•  
  •  
  •  
  •  
  •  

Пардоз – аксарият аёллар ҳаётининг ажралмас қисми, бизнинг ҳимоямиз ва қуролимиздир. Айрим тадқиқотларга кўра, аёл киши ташқи қиёфасига йилига қарийб 335 соат сарфлайди. Сарфланган барча кучни ўчириб юборадиган биттагина хато туфайли бутун образ бузилиб, пардоз пала-партишдек кўриниб қолса қанчалар алам қилади! Афсусланишни бас қилинг: хатолар уларни таҳлил қилиш ва хулосалар чиқариш учун ҳам керак.

Тонал воситалар

Чап суратдаги Эмбер Херд атиги 32 ёшда, аммо қалин қилиб сурилган тон унинг юзидаги ҳар бир, ҳаттоки энг кичик ажинга урғу бериб, яна ортиқча 10 ёшни қўшган. Ўнг томондаги суратда табиий пардозни танлаган Эмбер анча ёш кўринади.

Хулоса:

  • Меъёрни билиш ҳисси бу каби хатоларни қилмасликка ёрдам беради: тонал восита табиий юз рангингизни ёпиб қўйиши эмас, балки шунчаки текислаши керак.
  • Тон суришдан аввал терини тайёрланг: у яхши тозаланган ва намлантирилган бўлиши керак.
  • Тон сургандан кейин махсус спрей ёки термал сувдан фойдаланинг. Бу бир нечта восита қўлланган тақдирда, тоннинг барча қатламларини мустаҳкамлаш имконини беради.
  • Ёш ўтиши билан қалин тондан воз кечинг. Одатда бундай тон теридаги барча камчиликларни кўрсатиб қўяди.

Рангни тузатиш (коррекция)

Чинни тусдаги тери устига оловранг бронзер доғларини сурган Сиенна Миллер қандай натижани кутгани бизга маълум эмас. Зеро у контурингга муҳтож бўлмаган яхши юз шаклига эга. Бироқ, у эришган ҳолат маълум: мана 13 йилдирки айнан шу омадсиз сурат энди иш бошлаётган визажистларга салбий намуна сифатида намойиш этилади.

 “Ҳашам, жилва бераман!”, – деди визажист Мишель Лиага ва бунинг уддасидан чиқди. Оқибатда 30 ёшли актриса солярийнинг кекса қурбонига ўхшаб қолди. Ўзингиз таққослаб кўринг: қатъий контуринг ва строббингсиз Лиа қанчалар ёш ва навқирон кўринади (бир йилда олинган сурат).

Ева Лонгория эса, аксинча, одатдаги эҳтиросли образдан четлашиб, ўзига оқсуякларга хос рангпарликни раво кўрди. Лекин, бу мақсадда танланган совуқ ранглар ҳамда уларга қўшимча қилинган фожиавий “смоки айс” носоғлом қиёфага олиб келди. Таққослаб кўринг: иккинчи суратдаги илиқ ранглар ва кескин доғларнинг йўқлиги Евага ажойиб кўриниш берган.

Хулоса:

  • Контуринг энди урфда эмас, аммо ранг тузатишдан воз кечишни истамасангиз, рангни тўғри танланг: асосий рангдан бир тонга тўқроқ ҳамда ҳарорати бўйича унга қарши чиқмайдиган ранг.
  • Строббинг ҳам ўз ўрнини йўқотди, аммо хоҳиш бўлган тақдирда ё суюқ хайлайтер, ёки жуда майин майдаланган ҳолатда терига енгил жилва бериш мумкин.
  • Яна бир бор меъёр ҳақида эслатсак: бронзерлар ва консилерлар тажриба учун кенг майдон ҳосил қилади, лекин баъзида (кўпинча бўлиши ҳам мумкин) табиий кўринишдан четга чиқмаган маъқул.

Перламутр (садаф)

Перламутр алоҳида бўлимга лойиқ. Унинг ноўрин жилваси Кетрин Зета-Жонсни қанчалар қаритиб юборганини бир кўринг. Албатта, бу ерда юз тони ва лаб бўёғининг рангини ҳам ҳисобга олиш керак, аммо кўзлар ва лабларни жилваланмаган ҳолда бир тасаввур қилсангиз ҳаммаси жойига тушади. Юз рангидан четга чиқилмаса янада ажойиб бўларди.

Перламутр кекса қилиб кўрсатишидан ташқари, чақноқлар билан ялтираш ҳамда юзнинг бир қисмини “еб қўйиш” эвазига суратларни ҳам бузади. Бу ҳолатни Роуз Макгоуэннинг “ялтироқ” образида кўриш мумкин. Роуз буни атайин қилган деган умиддамиз, чунки у перламутрли пардозининг чақноқлари билан эътиборимизни тортмаганида анча яхшироқ кўринади.

Хулоса:

  • Шунчаки перламутр ҳақида унутинг: агар ёшингиз 25да бўлса, унга ўрин йўқ. Каттароқ ёшдаги пардозда эса жуда хавфлидир ҳам.
  • Вариант сифатида… Йўқ, ҳеч қандай вариант йўқ — унутинг.

Қошлар

Рашида Жонснинг қошларига нима бўлгану, нима учун улар шу қадар ҳар хиллигининг сабабини энди била олмасак керак, аммо айнан шу ғалати ассиметрия туфайли бутун пардоз ёмон кўринаётгани аниқ. Зеро, бир йил аввалгина актриса яхши қошларни намоён этаётганди. Айтганча, лаб бўёғининг ранги юзга қандай таъсир қилаётганига эътибор беринг: мос келмайдиган тон қиёфани ночорлаштиради.

Экрандаги энг қора қош актриса Эмили Кларк тўғри маънода дор устида юради, аммо одатда сочларининг тўқ рангли илдизлари уни қулашдан асраб қолади. Бироқ, бу сафар эмас… Эмилининг ҳолатида буни образлиликка йўйиш мумкин (румяналарнинг ўзи бир даҳшат!), лекин кундалик ҳаётда аждарлар устида парвоз қилмасангиз, қошлар ва соч ўртасидаги мувозанатга риоя қилган маъқул.

Клэр Дэйнс эса қошлар пардозини эътиборсиз қолдирган кўринади. Натижада улар юздан батамом йўқолган. Албатта, малласоч қизлар қошларни бўяшда жуда эҳтиёткор бўлишлари керак. Эҳтимол, Клэр бўрттириб юборишдан қўрққандир… Бироқ, у ҳолда кўзлар пардозини камтарроқ қилиш керак эди. Ҳайриятки, актриса образда кўп хатоларга йўл қўймайди.

Хулоса:

  • Бугунги кун модаси табиий қошларимизга жуда ён босади: уларни ингичка қилиб териш шарт эмас, шунчаки бир оз шакл бериш ва тараб қўйишнинг ўзи етарли.
  • Қошларингизни қайчиламанг: бу доим сезилиб қолади, чунки сунъий кўринади. Қошларни текислаш учун мўлжалланган гель сиз истаган шаклга эришишга ёрдам беради.
  • Қошлар юз кайфиятини ҳосил қилади, шу боис шаклни буткул ўзгартиришдан воз кечган маъқул.
  • Қошларнинг ранги соч ва пардознинг умумий рангига мос бўлиши ҳамда ундан ажралиб турмаслиги ёки янада ёрқин доғлар ортида йўқолиб ҳам кетмаслиги керак.
  • Қошларни парвариш қилиш керак: мойлар, ниқоблар, намлантириш. Қуруқ, пўсти ажралаётган тери энг мукаммал шаклдаги қошларга ҳам путур етказиши мумкин.
  • Агар қошларингиз сизга ёқмаса, тажрибали устадан маслаҳат олиш ва тузатишга вақтингиз ва пулингизни аяманг. У айнан сизнинг қошларингиз архитектураси ҳақида сўзлаб беради ва уларга шакл беришни ўргатади.

Тушь ва сунъий сурма

Чап томонда Бритни Спирс иссиқ хонада ўтган узоқ шовқинли кечадан кейин суратга тушганга ўхшайдими? Ёки бу унинг ҳаётидаги ажрашиш ва алкоголь билан боғлиқ оғир даврмикин? Адашдингиз, бу хонанда ўзининг хушсурат йигити билан бирга ташриф буюрган кундузги баскетбол матчи. Бироқ, тартибсиз тарқалиб кетган сурма туфайли Бритни пала-партиш қиёфада кўринмоқда. Иккинчи суратда ҳаммаси яхшироқ.

Андреа Райзборо эса умуман сурмадан воз кечишга қарор қилди. Лекин, киприкларига тушни эринмай сурган. Натижада – пардоздаги яққол номутаносиблик ҳамда қизарган кўз оқларининг олдинги планга чиқиб қолишини кўрамиз. Бу каби хатолар бўлмаган иккинчи сурат билан таққосланг.

Хулоса:

  • Қовоқлар учун базадан фойдаланинг. Ёки ҳеч бўлмаганда лайнер ёки қалам остига юпқа қилиб пудра суринг.
  • Агар мақсадингиз чизиқларнинг архитектурага хос аниқлиги бўлмаса, сурма устидан худди шу рангдаги тень суриш мумкин. Фақат тень яхши пигментланган бўлиши, чёткача ясси, ҳаракатлар эса ишқаловчи эмас, балки суртувчи бўлиши керак.
  • Ёнингизда пардозни тузатиш учун пахтали таёқчалар қутисини олиб юринг. Бунда қуруқ таёқчани ишлатган маъқул.
  • Тушь, сурма ва тень ўртасида мутаносибликка амал қилинг: нимадир кўринишдан бошқаларни яшираётган бўлса, натижани яхши дейиш мушкул.
  • Фақат сифатли пардоз воситаларини харид қилинг.

Лаблар контури

Палома Фейт – бошқалардан ажралиб турадиган услубга эга хоним, аммо суртилиб кетган лаб бўёғи, бу – образнинг бир қисми эмас. Зеро, одатда хонанданинг пардози анча тартибли бўлади. Ҳаттоки ғайриоддий шляпача ҳам бу хатони тузата олмаган.

Хулоса:

  • Лаб бўёғи белгиланган чегарадан чиқиб кетмаслиги учун бу чегарани лаб учун мўлжалланган қалам билан чизиш зарур.
  • Хусусан, помада остига суриладиган праймерлар ўзини яхши намоён этган. Улар айниқса 30дан сал ошган аёлларга керак бўлади, чунки лаб бўёғининг майда ажинчалар бўйлаб тарқалишига йўл бермайди.
  • Жилваланмайдиган ёки сатин финишли лаб бўёқлари ажойибдир.
  • Шунингдек, юпқа қилиб сурилган лаб бўёғининг тарқалиш эҳтимоли кам бўлади. Лабларингизни бўягандан кейин устидан салфетка бостиринг, яхшиси уларни стик билан эмас чўткача ёрдамида бўянг.

Янги урфдаги трендлар

Жорий мавсумда монотеньлар ва фирузарангнинг барча туслари урф бўлган. Бироқ, бундан пардозни қилишда кулгили кўринмай қолиш жуда мушкул. Ҳаттоки, Сара Жессика Паркер ҳам бунинг уддасидан чиқа олмади. Бироқ чап томондаги сурат, бу – Сара Жессиканинг Met Gala 2018 учун яратилган образи, яъни деярли театрга хос томоша. Ҳаётда эса актриса урф билан ўзига ярашадиганини аниқ билади.

Хулоса:

  • Дизайнерлар ҳар мавсумда ўнлаб ўзига хос ғояларни тақдим этадилар: бу зерикиб қолмаслик учун уларнинг одатий иши. Лекин, подиумнинг барча топилмалари ҳам кундалик ҳаёт учун тўғри келавермайди.
  • Тўртбурчак тень, чаккагача чизилган қалам ёки кулранг лаб бўёғи билан офисга ёки тадбирга йўл олишдан аввал бундай пардозни уйда қилиб кўринг. Бу ортиқча эмаслигига ишончингиз комилми?
  • Баъзан бундай ғалати трендларни кундалик турмушга мослаштириш мумкин: ёйларнинг шакли ва рангини қолдирган ҳолда, уларни ҳақиқатга тўғри келадиган ҳажмда чизиш мумкин. Ҳаракат қилиб кўринг ва ўз вариантингизни изланг.

Ҳеч ким хато қилишдан ҳимояланмаган. Йўл қўйилган хатоларни таҳлил қилиб, яхши томонга ўзгарган тақдирда, улар янада мукаммалликка эришиш йўлида кучли ҳаракатга келтирувчи кучга айланиши мумкин. Эҳтимол, мақоламиз туфайли кимдир бегоналарнинг хатоларини инобатга олиб, ўзининг хатоларига йўл қўймас.

Бизнинг кузатишларимизга нимадир қўшимча қила оласизми? Яна қандай хатолар образни бузиши мумкин? Воқеаларингизни шарҳларда ўртоқлашинг.