• 7
  • 1
  •  
  •  
  •  
    8
    Shares

Браун Университетининг психология профессори Йоахим Крюгернинг фикрича, ижтимоий ҳатти-ҳаракат иккита асосий сабаб ёрдамида тартибга солинади. Биринчиси ўзаро келишиш истагидир, чунки ижтимоий яккалик инсон учун хавфлидир. Иккинчиси эса, жамоа ичида ўз мавқеини ҳимоя қилиш истаги.

Ушбу сабаблар мунтазам низо ичида бўлади. Зеро ўз қарашингизни қатъий ҳимоялаган ҳолда, бошқа биров билан келишишнинг имкони йўқ. Бироқ, ушбу икки сабабни ҳаётга татбиқ этишда – атрофдагиларнинг эътиборига сазовор бўлиш ва ўз қарашларингизда қолишда сизга ёрдам бера оладиган ҳаракатлар мавжуд.

LifeHaq.uz таҳририяти ушбу ҳаракатлар ҳамда уларнинг самарадорлиги тасдиқланган тадқиқотлар ҳақида батафсил сўзлаб беришга қарор қилди.

1. Тўғри кўз алоқасини ўрнатинг

Суҳбат чоғида одамнинг нигоҳи ҳал қилувчи ролни ўйнайди. Ахир айнан бошқа одамга қаратилган нигоҳ вақтнинг аниқ лаҳзасида қайта алоқани олишга ёрдам беради. Шу боис, суҳбатдошда яхши таассурот қолдириш учун унинг гапини шунчаки тинглаш эмас, балки унга қараб туриш, кўз алоқасини ўрнатиш муҳимдир. Бунда асосийси ошириб юбормаслик ва тўғри бажаришдир.

Мутахассислар суҳбатдошга тўғри қарашни, нигоҳни эса кўзга ёки бурун каншарига қаратишни тавсия қиладилар. Пастдан тепага қараш ёки нигоҳни гапираётган одамнинг оғзига йўналтириш керак эмас.

2. Исмлардан фойдаланинг

Агар бирон одамни ўзингизга жалб этишни истасангиз, суҳбат чоғида уни исми билан чақиришга ҳаракат қилинг. Айниқcа яқинда танишган бўлсангиз. Бу суҳбатдошга омма орасидаги қиёфасиз кимсага эмас, балки айнан унга мурожаат қилаётганингизни кўрсатади.

Бундай ҳатти-ҳаракат суҳбатдошнинг очилишига ва ўзининг ноёблигини ҳис этишига ёрдам беради. Шунингдек, исмнинг қайтарилиши ўзингизга ҳам янги танишнинг исмини эслаб қолишга ва кейинги учрашувда хато қилмасликка ёрдам беради.

3. Онгли равишда мимикрияни ишлатинг, аммо орттириб юборманг

Суҳбатдош ишончини қозонишнинг яна бир усули, бу – мимикрия ёки тақлид қилиш. Албатта, ҳеч ким сиздан кимнигадир кулгули тарзда тақлид қилишни айтмаяпти. Бунда майда жиҳатларни ҳис қилиш ва тасодифан уларни қайтариш керак.

Биз кўпинча бундай ҳаракатларни онгости даражасида бажарамиз. Суҳбатдош сочларини тузатганида, юзини қашиганида ёки оёқларини чалиштириб ўтирганида, маълум вақт ўтгач биз ҳам ҳудди шундай қиламиз. Асосийси буни англаш ва бир оз кўпроқ мимикрия қилишга уринишдир.

2009 йилда ўтказилган тадқиқотда олимларнинг аниқлашича, эркаклар суҳбат чоғида уларнинг айрим ҳаракатларини қайтарган аёлларни чиройлироқ ва қизиқроқ ҳисоблаганлар. Мимикрия принципи фақат қарама-қарши жинс вакилларига таъсир этиб қолмайди, шунинг учун одамни ўзингизга қаратиш учун ушбу билимлардан фойдаланиш жуда муҳимдир.

Бироқ, эҳтиёт бўлинг: ҳаракатларини атайин қайтараётганингизни англаган заҳоти суҳбатдош сиз ҳақингизга салбий фикрга боради.

4. Қоматингизни тик тутинг

Сайен Бейлок ўзининг “Мия ва тана” номли китобида ёзишича, қомат ўзимизни қандай ҳис этишимизга кучли таъсир кўрсатади. Бироқ, бундан ташқари, у атрофдагилар учун ҳам “маёқ” вазифасини ўтайди. Хусусан, елкаларини ростлаган, қўлларини очиқ ҳолда тутган ва мутлақо тўғри турган одам суҳбатдошига хайрихоҳлигини ҳамда ўзига ишонганлигини намоён этади.

Агар букчайган ва пастдан тепага қараган ҳолатда гаплашсангиз, суҳбатдош дарҳол ўзининг устунлигини ҳис қилади ва сизга барча маъноларда юқоридан қарайди.

5. Суҳбатдошнинг қўлига илиқ нимадир беринг

Чамаси баъзи ҳийлалар сиз ҳақингиздаги биринчи таассуротни батамом ўзгартириши мумкин. Хусусан, танишув чоғида суҳбатдошнинг қўлида турган нарса шулар жумласидандир.

Олимларнинг аниқлашича, одамлар қўллари иссиқда бўлганида бошқалар ҳақида ижобий фикрлашга мойил бўладилар.  Бир финжон қаҳва, иссиқ шарф ёки свитер сизга одамлардаги яхшиликни сезишга ҳамда бошқаларга сизнинг яхши томонларингизни кўришга ёрдам беради.

6. Тил мимикриясидан фойдаланинг

Инсонни забт этиш учун у билан бир тилда сўзлашишга ҳаракат қилинг. Албатта, рус, инглиз, хитой ёки бошқа қайсидир тилни назарда тутмадик. Асосийси, суҳбатдошнинг нутқидаги жиҳатларни қайд этиб, тил мимикриясидан фойдаланиш керак.

У уйини қандай атайди? Эҳтимол, уйчадир, балки ҳазиллашиб сарой дер? Қайиғини нима деб атайди – қайиқчами ёки кема? Бу буюмларни қандай айтишингиз инсоннинг сизга нисбатан муносабатини белгилаб беради. Шу боис мазкур хусусиятларни билишга ҳаракат қилинг ва суҳбат чоғида ўхшаш сўзлардан фойдаланинг.

7. Ёрдам сўранг

Агар сиз инсонда яхши таассурот қолдириш билан бир қаторда, уни буткул забт этиш, ишончини қозониш ва эҳтимол, келажакда яқин мулоқот қилиш ниятида бўлсангиз, сизга Бенжамин Франклин усули ёрдам беради.

Унга кўра, ҳар қандай инсондан катта илтимос қилишдан аввал ўз ёрдамингизни таклиф қилманг, аксинча ундан кичик ниманидир сўранг. Гап шундаки, биз ёрдам кўрсатадиган одамларимизга нисбатан ижобий туйғуларни ҳис қиламиз.

Франклин ўз таржимаи ҳолида ушбу фикрини ҳеч тил топиша олмаган қонун чиқарувчи рақибида синаб кўрганини ҳикоя қилади.

Бир куни Франклин рақибига китоб бериб туришини сўраб хат ёзган. Қонун чиқарувчи рақиб бунга рози бўлган. Бир неча кун ўтгач Франклин китобни қайтарган ва унга миннатдорлик билдирилган номани қўшиб қўйган. Шундан кейин қонун чиқарувчи янада мулойим одамга айланиб, Франклинга бошқа ишларида ҳам ёрдам беришга тайёр бўлган.

Сиз бу рўйхатга нимани қўшган бўлардингиз?

Расмлар муаллифи Natalia Breeva 

Телеграм, Facebook, Одноклассники ва ВК даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!