• 6
  • 1
  •  
  •  
  •  
    7
    Shares

Фикрингизча, фирибгарларнинг тузоғига фақат калтафаҳм одамлар тушадию, сиз эса бундан мустасносиз? Ким ҳам ҳозир iPhone ютиб олгани ёки нотаниш бой амакисининг меросига эга бўлганига ишонарди? Бироқ фирибгарлар нонларини осон топмайдилар: улар деярли ҳар кимга йўл топа оладилар.

Кўпинча қандай фириб қиладилар

1. Даволаниш учун пул тўплаш

Фирибгарлик схемаси

Интернетда зудлик билан қимматтли даволаниш, дори воситаси, тиббий қурилма ёки яна нимадир зарур бўлган оғир касал бола тўғрисида маълумот жойлаштирилади. Эълонда суратлар ва ҳаттоки тиббий ҳужжатлар ҳам бўлади, аммо кўпинча тавсирлар ноаниқ, касаллик тарихи эса тушунарсиз бўлади. Ва, албатта, пул ўтказиш керак бўлган картанинг рақами кўрсатилади.

Афсуски, болалар ҳақиқатдан ҳам оғир касалликлар, жумладан саратондан азият чекадилар. Уларнинг қариндошлари эса даволаш учун маблағ тўплайдилар. 2018-йил бошида тиббиёт муассасалари ҳисобида 25 000 бола қайд этилган. Шунинг учун интернетдаги эълонларнинг муаллифи чиндан ҳам чора излаётган ота-она бўлиши мумкин.

Лекин бундай постлар ортида шунчаки бегона суратлар ва ҳужжатларни ўғирлаб, эҳтимол маълумотларни графика орқали таҳрирлаган фирибгарлар турган бўлиши ва булардан ўлжа топиш илинжида фойдаланаётган бўлишлари мумкин. Баъзида улар ҳаттоки ҳайрия жамғармалари сайтларининг клонларини ҳам яратишади.

Алданиб қолмаслик йўли

  • Маълумотни текшириш зарур: тўлиқ ҳужжатлар тўплам ҳамда олинган ва сарфланган пуллар бўйича ҳисоботни сўраш, суратлар ва сканларни Google орқали излаб кўриш.
  • Касал одам даволанаётган касалхона рақамини билиб, ҳақиқатда ҳам уларда шундай бемор бор-йўқлигини аниқлаш мумкин.
  • Агар маблағ тўплаш хайрия жамғармаси орқали амалга оширилаётган бўлса, расмий алоқа рақамларини топиб, ташкилот ҳақиқатдан ҳам бунга алоқадорлигини текшириб кўрса бўлади.

2. Уриб юборилган пиёда

Фирибгарлик схемаси

Қурбон орқага юраётган ёки аста ҳовлилар олдидан ўтиб бораётган бўлади. Бирдан кимдир бақириб машина олдидаги ерга йиқилади. Ҳайдовчи даҳшат ичида автомобилдан сакраб тушади ва ерда буралиб, уни уриб юборганликлари ва полицияга хабар қилишини айтаётган одамни кўради.

Бу орада, ҳудди кутиб тургандек ҳаммасини суратга олган “тасодифий” гувоҳ пайдо бўлади ва қурбонга ёрдам беришга тайёрлигини айтади. Ҳайдовчидан низони тинч йўл билан ҳал қилиш учун пул талаб қиладилар. У рози бўлади, акс ҳолда у камида машина миниш ҳуқуқидан айрилади ва жарима тўлашга мажбур бўлади.

Алданиб қолмаслик йўли

  • Аввалига йўл ҳаракати қоидаси бузилмаганини, балки пиёданинг ўзи ғилдирак остига йиқилганини кўрсатадиган видео қайд этувчи мосламани ўрнатинг.
  • Бундай мосламангиз йўғу, аммо сиз айбдор эмасмисиз? Ўзингиз ички ишлар ҳодимини чақиришни таклиф қилинг: фирибгарлар шу заҳоти йўқолиб қоладилар.
  • Имкон қадар гувоҳларни излаб, воқеа юз берган жой яқинидаги муассаса қўриқчилари, сотувчилари, ходимларидан кузатув камералари ёзувини сўранг.

3. Бампер остидаги бутилка

Фирибгарлик схемаси

Бу найранг одамни автомобиль ичидан чиқариш учун қўлланилади. Фирибгарлар сездирмасдан олд бамперга беш литрли бўш пластик бутилкани қўйишади. Ҳайдовчи қисирлаш ва ғижирлашни эшитиб, машинадан тушади ва бампер остига қарайди. Шу пайт салондан пуллар ва қимматли буюмлар олиб қочилади.

Бундай усуллар жуда кўп: ғилдиракни тешиб қўйишлари, олд ойнага ичига қатиқ солинган халтани отишлари мумкин. Ҳаммаси бир мақсад – ҳайдовчи нима бўлганини билиш учун ташқарига чиқиши ва эшикни ёпмасдан қолдириши учун.

Алданиб қолмаслик йўли

  • Ҳаттоки, бир сонияга чиққанда ҳам доим автомобиль эшигини қулфланг.

4. Махсус кийимдаги газчилар, солиқчилар ва бошқа мутахассислар

Фирибгарлик схемаси

Фирибгарлар ўзларини иссиқ сув таъминоти, газ хизмати ишчилари, бошқарувчи компанияларнинг ходимлари сифатида таништириб уйма-уй юрадилар. Улар газ плиталари, қувурлар ва коммуникацияларни текширадилар, албатта бузилган жойни топадилар ва қимматли мослама, масалан, ортиқча сарфланиш ҳамда портлашнинг олдини оладиган ҳисоблагичлар ёки газ анализаторини ўрнатишни таклиф қиладилар.

Фирибгарлар босим ўтказиши, бошқариши, қўрқитиши мумкин. Масалан, тез орада махсус қурилмасиз газ сирқиши юз бериб, портлаш ва уй қулашига олиб келиши мумкинлигига ишонтирадилар.

Агар хонадон эгалари қурилмани ўрнатишга рози бўлса, маълум вақт ўтганидан сўнг унинг мутлақо фойдасизлиги аниқланади. Айтиш керакки, бу фирибгарлар билан учрашувнинг ижобий якунидир. Айрим ҳолларда иш хонадонни ўмариш билан тугаши мумкин.

Алданиб қолмаслик йўли

  • Одамлар қайси ташкилотдан келганини ва уларнинг исмларини билиб олмагунча, эшикни очманг.
  • Сўнгра бошқарувчи компания ёки газ хизматига қўнғироқ қилиб, уйингизга шундай ишчилар юборилганми йўқми аниқлаштиринг.

5. Мушкул аҳволдаги таниш

Фирибгарлик схемаси

Ижтимоий тармоқлардаги танишингизнинг саҳифасида бахтсизлик юз бергани ҳақида пост пайдо бўлади. Яқин қариндош вафот этган, кимдир аварияга учраган, кимнидир ҳисбга олганлар. Зудлик билан ёрдам керак, пул ўтказинг, мана карта рақами. Баъзан постга ҳаттоки тиббий ҳужжатларнинг сурати ҳам илова қилинади.

Дўстларга жўнатиш бошланади. Ёрдам илтимосига жавоб қайтарган ва маълум миқдорда маблағ юборган одам тез орада фирибгарларга пул топишга кўмаклашганини билиб олади: саҳифага бузиб кирилган, ҳужжатларнинг нусхалари эса бошқа манбалардан ўғирланган ва график таҳрирлаш дастурларида ўзгартирилган.

Шунга ўхшаш товламачиликнинг бошқа, янада драматик варианти ҳам мавжуд. Фирибгарлар қурбонга қўнғироқ қилиб ёки ёзиб, яқин кишилари бахтсизликка учраганини ва уни қутқариш учун пул ўтказиш кераклигини айтадилар. Бунда турли вариантлар мавжуд: гиёҳванд моддалар билан қўлга тушган, одамни уриб юборган, кимнидир ўлдириб қўйган, жанжаллашган. Энди у қўлга олинган ва ўзи гаплаша олмайди. Энг уста товламачилар рақамларни ўзгартирадиган дастурлар ёрдамида гўёки “айбдорнинг” шахсий телефонидан қўнғироқ қиладилар.

Алданиб қолмаслик йўли

  • Маълумотни синчиклаб текширинг, жавобини фақатгина саҳифанинг ҳақиқий эгаси биладиган саволларни беринг.
  • Танишингиз ёки яқини билан телефон, электрон почта ёки бошқа ижтимоий тармоқ орқали боғланинг.

6. Н. шаҳридаги товуқлар

Фирибгарлик схемаси

Ижтимоий тармоқдаги қизга нотаниш одам ёзиб, ўзини “Фалон шаҳар товуқлари”, “Фалон шаҳар қақилдоқлари” каби шубҳали жамиятлар гуруҳининг маъмури деб таништиради. У жамиятнинг таклиф қилинган янгиликларида қиз тўғрисида пост ташланганини айтади. Пост муаллифи унинг жинсий алоқада тартибсиз ва умуман ижтимоий масъулияти паст аёл эканлигини таъкидалагани хабар қилинади. Фирибгар ишонтириш учун ҳудди ўша янгиликнинг скриншотини кўрсатади: унда қизнинг сурати ва бир жуфт ёқимсиз жумлалар бўлади.

Сўнгра товламачи, табиийки мукофот эвазига, постни ўчиришни таклиф қилади. Қурбон бунинг ёлғонлигини билса-да, номига доғ тушишидан қўрқиб, пул ўтказади.

Алданиб қолмаслик йўли

  • Афсуски, бунинг иложи йўқ.
  • Биргина йўли ижтимоий тармоқлардан умуман фойдаланмаслик. Бироқ, сизга шу йўл билан таҳдид қилсалар, энг яхши стратегия техник кўмак гуруҳига шикоятнома ёзиб, фирибгарларни блокка тушириш бўлади.
  • Ёки уларга туҳмат учун полицияга арз қилишингизни айтинг.

7. Блокланган карта

Фирибгарлик схемаси

Сизга картангиз блокка туширилгани тўғрисида хабар келади. Уни қайта ишга тушириш учун СМС хабарида кўрсатилган телефон рақамига қўнғироқ қилиш керак.

Сўнгра воқеа турлича ривожланиши мумкин. Масалан, қўнғироқ пуллик бўлиб чиқади ва ҳисобингиздан маблағ ечиб олинади. Ёки “банк ходими” жавоб бериб, сиздан картага оид бор маълумотни, жумладан CVC ва СМСдаги тасдиқлаш кодини билиб олишга уринади. Кейин эса ҳисобингиз анчагина озиб қолиши мумкин.

Айтганча, бундай хабарлар ва қўнғироқлар ҳар доим ҳам нотаниш рақамлардан келиб тушмайди. Баъзан фирибгарлар банкнинг ҳақиқий рақамларини кўрсатадиган дастурлардан фойдаланадилар.

Алданиб қолмаслик йўли

  • Хабар ёки қўнғироқни олгач, кўрсатмаларга амал қилишга шошилманг.
  • Картангиз орқасида кўрсатилган телефон рақамини териб, ходимларга бўлган воқеани айтиб беринг.
  • Бундан ташқари, биронта ҳам ҳақиқий банк ходими сиздан СМСдаги кодни сўрамайди.

Чойли найранглар

Фирибгарлик схемаси

Кўчада қурбон ёнига промоутерлар яқинлашиб, бепул чойни татиб кўришга қатъий таклиф қиладилар. Чой зиёфатидан сўнг катта чегирмалик маҳсулотни сотиб олишни таклиф қиладилар: “Фақат бугун, фақат ҳозир, фақат сиз учун, жуда ёқимли мижоз экансиз”. Бунда қиймат ҳам кичкина эмас – биргина чой қутиси учун 300 000 сўм атрофида.

Одамлар рад жавобини берсалар, улардан ҳеч бўлмаганда татиб кўриш учун пул тўлашларини сўрайдилар. Бунда ачиниш туйғусига босим ўтказилади: гўёки мижоз ҳеч нарса сотиб олмаса, бошқарувчи жарима солади. Чой ичиш чоғида манипулятив усуллар қўлланилади: жуда тез гапирадилар, одамга тегадилар, исмини тез-тез такрорлайдилар. Натижада, таҳдид, шантаж, илтимос ва шикоятлар билан барибир қурбондан пул тортиб оладилар.

Гўзаллик салонлари ҳам шунга ўхшаш схемани қўллайдилар. Улар одамларни гўёки бепул косметик тадбирларга таклиф қиладилар ва психологик таъсир ёрдамида қиймати бир ойлик маошга тенг бўлган “ноёб” ва “жуда таъсирли” бир жўмадон косметик воситалар харид қилишга мажбурлайдилар. Кўпинча кредитга ҳам берадилар.

Алданиб қолмаслик йўли

  • Бундай вазиятда биргина маслаҳат мавжуд. Нотаниш салонлардаги тадбирларга бормаслик ва кўчадаги таклифларни қатъий рад қилиш. Чунки, сизни қандайдир акция ёки татиб кўришга жалб қилсалар, ҳамёндаги пулларни сақлаб қолиш қийин бўлади. Фирибгарлар турли манипуляция техникаларини яхши балдилар. Пулларингизни уларга қандай бериб юборганингизни ўзингиз ҳам билмай қоласиз.

Телеграм, Facebook, Одноклассники-даги каналларимизга обуна бўлишни ва дўстларингиз билан қизиқарли лайфхакларни улашишни унутманг!