Бизни режалаштирилмаган харидларни амалга оширишга мажбур қиладиган турли ҳийла техникалари аллақачон маркетологлар томонидан ўзлаштирилган. Қуйида сотувчиларнинг найрангларига учмасликнинг самарали усулларини таништирамиз.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

1. Харидларни аввалдан режалаштиринг

Мерчендайзерлар дўкондаги маҳсулотларни шундай жойлаштирадиларки, сиз умуман сотиб олишни режалаштирмаган нарсани аравачага соласиз. Бу ҳолат ҳам савдо майдонидаги маконни ташкил қилишга, ҳам маҳсулотни пештахталарда жойлаштириш маҳоратига тааллуқлидир.

Аввалдан сизга керак бўлган маҳсулотлар рўйхатини қоғозга ёки телефонга ёзиб олинг. Дўконда атрофга қарамасдан, мақсадга йўналган ҳолда, керакли бўлимлар томон ҳаракатланинг.

2. Фақат зарур миқдорда пул олинг – ортиқча эмас

Пулларни сақлашнинг самарали усули… ортиқча пулдан воз кечишдир!

Дўконга боришдан аввал керакли маҳсулотларни харид қилиш учун қанча пул зарур бўлишини чамаланг. Ва ўзингиз билан айнан шунча пул олиб, ортиқчасини уйда қолдиринг. Бунинг учун маҳсулотларнинг аниқ нархини билиш керак бўлади. Бироқ, кассада қандайдир сникерсни кўриб қолсангиз ҳам уни олишга пулингиз етмайди.

3. Қийматни каттароқ томонга яхлитлашга одатланинг

Психологиянинг қандайдир номаълум қонуниятга кўра “2999,99” сўм ёзувли қоғозча “3000” сўмга нисбатан жозибадор бўлиб кўринади. Миямиз ўнлик ва юзлик ҳиссаларга аҳамият бермай, нархнинг фақат биринчи қисмини қайд қилади. Аслида эса фарқ деярли мавжуд эмас.

Нархни бутунлигича кўришни ва дарҳол каттароқ томонга яхлитлашни ўрганинг. Яъни, маккорона 999 сўмни кўриб, шунчаки ўзингиз учун “Бу буюм 1000 сўм туришини” қайд этинг. Натижада, нархларни таққослаш орқали оқилона асосланган қарорга келасиз.

4. Харидга боришдан аввал тўйиб овқатланинг

Кўпинча дўконда қорин очганини ҳис қилиб, бир аравача ярим тайёр маҳсулотларни сотиб олишдан ўзимизни тия олмаймиз.

Фастфуд, гўшт маҳсулотларининг чиройли ёрлиқлари, ширин ҳидлар – буларнинг бари уйда яхшилаб овқатланган бўлсангиз, сизга жозибали бўлиб кўринмайди.

5. Нархдан эмас, ўз эҳтиёжларингиздан келиб чиқинг

Харидларни нархлар эмас, сизнинг эҳтиёжларингиз белгилаб бериши керак. Сотувчилар ҳар қандай маҳсулотга “Чегирма” ёзуви ёпиштирилса, унга бўлган талаб бир неча баробарга ошишини аллақачон тушуниб етганлар: нарх чиндан ҳам пасайтирилганми ёки аввалдан атайин баланд бўлганми аҳамиятсиз.

Бундай найрангга алданмаслик мумкинми? Бу жуда оддий. Ҳар сафар чегирмалар ёки маҳсулотнинг бепул тақдим этилиши ҳақидаги эълонларни кўрганда, шу матнни эсланг. Ҳаёлан буни ёлғон билан боғланг, шунда маълум вақт ўтгач сеҳрли ёзувлар энди сизга ҳукмини ўтказа олмаслигини ҳис қиласиз.

6. Рекламага эътибор қилманг

Айтиш осон, аммо бажариш қийин. Реклама ҳар қаердан ёғиб келади: телевизордан, интернетдан, дўкондаги эълонлардан.

Машҳур брендларга оид маҳсулотларнинг юқори баҳоси сифат аломати дегани эмас. Маҳсулотнинг рекламаси қанчалик ёрқин бўлса, нархи ҳам шунчалик баланд бўлади. Бу оддий маркетинг: сиз маҳсулот ҳақида билиш учун пул тўлайсиз.

Маҳсулотни танлаш вақтида бренднинг машҳурлиги унга қанчалик таъсир қилиши ҳақида ўз танангизга бир ўйлаб кўринг. Танловга “Бу шампунни ҳамма мақтайди, у қимматли, рекламаси бор, демак, яхши” фикри билан ёндашманг. Яхшиси унинг таркибини ўрганинг ва арзонроқ маҳсулотлар билан таққослаб кўринг. Интернетда унга доир шарҳларни ўқиб кўринг, унинг ҳақиқий афзалликларини тушунишга урининг – шунда сиз ҳақиқатга анча яқин бўласиз.

7. Харид қилишга шеригингиз билан бирга боринг

Ҳаттоки харидлар рўйхатини тузиб, юқорида санаб ўтилган барча маслаҳатларни ёдда сақлаган ҳолда ҳам, доим ҳам қандайдир кераксиз буюмни сотиб олиш истагига қарши чиқа олмаймиз.

Ёнингизда қуйидагича аниқ кўрсатма олган одам бўлгани маъқул: “Мана, менга керакли маҳсулотлар рўйхати. Ортиқча ҳеч нарса олмаслигимизни назорат қил”. Бу одамга ҳамёнингизни ишониб топширинг – натижада маркетологлар қурбонига айланиб қолмайсиз.