•  
  •  
  •  
  •  
  •  

Сиз ишингизни яхши кўрасизми? Айнан шундай ишни топганингизни қандай англаса бўлади? Биз ишингизни жон-дилингиздан севишингиз ва ўзингиз истаган ишни бажараётганингиздан далолат берувчи саккизта белгини танладик.

Бўш вақтингиз кам ва бу сизга ёқади

Мунтазам янги иш оқими Сизда аччиқланиш ва нафрат уйғотмайди. Аксинча, Сиз оқим ичида юрасиз ва иш гўёки ўз-ўзидан бажарилиб кетаверади. Хемингуэй яна ғоялари бўлишига қарамай, кўпинча ёзишни тўхтатган. Чунки, эртасига ёзадиган нарса қолишини ва ўзидан сўзларни тортиб чиқармасликни истаган. Сиз ҳам ишда ҳудди шундайсиз. Доим кейинги кун учун вазифалар рўйҳати тайёр. Сизга бу ёқади.

Ишингиз натижасини кўрасиз

Ишингиз фойда келтираётгани ҳақидаги ҳиссиёт – энг олий мукофотлардан биридир. Баъзида иш оғир бўлишига қарамай, у дунёни бир оз яхшироқ, одамларнинг турмушини эса соддароқ ва қулайроқ қилиши ҳақидаги ўйлар ўзингизни яхши ҳис қилишга ундайди.

Сиз яхшироқ бўлишга интиласиз

Агар Сизга ишингиз ҳақиқатдан ҳам ёқса, унда доим янада яхшироқ бўлиш усулларини топасиз. Семинарлар, мустақил таълим, касбингиздаги нуфузли шахсларнинг маслаҳатлари – буларнинг барига кетган вақтингизга ачинмайсиз. Агар касбингизда қандайдир янгиликдан таълим олиш даҳшатли зерикишдек туюлса, эҳтимол ниманидир ўзгартириш вақти етгандир. Ва бу – ишингиз.

Бўш вақтингизда иш ҳақида гапирасиз

Сиз тўхташ нималигини билмайсиз ва оғир бўлишига қарамай, ишингиз ҳақида сўзлашда давом этасиз. Лекин, меъёрни унутманг. Ҳамманинг ҳам Сизга ўҳшаб иш борасида омади чопмаган ва уларнинг аксарияти бўш вақтида иш ҳақида биронта сўз эшитишни истамайди. Ўзгаларнинг истакларини ҳурмат қилинг ва у қадар шилқим бўлманг.

Сиз тушлик вақти бўлса-да, кун эндигина бошлангандек ҳис қиласиз

Албатта, иш кунингизнинг соат 12 да бошланиши у қадар долзарб эмас. Бироқ, Сиз нимани назарда тутаётганимизни тушундингиз. Сиз бир нечта кичик вазифани бажариб, қатор хатларга жавоб ёздингиз ва жиддий ишга тайёрсиз. Лекин, соатга қарагач тушлик бўлиб қолганини кўрасиз.

Бутун тонг қаерга кетди? Агар оқимнинг бундай ҳолати Сизга таниш бўлса, демак тўғри жойдасиз.

Атрофингиздаги одамлар сизга илҳом бағишлайди

Ходимларингиз бажараётган вазифалардан завқланасиз ва доим уларга ёрдам беришга тайёрсиз. Сизга ўзингиз ишлайдиган жамо ёқади, ҳамкасбларингиздан эса илҳом оласиз. Одатда, кайфиятимиз хушнуд бўлса, атрофимиздаги одамларда фақат яхшиликни кўрамиз. Шу боис, бошқаларнинг ишидан завқ олаётган бўлсангиз, Сиз ҳам ишингизни севасиз.

Ҳаётингизга иш нуқтаи назаридан қарайсиз

Сизга ишингиз ёқади ва бўш вақтингизда у ҳақида ўйлашнинг ёмон жойи йўқ деб ўйлайсиз. Сиз муаммоларни ҳал этасиз, янги ғоялар устида ўйланасиз ва иш масалалари бўйича бош қотирасиз. Ва, буларнинг бари ҳаттоки офисда бўлмаган вақтингизда ҳам. Сиз ишлашни ҳаддан ташқари яхши кўрасизми? Эҳтимол. Бироқ, Сизга ёқса, бунинг нимаси ёмон?

Душанбадан қўрқмайсиз

Ўз ишини яхши кўрмайдиган одамлар учун душанба – ҳудди ҳукм кунига ўхшайди. Ҳамма уни даҳшат билан кутади ва иложи борича тезроқ ўтиб кетишини истайди. “Иш кунлари – дам олиш кунлари – ичиш – ухлаш – яна иш кунлари” схемасини ўз ишидан нафратланиб, доим дам олиш кунларини кутадиганларга қолдиринг.

Сиз ҳақиқатдан ҳам тонгда туриб, бор вақтингизни сарфлашни истайдиган ишни изланг.