, улардаги фойдали моддаларнинг миқдори яшил гречихадаги миқдордан камроқ бўлади. Бироқ, бу фарқ жиддий қабул қилишга арзимайди.

Шу билан бирга, гречиханинг фойдасини таъминлайдиган аксарият витаминлар ва микроэлементлар (В гуруҳидаги витаминлар, йод, темир, калий, марганец, фосфор) иссиқлик натижасида йўқолмайди. Бу моддаларнинг асосий қисми ҳаттоки пиширилган ёрмада ҳам сақланиб қолади. Чамаси, яшил гречиха ивитиш усули билан тайёрланган тақдирдагина, витаминлар миқдори бироз кўпроқ бўлади.

Сульфит билан ишлов бериш

Кўплаб мевалар ва қуруқ меваларнинг катта қисмига сульфит, яъни олтингугурт диоксидоми (бу консервант ёрлиқда Е220 сифатида белгиланган) билан ишлов берилади. Мазкур модда меваларнинг ёқимли ранги сақланиб қолишига ёрдам бериб, уларни зараркунандаларга нисбатан мустаҳкамроқ қилади. Одамлар бундай маҳсулотларга ишонмайдилар ва аксарият ҳолатда бекор қиладилар.

Агар ишлов бериш белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилган бўлса, бунинг ёмон жойи йўқ. Олтингугуртга асосланган моддалар озиқ-овқат саноатида аввалдан ва қатъий белгиланган миқдорларда қўлланилиб келади. Уларнинг истеъмоли билан чириш бактериялари ёки паразитлари шикастлаган маҳсулотни ейиш ўртасида катта фарқ мавжуд эмас.

Бонус: фритюрда қовуриш

Қовурилган овқатнинг зарари тўғрисида ҳамма билади. Бироқ кичкина “аммо” мавжуд бўлиб, у тўғри тайёрланган фри сабзавотларининг ўртача порциясини кечириши мумкин. Food Chemistry журналида чоп этилган тадқиқотларга биноан, айрим маҳсулотлар бундай тайёрлаш усулидан, аксинча, янада фойдалироқ бўларкан.

Масалан, фритюрда қовуриш қатор сабзавотларнинг озуқавий бойлигини оширади: картошка, помидор, бақлажон ва қовоқ аксил-оксидант хусусиятига эга фенол бирикмалари билан тўйинади. Улар эса, ўз навбатида, кўплаб касалликлар хавфини камайтиради. Ягона шарт – совуқ сиқилган сифатли зайтун мойидан фойдаланиш.

Хуллас, ҳаммаси қўрқинчли эмас. Ишлов беришнинг барча асосий усуллари ҳукумат даражасида қабул қилинган ҳужжатлар билан тартибга солинади ва сиз билан биз сарҳил, мазали ва хавфсиз маҳсулотларга эга бўлишимизга қаратилган. Бунда, айрим маҳсулотлар ишлов бериш жараёнида маълум бонусларга эга бўлади. Масалан, узоқ сақлаш муддати (ҳудди ультрапастеризация қилинган сут ёки музлатилган мевалар ва сабзавотлар каби) ёки қисқа вақтда тайёрланиш (жигарранг гречиха сингари).

Сизда ҳам қандайдир сабабларга кўра харид қилинмайдиган маҳсулотларнинг қора рўйхати борми?

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!