Дунёдаги энг дўстона муносабатдаги одам бўлишингизга қарамай, эртами ё кеч ғашингизга тегадиган кимдир учраб қолиши тайин.

  •  
  •  
  •  
  •  
  •  

Агар сизга кимдир ёқмаса ташвишланманг. Барчамиз ҳар хилмиз. Бундай ҳиссиёт бизга ҳеч ким мукаммал эмаслигини эслатиб туради. Жумладан, ўзимиз ҳам.

1. Ҳамма билан чиқиша олмаслигингизни тан олинг

Бу нормал ҳолат. Кимгадир ёқасиз, кимнингдир эса сизни кўришга кўзи йўқ. Бу сиз ёки бошқаларга нимадир бўлганини англатмайди. Шунчаки, ҳар кимнинг ўз қарашлари бор.

Бу вазиятда характерлардаги фарқ ҳал қилувчи ўрин тутади. Интроверт экстравертга  зерикарли кўринади, қатъий реалистга эса оптимистнинг ажойиб кайфияти тарбиясизлик бўлиб туюлиши мумкин.

Биз ўзимизга ёққан нарсаларга куч сарфлашга мойилмиз. Масалан, сизга танишларингиз ёки ҳамкасбларингиздан бири ёқмайди, дейлик. Албатта, у билан учрашмасликка ва мулоқот қилмасликка ҳаракат қиласиз. Бироқ, баъзида бундай ёндашув ошкора зиддиятга айланиши мумкин.

2. Суҳбатдошингизни тушунишга ҳаракат қилинг

Эҳтимол қайнонангиз сизни доим ўйлаганингиздек енгилтак деб ҳисобламас. Ҳамкасбингиз эса аслида сизга тўғаноқ бўлишга уринмагандир. Синчиклаб қаранг ва эҳтимол, уларнинг ҳаракатларига асос топарсиз ёки қандайдир фойдали маслаҳатга эга бўларсиз.

Агар сизга нисбатан айтилган танқид учун чиндан ҳам жиддий сабаб бўлса жаҳл қилманг. Бунақада ўзингизни номаъқул томондан кўрсатасиз. Шунчаки айтилганга ишонинг ва танқидий фикрни қабул қилинг.

3. Ҳиссиётларингизни назорат қилинг

У ёки бу вазиятга нисбатан муносабатингиз фақат ўзингизга боғлиқ. У сизни фақатгина йўл қўйсангиз ғазаблантириши мумкин. Кучингизни бекорга сарфламанг.

Кимдир сизни ўзингиздан чиқаришга уринаётган бўлса осонгина енгилманг. Баъзида “жилмаямиз ва қўл силкиб қўямиз” – бу энг яхши усул.

Ҳар бир одамга аввалданоқ ҳурмат билан қараш жуда муҳимдир. Бу доим ҳамманинг фикрига рози бўлиш дегани эмас.

Бошқа одамларга нисбатан мулойим бўлиш керак. Шу тариқа, сиз ўз фикрингизда қоласиз, сокинликни сақлайсиз ва устунлик сиз томонда бўлади.

4. Ҳамма нарсани юракка яқин олманг

Кўпинча инсонни шунчаки нотўғри тушунамиз. Эҳтимол, у ўз фикрларини аниқроқ тушунтира олмагандир ёки эрталабдан куни ёмон ўтгандир. Кимгадир жаҳл қилишнинг кераги йўқ, чунки у ҳам сизга шу жавобни қайтариши мумкин. Бу вазиятни фақат оғирлаштиради. Бундан устун бўлинг, суҳбатдошингизнинг тарбиясиз муносабатига эътибор бермасдан диққатингизни ишга қаратинг.

Агар чарчоқ ва куч камайишини сезсангиз, танаффус қилинг, айланиб келинг. Сизни ҳеч ким безовта қилмайдиган шахсий макон чегараларини белгиланг.

5. Сокин гапиринг

Бизнинг муомала усулимиз кўпинча гапираётган гапимиздан муҳимроқдир. Агар вазият кескинлашган бўлса, бу ҳақида гапиришнинг вақти етган бўлади. Шунга қарамай, диалог тажовузкорона бўлиши керак эмас. Яхшиси “мен”, “менга”, “мени” сўзларидан бошланадиган гапларни ишлатинг, масалан: “Бундай қилишинг менинг ғашимга тегади. Бошқача ҳаракат қила олмайсанми?”. Суҳбатдош сизга қулоқ солиши ва ўз фикрини билдириши мумкин.

Баъзида учинчи шахсни ёрдамга чақириш керак. Бошқа одам вазиятга холис баҳо бериши мумкин. Эҳтимол, мулоқотдан кейин низолашган одам билан дўст бўлиб қолмассиз, аммо ҳар ҳолда бемалол мулоқот қила оласиз.

Умумий тил топишиш сиз учун қийин бўлган одамлар билан ишлаш – муаммоларни қандай ҳал эта олишингизни кўрсатиб берадиган фойдали тажрибадир.

6. Устуворликларни белгиланг

Ҳамма нарса ҳам сизнинг эътиборингиз ва вақтингизга арзимайди. Сиз у ёки бу одам билан ҳақиқатдан ҳам мулоқот қилишни истайсизми ёки ишга эътибор қаратган яхшими – ҳал этишингиз керак.

Вазиятни ўрганинг. Вақт ўтиши билан у ёмонлашадими? Эртами ё кеч муаммони ҳал қилишга тўғри келади. Агар низо шунчаки вазият тақозоси билан юзага келган бўлса, сиз тезда уни ҳал қила оласиз.

7. Мудофаа позициясини эгалламанг

Агар кимнингдир сиздан доимий норозилигини ҳис қилсангиз, кимдир фақат камчиликларингизга эътибор қаратаётган бўлса, бу одам билан жанжаллашиш шарт эмас. Бу вазиятдан чиқиш йўли эмас. Бундай ҳаракат унга фақат қўл келади. Бунинг ўрнига унга айнан нима ёқмаслигини тўғридан-тўғри сўранг. Ғийбатлар ёки четлаштиришлар сизни бошқаришни истаётганликлари ёки ўз ҳукмларини намойиш этиш истагида эканликларини билдириши мумкин.

Агар инсон унга нисбатан ҳурмат муносабатида бўлишингизни истаётган бўлса, у ҳам сизга шундай муносабат кўрсатиши керак.

Битта руҳий ҳийла мавжуд: кимнингдир фикрига норозилигингизни ифодалашда тез гапиринг. Шунда суҳбатдошингизда жавоб учун вақт кам бўлади. У сиз билан рози бўлишга ҳис қилсангиз секинлашинг.

8. Унутманг, бахтингиз ўз қўлингизда

Албатта, кимдир қаттиқ асабингизга тегиб турганида вазиятга тўғри баҳо бериш қийин. Шунга қарамай, бошқаларга ўзингизни пастга тортишларига йўл берманг.

Агар кимнингдир сўзлари ҳақиқатдан ҳам қаттиқ таъсир қилса, ўзингизни тушунинг. Эҳтимол, ўзингизга ишонмассиз ёки қандайдир иш ҳолатлари безовта қилаётгандир? У ҳолда ўзингиз учун муҳим муаммоларни ҳал этишга эътибор қаратинг.

Ўзингизни бошқаларга таққосламанг, ахир ҳаммамиз ҳар хилмиз.

Ўзингизга кўпроқ ютуқларингизни эслатинг ва қандайдир майда нарса туфайли кайфиятингизни бузишларига йўл қўйманг!